Кутубхона

Муборак васиятлар: Намозни ўз вақтида адо этиш; Жамоат намози; Истиқоматда бўлиш.

Намозни ўз вақтида адо этиш

Мусулмон киши икки намозни жамлаб, яъни бир намозни кечиктириб, иккинчисига яқин вақтда ўқишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки бу иш бора-бора гуноҳи кабирага айланиб қолади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сабабсиз икки намознинг вақтини жамлаб ўқиган киши гуноҳи кабиранинг эшигига келибди”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Ким бу ишни узрсиз кўп такрорласа, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади. Ояти каримада:

﴿ٱلَّذِينَ هُمۡ عَن صَلَاتِهِمۡ سَاهُونَ٥

«Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намозларини "унутиб" қўядилар» (Моъун, 5), дейилган.

Мўминлар намозларини ўз вақтида адо этишга шижоат билан ҳаракат қилишлари керак.

Оятда улар “намозхонлар” деб номланди. Бироқ намозга бепарволиклари ва ўз вақтидан кечиктирганлари сабабли уларга вайл билан таҳдид солинди. Вайл – шиддатли азобдир. “Вайл” жаҳаннамдаги водий бўлиб, агар унга дунёдаги тоғлар туширилса, ҳарорати юқорилигидан эриб кетади. У намозга бепарво бўлган ва уни вақтидан кечиктириб ўқиган кимсалар масканидир. Фақат Аллоҳга тавба қилиб, илгариги эътиборсизлигига надомат чекканлар бундан мустаснодир.

Ояти каримада:

﴿فَإِذَا قَضَيۡتُمُ ٱلصَّلَوٰةَ فَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ قِيَٰمٗا وَقُعُودٗا وَعَلَىٰ جُنُوبِكُمۡۚ فَإِذَا ٱطۡمَأۡنَنتُمۡ فَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَۚ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا١٠٣

«Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг! (Ёв хавфидан) хотиржам бўлсангиз, намозни (мукаммал) адо этинг. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо, 103), дейилган.

Ояти каримадаги “ёд этинг” лафзидан мурод “намоз ўқинг”дир, деган тафсир ҳам бор. Демак, намозни аввало тик туриб ўқиш, унга қодир бўлмаса, ўтириб, унга ҳам мажоли етмаса, ётган ҳолда имо-ишора билан ўқиш жоиздир (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 220-б.).

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Қайси амал Аллоҳга севимлидир?” деб сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Вақтида ўқилган намоз!” дедилар. Ибн Масъуд яна: “Кейин-чи?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-онага яхшилик қилиш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Намозни зое қиладиганлар тўғрисида Аллоҳ таоло бундай хабар берди:

﴿۞فَخَلَفَ مِنۢ بَعۡدِهِمۡ خَلۡفٌ أَضَاعُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَٱتَّبَعُواْ ٱلشَّهَوَٰتِۖ فَسَوۡفَ يَلۡقَوۡنَ غَيًّا٥٩ إِلَّا مَن تَابَ وَءَامَنَ وَعَمِلَ صَٰلِحٗا فَأُوْلَٰٓئِكَ يَدۡخُلُونَ ٱلۡجَنَّةَ وَلَا يُظۡلَمُونَ شَيۡ‍ٔٗا٦٠

“Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар. Илло, тавба билан имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям, 59–60).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай деди: “Намозни зое қилган” дегани, уни бутунлай тарк этган дегани эмас, балки намозни вақтидан кечиктириб ўқиган, деганидир.

Тобеинлар имоми Саид ибн Мусайяб (розияллоҳу анҳу) оятдаги “намозни зое қилувчилар”дан мурод: “Аср бўлмагунча пешинни ўқимайдиган, асрни шомгача, шомни хуфтонгача, хуфтонни бомдодгача, бомдодни то қуёш чиққунча ўқимайдиган кишилар”, деган.

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан намозларини “унутиб” қўядиган кимсалар ҳақида сўрагашганида: “У – вақтни кечиктириш (яъни, намозни вақтидан кечиктириб ўқиш)”, дея жавоб берган.

Аллоҳ таоло яна бир оятда:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تُلۡهِكُمۡ أَمۡوَٰلُكُمۡ وَلَآ أَوۡلَٰدُكُمۡ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡخَٰسِرُونَ٩

“Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир”(Мунофиқун, 9), дейди.

