Рамазон-2018

Қадр кечаси: фазилатлари ва аломатлари

Рамазон хусусида биз бандаларга учта мағфират ваъда қилинди. Дастлабкисида “ким Рамазон рўзасини имон ва ажр умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган. Кейингисида “Ким Рамазон ойида имон ва ажр умидида қоим (тунда бедор) бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган ва охиргисида “ким қадр кечасида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб айтилган. Агар учинчи жумлага эътибор қаратадиган бўлсак, фақат бир кечани ибодатда ўтказишлик учун шунчалик кўп савоб ваъда қилиняпти. Қуръони каримда эса уни минг ойдан афзаллиги айтилган. (Қадр сураси). Бу қадар фазилатга эга кечани қайси эканлигини билиш ҳаммамиз учун ҳам аҳамиятлдир.

Имом Бағавийнинг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло жума кунги ижобат онларини, гўзал исмлари орасидаги “исми аъзам”ни ва бошқаларни яширгани каби ибодатда зўр ғайрат қилмоқликлари учун қадр кечани ҳам ўз бандаларидан махфий тутган. Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, деганлар. Бу маънода ва хоссатан охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида эканлигини тасдиқловчи ривоятларни кўплаб топиш мумкин.

Шундай бўлсада, уни Рамазоннинг 27-кечасига тўғри келишлик эҳтимоли каттароқ эканлигига ишора қилувчи ривоятлар ҳам талайгина. Жумладан, ибн Умар (р) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимда-ким уни изламоқчи бўлса, 27-кечада изласин”. (Имом Аҳмад ривояти). Ибн Аббос (р) дан ривоят қилинади: бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларига келиб деди: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, мен кекса, касалманд чолман. Менга (ҳар кечада) қоим бўлишлик оғирлик қилади. Шунинг учун мени Аллоҳ таоло қадр кечасига муваффақ қилиши мумкин бўлган бир кечада қоим бўлишга буюр. Ул зот: сен еттинчи кечани маҳкам тутгин, дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).

Қуйидаги ҳадисларда эса унинг аломатлари ҳам зикр қилиниб ўтилган. Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади: “Убай ибн Каъбга бундай дейилди: Абдуллоҳ ибн Масъуд: ким йилнинг ҳаммасида қоим бўлса, қадр кечасини топади, деганлар. Шунда Убай деди: Унда ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, у албатта, Рамазонда (истисносиз қасам ичди). Аллоҳга қасамки мен уни қайси кеча эканлигини биламан. У 27-кечадир ва аломати унинг тонгида (кечадан кейинги тонгда) қуёшни шуласиз чиқишидир”. (Аҳмад, Муслим ва Абу Давудлар ривояти).

Бухорий Абу Саиддан ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикоф қилдик. Улар бизнинг ҳузуримизга йигирманчи куннинг тонгида чиқиб мурожаат қилдилар: “Мен қадр кечасини кўрдим ва сўнг унутиб қўйдим. Уни охирги ўн кунликда, тоқ кечаларда изланглар. Мен ўзимни сув ва лойда сажда қилаётганимни кўрдим. Ким Расулуллоҳ (с.а.в.) билан эътикоф қилган бўлса, қайтсин”. Сўнг бизлар қайтдик ва осмонда бирор доғни кўрмадик. Шунда бирдан бир булут келди ва ёмғир ёғиб масжид томидан (хурмо шохидан қилинган эди) оқа бошлади. Намозга иқомат айтилди ва мен Расулуллоҳ (с.а.в.) ни сув ва лой устида сажда қилаётганларини кўрдим. Ҳаттоки ул зотнинг пешоналарида лойнинг изини кўрдим”.

Минг ойлик ибодатдан афзал бўлган қадр кечасининг фазилатини топишликни Аллоҳ таоло барчаларимизга муваффақ қилсин!   

Саййид Жамол

65805 марта ўқилди
Мавзулар
Top