Кутубхона

Қуръон илмлари: ҚУРЪОННИНГ ҚУРЪОН БИЛАН НАСХ БЎЛИШИНИНГ ҚИСМЛАРИ

Уламолар жумҳури Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши уч қисмдан иборат эканини айтганлар.

Биринчи қисм

Ҳукм ва тиловатнинг (лафзнинг) биргаликда насх бўлиши.

Бунда бир оятнинг лафзи Қуръондан кетказилади ва унинг ҳукмига амал қилиш ҳам тўхтатилади. Ушбу қисмдаги насх бор, деганлар: «Бу иш ақл жиҳатдан жоиздир, зотан, насх бандалар фойдаси учун хизмат қилади. Аллоҳнинг Ўзи истаганда насх қилаверади, У Зот қилган нарсасидан сўралмайди», дейдилар.

Уларнинг энг машҳур далиллари қуйидаги ҳадисдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Қуръонда нозил бўлган нарсаларнинг ичида «ҳаром қилувчи маълум ўнта эмизиш» бор эди, кейин «маълум бешта» билан насх қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларида улар Қуръонда қироат қилинаётган нарсалар ичида эди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ривоятга амал қилиб, «Шаръий эмизиш собит бўлиши учун беш марта тўйиб эмиш керак», деганлар.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари эса бу ривоят ўта мушкул ривоят, дейишган. Чунки Қуръонда ўн марта сўриш ҳақида ҳам, беш марта сўриш ҳақида ҳам ҳеч қандай оят бўлмаган. Кейин, агар бор бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўқиб турилган бўлса, нима учун ҳозир ўқилмайди? Бунга ўхшаш саволлар жуда кўп. Уламолар ушбу ривоят ҳақида кўп баҳс юритганлар. Охири ушбуга ўхшаш иборалар ўша вақтда саҳобаларнинг ўзларига маълум нарсалар бўлган, деган хулосага келганлар.

Аслида бунга ўхшаган гап-сўзлар ҳар замонда, ҳар маконда ва ҳар бир жамиятда бўлиб туради. Жамият аъзолари ўзларига маълум сабабларга кўра, баъзи маъноларни ифода қилишда ўзига хос ибораларни ишлатадилар. Мазкур ибораларнинг ортида турган маъноларни ўзларигина биладилар. Бу маъноларни уларнинг тилини билган, аммо жамият аъзолари орасидаги сирлардан хабардор бўлмаганлар англай олмайдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятдаги сўзлар ҳам ана шундай гап бўлиши аниқ. Унинг маъноси «Қуръонда нозил бўлган ва ундан деб ўқиб турилган оятларнинг маъносига мос гап ёки шаръий ҳукм» дегани бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, бу ривоят оҳод хабар эканига ҳамма иттифоқ қилган. Оҳод хабар эса Қуръони Карим бўла олмаслиги ҳам барчага маълум. Бинобарин, биргина оҳод хабарга суяниб, Қуръони Каримда ҳам лафзи, ҳам ҳукми насх қилинган оятлар бўлган, деган гапни айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, ушбу оҳод хабарга суяниб, баъзи кишилар «Қуръони Каримнинг Қуръони Карим билан насх бўлишида ҳам лафзи, ҳам ҳукми насх бўлган оятлар бор» деган қисмни очишган, холос.

Иккинчи қисм

Тиловат (лафз) насх бўлиб, ҳукмнинг боқий қолиши.

Бошқача қилиб айтилганда, Қуръони Каримдан бир оят нозил бўлади. У тиловат ҳам қилинади. Унга амал ҳам қилинади. Бир муддатдан кейин ўша оятнинг тиловати насх қилинади. Яъни Қуръони Каримда у оят қолмайди. Аммо унинг ҳукмига амал қилиш давом этаверади.