Ойша (розияллоҳу анҳо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то Аллоҳ жонларини олгунича намозни охир­ги вақтида ўқимадилар” (Имом Ҳоким ривояти).

Ривоят қилинишича, ким намозни вақтида ўқиган, таҳоратни мукаммал олган, қиём, хушу, руку ва саждаларини комил қилган бўлса, намоз оппоқ, нурафшон бўлиб чиқиб кетади ва “мени сақлаганингдек, Аллоҳ ҳам сени сақласин”, дейди. Ким уни вақтидан бошқа пайтда ўқиса, таҳоратни тўлиқ олмаса, хушу, руку ва саждаларини комил қилмаса, намоз қоп-қора, зулматли бўлиб чиқиб кетади ва “мени зое қилганингдек, Аллоҳ ҳам сени зое қилсин”, дейди. Ҳатто, Аллоҳ хоҳлаган жойга етгач, худди эски кийимга ўхшаб ўралади-да, унинг юзига урилади.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа одамнинг намозини Аллоҳ қабул қилмайди: қавм уни ёқтирмаса-да, уларга имомлик қиладиган киши; намозга орқа томондан келадиган (яъни намозни вақти ўтганидан кейин ўқийдиган) киши; ўзи озод қилган одамни яна қул қилиб олган киши”, дедилар» (Абу Довуд ва Ибн Можа).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Агар қиёмат куни бўлса, Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига бир кишини олиб келишади. Шунда Аллоҳ уни дўзахга ташлашни буюради. “Ё Рабб, нима учун?” деб сўраганида, Аллоҳ таоло: “Намозни вақтидан кечиктирганинг ва Менинг номим билан ёлғон қасам ичганинг учун”, дейди».

Ривоят қилинишича, салафлардан бири ўлган синглисининг жанозасида ҳозир бўлди. Унинг пул солинган ҳамёни маййитнинг қабрига тушиб кетди ва буни ҳеч ким сезмади. У қабр олдидан кетгач, ҳамёнини эслади ва изига қайтди. Одамлар тарқаб кетганидан кейин қабрни кавлади, унда алангаланиб турган оловни кўриб, қабрни қайтадан кўмиб қўйди. Кейин онасининг олдига йиғлаб, маҳзун ҳолда қайтиб келди-да: “Эй онажон, синглим нима иш қилар эди, менга айтиб беринг”, деди. “Нимага сўраяпсан?”, деган онасига: “Унинг қабрида алангаланиб турган оловни кўрдим”, дея жавоб берди. Шунда онаси йиғлади ва: “Эй ўғлим, синглинг намозга бепарво эди ва уни вақтидан кечиктириб ўқирди”, деди.

Намозни вақтидан кечиктириб ўқиган кишининг ҳоли шу бўлса, умуман намоз ўқимайдиган кимсанинг аҳволи не кечар экан?!

Мўмин киши Аллоҳ таолодан намозларни вақтида ўқишга муваффақ қилишини сўрасин. Албатта, У сахий, мурувватли Зотдир.

 

Жамоат намози

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқдир”, дедилар» (Имом Бухорий, Молик, Муслим, Термизий ва Насоий).

Киши намоз ўқиса ва бу билан Аллоҳ розилигини талаб этса, унда нима учун жамоатга қўшилмай, ўзи (якка) уйида ўқийди?! Ақлли киши ҳеч қачон кам нарсани кўп нарсадан устун қўймайди. Айниқса, бу нарса Ислом дини арконларидан муҳими бўлганидан унга кўпроқ аҳамият беришимиз лозим.

Бизлар эса гоҳо арзимас нарса ёки манфаатга эга бўлиш учун қанчадан-қанча водийларни кесиб ўтиб, бир қанча жамиятлар сафига кирамиз. Аммо қўлимизга илиниши осон бўлган диний манфаатларга юзланмаймиз. Аллоҳнинг йигирма етти марта кўпаядиган савоби нафсларимизга оғир келади. Жамоатга ҳозир бўлиб, намозни вақтида адо этишдан моддий машғулот ҳамда тижоратларимиз тўсиб қўяди. Аммо Аллоҳ шиорларини улуғлаб, Унинг ваъдасига ишониб, Унинг савобидан умидвор бўлиб, ҳисоб-кито­бини пухта қилган кишиларни бу вожибни адо этишдан турли сабаблар, узрлар тўса олмайди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди:

