Рамазон

Само ва ер аҳли узра рамазон

Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу ъала Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд. 

Рамазон ойи шундай ойки, унинг истиқболига чиқмоқ учун бутун борлиқ: Само ўз аҳли билан, ер ўз аҳли билан тайёргарлик кўради.

Само ва унинг аҳли Рамазон ойи истиқболига  қуйидагича тайёргарлик кўради:

Биринчиси, Само эшиклари Рамазон ойи кириши билан очилади ва ёпилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки, Рамазоннинг илк кечаси кирса, Осмон  эшиклари очилади ва Рамазоннинг охирги тунигача улардан битта ҳам эшик ёпилмайди”.

Иккинчиси, Жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки, Рамазон келса Жаннат эшиклари очиб юборилади,  Дўзах эшиклари ёпиб ташланади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”.

Учинчиси, Жаннат иймон ва рўза аҳли учун зийнатланиб тайёрланади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди. Улардан бирида Жаннатга: “Тайёрлан, менинг бандаларим учун безангин, улар яқиндирлар, дунё ҳаётидан толиқиб келиб Менинг ҳузуримда роҳатлансинлар!”  деб амр қилинади;

Тўртинчиси, Рамазонинг ҳар тунида Самодан нидо қилувчи ер аҳлига нидо қилади.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Самодан бир нидо қилувчи ер аҳлига  Рамазоннинг ҳар тунида то тонг отгунига қадар: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради”.

Бу ойда истиғфор айтувчи мағфират қилинади, тавба қилгувчининг тавбаси қабул қилинади, дуо қилгувчининг дуоси ижобат қилинади, сўрагувчининг сўрагани берилади. 

Яъни Само ва аҳли Само Рамазон келишига барча яхшиликлар билан тайёргарлик кўрадилар ва уни кутиб оладилар.

Ер ва унинг аҳли учун эса  Рамазон ойи қуйидаги имкониятлар ойидир.

Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойи, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди. 

Эй биродар. Рўзанинг самараси – тақводир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمْ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

 

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара,183).

Билингки, албатта, Рамазон ойи янги ҳаёт бошлаш учун  улуғ имкониятлар ойидир. Чунки ким бу ойни ғанимат билиб, мағфират сўраса мағифират  қилинади, Аллоҳ ва Унинг Расулига қурбат қиламан деган одам мақсадига эришади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам бундай дейдилар: “Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди:

  1. Рамазон ойининг биринчи туни бўлганида Аллоҳ бандаларига назар солади. Кимга Аллоҳнинг назари тушса, у ҳеч қачон азобланмайди;
  2. Рўзадорнинг оғзидаги нохуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушки-анбар ҳидидан ҳам яхшироқ бўлади;
  3. Фаришталар Аллоҳ таолодан туну кун бандалари учун истиғфор сўрайдилар;
  4. Аллоҳ таоло Жаннатга: “Тайёрлан, менинг бандаларим учун безангин, улар яқиндирлар, дунё ҳаётидан толиқиб келиб Менинг ҳузуримда роҳатлансинлар!” – деб амр қилади;
  5. Рамазоннинг охирги куни бўлганида эса уларнинг барча гуноҳлари мағфират этилади!”

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бу Лайлатул-Қадр тунида бўладими?”  деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Йўқ, бу худди ишчилар ишини тугатганидан кейин иш ҳақи олишига ўхшайди”,  дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали олдимизда минг ойдан афзал кеча бўлмиш Лайлатул Қадр кечаси ҳам бор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Лайлатул Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза қалқондир», деганлар. Чунки рўза ўз соҳибини шаҳватдан. гуноҳдан тўсади. Унга зарарли бўлган нарсалардан тўсади. Рўза – қалқондир, у ўз соҳибини дўзах оловидан тўсади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза ва Қуръон Қиёмат куни банда учун шафоатчи бўлади. Рўза: “Эй Роббим, буни кундузи таом ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Қуръон: “Эй Роббим, буни тунда уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Шунда улар шафоатчи бўлишади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтадики: Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун фақатгина рўзаси Мен учун ва Мен унинг мукофотини бераман. Рўза қалқондир, агар бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон гапларни гапирмасин ва сўкинмасин. Агар бирортаси сўкса ёки урушмоқчи бўлса мен рўзадорман десин. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадорнинг рўзаси сабабли оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг олдида мискдан ҳам хушбўйроқдир. Рўзадорнинг иккита хурсандчилиги бор: Ифтор қилганда хурсанд бўлади ва Роббисига йўлиққанда рўзаси борлигидан хурсанд бўлади», дедилар.

Азиз биродар! Албатта, бу ой ибодат ойидир.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётиб «Омийн», «Омийн», «Омийн» дедилар. У зотга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Нега бундоқ дедингиз?» дейилди.

«Жаброил менга: «Ота-онасини ёки иккисидан бирини топиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим.

Кейин у: Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим.

Сўнгра у: «Ҳузурида сиз зикр қилинганингизда, сизга саловат айтмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим» дедилар».

Шундай экан бу ойни ғанимат билайлик. Бу ойдан онадан туғилгандек гуноҳлардан мағфират ҳолда чиқайлик. Омийн. 

Абдуманнон УСМОНОВ,

ЎМИ кадрлар бўлими мудири

76012 марта ўқилди
Мавзулар
Top