Бу қисмнинг борлигини даъво қиладиган тарафлар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб келтирадилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида туриб: «Албатта, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ ила юборди ва у зотга Китобни нозил қилди. У зотга нозил қилинган нарсалар ичида ражм (тошбўрон) ояти ҳам бор эди. Биз уни қироат қилдик, ўзимизга сингдирдик ва англадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тошбўрон қилдилар ва биз ҳам у кишидан сўнг тошбўрон қилдик. Мен замон ўтиши билан баъзи одамларнинг, Аллоҳнинг Китобида ражмни кўрмаяпмиз, деб Аллоҳ нозил қилган фарз амални тарк этиб, залолатга кетишларидан қўрқаман. Эркак ва аёлларнинг оила кўрганларидан зино қилганларига ҳужжат ва далил қоим бўлса, қомила бўлса ёки эътироф қилса, тошбўрон қилиш Аллоҳнинг Китобидаги ҳақдир», деди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф турли шаръий илмлар уламолари орасида кўплаб баҳс ва тортишувларга сабаб бўлгандир. Бу ҳадисга нафақат муҳаддис ва фақихдар, балки усули фиқҳ ва улуми Қуръон мутахассислари ҳам қайта-қайта мурожаат қилганлар.

Кўпчилик ҳадиснинг сиртини эътиборга олиб, «Бир вақтлар зинокорни тошбўрон қилиш ҳақида оят тушган. У оят тиловат ҳам қилинган, унга амал ҳам қилинган. Сўнгра мазкур оятнинг тиловати насх қилинган. Яъни Қуръон оятларининг орасидан чиқарилган, Қуръон сифатида тиловат қилинмай қўйган. Аммо унга амал қилиш боқий қолган», дейдилар. «Ўша оят қайси оят эди?» деган саволга: «Қари чол ва қари кампир зино қилсалар, икковларини албатта тошбўрон қилинглар. Бу Аллоҳнинг азобидир. Аллоҳ ўта иззатли, ўта ҳикматлидир» деган оят эди», дейдилар. Аммо ушбу ҳадиси шарифни ва бу масалага тегишли бошқа маълумотларни синчковлик билан чуқур ўрганган улуми Қуръон мутахассислари бошқача фикр айтадилар.

«Тошбўрон ояти» деб номланган бу оят ҳақида ушбу ҳадисдан бошқа ривоят йўқ. Битта ҳадис билан Қуръонда у бор эди, бу бор эди, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бир эмас, бир қанча ҳадис бўлса ҳам, Қуръоннинг кучига эга бўла олмайди. Бунинг устига, агар ушбу гапни қабул қиладиган бўлсак, Қуръон оятларидан баъзилари чиқариб ташланган, деган нотўғри фикр вужудга келади.

«Тошбўрон ояти» деб айтилаётган нарсада қари чол ва қари кампир ҳақида сўз кетмоқда, шариат ҳукмига биноан эса ойла кўрган зинокорларнинг ҳаммаси – ёшу қариси тошбўрон қилинади. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларини ўша замоннинг истилоҳлари ва тасаввурларидан келиб чиқиб тушунмоқ керак.

Жумҳур мусулмонлар оила кўрган зинокорларни тошбўрон қилиш Қуръон билан эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган ҳукм эканига қадимдан иттифоқ қилиб келаётганлари маълум ва машҳур. Шу билан бирга, баъзи вақтларда Аллоҳнинг Китоби деганда, Қуръонга қўшиб, «руннат – ҳадис ҳам тушунилиши ҳаммага маълум. Чунки оят ҳам, суннат ҳам ваҳийдир.

Ушбу ҳадисда ҳам, мардикор йигит ҳақидаги машҳур ҳадисда ҳам бунга мисол бор. Уша ҳадисда мардикор йигит билан зино қилган хотиннинг эри ҳам, йигитнинг отаси ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг орамизда Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм қилинг», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларга: «Албатта, ўртангизда Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм қиламан, деб туриб «Ўғлингга юз дарра ва бир йил сургун. Эй Унайс, манавининг хотинининг олдига бор. Агар эътироф этса, уни тошбўрон қилгин», дедилар.

Ушбу жумладаги ҳукмлар ичидаги турмуш кўрмаган зинокорни юз дарра уриш ҳукми Қуръони Каримда бор. Аммо бир йил сургун ва тошбўрон қилиш Қуръони Каримда зикр қилинмаган. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм қиламан», демоқдалар.

Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам турмуш кўрган зинокорни тошбўрон қилиш ҳукми аҳамиятли эканини таъкидлаш учун юқорида келтирилган ривоятдаги оҳангда гапирган бўлишлари мумкин. Бу истилоҳ ва маъноларни ҳамма тушунган бўлганидан ҳеч ким у кишига эътироз билдирмаган. Шунинг учун бу ривоятни саҳобалар истилоҳидаги маълум иборалар билан айтилган гап деб тушунсак, тўғри бўлади.