﴿فِي بُيُوتٍ أَذِنَ ٱللَّهُ أَن تُرۡفَعَ وَيُذۡكَرَ فِيهَا ٱسۡمُهُۥ يُسَبِّحُ لَهُۥ فِيهَا بِٱلۡغُدُوِّ وَٱلۡأٓصَالِ٣٦ رِجَالٞ لَّا تُلۡهِيهِمۡ تِجَٰرَةٞ وَلَا بَيۡعٌ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِ وَإِقَامِ ٱلصَّلَوٰةِ وَإِيتَآءِ ٱلزَّكَوٰةِ يَخَافُونَ يَوۡمٗا تَتَقَلَّبُ فِيهِ ٱلۡقُلُوبُ وَٱلۡأَبۡصَٰرُ٣٧

«(У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дир. У (масжид)ларда эртаю кеч Унга тасбеҳ айтадиган кишилар бор, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олар. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар» (Нур, 36–37).

“Саҳобалар қиссаси” китобида зикр қилинганидек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари азон эшитишганида, уни улуғлаб, намозга муштоқ бўлишар эди. Солим Ҳаддод (розияллоҳу анҳу) тижоратчи эди. Ҳар гал азонни эшитганида ранги сарғайиб кетар эди. Шу заҳоти молларию дўконларини ташлаб, масжидга юрарди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйида ва бозорда ўқиган намозидан йигирма беш марта кўпроқдир. Агар ана шу киши таҳоратини чиройли қилиб, масжидга фақат намоз ўқишни ният қилиб чиқса, ҳар бир қадамига даражалари кўтарилиб, хатолари ўчирилади. Фаришталар у кишига салавот айтишда бардавом бўлади. Агар ўша киши намозхонасида таҳоратли ўтирса, намозхонлар намозга интизор бўлиб, бу ишда бардавом бўлса, фаришталар: “Аллоҳ, уларга салавот йўлла ва раҳм қил”, деб айтади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа).

Ҳадислардан билдик, жамоат билан ўқилган намоз якка ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир. Аммо у бу ҳадисда йигирма беш бараварга ишора қилиняпти. Уламолар наздида, бундай фарқнинг бир неча сабаблари бор. Улар ҳадислар шарҳида зикр қилинган. Бу фарқлар кишиларнинг турли ҳолати билан боғлиқ. Ихлосига қараб, йигирма етти даража ёзиладиган одамлар бор. Ва улардан йигирма беш даража ёзиладигани бор. Баъзиларнинг фикрича, бу намоздаги хилма-хилликка биноандир. Масалан, махфий намозларда йигирма беш даража бўлса, жаҳрий намозларда йигирма етти даражадир. Баъзилар эса, бомдод ва хуфтон намозларига йигирма етти даража, дейди. Одатда, бу икки намоз кишиларга машаққатлидир. Аммо қолган намозларга йигирма беш даража берилади.

Баъзи олимлар бунинг сабаби умматга хос илоҳий раҳмат бўлиб, бу уммат доимо яхшидан яхшироққа кўтарилади. Бас, шундай экан, йигирма бешдан йигирма етти даражага тараққий этиб юксалаверади, дейишади.

Демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ишора қилган нарсаларга фикрни йўналтириш лозим. Жамоат билан ўқилган намозда қай даражада катта савобларга эришиш мумкинлиги очиқ-равшандир. Қаранг, уйида таҳорат қилиб, сўнгра масжидга чиқса, ҳар бир қадами учун савоб ёзилиб, ёмонликлари ўчирилади.

Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Масжид ёнида бир жой бўшаб қолганида, Бани Салама қавми масжид ёнидаги (ҳовлига) кўчишни хоҳлади. Бу хабар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га етганида: “Менга хабар етишича, сизлар масжид яқинига кўчаётган экансизлар”, деганларида, улар: “Ҳа, биз шуни хоҳладик, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Бани Салама, сизлар уйларингизда қолинглар, (масжид сари) қадамингизга (ҳасанот) ёзилади”, дедилар. Шунда улар: “Энди яқин жойга кўчиш бизни хурсанд қилмайди”, дейишди».

