Кутубхона

Муборак васиятлар: ЕТТИНЧИ ВАСИЯТ:  Қабрларни зиёрат қилиш

 

ЕТТИНЧИ ВАСИЯТ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم: “زُر الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الآخِرَةَ وَاغْسِلِ الْمَوْتَى فَإِنَّ مُعَالَجَةَ جَسَدٍ خَاوٍ مَوْعِظَةٌ بَلِيغَةٌ وَصَلِّ عَلَى الْجَنَائِزِ لَعَلَّ ذَلِكَ أَنْ يُحْزِنَكَ فَإِنَّ الْحَزِينَ فِي ظِلِّ اللهِ يَتَعَرَّضُ لِكُلِّ خَيْرٍ

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Қабрларни зиёрат қил, албатта, у сенга охиратни эслатади. Маййитларни юв, руҳсиз жасадни ювиш таъсирли насиҳатдир. Жаноза намозини ўқи, шояд бу сени маъюс қилар. Маъюс киши Аллоҳ таолонинг паноҳида барча яхшиликларга тайёр туради”, дедилар (Ҳоким).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматларга қилган бу насиҳатлари чуқур тафаккур қилишга ундайди, ҳаётни ғанимат билишга, ҳар бир дақиқани яхшилик билан ўтказишга чорлайди. Қабрларни зиёрат қилиш билан мусулмон ибрат олади. Ўзидан олдин яшаган полвону паҳлавонлар, олиму донишмандлар, бой ва давлатлилар, ҳокиму хоқонлар, ҳатто пайғамбарлар ҳам бу дунёда боқий қолмагани, уларнинг ҳаммаси ўлим боис бу дунёдан охират дунёсига кўчганига гувоҳ бўлади. Бу дунёнинг гўзаллиги ва мафтункорлигига алданиб, Аллоҳ таолога итоат қилиш ва ёмонликдан узоқ бўлишни унутган гумроҳ қалблар сергак тортади.

Бу олам ҳаётини тарк этган инсоннинг руҳсиз жасадини кўрган одам бу дунёдан охират учун қилган амалларидан бўлак бирор нарса олиб кетолмаслигига амин бўлади.

Шунингдек, ушбу васиятда мусулмоннинг мусулмон зиммасидаги ҳақларидан бири – жаноза намозида ҳозир бўлишга тарғиб қилинади. Сафдоши ёки қариндошининг кафанга ўралган жасадини тобут ичида кўриб, ундан ажраб қолганига сабр қиладиган, ўзининг ёмон ишларига пушаймон бўлиб, янада кўпроқ яхшиликлар қилолмагани учун маҳзун тортган киши умрини ғанимат билиб, яхши амаллар қилишга ўтиши лозимлиги таъкидланади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу васиятлари кишини комил инсон бўлиб етишишга тарғиб этади.

Ҳадиси шарифда зикр этилган қабрлар зиёрати ҳақида сўз бошлашдан олдин кишилар ўртасидаги зиёратлар ва уларнинг одоблари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

 

Зиёрат

“Зиёрат” арабча сўз бўлиб, бирор ерга ёки шахс ҳузурига бориш маъносини билдиради. Одамларни бир-бирларига яқинлаштирадиган ва улар ўртасидаги муносабатнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўладиган омиллардан бири ўзаро зиёратдир. Кишилар муборак ҳайит ва бошқа турли байрамлар муносабати билан бир-бирларини зиёрат қилади. Сафарга кетишдан олдин кузатгани, сафардан қайтгач, ҳолидан хабар олгани, фарзандли бўлса, муборакбод этгани ёр-биродарлар зиёратга келади. Бундай чиройли урф-одатлар халқимизда жуда кўп. Улар юртимизда яшовчи бошқа миллатга мансуб кишилар ҳаётига ҳам сингиб кетган. Зиёратлар қанча холис ва самимий бўлса, шунча савоби кўп ва хайрлидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Бир киши бошқа қишлоқда яшовчи дўстини зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Аллоҳ таоло унинг йўлига бир фариштани юборди. Фаришта ундан:

– Қаерга кетяпсан? – деб сўради.