Қуръон Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нозил бўлган ваҳий, лекин лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳникидир. Суннат, айниқса шариат ҳукмларини баён этувчи суннат ҳам Аллоҳнинг ваҳийси. Лекин суннатнинг маъноси Аллоҳдан, лафзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдандир.

Бунинг устига, юқоридаги оят деб аталаётган жумла фақат имом Молик ва имом Насаийларнинг ривоятларидагина учрайди. Бошқа ривоятларда ушбу жумла йўқ. Шунинг учун уламолар бу гапни ваҳм – асоссиз бўлса керак, дейишади. Айниқса имом Бухорийнинг айнан шу жойни ташлаб кетиши бу гапнинг тўғрилигига кучли далил бўлади. Шу билан бирга, мазкур жумлани оят деганларнинг бирортаси ўша даъво қилинаётган «оят» қайси сурада бўлганини айта олмайдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръонни Қуръон насх қилишининг биринчи ва иккинчи қисмлари қуруқ гап даражасидан нарига ўта олмайдиган қисмлар бўлиб чиқади.

Учинчи қисм

Қуръон оятларининг ҳукми насх бўлиб, тиловати боқий қолиши.

Бунда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир оятни нозил қилиб, маълум шаръий ҳукмни жорий қилади. Унга мусулмонлар бир муддат амал қиладилар. Кейин ўша оятнинг ҳукмига амал қилиш тўхтатилади. Аммо оятнинг ўзи Қуръони Каримда тураверади. Мусулмонлар уларнинг ҳукмига амал қилмасалар ҳам тиловат қилаверадилар. Мазкур оятнинг тиловати ибодат ҳисобланаверади.

Қуръони Каримдаги насх тўғрисида сўз кетганда айнан шу қисм ҳақида гапирилган бўлади. Насх ҳақида собит бўлган нарса шудир. Қуръони Каримдаги носих ва мансух ҳақида сўз кетганда ҳам, китоблар ёзилганда ҳам худди шу қисм эътиборга олинган бўлади.

Ушбу қисмдаги насх тўғрисида уламоларнинг тутган йўллари уч хил бўлган:

Биринчи йўл – Қуръонда насх йўқ, деганларнинг йўли.

Бу ran Абу Муслим Асфиҳонийнинг сўзи бўлиб, унинг айтишича, насх ақлий жиҳатдан жоиз бўлса ҳам, шариатда йўқ дир. Бу мазҳаб асоссиз ва муросасиз бўлгани учун унга ҳеч ким эътибор қилмаган. Абу Муслим Асфиҳоний яҳудийларга ўхшаб насхни инкор қилгани учун, уламолар уни танқид қилганлар ва унинг гапларига кучли раддияларни берганлар.

Иккинчи йўл – насх масаласида муболағага кетган тоифаларнинг йўли.

Бу йўлни тутганлар Қуръони Каримдаги насх масаласини кенг олиб, илмий таянчга асосланмай иш кўриб, аслида насх бўлмаган оятларни ҳам насх бўлди, дея ҳукм чиқариб, насх бўлган оятларнинг сонини ҳаддан зиёд кўпайтириб юборганлар. Бу ҳақиқатни қуйидаги жадвалдан билиб олиш қийин эмас;

  1. Имом Абдурраҳмон ибн Алий ибн Жавзий – 274 та оятни мансух деган.
  2. Имом Абулқосим Ҳиббатуллоҳ ибн Салома – 235 та оятни мансух деган.
  3. Имом Муҳаммад ибн Баракот ибн Ҳилол – 220 та оятни мансух деган.
  4. Имом Маръий ибн Юсуф Мақдисий – 218 та оятни мансух деган.
  5. Муҳаммад ибн Ҳазм Зоҳирий – 214 та оятни мансух деган.
  6. Имом Абдуллоҳ ибн Атийя Ажҳурий – 213 та оятни мансух деган.
  7. Имом Ибн Хузайма Форсий – 202 та оятни мансух деган.
  8. Имом Абу Жаъфар Наҳҳос – 138 та оятни мансух деган.
  9. Имом Абдулқоҳир Бағдодий – 66 та оятни мансух деган.
  10. Имом Абдурраҳмон Суютий – 20 та оятни мансух деган.

