Кутубхона

Ислом тарихи: МУҲИМ САНАЛАР

ҲИЖРИЙ ЎН БИРИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажини адо этиб Арафотда турганларида, Аллоҳ таоло у зотга Моида сурасидаги:

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят) оятини нозил қилди.

Ушбу оят нозил бўлганда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар. У кишидан нимага йиғлаётганлари сўралганда: «Ҳар бир нарса камолга етгандан сўнг нуқсони бўлади. Бу нуқсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашувларидир», деган гапни айтдилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам ҳажда юриб: «Бу йилдан кейин сизлар билан учрашмасам керак», деган эдилар. Бунинг устига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак умрлари охирлаб қолганининг бошқа аломатлари ҳам аёнлашиб қолган эди. Одатда ҳар йили Рамазонда у зот ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Уша йили эса одатдан ташқари йигирма кун эътикоф ўтирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили бир марта – Рамазонда Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломдан ўтказиб олар эдилар. Ўша йили икки марта ўтказдилар ва бу ажаллари ҳозир бўлганининг аломати эканини таъкидладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган ишларида ва гап-сўзларида ҳам сафарга ҳозирлик аломатлари сезилиб қолди. У зот Уҳуд шаҳидларига қайтадан жаноза ўқидилар. Шунингдек, «Мен умматимнинг фаратиман»[1], «Менинг вафотимдек ўхшаш мусибатга асло учрамаслар» ва яна шу маънодаги ҳадисларни айтдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжа ойининг беш куни қолганда ҳаждан қайтиб келдилар. Янги ҳижрий ўн биринчи йилнинг биринчи ойи – муҳаррам ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб душанба куни хасталиклари бошланди.

Хаста бўлишларига қарамай, Шом тарафга Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бошлиқ сарийя юборишга аҳамият бердилар. Бу сарийя Мадинадан чиқиши билан у зотнинг хасталиклари оғирлашиб қолди. Ҳоллари келмай қолганда жамоат намозига Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг имом бўлишларини ихтиёр қилдилар.

Имом Бухорий ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳй васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Ниҳоят душанба куни келиб, улар намозга саф тортиб турганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турганча бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағидек эди. Сўнг табассум қилиб жилмайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, хурсанд бўлганимиздан намозимиз бузилиб кетай деди. Абу Бакр сафга етиб олиш учун орқасига тисарилди. У киши «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқадилар» деб ўйлаган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан «Намозингизни тугатаверкнг» деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У зот ўша куни вафот этдилар».

Бу аламли ҳодиса ҳижрий 11 йил 12 рабиъул аввал (милодий 632 йил 6 июнь), душанба куни чошгоҳ пайтида содир бўлди. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда олтмиш уч ёшда эдилар.

Мусулмонлар бошига оғир ва улкан мусибат тушди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ўхшаган баъзи кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига ишон мадилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутба қилдилар. Бу ҳақда имом Бухорий қуйидаги ҳадисни келтиради:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят цилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар. Абу Бакр Сунхда эди. Умар туриб: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлганлари йўқ», деди.

Узи: «Аллоҳга қасамки, ўшанда шундан бошқа нарса ақлимга келмаган эди. «Аллоҳ у зотни албатта қайта тирилтиради ҳамда одамларнинг қўллари ва оёкдарини кесадилар», дер эдим», деган.

Абу Бакр келди. Расулуштоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини очиб, у зотни (пешоналаридан) ўпди ва: «Ота-онам сизга фидо бўлсин. Тириклигингизда ҳам, вафотингизда ҳам поксиз. Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ сизга икки ўлимни ҳеч татитмас», деди. Кейин ташқарига чиқди ва: «Эй қасам ичаётган! Бир оз жим тур! – деди. Умар ўтирди. Сўнг Абу Бакр гапирди. Аллоҳга ҳамду сано айтди ва: – Огоҳ бўлинглар! Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ тириқдир, ўлмас. Аллоҳ таоло: «Сен ҳам ўласан, улар ҳам ўладилар»,[2] деган. Яна: «Муҳаммад ҳам бир расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасвдми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар»,[3] деган», деди.

Одамлар йиғлай бошлашди...»

Шундагина одамлар ўзларига келишди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўзларига келдилар.

Бутун оламнинг сарвари бўлган, охирги илоҳий китобни Роббул оламийндан қабул қилиб олиб, умматга омонат билан етказган ва ўша мўъжиза Китобни ўз ҳаётларига татбиқ қилиб кўрсатган зот омонатни адо этиб, рисолатни етказиб бўлгач, кичкина ҳужрада сокин ётар эдилар...