Имом Муслим ривояти ҳам худди шу маънода келган, фақат охирида “Ҳар бир қадамингиз учун даража бордир” калимаси зиёда қилинган.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Кимни эртага мусулмон ҳолида Аллоҳга йўлиқиш хурсанд қилса, (азон) чақирилган пайтдаги намозларини сақласин. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун ҳидоят йўлларини шариат қилди. Шу намозлар ўша ҳидоят йўлларидандир. Агар уйида қолиб ўқувчилар каби сизлар ҳам уйингизда ўқисангиз, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетасиз”.

Бир киши чиройли таҳорат олиб, масжидлардан бирортасига борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ҳасанот ёзиб, даражасини кўтаради ва ёмонликларини ўчиради. Намозни фақат қилмишлари ошкор бўлган мунофиқларгина кечга суради. Мўмин агар икки киши ёрдамида бўлса ҳам, уни қоим қилиб, сафда туради.

Бошқа ривоятларда: “Намозни фақат нифоқи билинган мунофиқ ёки касал кишигина кеч қолдиради. Мўмин киши икки одам ёрдамида юриб бўлса ҳам, намозни қоим қилсин”, деб айтилган.

“Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга ҳидоят йўлларини ўргатдилар. Ана ўша ҳидоят йўлларидан бири азон айтиладиган масжидда ўқилган намоздир” (Имом Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Саҳобалар жамоатга жуда қаттиқ аҳамият беришарди. Ҳатто касал киши беморлигига қарамай, қодир бўлганича жамоатга интилар эди. Агар мажбур бўлиб қолса, икки кишининг ёрдамида бўлса ҳам, жамоатга келар эди. Ахир саҳобалар жамоат намозига нега аҳамият бермасин, нега жамоатга шошишмасин. Чунки саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто қаттиқ касал бўлганларида ҳам жамоатга ана шундай аҳамият берганлар-ку!

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтди: «Мен сизларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитган бир ҳадисни айтиб бераман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўриб тургандек Унга ибодат қилинглар. Агар Уни кўрмасангиз, У сизларни кўриб туради. Ўзингизни ўликлардан, деб ҳисобланг. Мазлумнинг дуосидан қўрқинг, чунки у ижобат қилинади. Сизлардан ким бўлмасин хуфтон ва бомдод намозига судралиб юриб борса ҳам, унда иштирок этсин”, дедилар» (“Ат-тарғиб ват­тарҳиб”, 295-б.).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиққа энг оғири хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар сизлар (у икковидаги савобни) билганларингизда, эмаклаб бўлса ҳам келар эдингиз”, дедилар» (“Ат-тарғиб ват-тарҳиб”, 297-б.).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ учун олдин такбири таҳримага етиб, қирқ кун жамоат билан намоз ўқиса, унга икки четлатиш ёзилади. Биринчиси – дўзахдан четлатиш, иккин­чиси – нифоқдан четлатиш”, дедилар» (Имом Термизий).

Умар (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: “Ким масжидда жамоат билан хуфтон намозини бирор ракатини қолдирмай ўқиса, Аллоҳ ўша намози ила дўзахдан озод, деб ёзади”, дейилган. (Ибн Можа).

Яъни, ким ихлос ва чиройли ният билан илк такбирни (такбири таҳрима) ўтказмасдан, намознинг бошидан имомга иқтидо қилиб қирқ кун намоз ўқиса, дўзахга кирмайди ҳамда мунофиқлардан саналмайди. Чунки мунофиқлар Исломни кўз-кўз қилиб, куфрни беркитади.

Йил давомида намозларини жамоат билан адо этиб, илк такбирни ўтказиб юбормайдиган бахтли кишиларнинг дунё ва охиратдаги насибалари қандай ҳам яхши!

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чиройли таҳорат олиб, сўнгра масжидга борса-ю, у ерда кишиларни намоз ўқиб бўлган ҳолларида топса, Аллоҳ таоло вақтида ўқиганларнинг ажридек савоб беради. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмас”, дедилар» (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким. Бу ҳадис Имом Муслимга бино­ан саҳиҳдир).