Ушбу рақамлардан уламолар насх қилинган оятларни аниқлашда катта ихтилоф қилганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Уларнинг ичида энг ози – имом Абдурраҳмон Суютийнинг ҳисобини ҳам муҳаққиқ уламолар кўп, деганлар. Ўз-ўзидан «Баъзи уламоларнинг насх бўлган оятлар сонини бунчалик кўпайтириб юборишларига нима сабаб бўлган?» деган савол пайдо бўлади. Бу ҳақли саволнинг жавоби қуйидагича:

  1. Уларнинг ўтган даврларда «насх» сўзи ва унинг турланган шакллари хослаш ва шунга ўхшаш маъноларда ҳам кўп ишлатилганлигига эътибор бермасликлари.

Бу ҳақда имом Қуртубий ўз тафсирида қуйидагиларни ёзади: «Олдин ўтганлар маънони кенг олиб, хослашга ҳам «насх» лафзини ишлатганлар».

Насхнинг сонини кўпайтирганлар ўша гапларни ҳам насх деб тушунганлар ва насх қилинган оятларнинг сонини кўпайтириб юборганлар. Шундай қилиб, уларнинг саноғига насх ҳам, хослаш ҳам кириб кетган.

  1. Бирор сабабга кўра шариатга киритилиб, сабаби йўқолганидан кейин амалдан қолган нарсаларни ҳам насх деб санаш.

Бунга сабр ва бардошга чақирувчи оятлар жидду жаҳдга амр қилувчи оятлар ила насх бўлган, деб даъво қилиш киради. Аслида эса ундай эмас. Заифлик пайтида доимо сабр-бардошли бўлиш керак. Кези келганда жидду жаҳд қилиш лозим. Иккиси ҳам ўз ўрнида бўлади. Зотан, баъзи оятларнинг ҳукми маълум сабабларга боғланган бўлади. Ўша сабаблар мавжуд бўлса, ҳукм жорий бўлади ва улар йўқолса, ҳукм ҳам амалдан тўхтайди.

  1. Исломнинг жоҳилият одатларини ботилга чиқаришини ҳам насх деб ўйлаш насх бўлган оятлар сонининг нотўғри равишда кўпайиб кетишига сабаб бўлган.

Бунга оталарнинг аёлига уйланиш ва опа-сингилни бир вақтда никоҳлаб олишнинг ҳаром қилиниши, талоқнинг сонини учтагача чегаралаш, хотинлар сонининг тўрттага қисқартирилиши каби бир қанча ҳукмлар киради.

Бундай хатоларга йўл қўйиш насхнинг таърифини эсдан чиқариб қўйиш сабабидан келиб чиқади. Аслида эса насх – шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишидир. Бу ерда эса шаръий ҳукм йўқ. Балки жоҳилият одати бор. Бу одатнинг йўқ қилиниши насх деб аталмайди. Балки жоҳилият одатини ботил қилиш дейилади.

  1. Истисно қилишни ҳам насх деб ҳисоблаш насх қилинган оятлар сонининг кўпайиб кетишига омил бўлган.

Олдин ўтган кишиларда истиснони ҳам «насх» дейиш одати бўлган. Мисол учун, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг истисно қилинган нарсани ҳам «мансух» – «насх қилинган», дейиш одатлари бўлган. Ўша вақтда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам, у кишининг бу каби сўзларини эшитганлар ҳам гап нимада эканини яхши билганлар. Бу сўзлар мажоз учун ишлатилаёттанини, ҳақиқат эмаслигини англаганлар. Аммо замон ўтиши билан баъзи кишилар мажозни ҳақиқат деб тушуниб қолганлар ва насхнинг ададини кўпайтириб юборганлар.

  1. Баъзи оятларнинг маъносини жамлаш имкони бўлса-да,
    уларни бир-бирига қарама-қарши деб гумон қилиш ҳам насх
    қилинган оятлар сонининг кўпайиб кетишига сабаб бўлган.

Бунга ёрқин мисол ўлароқ, ихтиёрий инфоқ қилиш ҳақидаги оятлар билан закот бериш ҳақидаги оятларни келтириш мумкин.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَنفِقُواْ مِمَّا رَزَقۡنَٰكُم مِّن قَبۡلِ أَن يَأۡتِيَ يَوۡمٞ لَّا بَيۡعٞ فِيهِ وَلَا خُلَّةٞ وَلَا شَفَٰعَةٞۗ

«Эй иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасидан олдин нафақа қилинг» (254-оят).