– Бу қишлоқдаги биродаримни зиёрат қилишга, – деб жавоб берди киши.

– Унинг олдига бирор нарса истагида кетяпсанми? – деб сўради.

– Уни Аллоҳ таоло учун яхши кўраман, шу холос, – деди.

Фаришта унга:

– Мен Аллоҳ таолонинг фариштасиман. Сен уни яхши кўрганингдек Аллоҳ таоло ҳам сени яхши кўради, – деди”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу муборак ҳадисларида яқинларни зиёрат қилиш нақадар фазилатли экани баён этилган. Бирор кишини Аллоҳ таоло учун самимий зиёрат қилиш ва унинг ҳолидан хабар олиш Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилигига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Ким бирор касални ёки Аллоҳ учун яхши кўрган дўстини зиёрат қилса, бир жарчи унга: “Сен ва босган қадамларинг нақадар яхши! Жаннатдан ўзингга жой ҳозирладинг”, деб нидо қилади», дедилар.

Касални кўриш мусулмоннинг зиммасидаги вазифаларидан биридир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мусулмоннинг мусулмон зиммасидаги ҳақлари: учрашганда, унга салом бериш; аксирса, унинг ҳақига дуо қилиш; чақирса, жавоб бериш; касал бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасига қатнашиш ва насиҳат сўраса, тўғри насиҳат бериш эканини айтганлар.

Шунинг учун мусулмон касал бўлган яқинларини уйига, касалхонада бўлса, касалхонага бориб кўриши, ҳолидан хабар олиши керак. Касалнинг зиёратига борган кишига кўп яхшиликлар ваъда қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда бундай деганлар: “Бирор мусулмон киши касал кишини куннинг аввалида зиёрат қилса, ўша кун кеч бўлгунича етмиш минг фаришта унинг ҳақига салавот айтиб туради. Агар куннинг кечки вақтида зиёратга борса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта салавот айтиб туради”.

Зиёрат қилишнинг ҳам одоб ва шартлари бор. Зиёратчи унга амал қилиши лозим:

  1. Зиёрат қилувчи мезбоннинг бўш вақтини билиб, иложи бўлса, олдиндан огоҳлантириб бориши лозим.
  2. Ҳовлига тўғридан-тўғри кирмай, ташқарида туриб, киришга изн сўраши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَدۡخُلُواْ بُيُوتًا غَيۡرَ بُيُوتِكُمۡ حَتَّىٰ تَسۡتَأۡنِسُواْ وَتُسَلِّمُواْ عَلَىٰٓ أَهۡلِهَاۚ ذَٰلِكُمۡ خَيۡرٞ لَّكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَذَكَّرُونَ٢٧

«Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирманг! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз» (Нур, 27).

Ушбу ояти каримага кўра, бировнинг уйига рухсат сўраб кириш лозим бўлади. Оятнинг давомида, агар рухсат берилмаса, кирмай қайтиб кетиш кераклиги айтилади:

﴿فَإِن لَّمۡ تَجِدُواْ فِيهَآ أَحَدٗا فَلَا تَدۡخُلُوهَا حَتَّىٰ يُؤۡذَنَ لَكُمۡۖ وَإِن قِيلَ لَكُمُ ٱرۡجِعُواْ فَٱرۡجِعُواْۖ هُوَ أَزۡكَىٰ لَكُمۡۚ وَٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ عَلِيمٞ٢٨

«Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирманг! Агар сизларга “қайтингиз!” дейилса, қайтиб кетаверинг! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир» (Нур, 28).

Изн сўраш ҳолатига қараб ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, қўнғироқни чалиш ёки эшикни қўли билан тақиллатиш ёки салом бериш. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) даврларида “Ассалому алайкум! Кирсам майлими?” деб изн сўралар эди. Омир қабиласидан бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Кирсам майлими?” деб изн сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ходимларига: «Унинг олдига чиқ ва унга изн сўрашни ўргат. “Ассалому алайкум! Кирсам майлими”, десин», дедилар. Келган киши буни эшитди ва шундай деди, сўнг унга рухсат берилди.

