muslim.uz
Телевизор умрни қисқартиради
Австралия олимлари телевизорлар нафақат психоэмоционалликка, балки кишининг жисмоний соғлиғига ҳам зарар эканини айтмоқдалар. Олимларнинг айтишларига кўра, телевизор олдида кўп вақтини сарфлайдиганлар. Бу зарарли одатдан узоқ бўлганларга нисбатан кам умр кўрадилар.
Тадқиқотчилар кўпчилик телевизорнинг соғлиққа зарари ҳақида ўйлаб кўрмасликлари ва бу борада қайғурмасликларини айтмоқдалар. Махсус тадқиқотлар натижасига кўра, кун давомида телевизор олдида 6 соат вақтини сарфлайдиган одамнинг умри 5 йилга қисқарар экан.
Шундан келиб чиққан ҳолда билишмиз мумкин, 1 соатлик телевизор кўриш умримизни 22 дақиқага камайтирар экан.
Телевизор зарари ундан чиқаётган ўлим билан тенг бўлган радиотўлқин нурлари туфайли деб айтолмаймиз. Унинг асосий зарари уни қаршисида ўтирган инсонни ўзига ром этиб, камҳаракат қилишига сабаб бўлишидадир. Кам ҳаракатлилик оқибатида кўпгина сурункали касалликлар келиб чиқади. Натижада семизлик ва диабет касаллигидан тортиб ноёб, кам учровчи касалликларни пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлмоқда.
М.Зуфарова тайёрлади.
“Ўзим танлаган номзодга овоз бераман”
4 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни
Жорий йилнинг 28 октябрдан бошлаб матбуот саҳифаларини диққат билан кўздан кечиряпмиз, телерадиоканалларни, интернетни кузатиб боряпмиз. Чунки ўша кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сайловолди дастурларини жамоатчиликка етказиш юзасидан ташвиқот ишларини бошлаган эди. Деярли ҳар куни номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказаётир, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилаётир.
Сайловолди тадбирларининг аксари онлайн видеоконференция шаклида ўтаётгани ташвиқот ишларининг аъло даражада йўлга қўйилганидан дарак беради. Ҳозиргача сайлов кампаниясини ёритиш учун юртимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг бир минг уч юз ходими аккредитациядан ўтгани ташвиқот ва тарғибот жараёнидаги ҳар бир воқеа халқимиз ва хорижлик кузатувчилар назаридан четда қолмаслигини, сайловнинг халқаро андозалар доирасида демократик руҳда ўтишига хизмат қилади.
Шунинг билан бирга, овоз бериш жараёнининг ишончлилигини таъминлаш мақсадида ягона компьютер тармоғи яратилгани жуда катта қулайликдир. Негаки, бу – овоз бериш жараёнини онлайн режимда кузатиш, республикамиз ҳудудлари орасида видеоалоқа ўрнатишга имконият яратади.
Шу кунларда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлишга шароити тўғри келмаётган сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этаётганини ҳам оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб боряпмиз.
Яқинда уйимизга участка сайлов комиссиясидан сайловга таклифнома бериб кетишибди. Бурунги сайловларда бизга берилган таклифномалар сони иккита бўларди: каминага ва рафиқамга. Энди учта бўлибди. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг “Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиш ҳуқуқига эгадирлар” деган 8-моддасига асосан 18 ёшга тўлган ўғлимиз ҳам сайловга таклиф қилинибди.
Демак, у ҳам катта йигит бўлиб элга қўшилиб қолибди. Мамлакатимизнинг муҳим сиёсий ҳаётида – Президент сайловида унинг ҳам овози инобатга олинадиган бўлибди. Ахир сайловларга доир қонунчилигимизда сайловчилар рўйхати демократик руҳда ошкора тузилиши белгилаб қўйилган. Бундан кексаю ёш ҳар бир фуқаронинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани аён бўлади, шундай эмасми!
Беихтиёр севиниб кетдим. Унга синглисининг ҳаваси келганини айтмайсизми. “Ака, кимга овоз берасиз?” дейди, ҳадеб. Акаси эса: “Кимга овоз беришимни айтмайман”, деб жилмаяди. “Менга ҳам таклифнома берганларида, айтайми, кимга овоз берардим, йўқ, айтмайман”, дейди қизим сайловгача вояга етиб улгурмаганига ачиниб. Уларни кузатиб ўтирар эканман, иккови ҳам, йўқ, учаламиз ҳам битта номзодга хайрихоҳ эканимизни англадим. Туйғуларим алдамаган бўлса... аммо мен ҳам айтмадим.