Насх қилинган оятларнинг сонини кўпайтирувчилар ушбу вашунга ўхшаш оятлар закотнинг фарзлигини ифода қилган оятлар ила насх қилинган, дейдилар. Аслида эса ундай эмас. Нафақа ҳам, закот ҳам алоҳида шаръий ҳукмлардир.

Ушбу зикр қилинган бешта сабаб ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, насх қилинган оятларни кўпайтириш ишқибозлари ўз фаолиятларини жуда ҳам кенгайтириб юборганлар.

Учинчи йўл – насх масаласида мўътадил бўлган уламоларнинг йўли.

Улар насхнинг маъносини тўғри тушунган, нозик жойларигача англаб етган ва мустаҳкам асосга эга бўлган режа ила иш тутган уламолардир. Ушбу улуғ уламолар ўзларининг илм денгизларини ишга солиб, шариат ҳукмлари тарихига назар солиб, шариатнинг қоидаларини ўрнига қўйиб иш юритганлар. Улар насх – шаръий ҳукмни бекор қилиш эканини чуқур англаб етганлар. Собит бўлган шаръий ҳукм-лар фақатгина собит далил билан насх бўлишини яхши билганлар. Шунингдек, улар мутавотир хабар оҳод хабар билан насх бўлиши мумкин эмаслигига иттифоқ қилганлар.

Бирор оятнинг насх қилинганини билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки саҳобийдан нақл қилинган очиқ-ойдин «Фалон оятни фалон оят насх қилган» деган саҳиҳ хабар бўлиши керак. Насхни аниқлашда муфассирларнинг гапи ёки мужтаҳидларнинг ижтиҳоди ҳужжат бўла олмайди. Бу борадаги барча қоидаларга асосланиб иш юритган муҳаққиқ уламоларимиз насх қилувчи ва насх қилинган оятларнинг сони еттитадан ошмаслигини алоҳида таъкидлаганлар.

Насх қилинган ва насх қилувчи оятлар куйидагилардан иборат:

  1. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

كُتِبَ عَلَيۡكُمۡ إِذَا حَضَرَ أَحَدَكُمُ ٱلۡمَوۡتُ إِن تَرَكَ خَيۡرًا ٱلۡوَصِيَّةُ لِلۡوَٰلِدَيۡنِ وَٱلۡأَقۡرَبِينَ بِٱلۡمَعۡرُوفِۖ حَقًّا عَلَى ٱلۡمُتَّقِينَ١٨٠

«Бирортангизга ўлим келганда, агар у яхшилик (бойлик) қолдираётган бўлса, ота-она ва қариндошларга маъруф ила васият қилиш тақводорлариинг бурчи ўлароқ сизларга фарз қилинди» (180-оят).

Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин ўлаётган одам мол-мулк қолдирадиган бўлса, ўша молнинг қанчаси кимга берилишини васият қилмоғи лозим бўлган. Ўша васият асо сида мерос тақсимланган. Бу ояти каримага бир муддат амал қилинганидан кейин, Нисо сурасидаги «мерос оятлари» деб аталадиган иккита оят нозил қилиниб, унга амал қилиш бошланиши билан юқоридаги оят насх бўлган. Шу билан бирга, аввалги оят Қуръони Каримда қолган. Унинг ҳукмига амал бекор қилинган бўлса ҳам, тиловати бардавом бўлган.

Ушбу насхни таъкидловчи ривоят ҳам келган.

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:

«Мол-мулк болага қолар эди. Ота-онага васият қилинар эди. Аллоҳ бундан Узи истаганини насх қилди. Эркакка икки аёлнинг ҳиссасини қилди. Ота-онанинг ҳар бирига олтидан бирни қилди. Хотинга саккиздан бир ёки чоракни, эрга яримни ёки чоракни қилди», деди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзларининг ушбу хабарлари ила мерос масаласи Исломнинг илк даврида қандай эди-ю, кейин қандай ҳолга келгани ҳақида қисман баён қилмоқдалар.

  1. «Мол болага қолар эди».

Яъни бир одам ўлса, унинг моли боласига мерос бўлиб қолар эди.