  1. Зиёратчи эшик олдида турган вақтида ҳовли ичига кўзи тушмайдиган жойда, эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туриши лозим. Чунки ичкарида уй эгалари унинг кўришини хоҳламаган ҳолатда бўлиши мумкин.
  2. Ичкаридан кимлиги ҳақида сўралса, “Мен”, деб жавоб бермай, балки исмини аниқ қилиб айтиб, ўзини танитиши керак.
  3. Зиёрат қилиш вақтини тўғри танлаши ва уй эгаларини ноқулай аҳволга солиб қўядиган вақтлардан эҳтиёт бўлиши даркор. Масалан, жуда эрта ёки жуда кеч зиёратга бориш ҳам одобга тўғри келмайди.
  4. Зиёратчи уй эгаси кўрсатган жойга ўтириши керак.
  5. Зиёрат давомида уй эгаларини малоллантирадиган даражада узоқ ўтирмаслиги лозим.
  6. Агар мезбон касал бўлса, унинг ҳақига чиройли дуолар қилиши ва кўнглини кўтарадиган гаплар билан тасалли бериши керак.

 

Қабрларни зиёрат қилиш

Муқаддас динимиз вафот этиб кетган ота-оналаримизни, яқин қариндошларимизни, устозларимизни ҳамда дўсту ёронларимизни эслаб, уларнинг ҳақларига дуойи хайрлар қилиб туришни буюради. Марҳумларга қилган дуоларимиз, садақа ва эҳсонларимиз савоби етади. Уларнинг яхши сифатларини ва ўрнак бўладиган жиҳатларини гапириб, инсонийлик юзасидан қилиб қўйган баъзи камчиликларини гапирмаслик мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган ҳурматлари ифодасидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматларига ўтганларнинг яхши сифатларини эслаб, ёмонликларини гапирмасликни тавсия қилганлар.

Қуръони каримнинг Ҳашр сурасида марҳумларга қандай муносабатда бўлиш баён қилинган:

﴿وَٱلَّذِينَ جَآءُو مِنۢ بَعۡدِهِمۡ يَقُولُونَ رَبَّنَا ٱغۡفِرۡ لَنَا وَلِإِخۡوَٰنِنَا ٱلَّذِينَ سَبَقُونَا بِٱلۡإِيمَٰنِ وَلَا تَجۡعَلۡ فِي قُلُوبِنَا غِلّٗا لِّلَّذِينَ ءَامَنُواْ رَبَّنَآ إِنَّكَ رَءُوفٞ رَّحِيمٌ١٠

«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтур: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли Зотдирсан!» (Ҳашр, 10)

Ояти кариманинг тафсири:

“Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни мағфират этгин”. Аллоҳ таоло бу каломи билан фақат ўзимизни эмас, балки бир-биримизни ўйлашимизни, ўзаро яхшилик қилишимизни буюради. Шундай экан, яратган Зотдан гуноҳларимизни кечиришини сўрайверсак, Аллоҳ таоло меҳрибон Зот, гуноҳларимизни кечиради ҳамда юртимизни тинч ва осойишта қилади.

“...ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин...”. Мусулмонларнинг бирдан-бир орзуси дунёдан имон билан кетишдир. Шунинг учун ҳам бир-биримизга яхшилик қиламиз, савоб ишларни кўпайтирамиз, гуноҳ ишлардан қочамиз. Ибодатга машғул бўламиз. Жамиятимизнинг равнақи учун курашамиз. Имонсиз кишидан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Имонли киши фақат эзгу ишларда иштирок этади. Шу сабабдан ҳам биз, имон билан ўтганларни мағфират қил, деб сўраймиз.

“...ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин”. Бу сўзлардан нима англадингиз? Имон келтирганлар кимлар? Албатта, имон келтирганлар – сизу биз мусулмон бандалар. Ота-онамиз, ака-укамиз, опа-синглимиз, қавму қариндошимиз, маҳалламизда, туманимизда, бутун Ўзбекистонимизда, қолаверса, бутун дунёда истиқомат қилаётган мўмин-мусулмон биродарларимиз. Имонли кишилар бир-бирлари билан гап талашиб, жанжал қилишлари, қўлига қурол олиб қон тўкишлари у ёқда турсин, қалбида бир мусулмонга нисбатан гина ва ҳасаднинг бўлмаслигини Аллоҳдан сўраши керак. Бу дунё ўткинчидир. Шундай экан, умримиз борича бир-биримизга яхшилик қилайлик.

