Кутубхона

Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар: МУҚАДДИМА, ЎТМИШГА БИР НАЗАР

Ихтилофлар ҳақида (тўлиқ китоб)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУҚАДДИМА

Ўзининг қиёматгача боқий китоби Қуръони Каримда мўмин бандаларига хитоб қилиб: «Ўзаро низо қилманг, акс ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади», деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Ўз умматларига қарата: «Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин», деб тайинлаган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту дурудлар бўлсин!
Ўз Роббилари ва ўз Пайғамбарларига лаббай, деб жавоб бериб, турли ихтилофлардан сақланиб ўтган саҳобаи киромлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин! Ўз дини, эътиқодига содиқ қолиб, мусулмонларни турли ихтилофлардан қайтариб, бирдамликка чақириб ўтган уламои салафларни Аллоҳ таолонинг Ўзи раҳмат қилсин! Азиз ва мўътабар диндошлар! Сиз муҳтарамлар билан анчадан буён барчамизнинг тинчимизни олиб, дилимизни ўртаб, қалбимизни тирнаб келаётган бир масала юзасидан гаплашиб олсак. Бу ниятни анчадан буён турли сабабларга кўра амалга ошириш имкони бўлмаётган эди. Энди вақти-соати етди шекилли, Аллоҳ таоло Ўзи кўнгилга солиб, уни қоғозга тушириш истаги туғилиб қолди. Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидан тавфиқ ва мадад сўраган ҳолда, охирини хайрли қилишини тилаб, бу ишга қўл урдик. Азиз иймондошлар. Ниятимиз холис эканлигини англаб етган бўлсангиз бас. Ҳа, сиз муҳтарамлар билан мусулмонлар орасидаги ихтилофлар ҳақида гаплашмоқчимиз. Чунки, минг афсуслар бўлсинким, ушбу масала ўртага чиқди, авж олди ва мусулмонларга кўпгина мусибатлар етказди.

Кечагина, худосизлар бошимизга уриб турганда, бўйнимизни қисиб, жимгина юрган эдик. Энди эса, Аллоҳ таолонинг инояти ила ибодатларимизни тўлиқ ва эркин адо этиш имкони туғилганда, айнан ибодат хусусида орамизда ихтилофлар чиқиб, тинчимаётирмиз. Баъзан масжидларда уруш чиқариб, ғайридинлар ва динсизлар олдида шарманда бўлмоқдамиз. Баъзи жойларда иш жиддийлашиб, ёмон оқибатларга олиб боргани ҳам сир эмас. Энг ёмони, баъзи ўзини билмаганлар қилган ножўя ишлар, хатти-ҳаракатлар туфайли, омма орасида динимиз ҳақида ноўрин фикрлар тарқаб қолди. Афсуски, ҳозирги замонда, диндорларга қараб динларга баҳо бериладиган бўлиб қолган. Шу сабабли, бошқалар, булар мусулмонлик даъвосини қилишар эди, мусулмонлик шу экан-да, дейишлари турган гап. Лекин мусулмонлик даъвосини қилаётганлар билан Ислом орасида осмон билан ерча фарқ борлигини қандай тушунтира оласиз? Бунинг учун анчагина ҳаракат лозим кўринади.

Ғайридинларга ёки динсизларга тушунтириш унча қийин эмас. Бир-икки мисол келтириб, Ислом бошқа ёқда, манави Исломни даъво қила туриб, ноисломий иш қилаётганлар бошқа ёқдалар, дейилса, англаб етишлари мумкин. Агар англамасалар ҳам зарари йўқ. Аммо мусулмонликни даъво қила туриб, ноисломий иш тутаётган, орада низо ва ихтилоф чиқараётганларга бир нарсани англатиш мушкул. Чунки орага энг ёмон нарса – тарафкашлик кириб қолди. Шунинг орқасида ўртага хафачилик тушиб, турли машмашалар, кўнгил қолдилар бўлди. Ҳар ким ўз айтганининг тўғрилигини исботлашга ҳаракат қилди ва ҳоказолар. Аммо ноумид шайтон. Мўминлар ҳеч қачон, ҳеч вақт ва ҳеч бир ҳолатда ноумид бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминларни Ўз раҳматидан ноумид бўлмасликка чақирган. Қолаверса, мўмин-мусулмонлар одатда ҳақиқатни тушуниб етганларида дарҳол ўзларини ўнглаб олишлари маълум ва машҳур. Худди шу мулоҳазалар бизни умид билан қўлга қалам олишга ундади.
Биз бўлиб ўтган ҳодисаларда бировни айблаб ҳукм чиқариш даъвосидан йироқмиз. Бундоқ қилишга ҳаққимиз йўқ деб ўйлаймиз. Қолаверса, юзага келган ноқулай ҳолат, бўлиб ўтган кўнгилсизликлар ва бошимизга тушган мусибатларга асосан диний саводсизлигимиз сабабчидир. Исломдан узоқлигимиз, динимиз таълимотларини тузукроқ билмаслигимиз орқасида ўртага бундай ихтилофлар тушди, деб ўйлаймиз.