  1. «Ота-онага васият қилинар эди».

Яъни мерос қолдирувчи «Мендан қолган молдан ота-онамга беринглар», деб васият қилмаса, уларга берилмас эди. Аллоҳ таоло бу ҳакда Қуръони Каримда «Қачон бирингизга ўлим ҳозир бўлса-ю, у мол қолдирадиган бўлса, ота-онаси ва яқинлари учун васият қилсин», деган маънодаги оятни нозил қилган эди. Кейинроқ эса У Зот мерос оятларини нозил қилиб, буларни насх қилди ва ҳар бир меросхўрнинг насибасини аниқ айтиб берди.

  1. «Эркакка икки аёлнинг ҳиссасини қилди».

Меросхўр эркак меросхўр аёлга нисбатан икки баробар улуш оладиган бўлди.

  1. «Ота-онанинг ҳар бирига олтидан бирни қилди».

Агар мерос қолдирувчининг боласи бўлса,

  1. «Хотинга саккиздан бир ёки чоракни».

Улган эрнинг боласи бўлса, унинг хотинига меросдан саккиздан бир, боласи бўлмаса, чорак берилади.

  1. «Эрга яримни ёки чоракни қилди».

Улган хотиннинг боласи бўлмаса, ярим, боласи бўлса, чорак меросни унинг эри олади.

  1. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَعَلَى ٱلَّذِينَ يُطِيقُونَهُۥ فِدۡيَةٞ طَعَامُ مِسۡكِينٖۖ

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» (184-оят).

Рўза илк жорий қилинганда, ушбу оятнинг ҳукмига биноан, мусулмонлар икки ишдан бирини танлаш имконига эга бўлганлар. Хоҳласин, рўза тутсин, хоҳласин, рўза тутмай, бир мискинни тўйдирсин. Демак, бир мискинни тўй-дириш ҳам рўза тутганнинг ўрнига ўтган.

Кейинроқ Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги бошқа оятни нозил қилиб, бу оятнинг ҳукмини насх қилган.

فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ ٱلشَّهۡرَ فَلۡيَصُمۡهُۖ

«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (185-оят).

Бу ояти карима аввалги оятнинг ҳукмини насх қилди. Энди ҳар бир қодир кимса рўза тутиши мажбурий бўлди.

Ушбу насхни тасдиқловчи ривоят ҳам келган.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» ояти нозил бўлганида, ким хоҳласа, оғзи очиқ юрар ва фидя берар эди. Бу ҳол то ундан кейинги «Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» ояти нозил бўлгунича давом этди. Бу уни насх қилди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятдарўза тутиш дастлаб жорий қилинганда ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан кишиларни бу ибодатга аста-секин тортиш учун қўлланган баъзи чоралардан бири ҳақида сўз кетмоқда.

Рўза илк жорий қилинганда, мусулмонлар икки ишдан бирини танлаш имконига эга бўлган эканлар. Хоҳласин, рўза тутсин. Хоҳласин рўза тутмай, бир мискинни тўйдирсин. Демак, бир мискинни тўйдириш ҳам рўза тутганнинг ўрнига ўтган. Маълум вақт ўтиб, одамлар анча ўрганиб қолганларидан кейин бу ихтиёрийлик бекор қилиниб, ҳар бир қодир кимса рўза тутишга мажбур экани ҳақида оят нозил бўлган. Фақат ўта қариб қолгани ва тузалишидан умид йўқ, сурункали беморликка мубтало бўлгани сабабли рўза тута олмайдиган кишиларгагина фидя беришга рухсат этилган.

  1. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَٱلَّذِينَ يُتَوَفَّوۡنَ مِنكُمۡ وَيَذَرُونَ أَزۡوَٰجٗا وَصِيَّةٗ لِّأَزۡوَٰجِهِم مَّتَٰعًا إِلَى ٱلۡحَوۡلِ غَيۡرَ إِخۡرَاجٖۚ

«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганлар аёлларининг бир йилгача чиқарилмасдан, бахраманд бўлишини васият қилсинлар...» (240-оят)

Ушбу оятнинг ҳукмига биноан, Исломнинг дастлабки боеқичида эри ўлган аёлнинг иддаси бир йил бўлган. Бу ҳукмга бир муддат амал қилинган. Кейин Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилиб, юқоридаги оятни насх қилган ва янги оятнинг ҳукмини жорий қилган.