 “Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли Зотдирсан!” Аллоҳ таоло бандаларига ота-онадан ҳам меҳрибон ва раҳмлидир. Қайси банда бошқаларга меҳрибон бўлса, Аллоҳ таоло ўша бандасига раҳм қилади.

Халқимизда “Олтин олма, дуо ол”, деган нақл бор. Бир-биримизнинг ҳақимизга, хоссатан, вафот этиб кетганларимизга кўпроқ дуо қилайлик.

Ўтганларни эслаш, уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ўлимни, қабр ва охират ҳолатларини эслатади. Бир-биримиздаги ҳақларни адо этишимиз ва охиратни эслаб туришимиз учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматларга тавсия қилиб: “Қабрларни зиёрат қилинг. Бу охиратни эслатади”, дея марҳамат қилганлар».

Қабрлар зиёратидан Аллоҳ таолонинг розилигини, қалбни ислоҳ этишни қасд қилиш керак. Қабрларни зиёрат қилган инсоннинг қалби юмшайди, ўлимни ва охиратни эслайди. Маҳшардаги ҳисоб-китобни ўйлаган киши, ким бўлишидан қатъи назар, қилган ёмонликларига пушаймон бўлади. Қолган ҳаёти хусусида жиддий ўйлайди, ёмонликлардан ўзини тияди, савобли ва хайрли ишлар қилишга интилади. Қабрларни зиёрат қилиш душманчилик, нафрат, гина-кудурат каби салбий ҳолатларнинг йўқолишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, у (қабр)ни зиёрат қилишда эслатма бор”, деб айтганлар.

Ўтганларни ҳурмат билан ёдлаш қон-қонимизга сингиб кетган. Бундай ҳурмат намунасини, мисол тариқасида, буюк бобомиз Амир Темур қилган ишларда кўришимиз мумкин. Соҳибқирон Амир Темур Аҳмад Яссавий ва Қаффол Шоший каби улуғ зотларнинг қабрлари топталиши олдини олиш мақсадида мақбаралар қурдирган.

Айни пайтда, ушбу ҳурматнинг узвий давомини эса муҳтарам биринчи Президентимизнинг маданиятимиз ва миллий маънавиятимизни қайта тиклаб, асл ҳолига қайтариш борасида олиб борилаётган ишлар бошида ўзлари турганлигида кўрамиз. У киши истиқлолимизнинг илк давридан бошлаб дунё маданияти хазинаси ва муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз мақбараларини қайта қуриб-тиклаш, таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бунга мисол сифатида Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдулхолиқ Ғиждувоний мажмуалари ҳамда Тошкентдаги Муҳаммад Қаффол Шоший мақбараси қайтадан тикланганини эслаб ўтиш кифоя қилади.

Ҳар қандай инсонни қадрлаб, ҳурматини ўз ўрнига қўядиган доно халқимиз хотирани муқаддас туйғу деб билади. Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари билан мустамлакачилик даврида Ватанимиз истиқлоли учун жонбозлик қилиб, оқибатда қатағон қур­бонлари бўлган аждодларимизнинг ҳурмати ва хотирасини жойи­га қўйиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида хотира майдонлари барпо этилди. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотираси учун 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади. Айни ушбу кун ва бошқа байрам кунлари арафасида умумхалқ ҳашарлари уюштирилиб, маҳаллалар, кўчалар ва майдонлар тартибга келтирилиши билан бир қаторда қабристонлар ҳам обод қилиниб, дов-дарахтлар ўтқазилади.

Динимизда қабрларни зиёрат қилиш мандуб, яъни, тарғиб қилинган амал ҳисобланади. Лекин зиёрат қилиш асносида қабрларни беҳуда топташ, улардан ёрдам талаб қилиб, бирор нарса сўраш, қабрни силаш, ўпиш ва тавоф қилиш, чироқ ёқиш, дарахтларга ип боғлаш каби бидъат амалларни бажариб, савоб олиш ўрнига гуноҳга қолишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки буларнинг барчаси бошқа дин вакилларининг одатларидан ҳисобланади. Шу боис зиёратгоҳларга мутасаддиларимиз ва имом-хатибларимиз бу ишлар Исломга зид эканини доимо уқтириб боришлари зарур. Зеро, Ислом динимизда фақат Ҳажарул асвад (Қора тош) ўпилади ва Каъбадан бошқа жой тавоф қилинмайди.

Маълумки, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Исломга чақиришнинг илк босқичларида саҳобаларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар. Чунки бу пайтда қабристонларга боғлиқ хунук ҳолатлар ва бемаъни гап-сўзларни одат қилиб олинган жоҳилиятдан энди чиқилган эди....

Яъни, Исломдан аввал араблар қабр тепасига бут-санамларини ўрнатиб, қабрларни ўзлари учун ибодатгоҳ қилиб олган эди. Ўтиб кетган ота-боболарининг қабрлари устида туриб олиб, уларнинг қилган ишлари хусусида беҳуда фахрланиб, улар ҳақида бемаъни шеърлар ўқишар эди. Қабр эгаларидан ёрдам талаб қилиш ҳолатлари жуда кўп учрар эди. Гоҳида сабрсизлик қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳукмига норозиликларини ҳам айтишар ва натижада, Аллоҳ таолога ширк келтириш ҳолатлари вужудга келиб қолар эди.

Бир муддат ўтиб, саҳобалар қабрларни зиёрат қилиш билан боғлиқ шаръий одобларни таълим олишгач, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уларни зиёратга буюрдилар. Имом Шофиъий ва Аҳмад (раҳимаҳумаллоҳ) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Ёмон гапларни гапирманглар”, деб марҳамат қилганлар».

Жумҳур уламоларимиз қабрларни зиёрат қилиш мандуб эканини шу каби ҳадислардан олган. Ёмон гаплардан мурод, зиёрат асносида Аллоҳ таолога ширк келтиришга сабаб бўладиган гапларни гапиришдир.

Ибн Ҳазм каби баъзи уламолар ушбу ҳадислардан буйруқ маъноси келиб чиқишини эътиборга олиб, киши умрида бир марта бўлса-да, қабрларни зиёрат қилиши вожиблигини айтган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам оғир кунларда ўзларига елкадош бўлган саҳобаларнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида “Бақиъ” қабристонига тез-тез бориб турар эдилар. Сиддиқа Ойша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Мен бир куни кечқурун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўз ўринларида тополмадим. Бошқа аёлларининг олдига кетган бўлсалар керак, деб ўйладим. Ортларидан қидириб чиқдим. У зот “Бақиъ” қабристонига бориб, саҳобаларнинг ҳақларига дуо қилаётган эканлар”. Бу каби ҳолатлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотлари яқинлашган кунларда кўпроқ содир бўлгани ривоят қилинган.

Қабрлар зиёрати ҳақида сўз юритилганида аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш шарт деб ўйлаймиз. Ушбу мавзу борасида келган ҳадислар ва бунга боғлиқ далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламолар аёллар қабрларни зиёрат қилишлари жоиз, деган хулосани айтишган. Лекин уларда авратларини ёпиш, тавозелик, охират ишини эслаш, қабрда бўладиган ҳолатлардан ибрат олиш, қаттиқ овоз чиқариб йиғи-сиғи қилиб, юзларига урмаслик, ёқаларини йиртмаслик ва ёмон гапларни гапирмаслик ҳамда агар зиёрат жойи узоқда бўлса, ёш ёки ёши улуғ бўлишидан қатъи назар, аёлга бирор маҳрами ҳамроҳлик қилиши талаб этилади.