Саид ибн Мусайяб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ансорлардан бир кишига ўлим яқинлашганида, “Мен сизларга бир ҳадис айтиб бераман. Уни фақат савоб умидида айтаман. Уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чиройли таҳорат қилиб... (деб ҳадис давомида) масжидга келиб, жамоат билан намоз ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади. Ким масжидга келса-ю, баъзи ракатларини ўқиб бўлишганини кўрса, у киши қолганини ўқиб олса, унинг ҳам савоби ўшаларникидекдир. Агар ким масжидга келса-ю, улар ўқиб бўлган бўлса, (кеч қолган киши) намозини ўқиса, унинг савоби ҳам ўшаларникидекдир”, дедилар”, деди» (Абу Довуд).

Бир кишининг хоҳ намозга етишсин, хоҳ етишмасин, саъй-ҳаракат қилишининг ўзига ажр берилиши Аллоҳ таолонинг бандаларига улуғ неъмати ҳамда чиройли фазл-марҳаматидир. Модомики, у киши намозга ҳаракат қилиб етишар экан, ажр бўлиши учун шунинг ўзи кифоя.

Агар биз бу ажрларга етишишда ва савоб ҳосил қилишда ўша неъмат ва марҳаматдан (дангасалик билан) узилиб қолар эканмиз, ўзимизга катта зарар қилган бўламиз. Бу ҳадисдан равшан бўлди, намоз тугади, деб масжидга бормаслик яхши эмас. Балки у ерга (кечикиб бўлса ҳам) бориб, ажрга етишиш керак. Аммо ишонч билан (вақт ўтганини билсак), унда (бормасликнинг) зарари йўқ.

Қуддус ибн Ашийм Лайсийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки кишининг бири имомликка ўтиб ўқиган намозлари Аллоҳ ҳузурида кетма-кет ўқилган тўртта намоздан яхшироқдир. Ва тўрт кишининг бири имомга эргашиб ўқиган намозлари Аллоҳ ҳузурида кетма-кет ўқилган саккизта намоздан яхшироқдир. Ва саккиз кишининг бири имомга ўтгандаги ўқиган намозлари юзта кетма-кет ўқилган намоздан яхшироқдир”, дедилар» (Имом Табароний).

Баъзилар масжидга бормай, бир неча киши жамланиб, дўконми ёки бошқа бир жойдами, жамоат бўлиб ўқиса, бўлаверади, деб гумон қилади. Бундай қилиш хатонинг ўзгинасидир. Биринчидан, улар масжид ва жамоатнинг катта савобларидан маҳрум бўлади. Чунки кўп жамоат Аллоҳга оз жамоатдан севимлидир. Бошқа томондан, биз Аллоҳнинг розилигини талаб қилар эканмиз, Унинг ҳузурида мақбул йўлни танлашимиз керак.

Юртимизда мўмин-мусулмонлар учун қурилган кўплаб масжидлар ҳам кишиларнинг ибодатларни эмин-эркин адо этишлари учун улкан имкониятдир. Шундай чиройли ва ажойиб масжидлар бўлатуриб, ҳар ким хоҳлаган жойида тўпланиб, намоз ўқиши ярамайди. Зеро, намоз учун таҳорат қилиш лозим. Шу билан бирга, таҳоратнинг ўзига яраша фарзлари, вожиблари, суннатлари бор. Масжидларимизда мана шу аҳкомларга тўлиқ риоя қилиш учун имкониятлар етарли.

Саҳл ибн Саъд Саъидий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қоронғида масжидга борувчиларга қиёмат куни мукаммал нур бўлиши хабарини хурсандлик ила билдирдилар” (Ибн Можа, Ибн Ҳузайма, Ҳоким. Бу ҳадис икки шайх шартига биноан саҳиҳдир).

Шунингдек, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир кўзи ожиз киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Аллоҳнинг Расули! Мени масжидга олиб борадиган ёрдамчи йўқ”, деди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уйида намоз ўқишга рухсат сўради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга рухсат бердилар. Ёрдамчига эга бўлганидан кейин уни чақиртириб: “Уйингга азон эшитилади­ми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, жамоат намозига чиқ!”, дедилар» (Имом Муслим).

Абу Умомадан қилинган ривоятда: “Қоронғида масжидга борувчиларга қиёмат куни нурдан минбар бўлишининг хабарини хурсандлик ила етказ. Кишилар қўрққанида улар қўрқишмайди”, дейилган (Имом Табароний).

Қоронғида масжидга боришга қийналамиз-у, лекин унинг фойда ва самараларини, иншааллоҳ, қиёмат даҳшатлари пайтида кўрамиз. Кечаси масжидга бориб орттирган баъзи қийинчилик ва машаққатларимиз нурдан бўлган гумбаз ва нур сочувчи қуёшга айланиб қолади. Қиёмат зулумотида қаерга борсак, у нур ҳам биз билан бирга юради.