وَٱلَّذِينَ يُتَوَفَّوۡنَ مِنكُمۡ وَيَذَرُونَ أَزۡوَٰجٗا يَتَرَبَّصۡنَ بِأَنفُسِهِنَّ أَرۡبَعَةَ أَشۡهُرٖ وَعَشۡرٗاۖ

«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар...» (234-оят)

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганлар аёлларининг бир йилгача чиқарилмасдан, бахраманд бўлишини васият қилсинлар...»ни «Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар...» насх қилган.

Насаий ривоятп қилган.

  1. Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

إِن يَكُن مِّنكُمۡ عِشۡرُونَ صَٰبِرُونَ يَغۡلِبُواْ مِاْئَتَيۡنِۚ وَإِن يَكُن مِّنكُم مِّاْئَةٞ يَغۡلِبُوٓاْ أَلۡفٗا مِّنَ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ

«Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгади. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгади...» (65-оят)

Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, йигирмата сабрли мўмин жанг пайтида икки юзта душманга тенг келиши, улардан ғолиб бўлиши лозим бўлган. Шунингдек, юзта сабрли мўмин мингта душманга тенг келиши, улардан ғолиб бўлиши лозим бўлган. Бу оятнинг ҳукми, яъни битта мўминнинг ўнта душманга ғолиб келиши лозимлиги бир муддат жорий бўлиб турганидан кейин бошқа оят нозил бўлиб, аввалги оятнинг ҳукми насх қилинган ва янги оятнинг ҳукмига амал қилишга ўтилган.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

ٱلۡـَٰٔنَ خَفَّفَ ٱللَّهُ عَنكُمۡ وَعَلِمَ أَنَّ فِيكُمۡ ضَعۡفٗاۚ فَإِن يَكُن مِّنكُم مِّاْئَةٞ صَابِرَةٞ يَغۡلِبُواْ مِاْئَتَيۡنِۚ وَإِن يَكُن مِّنكُمۡ أَلۡفٞ يَغۡلِبُوٓاْ أَلۡفَيۡنِ بِإِذۡنِ ٱللَّهِۗ وَٱللَّهُ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ٦٦

«Энди Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгади. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгади. Аллоҳ сабрлилар биландир» (66-оят).

Ушбу оят юқоридаги оятни насх қилгани ҳақидаги Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг сўзларини имом Табарий ўзининг тафсирида келтирган.

  1. Аллоҳ таоло Мужодала сурасида марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِذَا نَٰجَيۡتُمُ ٱلرَّسُولَ فَقَدِّمُواْ بَيۡنَ يَدَيۡ نَجۡوَىٰكُمۡ صَدَقَةٗۚ ذَٰلِكَ خَيۡرٞ لَّكُمۡ وَأَطۡهَرُۚ

«Эй иймон келтирганлар! Агар Расул билан махфий суҳбат қилмоқчи бўлсангиз, мажфий суҳбатингиздан аввал садақа беринг. Бу ўзингиз учун яхшироқ ва покрокдир...» (12-оят)

Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларда нақл қилинишича, мусулмонликни энди қабул қилган баъзилар бекордан-бекорга, ўзларини кўрсатиш учун Набий алайҳиссалом билан бўладиган нажвани, яъни холи, яккама-якка суҳбатни кўпайтириб юборишган. Сўнгра Аллоҳ ушбу оятни нозил қилган.

Ҳазрати Алийдан қилинган ривоятда у киши бундай деганлар:

«Аллоҳнинг Китобида бир оят бор, унга мендан аввал ҳеч ким амал қилмаган ва мендан кейин ҳам ҳеч ким амал қилмайди. Мазкур оят тушганида бир динорим бор эди. Уни ўн дирҳамга майдалаб, Набий алай ҳиссаломнинг ҳузурларига ўн марта кириб, ўнта саволимга жавоб олиб чиққанман. Ҳар киришимдан аввал камбағалларга бир дирҳам садақа қилдим. Сўнгра оят насх этилди, яъни унга амал қилиш бекор бўлди».