Аёллар қабрларни зиёрат қилиш асносида юқорида айтиб ўтганимиз каби Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларни содир этсалар, уларга зиёрат қилиш мумкин бўлмайди. Шариатимиздаги “Келиб чиқадиган ёмонликлар олдини олиш кутилаётган манфаатдан олдин туради” деган муқаррар қоидани унутмаслик лозим.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатладилар”, деган ҳадис ривоят қилинган. Уламоларимиз бу каби ҳадисларда динимиз кўрсатмаларига ва зиёрат одобларига риоя қилмаган аёллар назарда тутилган, дейишади. Чунки сабрсизлик, ёқаларини йиртиш, юзларини тирнаш каби хунук ҳолатлар уларнинг одатлари бўлиб, бу нарсалар кўпинча содир бўлиб қолади. Албатта, бу каби бидъатлар олдини олиб, аёллар ўртасида кенг қамровли тўғри тушунтириш ишларини олиб боришда идорамизнинг “Хотин-қизлар” бўлими ва жойлардаги вакилаларимиз тинимсиз меҳнат қилмоқдалар.

Динимизда қабрлар бошида қаттиқ овоз чиқармасдан, Аллоҳ таолога шикоят қилмасдан йиғлашга рухсат берилади. Зеро, вафот этган яқинини, айниқса, ота-онаси қабрини зиёрат қилган ҳар қандай кишининг қалби юмшаб, беихтиёр кўзига ёш келади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га оналарининг қабрини зиёрат қилишга Аллоҳ таоло изн берганида, бориб зиёрат қилганлар. Қабрлари тепасида йиғлаганлар. Умар (розияллоҳу анҳу): “Сизни нима йиғлатди, Расулуллоҳ?” деб сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзанднинг онасига бўладиган меҳрибонлиги йиғлатди”, деб жавоб берганлар.

Қабрларни пайшанба ёки жума кунлари зиёрат қилиш афзал дейилган бўлса-да, лекин уламоларимиз хоҳлаган куни зиёрат қилиш мумкин эканини айтишган. Чунки инсон, юқорида айтганимиздек, ўтганларни хотирлаб, қабрларни зиёрат қилиш асносида савобга эга бўлиш билан бирга, ўзи учун панд-насиҳат ҳам олади. Савоб ёки насиҳат олиш учун бирор кунни тайинлашнинг аҳамияти йўқ. Фақат бу ўринда бир нарсага огоҳ бўлиш зарур. У ҳам бўлса, Аллоҳ таоло биз мусулмонларга байрам сифатида берилган икки ҳайит кунларида хурсандчилик қилиш ўрнига, қабристонларга бориб, йиғи-сиғи қилиб, кайфиятимизни туширишимиздир. Бу халқимизга одат бўлиб қолгани ниҳоятда ачинарли. Бундай ҳолатга динимизда “бидъат”, яъни, асл динимизда бўлмасдан, кейин пайдо қилинган амал деб қаралади. Шайтон инсонлар ичида динда мавжуд бўлган бирор суннатга амал қилишни йўқ қилмоқчи бўлса, унинг ўрнига динда бўлмаган бирор бидъатни гўё Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган амал сифатида кўрсатиб қўяр экан. Ҳайит кунлари қабрларни зиёрат қилиш энг катта яхшиликлардан деб ўйлаш шайтоннинг инсонларга қилган найрангларидандир.

Қабрларни зиёрат қилиш борасида зикр этиб ўтилган умумий фикр ва мулоҳазалардан кейин зиёрат қилиш тартиб ва одоблари ҳақида қуйидаги хулосани айтиш мумкин:

  1. 1. Зиёратчининг қабр зиёратига Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб, тавозе билан бориши. Динимизда буюрилган ҳар бир амалда ниятнинг тўғри бўлиши муҳим.
  2. 2. Қабристонга етганида қабр аҳлига салом бериб кириши. Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган дуо ва саломлар қуйидагилар:

“Ассалому алайкум, мўминлар ва муслимлар диёри аҳллари. Албатта, биз ҳам иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар биздан олдин келгансизлар ва биз сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз” (Имом Аҳмад ва Насоий ривояти).

“Ассалому алайкум, эй қабр аҳли. Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилсин. Сиз олдин келганларимизсиз, биз ҳам сизларга қўшиламиз”(Имом Термизий ривояти).

“Ассалому алайкум, мўминлар диёри. Сизлар биздан олдин бориб тайёрлаб турувчисиз. Биз ҳам сизларга қўшиламиз. Ё Аллоҳ, уларнинг ажридан бизларни маҳрум қилма. Ва улардан кейин бизларни фитнага қолдирма”(Ибн Можа ривояти).