 

МУҲИМ САНАЛАР

  1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари – ҳижратдан аввалги 53 йил, Фил йили, 8, 9, 10 ёки 12 рабиъул аввал (милодий 571 йил апрель).
  2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари билан Мадинага боришлари ва оналарининг вафоти – туғилганларининг олтинчи йили.
  3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмутталибнинг вафоти ва у зот амакилари Абу Толибнинг қарамоғига ўтишлари – туғилганларининг саккизинчи йили.
  4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиқишлари – туғилганларининг ўн иккинчи йили.
  5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фижор урушида ҳозир бўлишлари – туғилганларининг йигирманчи йили.
  6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фузул шартномасида ҳозир бўлишлари – туғилганларининг йигирманчи йили.
  7. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжанинг ғуломи Майсара исмли йигит билан тижорат сафарига чиқишлари – туғилганларининг йигирма бешинчи йили.
  8. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа бинт Хувайлид розияллоҳу анҳога уйланишлари – туғилганларининг йигирма бешинчи йили.
  9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъбани қайта қуришда иштирок этишлари – туғилганларининг ўттиз бешинчи йили.
  10. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлишининг бошланиши – туғилганларининг қирқинчи йили, пайғамбарликнинг биринчи йили.
  11. Ҳабашистонга биринчи ҳижрат – пайғамбарликнинг бешинчи йили.
  12. Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат – пайғамбарликнинг олтинчи йили.
  13. Қамал саҳифаси – пайғамбарликнинг еттинчи йили боши.
  14. Қамал саҳифасининг бекор қилиниши – пайғамбарликнинг ўнинчи йили боши.
  15. Абу Толибнинг вафоти – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
  16. Хадийжа розияллоҳу анҳонинг вафоти – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
  17. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Савда бинт Замъа розияллоҳу анҳога уйланишлари – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
  18. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайш озорининг шиддатли тус олиши – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
  19. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тоифга чиқишлари – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
  20. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабилаларни Исломга даъват қилиш билан бирга, улардан ҳимоя сўрашлари – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
  21. Ансорлар билан танишув – пайғамбарликнинг ўн биринчи йили зулҳижжа ойи.
  22. Оиша розияллоҳу анҳога фотиҳаланишлари – пайғамбарликнинг ўн биринчи ёки ўн иккинчи йили.
  23. Биринчи Ақаба байъати – пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили зулҳижжа ойи.
  24. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг Мадинага юборилиши – пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили.
  25. Исро ва Меърож – пайғамбарликнинг ўн учинчи йили.
  26. Намознинг фарз бўлиши – пайғамбарликнинг ўн учинчи йили.
  27. Иккинчи Ақаба байъати – пайғамбарликнинг ўн учинчи йили.
  28. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари – пайғамбарликнинг ўн тўртинчи йили сафар ойи (ҳижрий биринчи йил).
  29. Масжиди Набавий қурилишининг бошланиши – ҳижрий биринчи йил рабиъул аввал ойи.
  30. Азоннинг жорий қилиниши – ҳижрий биринчи йил.
  31. Мусулмонларни биродарлаштириш – ҳижрий биринчи йил.
  32. Урушга изн берилиши – ҳижрий биринчи йил.
  33. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий биринчи ёки иккинчи йил шаввол ойи.
  34. Қибланинг ўзгартирилиши – ҳижрий иккинчи йил ражаб ойи.
  35. Рўза ва закотнинг фарз қилиниши – ҳижрий иккинчи йил шаъбон ойи.
  36. Катта Бадр ғазоти – ҳижрий иккинчи йил Рамазон ойининг ўн еттинчи куни.
  37. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳонинг вафотлари – ҳижрий иккинчи йил Рамазон ойи.
  38. Ҳазрати Алий ва Фотималарнинг никохдари – ҳижрий иккинчи йил.
  39. Бану Қайнуқоъ ғазоти – ҳижрий иккинчи йил шаввол ойи.
  40. Савиқ ғазоти – ҳижрий иккинчи йил зулҳижжа ойи.