Аллоҳ таоло Мужодала сурасида кейинги оятда марҳамат қилади:

ءَأَشۡفَقۡتُمۡ أَن تُقَدِّمُواْ بَيۡنَ يَدَيۡ نَجۡوَىٰكُمۡ صَدَقَٰتٖۚ فَإِذۡ لَمۡ تَفۡعَلُواْ وَتَابَ ٱللَّهُ عَلَيۡكُمۡ فَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥۚ وَٱللَّهُ خَبِيرُۢ بِمَا تَعۡمَلُونَ١٣

«Махфий суҳбатингиздан аввал садақалар беришдан қўрқдингизми? Агар қилмаган бўлсангиз, Аллоҳ афв қилди. Бас, намоз ўқингиз ва закот берингиз. Ва Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилингиз. Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир» (13-оят).

Мана шу ояти карима ўзидан аввалги, яъни Набий алайҳиссалом билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлган одамга садақани вожиб қилувчи оятни насх қилган, амалдан қолдиргандир. Юқорида айтиб ўтилганидек, биринчи оят нозил бўлганидан сўнг, унга фақат ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу амал қилганлар. Маълум вақт ўтганидан кейин ушбу оят тушиб, аввалги оятнинг ҳукми бекор қилинган.

  1. Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلۡمُزَّمِّلُ١ قُمِ ٱلَّيۡلَ إِلَّا قَلِيلٗا٢ نِّصۡفَهُۥٓ أَوِ ٱنقُصۡ مِنۡهُ قَلِيلًا٣ أَوۡ زِدۡ عَلَيۡهِ وَرَتِّلِ ٱلۡقُرۡءَانَ تَرۡتِيلًا٤

«Эй ўраниб ётган! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) бедор ўтказ. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл). Ёки унга (яримга) зиёда қил ва Қуръонни тартил билан тиловат қил» (1-4-оятлар).

Имом Муслим Саъид ибн Ҳишомдан ривоят қилган ҳадисда жумладан, шундай дейилади:

«...Эй мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг, (дедим). У киши: «Йаа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар. Мен: «Ўқиганман», дедим. У киши: «Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Аллоҳ таоло суранинг ожирини туширмай, ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди...» деди».

Уша енгиллик бўлиб тушган, кечалари бедор бўлишнинг ҳукмини насх қилган оят Муззаммил сурасининг охирги оятидир:

«Албатта, Роббинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётга нингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизларнинг буни ҳеч уддалай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини, бошқалари ер юзида кезиб, Аллоҳнинг фазлини исташини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини ҳам билди. Энди ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасан» беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик тақдим қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида унданда яхшироқ ва улканроқ ажрни топасиз. Ва Аллохдан мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (20-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оят билан суранинг аввалидаги оятларга биноан кечаси қоим бўлиш фарзлигини бекор қилди. Шундан сўнг тунда фарз намозлардан ташқари ибодат қилиш ихтиёрийга айланди.

  1. Аллоҳ таоло Hyp сурасида марҳамат қилади:

ٱلزَّانِي لَا يَنكِحُ إِلَّا زَانِيَةً أَوۡ مُشۡرِكَةٗ وَٱلزَّانِيَةُ لَا يَنكِحُهَآ إِلَّا زَانٍ أَوۡ مُشۡرِكٞۚ وَحُرِّمَ ذَٰلِكَ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ٣

«Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга даром қилинмишдир» (3-оят).

وَأَنكِحُواْ ٱلۡأَيَٰمَىٰ مِنكُمۡ وَٱلصَّٰلِحِينَ مِنۡ عِبَادِكُمۡ وَإِمَآئِكُمۡۚ إِن يَكُونُواْ فُقَرَآءَ يُغۡنِهِمُ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦۗ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٞ٣٢

«Ораларингиздаги никохсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никохдаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир» (32-оят).

Аллоҳ таолонинг: «Зинокор эркак фақат зинокор...га никоҳланур» сўзи ҳақида Ибн Мусайябдан ривоят қилинади:

«Бу насх қилинган. Уни «Ораларингиздаги никоҳсизларни... еикоҳлаб қўйинг» насх қилган. Бинобарин, улар мусулмонларнинг никоҳсизларидир».

Байҳақий ривоят қилган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ҚУРЪОНИ КАРИМДА МУҲКАМ ВА МУТАШОБИҲ:

“МУҲКАМ” ВА “МУТАШОБИҲ” УЛАМОЛА ИСТИЛОҲИДА;

2845 марта ўқилди
Top