Албатта, динимиз таълимотлари ва кўрсатмаларига мувофиқ доимо масжидга қатнаш ва жамоатни топиш ажрни янада кўпайтиради. Айни пайтда бу иш бандаларга улкан савоблар ва фойдалар келтиради. Шак-шубҳа йўқ, бу манфаатлар моҳиятини англаш қийин. Бирор киши бу раббоний сирлар ва нозик илоҳий савобларни кўриши мумкинми? Лекин биз шулардан имкониятимиз доирасида насиба олдик. Уламолар жамоатда иштирок этиш фойдаларини қандай билган бўлишса, ўшандай қилиб бизга етказишди.

Ўз оти билан “саждагоҳ” деб ном олган масжидларимиз ҳақига риоя қилайлик. Намозларни тўғри келган жойда эмас, балки масжидларда, саждагоҳларда жамоат билан адо этишга интилайлик!

 

Истиқоматда бўлиш

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Албатта: “Раббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқманг ва ғамгин ҳам бўлманг! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинг! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”. Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонларданман”, деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!» (Фуссилат, 30–33)

“Тўғри бўлган зотлар” қандай кишилар экани тўғрисида турли фикрлар айтилган. Масалан, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Сўзи билан иши бир бўлган одамлар”, деса, Умар (розияллоҳу анҳу): “Мунофиқлик қилмайдиганлар”, деган. Усмон (розияллоҳу анҳу): “Амални ихлос билан адо этувчилар”, деса, Али (розияллоҳу анҳу): “Фарз амалларни бажариб юрувчилар”, деган. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айрим саҳобалардан ушбу “тўғри бўлиш” (арабчаси “истиқомат”) нима?” деб сўраганида улар: “Гуноҳ қилмаслик”, деб жавоб берган. Шунда у: “Жуда қийин ишга айлантириб юбордингиз. Ундай эмас, балки имон келтирганидан кейин қайта бут ва санамларга ибодат қилиб, ширкка қайтмаслик”, деб жавоб берган экан, (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”, 288-б.).

Фуссилат сураси 31-оятни мисрлик муфассир шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий (ваф. 1997 й.) бундай тафсир қилган: “Замонавий фан ютуқлари энг авжига чиққанда ҳам кўнгил тусаган нарсани махсус тугмачани топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”.

Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирдим ва у кишини жуда хурсанд ҳолда кўрдим, сўнг бунинг сабабини сўрадим. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нега хурсанд бўлмайин, Жаброил (алайҳиссалом) ҳозиргина ҳузуримдан чиқиб кетди. У: “Аллоҳ мени сизга хушхабар бериш учун юборди. Агар умматингиздан бирор киши сизга битта салавот айтса, Аллоҳ ва фаришталар унга ўнта салавот айтади”, деди”, дедилар».

Юқорида келтирилган оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос айтади: «Бу оят Абу Бакр Сиддиқ ҳақида нозил бўлган. Мушриклар: “Парвардигоримиз Аллоҳдир ва фаришталар Аллоҳнинг қизларидир”, деди. Яҳудийлар эса: “Парвардигоримиз Аллоҳдир, Узайр Аллоҳнинг ўғлидир ва Муҳаммад пайғамбар эмасдир”, деди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) эса: “Парвардигоримиз Аллоҳдир ва У ягона бўлиб, Унинг шериги йўқдир ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир”, деди-да, ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда бардавом бўлди. Оятнинг маъноси: “Улар Аллоҳнинг ягоналигига иқрор бўлади ва Унга шериклар, хотин ва болаларни нисбат бермайдилар. Сўнгра Аллоҳга тоат-ибодатда қоим бўладилар ва фарзларни адо этадилар. То вафот этгунларича динда холис бўладилар”, деганидир».

