muslim.uz

muslim.uz

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига асосан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан мамлакатимизга келгани ҳақида хабар берган эдик.

Афғонистон Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг, Афғонистон Президенти Тошкентдаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасига ташриф буюргани маълум қилинди.

Мартабали меҳмон Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилди.

Меҳмонга мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари каби тарихий обидалар, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ҳудудда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тарихий обидаларни асраб-авайлаш, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда, Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан кўргани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев томонидан ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо бергани таъкидлаб ўтилди.

Аввалроқ, Мисрнинг Синай яриморолидаги Равда масжидида 24 ноябрь куни террорчилик ҳаракати амалга оширилгани ва бунинг натижасида уч юз нафарга яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу теракт қурбонлари оилаларига қисман инсонпарварлик кўмагини кўрсатиш мақсадида Миср ҳукумати 70 миллион Мирс фунти (жунайҳ) миқдорида маблағ ажратишини маълум қилди.

Кеча, 3 декабрь куни молия ва ижтимоий ҳимоя вазирликлари вакиллари терактда қурбон бўлган ва жабрланганларнинг оилаларига 70 миллион жунайҳ миқдордаги компенсация тўланишига келишиб олдилар.

Ушбу маблағнинг 50 миллиони Молия вазирлиги томонидан, 20 миллиони эса Ижтимоий бағрикенглик вазирликлари томонидан қоплаб берилади.

Миср раҳбари Абдул-Фаттоҳ Ас-Сисига ҳукуматга ҳалок бўлганларнинг оиласига ҳар бир ҳалок бўлган шахс учун 200 минг фунтдан, жароҳатланганларнинг ҳар бирига 50 минг фунтдан ажратилишига кўрсатма берган.

Мисрнинг Синай ярим оролида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб тинч аҳоли, хавфсизлик ходимлари қурбон бўлганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдул-Фаттоҳ Ас-Сисига ҳамдардлик билдирган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20-21 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган эди. Ташриф давомида Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистондаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида ҳам бўлиб, у ерда диний идора вакиллари, қорақалпоғистонлик фахрийлар ва нуроний отахонлар билан учрашган эди. Учрашувда ушбу жомеъни қайта қуриш, теварак-атрофини янада обод қилиш бўйича берилган кўрсатмалар асосида масжидининг қурилиш ишлари жадал бошлаб юборилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикасидаги қозиётидан олинган хабарга кўра, ушбу жоме масжиднинг қурилиш ишлари ўз ниҳоясига етган.

Ушбу жоме масжид Қорақалпоғистон диёридаги энг муҳташам масжид бўлиб, унда намозхонлар учун барча қулайликлар муҳайё қилинган. Ҳозирда қорақалпоғистонлик мўмин-мусулмонларнинг қувончи чексиз.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 2 декабрь куни “Мусо-2017” исломий санъат кўргазмаси очилди.

Алиқул Усмонов номидаги миллий кутубхонада ижодий ишлар намойиш этиляпти, шунингдек, Қирғизистон Республикасининг 3 та президентининг расмий сураткаши сифатида ишлаган Султон Дўсалиевнинг ишлари ҳам кўргазмадан жой олган.

Кўргазма “Аждодларнинг маънавий мероси” “Қалб сокинлиги”, “Қирғизистонда ислом” мавзуларида бўлиб ўтмоқда. Кўргазма доирасида Қирғизистоннинг таниқли уламолари ёшлар билан учрашув ташкил этиб, уларни қизиқтирган мавзуларда суҳбатлар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Кўргазма 5 декабрь кунигача давом этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан кеча, 4 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ўзбекистон Президентининг расмий веб-сайтида берилган хабарга кўра, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олган.

Қисқа суҳбатдан сўнг Афғонистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олгани маълум қилинган. Ташрифнинг асосий тадбирлари 5-6 декабрь кунлари бўлиб ўтиши кўзда тутилгани таъкидланган.

Олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари ва долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Афғонистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан, Бухоро шаҳрини зиёрат қилиш ҳам ўрин олган. Олий мартабали меҳмон Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади ҳамда улар ҳузурида маъруза қилади.

Top