  1. 3. Зиёрат қилмоқчи бўлган қабрга яқин келганида маййитнинг оёқ томонидан бориб, юзма-юз ўтириши. Зеро, инсон дунёда вафот этган кишиси билан қанчалик яқин бўлиб, юзма-юз ўтирган бўлса, вафотидан кейин ҳам ана шундай муносабатда бўлиши тавсия қилинади.
  2. Қуръондан билган сураларидан ўқиши. Маъқал ибн Ясар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўликларингизга Ёсин (сураси)ни ўқинглар”, деб марҳамат қилганлар». Бошқа ривоятларда Мулк сураси қабр азобидан нажот берувчи экани айтилган. Шу сабабли ҳам бизнинг юртларда маййитни дафн қилгач, Мулк сурасини ўқиш одат бўлиб қолган.
  3. Ўзи ва бошқа барча ўтганларга дуо қилиб, истиғфор сўраши. Бир-бирларини хайрли дуо қилиш мусулмонларга хос фазилатдир. Истиғфор, яъни гуноҳларнинг кечирилишини сўрашда, аввало, ўзидан бошлаб, сўнг бошқалар ҳақига ҳам ушбу тилакни тилаш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ таоло ўргатган одоблардандир:

﴿فَٱعۡلَمۡ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا ٱللَّهُ وَٱسۡتَغۡفِرۡ لِذَنۢبِكَ وَلِلۡمُؤۡمِنِينَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتِۗ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مُتَقَلَّبَكُمۡ وَمَثۡوَىٰكُمۡ١٩

«(Эй Муҳаммад)... ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад, 19). Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га амри биз умматларга ҳам тегишлидир. Демак, дуою истиғфорларимизда фақат ўзимиз билан чекланиб қолмасдан, бошқаларни ҳам эслашимиз вожиб бўлади.

Тиловат қилишда қабрга қараб ўтирса-да, дуода қиблага юзланиб ўтиради. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабристонга келганларида қиблага қараб ўтирганларини ва ўзлари ҳам у зотга эргашиб, қиблага қараб ўтирганларини ривоят қилган.

  1. 6. Қабрни силаш, ўпиш, атрофида айланиш ва ҳожатини қабрда ётган кишидан сўраш каби бидъатлардан сақланиши. Бу каби ишлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, мусулмонларга ёт одатлардир. Мусулмон ҳар бир ҳожатини Аллоҳ таолодан сўрайди.
  2. 7. Қаттиқ бақириб гапириш, кулиш каби одобга тўғри келмайдиган ишлардан сақланиши. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло тўрт нарсани сизлар учун ёмон кўради:
  3. Намозда ортиқча ишлар билан шуғулланиш.
  4. Қироатда лағв қилиш.
  5. Рўзада ёмон сўз ва амаллар билан машғул бўлиш.
  6. Қабристонда кулиш”.

Қабристонда кулиш, одобсизлик қилиш ҳар қандай кишини ранжитади.

  1. Қабрларни топтамаслиги, қабр устига ўтирмаслиги. Қабрларни босиш қабр эгасига азият етказиш бўлади. Саҳобалардан Амр ибн Ҳазм бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабр устида ёнбошлаб ўтирганимни кўриб: “Қабр устидан туш, қабр эгасига азият берма”, дедилар».
  2. Қабр зиёратидан панд-насиҳат ва эслатма олиб қайтиши. Бу тўғрида юқорида айтганларимиз етарли деб ўйлаймиз. Зеро, қабрларни зиёрат қилишдан кўзланган мақсад айни мана шу, яъни эслатма олиш ва ўзининг ҳам бошига тушадиган ушбу кунга ҳозирлик кўришдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни эшитган ва кўрган нарсаларимиздан ибрат оладиган ва ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказадиган бандаларидан қилсин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Маййитларни ювгин, руҳсиз жасадни ювиш таъсирли насиҳатдир;

Жаноза намозини ўқиш;

Маъюс киши Аллоҳнинг паноҳида барча яхшиликларга тайёр туради.

 

3589 марта ўқилди
Top