  41. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий учинчи йил шаъбон ойи.
  42. Уҳуд ғазоти – ҳижрий учинчи йил шаввол ойининг еттинчи куни.
  43. Хамр – маст қилувчи ичимликларнинг бутунлай ҳаром қилиниши – ҳижрий учинчи йил шаввол ёки тўртинчи йил рабиъул аввал ойи.
  44. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб бинт Хузайма розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий тўртинчи йил рабиъул аввал ойи.
  45. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Салама розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий тўртинчи йил шаввол ойининг йигирма бешинчи куни.
  46. Давматул жандал ғазоти – ҳижрий бешинчи йил рабиъул аввал ойи.
  47. Хандақ (Аҳзоб) ғазоти – ҳижрий бешинчи йил шаввол ойи.
  48. Бану Қурайза ғазоти – ҳижрий бешинчи йил зулқаъда ойи.
  49. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий бешинчи йил зулқаъда ойи.
  50. Бану Мусталиқ ғазоти – ҳижрий олтинчи йил шаъбон ойи.
  51. Ифк ҳодисаси – ҳижрий олтинчи йил шаъбон ойи.
  52. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жувайрия бинт Ҳорис розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий олтинчи йил шаъбон ойи.
  53. Ҳудайбия сулҳи – ҳижрий олтинчи йил зулқаъда ойи.
  54. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофдаги подшоҳ ва амирларга даъват мактубларини юборишлари – ҳижрий олтинчи йил зулҳижжа ойининг охири ёки еттинчи йил муҳаррам ойининг боши.
  55. Хайбар ғазоти – ҳижрий еттинчи йил муҳаррам ва сафар ойлари.
  56. Мутъа никоҳи ва эшак гўштини ейишнинг ҳаром қилиниши – ҳижрий еттинчи йил сафар ойи, Хайбар ғазоти асносида.
  57. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Сафийя бинт Ҳуяй розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий еттинчи йил, Хайбар ғазотидан Мадинага қайтаётганларида.
  58. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Ҳабиба бинт Абу Суфён розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий еттинчи йил.
  59. Зотур-риқоъ ғазоти – ҳижрий еттинчи йил рабиъул аввал ойи.
  60. Қазо умраси – ҳижрий еттинчи йил зулқаъда ойи.
  61. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маймуна бинт Ҳорис розияллоҳу анҳога уйланишлари – ҳижрий еттинчи йил зулқаъда ойининг охири, қазо умрадан кейин.
  62. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг вафотлари – ҳижрий саккизинчи йил муҳаррам ойи.
  63. Муъта жанги – ҳижрий саккизинчи йил жумодул аввал ойи.
  64. Макканинг фатҳ қилиниши – ҳижрий саккизинчи йил Рамазон ойининг ўн еттинчи куни.
  65. Ҳунайн ғазоти – ҳижрий саккизинчи йил шаввол ойининг ўнинчи куни.
  66. Тоиф ғазоти – ҳижрий саккизинчи йил шаввол ойи.
  67. Жиърона умраси – ҳижрий саккизинчи йил зулқаъда ойи.
  68. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳимнинг туғилиши – ҳижрий саккизинчи йил зулҳижжа ойи.
  69. Турли қабила ва юртлардан элчи-вакилларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишлари – ҳижрий тўққизинчи йил.
  70. Табук ғазоти – ҳижрий тўққизинчи йил жумодул аввал ойи.
  71. Нажоший раҳматуллоҳи алайҳнинг вафоти – ҳижрий тўққизинчи йил ражаб ойи.
  72. Умму Кулсум розияллоҳу анҳонинг вафотлари – ҳижрий тўққизинчи йил шаъбон ойи.
  73. Рибонинг ҳаром қилиниши – ҳижрий тўққизинчи йил.
  74. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг одамлар билан ҳаж қилишлари – ҳижрий тўққизинчи йил зулҳижжа ойи.
  75. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кенжа ўғиллари Иброҳимнинг вафоти – ҳижрий ўнинчи йил жумодул охир ойи.
  76. Видолашув ҳажи – ҳижрий ўнинчи йил зулҳижжа ойи.
  77. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари – ҳижрий ўн биринчи йил ўн иккинчи рабиъул аввал.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Рисолаи муҳаммадиянинг инсониятга фазли ва унинг оламшумул армуғонлари

Рисолаи муҳаммадиядаги раҳматнинг сон ва сифат жиҳатидан қиймати

Рисолаи муҳаммадия башариятни бадбахтлик ва ҳалокатдан сақлаб қолган

 

[1] «Фарат» деб лашкардан олдин бориб, уларнинг келишига дам оладиган жой тайёрлаб турувчига айтилади.

[2] Зумар сураси, 30-оят.

[3] Оли Имрон сураси, 144-оят.

3979 марта ўқилди
Top