ЎТМИШГА БИР НАЗАР

Турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заиф-ликка юз тутди ва ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Худди шу боисдан худосизлар балосига йўлиқди. Ва охир оқибат халқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Даҳрий тузум худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан тиришдилар. Ўша худосизлар томонидан масжидлар вайрон қилинди. Ўша худосизлар томонидан Қуръонлар ёқилди. Ўша худосизлар томонидан уламолар ўлдирилди. Ўша худосизлар томонидан инсоният тарихида мисли кўрилмаган ваҳшийликлар қилинди. Уларнинг бирдан-бир мақсади Исломни йўқ қилиш эди.

Ана шундоқ пайтда ҳам халқ ичидан динини қўлида чўғ тутгандек тутиб қолганлар чиқди. Ҳа, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келганидек, чўғни тутсалар, қўллари куярди. Қўлни асрасалар чўғсиз қолар эдилар. Халқимиз ичидан динини чўғни қўлда тутиб асраб қолгандек асрашга яроқли инсонлар чиқиши эса, ҳаммамиз учун шарафдир. Ҳа, ўша азизлар худосизлар зулмидан, таҳдидидан қўрқмай, ўлимга тик боқиб динимизни асраб қолдилар. Албатта, бу шароитда диний илмларни тўла эгаллаш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Ҳар ким иложини топса, саноқли сураларни бир амаллаб ёд олиб, намозни эплаб ўқиб туриши катта гап эди. Бу ҳолатда динимизни ўрганмоқчи бўлган ҳар бир киши яширинча, тўғри келган устоздан тўғри келган китобни ўқир ва динимиз деганда ўша ўзи ўрганган нарсанигина тушунар эди. Бошқа нарсанинг имкони йўқ эди. Халқимиз ичида динимиз ҳақида гапиришнинг ўзи катта жиноят ҳисобланган вақтлар эсимиздан чиққани йўқ. Бошқа мусулмон юртлар билан алоқа узилган, биз у томонга бормас эдик, улар биз томонга келмас эдилар.

Халқ ичида динимизни ушлаб, намозини ўқиб, рўзасини тутиб юрганлар ниҳоятда оз бўлганлиги аччиқ ҳақиқат. Ана ўша оз сонлилар ҳам кўп қийинчиликлар билан намоз ўқишни ва рўза тутишни ўрганишгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Улар халқи орасида динимизни ўрганишнинг энг кўп тарқалган услубидан фойдаланиб бир амаллаб намоз ўқиш ва рўза тутишни ўрганишган эдилар. Хал-қимиз эса ибодатларни фақат Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганишар эдилар. Улар мусулмонликни таниганидан бери, унга иймон келтириб, амал қила бошлаганидан бери ибодатлару, шаръий аҳкомларни ана ўша Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганиб, амал қилиб келганлар. Асрлар оша турли шароитларга қарамай, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан олиб халқ оммаси учун қулайлаштириб қўйилган фиқҳий масалалар худди Исломнинг негизига ўхшаб қолган эди. Айниқса, қийинчилик пайтларда, худосизлар ҳамласига учраб динимизни ўрганиш қийинлашиб қолган кезларда, мухтасар фиқҳий китоблар ва улар асосида уюштириладиган ихчам дарслар катта фойда берар эди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа омиллар сабабли халқимиз бошқа мазҳаблардаги ҳукмлар қандоқ эканидан хабарсиз қолди. Улар кўпчилик мусулмон халқлари қатори ислом шариатини Ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётига татбиқ қилиб келдилар.
Ақида масаласида бўлса, жумҳур мусулмонлари, жумладан, тўрт мўътараф фиқҳий мазҳабларга эргашувчи мусулмонлар қатори «Аҳли суннат вал жамоат» мазҳаби ақидасида мустаҳкам эдилар. Мужтаҳид имомларимиз иттифоқ ила Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан чиқарган ақидавий масалаларга оғишмай эътиқод қилар эдилар. Бундан бошқа нарса бировнинг хаёлига ҳам келган эмас.

Руҳий тарбия бобида эса, тасаввуфнинг «Нақшбандия» ва «Қодирия» каби тариқатлари тарқалган эди. Кишиларимиз мазкур тариқатлар шайхларидан руҳий тарбия олар эдилар. Бу масалада ҳам ихтилоф, келишмовчилик деган нарсалар бўлган эмасди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ҳозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртаклади?

Ихтилофларнинг авж ола бошлаши;

3294 марта ўқилди
Top