Рамазон-2019

Қулай фурсат ва ажойиб имконият намози

Таровеҳ – фақат рамазон ойида хуфтон билан витр вожиб орасида ўқиладиган 20 ракат намоз. Эркак ва аёл учун суннати муаккада. Уни жамоат билан бирга ўқиш эса суннати кифоядир. Фазилатларга бой бўлган рамазон ойининг фазилатларидан бири ҳам ой давомида таровеҳ намози ўқилишидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таровеҳ намози хусусида бундай деганлар:

Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Таровеҳнинг фазилатларидан бири – бунда Қуръони карим тўлиқ хатм қилинади ва таровеҳга қатнаган киши ушбу хатм иштирокчисига айланади.  Муҳтарам домлаларимиз амри маъруфларида таъкидлаганларидек, Аллоҳ таоло Ўзининг бандаларига яратган бу имкониятдан фойдаланиб қолиш керак. Рамазон ўтганидан сўнг бу қориларни қўй сўйиб чақирсангиз ҳам унинг уйингизда ўтириб Қуръонни хатм қилиб чиқишга вақти бўлмайди. Жамоатни-ку, қўяверасиз.

Таровеҳ табиатан иймону эътиқодида нуқсони йўқ, ғайрат-шижоати жўш урган одамлар ўқийдиган намоз. Чунки иймони камолга етмаган кишилар кун узоғи рўзадор бўлиб оч юриб толиққани ва кечалар уйқуга тўймаётгани боис бу намозга боришни турли баҳоналар топиб пайсалга соладилар. Негаки, 2-2.5 соат тик оёқда туриш уларнинг нафсига оғир келади.

Хуфтону витрни қўшиб ҳисоблаганда 29 ракат бўладиган намознинг номи бўлган “таровеҳ” сўзи “тарвеҳа”нинг кўплиги бўлиб, ўзбекчада “ором олдириш”, “дам бериш” маъноларини билдирар экан. Одамни обдон чарчатадиган намозга нега бундай от қўйилган экан? деган савол туғилиши табиий, албатта.

Маълум бўлишича, бу ифода аслида намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун қўлланилган экан. Шунинг ўзиёқ таровеҳни ўқиш шижоатли одамларга насиб этишига далолат қилади.

Таровеҳнинг фазилатларидан бири жамоатнинг кўплиги бўлса, яна бири – кўплаб одамлар хуфтон намозини аксар ҳолларда масжидга чиқмасдан уйларида ўқийдилар; лекин рамазон ойида, таровеҳ сабаб бўлиб фарз ибодат бўлган хуфтонни ҳам жамоат билан ўқиш шарафига муяссар бўладилар. Бунинг учун эса кўпдан-кўп ажру савобларга эришадилар.

Таровеҳнинг яна бир фазилати – жамоатнинг дуосидир. Кўпнинг дуоси кўл бўлади деганларидек, йиғилган жамоатнинг ичида дуоси мустажоб бўладиган хислатли кишилар бўлса, ана ўшаларнинг шарофати билан бизнинг дуомиз ҳам қабул бўлади, иншоаллоҳ.

Таровеҳда йил давомида бир-бирини кўришга интизор бўлиб, аммо ишининг кўплигидан кўришишга вақт топа олмай юрган дўсту ёронлар дийдорлашадилар. Бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатлари янада зиёда бўлади.

Таровеҳга бораётганда, таровеҳдан қайтаётганда қилинган суҳбатларда ёрдамга муҳтож кишилар борлигини эшитамиз, қўлимиздан келгунча уларга кўмаклашамиз ва бунинг учун ҳам савоб оламиз.

Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, мана шу муборак ойда босган ҳар бир қадамимизга мукофотлар ваъда қилиб, ўқиган намозларимизнинг савобини бошқа ойлардагига нисбатан бир неча баробар кўпайтириб  қўйибди. Таровеҳда эса ҳам намознинг, ҳам хатми Қуръоннинг, ҳам жамоатнинг савоби бор. Бундан унумли фойдаланиб қолган кишилар нақадар бахтиёр инсонлардир.

Аллоҳ таоло барчамизни рўзасини мукаммал тутадиган, таровеҳни завқу шавқ билан адо этадиган толеи баланд бандалари қаторига қўйсин.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

 

 

34973 марта ўқилди
Top