Баъзилар: “Истиқомат – тўғри бўлиш зоҳирда ва ботинда бўлади. Зоҳирдагиси Аллоҳ буюрган амрларга бўйсуниш, қайтарганларидан четланиш, ботиндагиси имон келтириб, тасдиқлашдир”, деган.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан истиқомат ҳақида сўрашганида: “Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаслигинг”, деб жавоб берган. Умар (розияллоҳу анҳу): “Истиқомат – амру наҳийларда тўғри туришинг, тулкилар ҳийласи каби ҳийла қилмаслигинг”, деган. Усмон (розияллоҳу анҳу) истиқомат тоат-ибодатни ихлос билан қилиш, деб изоҳлаган. Али (розияллоҳу анҳу) эса: “Истиқомат – фарзларни адо этишинг”, деган.

Аҳли ҳақларнинг баъзилари айтишича, “истиқомат, яъни тўғри туриш уч хилдир: тил билан тўғри туриш; қалб билан тўғри туриш, яъни шаҳодат калимасида бардавом бўлиш: ихлос билан тўғри туриш, яъни, тоат-ибодатда давомли бўлиш”. Баъзилар айтади: “Истиқомат тўрт нарса билан бўлади. Амрнинг муқобилида тоат-ибодат билан, наҳийнинг муқобилида тақво билан, неъматнинг муқобилида шукр билан, жаннатнинг муқобилида сабр билан. Бу тўрт нарса бошқа тўрттаси билан комил бўлади: тоат ихлос билан, тақво тавба билан, шукр ожизлигини билиш билан, сабр Аллоҳ йўлида нафсни ўлдириш билан”.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: «Истиқоматнинг аломати ўнта нарсада кўрилади. Биринчиси, тилни ғийбатдан сақлаш, зеро, Қуръонда ғийбат ҳаром экани баён қилинган. Иккинчиси, ёмон гумондан сақланиш, зеро, Қуръонда гумондан четланиш буюрилган, гумонларнинг баъзиси гуноҳ экани таъкидланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёмон гумондан сақланинглар, чунки у сўзларнинг энг ёлғонидир”, деганлар. Учинчиси, масхара қилишдан четланиш. Қуръони каримда бир қавм бошқа бир қавмни масхара қилмаслиги буюрилган, масхара қилинаётган қавм масхара қилаётган қавмдан яхшироқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Тўртинчиси, кўзларни номаҳрам аёлларга қарашдан тийиш. Аллоҳ таоло айтади: (Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур, 30). Бешинчиси, рост сўзлаш, олтинчиси, Аллоҳ йўлида садақа қилиш, зеро, Аллоҳ таоло: “Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз!” (Бақара, 267), деган. Еттинчиси, исроф қилмаслик, саккизинчиси, кибрланмаслик, тўққизинчиси, беш вақт намозни вақтида адо қилиш ва ўнинчиси, аҳли сунна вал жамоа йўлини маҳкам тутиш».

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Мўминнинг қалбидаги имон етти шохли дарахтга ўхшайди. Шохларининг биттаси қалбда бўлиб, унинг меваси тўғри ниятли бўлиш. Иккинчиси, тилда бўлади, унинг меваси тўғрисўзликдир. Учинчиси, икки оёқда бўлиб, меваси жамоат намозига боришдир. Кейингиси икки қўлда бўлиб, унинг меваси садақа қилишда кўринади. Бешинчиси, кўздадир, унинг меваси ибратли нарсаларга қараш билан бўлади. Олтинчиси, қоринда бўлади, унинг меваси ҳалолдан еб, шубҳали нарсаларни тарк этишдир. Еттинчиси, нафсда бўлиб, меваси шаҳватлардан тийилишдир”.

Хабарларда келишича, қиёмат куни барча махлуқотлар қабрларидан туради. Фаришталар мўминлар олдига келиб, улар устидаги тупроқни қоқади. Уларнинг пешонасидан бошқа жойининг тупроғи тушиб кетади. Фаришталар бу ўринни ҳам артади, аммо тупроқ кетмайди. Шунда уларга нидо қилинади: “Эй фаришталар! Бу тупроқлар қабрдаги тупроқ эмас, балки уларнинг меҳробларидаги тупроқдир. Уларни Сирот кўпригидан ўтиб жаннатга киргунларича шу ҳолатда қолдиринглар, токи уларга қараганлар Менинг хос бандаларим эканини билишсин”.

Башорат-хушхабар берувчилар учтадир. Бу дунёда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганлар. Қуръони каримда: “...сабр қилувчиларга хушхабар беринг” (Бақара, 155), дейилган. Жон олиш вақтида фаришталар башорат беради. Зеро, Қуръони каримда келишича, фаришталар мўминларга ўлимлари вақтида: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!” (Фуссилат, 30), дейди. Яна Аллоҳ таоло: “Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур” (Тавба, 21), деган.

Хушхабар бериш беш хил бўлади. Биринчиси, мўминлар оммаси учун. Уларга: “Сизлар азобда абадий қолишдан қўрқманглар, сизларни пайғамбарлар ва солиҳ кимсалар шафоат қилади, савобларни бой бериб қўйганингиздан ғамгин бўлманглар, борадиган жойингиз жаннат бўлиши хушхабари билан шодланинглар”, дейилади. Иккинчиси, ихлос билан амал қилгувчилар учун бўлиб, уларга: “Амалларингиз рад қилинишидан хавфсираманглар. Чунки амалларингиз мақбулдир. Савобларни қўлдан бой берганингизга ғамгин бўлманглар, сизларнинг савобларингиз бир неча бор зиёда қилинади”, дейилади. Учинчиси, тавба қилувчилар учун, уларга: “Гуноҳларингиздан хавфсираманглар, чунки сизларнинг гуноҳларингиз мағфират қилингандир. Савобларингиз камлигидан ғамгин бўлманглар, чунки гуноҳларингиз савобларга айлантирилгандир”, дейилади. Тўртинчи хушхабар зоҳидлар учун аталган. Уларга: “Ҳашр ва ҳисоб-китобдан хавфсираманглар ва ҳисобсиз, азобсиз жаннатга кириш хушхабари билан шодланинглар”, дейилади. Бешинчиси, одамларга яхшиликларни таълим берган ва илмига амал қилган олимлар учун. Уларга: “Қиёмат даҳшатларидан хавфсираманглар. Чунки сизлар амал қилганингиз эвазига мукофотланасиз. Сизлар ва сизларга эргашганларга аталган жаннатлар хушхабари билан шодланинглар”, дейилади.

Умри охири башорат-хушхабар билан якунланган кимсалар нақадар бахтлидир. Башорат фақатгина амалида ихлосли ва бардавом бўлган мўминларга берилади. Улар олдига фаришталар келади. Шунда мўминлар: “Сизлар кимсизлар, биз сизлардан гўзалроқ ва хушбўйроқ кимсаларни кўрмаганмиз”, дейишади. Фаришталар: “Биз сизларнинг дўстларингизмиз, яъни бу дунёда амалларингизни ёзиб, сизларни ҳимоя қилиб турдик”, дейди.

Оқил кимса ғафлатдан уйғониши керак. Уйғонишнинг аломати тўрт хил бўлади: биринчиси – дунё ишларини қаноат билан тадбир қилиш; иккинчиси – охират ишларига ҳарислик билан ёндашиш; учинчиси – дин ишларини илм ва ижтиҳод билан бажариш; тўртинчиси – халқнинг ишларида насиҳат, муҳаббат ва юмшоқлик билан тадбир қилиш.

Қуйидаги беш хислатга эга бўлганлар одамларнинг яхшиси ҳисобланади: ибодатда қоим бўлганлар; зоҳирда ҳам, ботинда ҳам ихлосли бўлганлар; одамларга ёмонлик қилмайдиганлар; одамларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаганлар ва ўлимга тайёргарлик кўрган кишилар.

Яҳё ибн Муоз айтади: “Мустақим тургувчининг бир қанча аломатлари бор: Аллоҳга тоат-ибодат қилишга саъй-ҳаракат этиш, оммага таъмасиз насиҳат қилиш, қўрқув билан ибодат қилиш, дунёда кўраётган нарсаларидан шаҳватсиз ибрат олиш, охират ҳақида ғафлатсиз тафаккур қилиш. Кимда ушбу сифатлар бўлса, ўлим олдидан унга бахт-саодат ва жаннат хушхабари берилади”.

Мусулмон киши Аллоҳга итоат қилиб, Расулига “Лаббай” деб ва раҳбарларга итоат қилиши билан истиқоматда барқарор бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий истиқоматда бардавом айласин, омин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

БЕШИНЧИ ВАСИЯТ:

Яширин ва ошкора ҳолатларда ҳам Аллоҳдан қўрқиш;

Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш;

Шайтонга осий бўлиш – мўминнинг сифати;

Шаётоннинг адовати;

4118 марта ўқилди
Top