Сайловга таклифнома келгани сабаб бўлиб ушбу мавзуда хийла вақт суҳбатлашиб ўтирдик. “Сайловга энди акам бормаса бўлмайдими?” деб сўради қизим қизиқишда давом этиб. Мен унга мамлакатимизда сайлаш ёшига етган ҳар бир кишининг сайловда иштирок этиши таклифномада ҳам кўрсатилганидек, унинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланиши, аммо сайловга бориш ёки бормаслиги ўзининг ихтиёрида экани, агар сайловга бориши мажбурий қилиб белгилаб қўйилса, бу унинг ҳуқуқи эмас, мажбурияти бўлиб қолишини тушунтирдим. Яна уларга дунёда сайловчиларни рўйхатга олишнинг иккита тизими мавжуд экани: биринчиси, актив тизим бўлиб, унда фуқаролар сайловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ўзлари мурожаат қилишини; иккинчиси эса, пассив тизим экани, бунда сайловчилар мажбурий тарзда рўйхатга олинишини, бизнинг миллий сайлов қонунчилигимиз мажбурий тарзда рўйхатга олиш тизимига асосланишини тушунтирдим.
– Рўйхатга олиш мажбурий бўлса, нега қатнашиш ихтиёрий? – сўради қизим.
– Рўйхатга олишнинг мажбурийлиги муайян сайлов участкаси ҳудудида сайлаш ёшига етган қанча одам сони борлигини аниқлаш учун. Эртага овоз бериш тугагандан кейин сайловда қатнашган ва қатнашмаган одамларнинг саноғи олинади. Ўшанда сайлов участкаси рўйхатига киритилган одамларнинг 33 фоиздан ортиғи овоз берган бўлса, ушбу участкада сайлов бўлиб ўтган деб ҳисобланади, – деб жавоб қилдим унга.
– Сайловга, албатта, бораман ва ўзим танлаган номзодга овоз бераман. Чунки Президент сайлови – мамлакатимиз истиқболи йўлидаги муҳим ҳодиса. Бундай вақтда бепарво бўлиш, эринчоқлик қилиш ярамайди. Инсон бундай муҳим паллада ўз ҳуқуқларидан фойдаланмоғи, ўзини четга олмаслиги зарур. Зеро, Биринчи Президентимиз ланжликнинг хатарли нарса эканини, агар одам кимдандир қўрқиш керак бўлса, душмандан эмас, лоқайд одамлардан қўрқиш кераклигини алоҳида таъкидлаган эдилар! – деди ўғлим.
Бинобарин, ҳуқуқларимиз кўп. Чунки биз ҳуқуқий демократик давлат – фуқаролик жамияти қуриш йўлида яшаб меҳнат қиляпмиз. Бошқа ҳуқуқларимиздан балки тез-тез фойдаланармиз. Аммо Президентни – мамлакатимиз раҳбарини сайлаш ҳуқуқимиздан беш йилда бир марта фойдаланамиз, холос.
Шундай экан, бу сайловга жиддий тайёрланмоғимиз, номзодларнинг сайловолди дастурлари билан пухта танишиб, учрашувларда фаол иштирок этмоғимиз, ўзимизни ўйлантириб келаётган саволлар билан уларга мурожаат қилмоғимиз...сайлов кунигача қайси номзодни танлаш борасида аниқ бир тўхтамга келиб олмоғимиз лозим.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
"Минор" жоме масжидида Мавлиди шариф тадбири. (Архив)1437/2015 й.
Олма сиркаси - шифобахш хазина
Соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича Британия мутахассислари олма сиркасини мунтазам истеъмол қилиш инфаркт ва инсульт каби оғир касалликларга чалиниш хавфини сезиларли равишда пасайтиришини аниқлашди. Бу ҳақда The Daily Mail ўз саҳифаларида эълон қилди.
Бирмингемдаги Астон университети олимлари 30 мл олма сиркасини бир стакан (200 мл) сувда аралаштириб, овқатланишдан олдин мунтазам ичиб боришни тавсия этишмоқда. Бу йўл билан қондаги холестерин миқдори 13% га камаяди. Бу кўрсатгич инсонда юрак-қон томирлари касалликлари келиб чиқиши эҳтимоли билан тўғридан-тўғри боғлиқдир.
Олма сиркаси нафақат инсульт ва инфаркт келиб чиқишининг олдини олади, у шунингдек, бутун инсон организмида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади: бу табиий маҳсулот инсон вазни камайишига – кишининг озишига сабаб бўлади, артритдан пайдо бўлган оғриқни енгиллаштиради ва ҳатто терини турли хил доғлардан тозалайди.
Лекин баданида мавжуд бўлган юқори миқдордаги холестеринга қарши дори-дармон истеъмол қилиб юрган кишиларга сирканинг фойдасига ишониб, таблеткалар истеъмол қилишни тўхтатиш тавсия этилмайди. Бу дори эмас, касалликлар олдини олишда қўшимча табиий воситадир, деб таъкидлайди мутахассислар.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади