www.muslimuz

www.muslimuz

*** Намоз ва рўзанинг каффорати ***

Каффорат учун қачон васият қилиш шарт эмас?

Имо-ишора билан ҳам намоз ўқишдан ожиз бўлган бемор қолдирган намози беш вақтдан ҳам кам бўлса-да, ўқий олмаган намозларининг каффоратини беришни васият қилиши лозим эмас. Муқим бўлмасдан ҳамда бемор тузалмасдан вафот этса, сафар ва беморлик давомида тута олмаган рўзанинг каффорати­ни беришии ҳам васият қилишлари лозим эмас.

 

*** Киши қачон каффорат учун васият қилади? ***

Киши намоз ўқишга ва рўза тутишга кучи еттан ҳолда ўқий олмаган намозининг, тута олмаган рўзасининг каф­форатини беришни васият қилиши мумкин.

 

*** Қанча каффорат берилади ***

Вафот қилганнинг валийи (ўзидан кейин мол-мулкидан сарфлашга масъул киши) у қолдирган молнинг учдан биридан витр намозини, ҳам қўшиб, кунига олти вақт намознинг ҳар бири учун ва ҳар куннинг рўзаси учун ярим соъ (1456 ёки 1664 гр.) буғдой ёки унинг қийматини беради. Марҳум васият қилмаган тақдирда валийи ўз молидан унинг каффоратини бериши жоиздир. Факат марҳум тута олмаган рўза ва ўқий олмаган намоз ўрнига рўза тутиши, намоз ўқиши дуруст эмас.

 

*** Фидя (товон) кимга туланади? ***

Қасам каффоратининг акси ўлароқ, бир неча намознинг (ва бир неча кунлик рўзанинг) каффорат бадалини ягона фақирга бир мартада бериш мумкин. Хоҳ тирик, хоҳ марҳум киши қасамининг каффорат бадали ёлғиз бир фақирга эмас, ўнта фақирга берилиши керак. Ҳар куни биттадан фидяни бир фақирга бериш ҳам мумкин. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаммадан кўра яхшироқ билгувчидир.

 

*** Ўз вақтида ўқилмаган намозларнинг қазоси ***

Бунда тартибга, яъни қазо намозлари билан вақт на­мозлари орасида ҳамда қазо намозларининг ўз орасида ҳам кетма-кетлик тартибига риоя қилиш вожибдир.

Изоҳ: Маълум бир навбатга риоя қилиш хусусида Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ким бир вақт намозни ухлаб қолиб ёки унутиб қазо қолдирса-ю, сўнгра имомга иқтидо қилиб (кейинги фарз намозини) ўқиётганида (қазо қилган намози) эсига тушиб қолса, имом билан ўқиётган намозини битирсин, сўнг эсига тушган намозини ўқисин. Бунинг орқасидан эса (имом билан ўқиган намозини) такрор ўқисин, Аввал қазо, сўнгра вақт намози ўқилади. Қазо намозларда ҳам илк қазо бўлган намоздан бошлаб ўқилади.

 

*** Тартибни бекор қиладиган сабаблар ***

  1. Вақтнинг жуда оз қолган бўлиши. Бундай ҳолатда киши фақатгина ўша вақт намозини ўқийди.
  2. Зиммасида қазо намози борлигини унутмоқ.
  3. Витр намозидан ташқари қазо қолган намозларнинг сони олти вақтга етган бўлса.

Изоҳ: Қазо қолган намозларнинг сони олтитага етган бўлса, кишининг тартибга риоя қилиши оғир бир масъулиятдир. Чунки бир вақтнинг ўзида ҳам олти вақт қазо намози ҳам ўша вақт намозини ўқишга тўғри келади. Ҳолбуки, Исломда қийинчилик эмас, балки қулайлик, енгиллик асосдир.

Витр намози қазо қолган намозларда тартибни бекор қилувчи ҳисобланмайди. Фақат қазо намозлари ўқилаётганида унинг ҳам тартибига риоя қилинади.

 

*** Турли масалалар ***

  1. Кўп қазо қолган намозларни адо қилгач, олти вақт намозидан ками қолса ҳам, улар ўртасидага тартибга риоя қилиш лозим бўлмайди.
  2. Тартибга риоя қилиши лозим бўлган киши, қазо қилган намози витр бўлса-да, эсида бўла туриб, кейинги вақт фарз намозини ўқиса, бу ўқиган фарз намози шартли фосид бўлади. Бундан сўнг у қолдирган намозини ўқимай яна тўрт вақт намозини ўқиса, қазо қилган намозидан сўнгги беш вақт намозининг ҳаммаси саҳиҳга айланади. Чунки ки­шининг қазо намози эсида туриб, ўқиган намозлари ўқиётган пайтда бузилади. Уни қайта ўқиш лозим бўлади. Аммо бешинчи вақт намозини ўқиш билан қазо намоз биргаликда олти вақт намози бўлгач, бу кшпидан тартибга риоя қилиш мажбурияти соқит бўлади. Бинобарин, ўқимаган на­мозининг фақат ўзинигина ўқиб, қазосини бажаради.

Фақат бешинчи намоз вақти чиқмасдан ё бундан олдин қазога қолган намозини ўқиса, қазо қилган намози вақти ва уни ўқиган вақт оралиғида ўқиган намозларнинг барчаси нафл намозга айланади. Сўнг у ўқиган намозларининг қазосини ўқиши лозим. Қазога қолган намозлар жуда кўп бўлса, қазоси ўқиладиган ҳар бир намозни (фалон куннинг фалон намози дея) ният қилиб ўқиш керак. Буни шундай осонлаштириш мумкин: масалан, «Вақтида ўқий олмаган биринчи (ё охирги) пешиннинг қазосини ўқишни ният қилдим» (шу йўл билан қайси қазо намозини ўқишига аниқлик киритган бўлади). Аввал қазо қилинган икки йилги Рамазон рўзасини тутмоқчи бўлганларга ҳам шу ҳукм жоиздир (яъни, кайси йилнинг рўзасини тутмоқчи бўлса, шуни ният қилади). Дорул-ҳарбда (яьни мусулмон бўлмаган бир мамлакатда) мусулмон бўлиб, шаръий ҳукмларни билмаган киши узрли ҳисобланади.

 

*** Фарз намозига етишиш бўлими ***

Намоз ўқиётган киши намозини қачон бузади, қачон бузмайди?

  1. Киши фарз намозини ёлғиз ўзи ўқиётганида айнан шу фарз намозини жамоат ўқиб бошласа-ю, у киши ҳали сажда қилмаган бўлса ёки намоз тўрт ракатли бўлмаганида сажда қилган бўлса ҳам, намозини бузиб, имомга иқтидо қилади.
  2. Тўрт ракатли намоз ўқиётган бўлиб, биринчи ракатига сажда қилган бўлса, яна бир ракат қўшиб, ташаҳуддан сўнг салом беради ва фарз нияти билан имомга иқтидо қилади.
  3. Агар уч ракат ўқиган бўлса, намозини тамомлайди. Сўнгра хоҳласа, нафл ниятида имомга иқтидо қилади. Фақат бу ҳолда аср намозини адо қилгач, (нафл ўқишдан қайтарилгани учун) имомга иқтидо қилмайди.
  4. Намоз ўқиётган киши (тўрт ракатли фарзнинг) учинчи ракатига тургач, сажда қилмасдан аввал, жамоат фарз на­мозига турса, қиёмда салом бериб, намозини бузади ва имомга иқтидо қилади.
  5. Имом фарз ўқиётганида масжидга келган киши суннат ўқиш ўрнига дарҳол имомга иқтидо қилади. Бомдод намозининг суннати бундан мустасно. Бомдод намозида агар имомга ета олишга кўзи етса, аввал суннатни ўқийди, акс ҳодда суннатни қўйиб, имомга иқтидо қилади. Зеро, жамо­ат савоби бомдод суннатининг савобидан улуғроқдир.

 

*** Суннатнинг қазоси ***

Бомдод намозишшг суннати, фақатгина фарз билан бирга қазо қолса, ўша куни пешин вақти киришига бир оз фурсат қолгунгача ўқилади. Пешин намозиннинг илк суннати (фарздан аввал ўқилмаган тақдирда) вақти ичида фарздан сўнг икки ракат суннатдан аввал ўқилади.

 

*** Жамоат ва унинг фазилати ***

Жамоат билан ўқилган фарз намознинг бир ракатига етишган киши жамоат фазилатига эришган бўлса-да, на­мозни жамоат билан ўқиган ҳисобланмайди. Уч ракатига етишган киши ҳақида ихтилоф мавжуд.

 

*** Турли масалалар ***

  1. Фарз намозининг вақти чиқмаслигига ишонган киши хоҳлаганича суннат (ёки нафл) ўқиши мумкин. Акс ҳолда суннат ўқимайди.
  2. Имом рукуда бўлганида қиём ҳолда такбири таҳрима айтиб имомнинг рукусига қўшилган киши, ўша ракатга улгурган ҳисобланади. Аммо у такбири таҳрима айтиб бўлгунча имом рукудан бошини кўтарса, ўша ракатга етишган ҳисобланмайди.
  3. Имом етарли миқдорда қироат қилганидан сўнг, жамоатдан бир киши имомдан аввал рукуга борганида, имом унга рукуда етишса, у кишининг рукуси саҳиҳ, айни пайтда макруҳ бўлади (рукунинг бир қисмини имом билан бир­га қилгани учун руку саҳиҳ бўлса, имомдан аввал рукуга боргани учун макруҳдир).

Агар имом ўзича (ўша кишига) етиша олмаса ёки етарли миқдорда қироат қилмасдан руку қилган бўлса, у киши­нинг рукуси дуруст эмас (намози фосид бўлади).

  1. Азон айтилгач, намоз ўқимай масжиддан чиқиш макруҳдир. Агар (бошқа бир масжиднинг имоми ёки муаззини
    каби) бошқа бир жамоатни тўплайдиган киши бўлса, жоиздир. Ўша вақт намозини ёлғиз ўқиб келган кишига макруҳ эмас. Фақат пешин ва хуфтон намозларида ёлғиз ўзи ўқиган бўлса ҳам, масжиддан чиқмай туриб, жамоат на­мозни бошласа, нафл ниятида имомга иқтидо қилиши лозим, масжиддан чиқиши макруҳ бўлади.
  2. Бир фарз намоз такроран ўқилмайди.

Изоҳ: Фарз намозни бир марта ўкигач, қайта фарз ниятида ўқимаслик ҳақидаги ҳукмга турлича маънолар берилган. Баъзилар буни жамоат билан ўқилган бир намоз такрор азон ва такбир айтиб, айнан аввалгисидек, жамоат билан ўқилмайди, деб шарҳлаганлар. Баъзилар эса ҳеч қандай сабабсиз, намозим бузилдимикин, деган шубҳа билан киши ўкиган фарз намозини такроран ўқий олмайди, деб баён қилганлар.

 

*** Саҳв саждасининг ҳукми ***

Намозда адашиб вожибни тарк қилган кишига икки сажда, бир ташаҳҳуд ва салом вожиб бўлади. Саҳв саждасини лозим қилган сабаб такрорланиши билан яна такрор саҳв саждаси қилинмайди.

 

*** Вожибни билатуриб, тарк қилиш ***

Билган ҳолда вожибни тарк қилган киши гуноҳкор бўлади ва бу нуқсонни тузатиш учун саҳв саждаси кифоя қилмаганидан, намозини такрор ўқиши зарур.

Билган ҳолда вожибни тарк қилган киши саҳв саждаси қилмайди. Фақат қуйидаги уч ҳолат бундан мустаснодир. Яъни, буларни билатуриб, тарк қилган киши ҳам саҳв саждаси қилади:

  1. Илк қаъдани тарк қилиш;
  2. Бир ракатнинг икки саждасидан бирини намоз охиригача кечиктириш;
  3. Бир рукнни бажариш миқдорича қасддан ҳаёл суриш.

 

*** Саҳф саждасининг ўрни ***

Саҳф саждасини салом берганидан сўнг адо этиш суннатдир. Имом ўнг томонга берган саломи билан кифояланиб, саҳф саждаси қилади. Салом бермасдан аввал саҳв саждаси қилиш тамоман макруҳдир.

 

*** Саҳв саждаси қачон соқит бўлади? ***

  1. Бомдод намозида саломдан сўнг қуёш чиқиши туфайли.
  2. Аср намозида қуёшнинг ранги ўзгариб, қизарса.
  3. Саломдан сўнгра (бир жойдан қон чиқиши каби) намозга зид узрли сабаб намозни давом эттиришга тўсиқ бўлса.

 

*** Кимлар саҳв саждаси қилиши лозим? ***

  1. Имомга иқтидо қилган киши хатоси туфайли саҳв саждаси қилмайди. Факат имомнинг хатоси туфайли (имом билан бирга) саҳв саждаси қилади.
  2. Масбуқ имом билан бирга саҳв саждаси қилади, сўнгра намознинг қолган қисмини давом эттириш учун ўрнидан туради.
  3. Масбуқ (намознинг қолган қисмини ўқиётганида) хато қилса, бунинг учун ҳам саҳв саждаси қилади. Аммо лоҳиқ (намозни имом билан бирга бошлаган киши, намоз асносида мудраш ва бошқа узрли сабаблар туфайли ўтказиб юборган қисмларни ўқиётганида хатога йўл қўйса, саҳв саждаси қилмайди.

Имом жума ва ҳайит намозларида жамоат кўп бўлгани боис уларга қийинчилик бўлишидан қочиш ва фитна чиқармаслик учун саҳв саждаси қилмайди.

 

*** Намоздага баъзи хатолар ***

  1. Имом ёки ёлғиз ўзи ўқиётган киши фарз намозларнинг илк қаъдасини унутган ҳолда тарк этиб, учинчи ракатга тураётганида, тўлиқ қад ростламасдан аввал, эсласа ташаҳҳудга қайтиб ўтиради.
  2. Имомга иқтидо қилган киши эса, нафл намоз ўқиётган киши каби, тўлиқ қад ростлаган бўлса ҳам, ташаҳҳудга қайтади.
  3. Имом ёки ёлғиз ўзи намоз ўқиётган киши илк қаъда­ни тарк этиб, қиёмга яқин бўлатуриб, ташаҳҳудга қайтса, саҳв саждаси қилиши лозим.
  4. Қаъдага яқинроқ турган ҳолатда орқага қайтса, саҳв саждаси қилмайди.
  5. Имом ёки ёлғиз намоз ўқиётган киши охирги қаъда­ни унутиб, ортиқча ракатга туриб кетса-ю, сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва фарз бўлган қаъдани кечиктиргани учун саҳв саждаси қилади.
  6. Агар сажда қилган бўлса, намози бутунлай нафлга айланади. Бундай ҳолларда, хоҳласа, аср намозида бўлса ҳам, ушбу қўшимча бешинчи ракатга яна бир ракат қўшади. Бомдод намозида эса учинчи ракатга қўшимча яна бир ракат қўшади.

Аммо саждаи саҳв қилмайди. Ушбу фарз намози қайта ўқилади.

  1. Охирга қаъдани адо этгач (салом бермасдан), ўрнидан туриб кетса ва (кўшимча ракатда сажда қилмаган бўлса), ўтиради ва такрор ташаҳҳуд ўқимасдан салом беради ва саҳв саждаси қилади.
  2. Қўшимча ракатга сажда қилгач, салом бермасдан туриб кетганлигини эсласа, қайтиб ўтирмайди ва яна қўшимча бир ракат қўшади бу икки ракат нафл намоз бўлади, сўнг вожиб бўлган саломни тарк қилгани учун саҳв саждаси қилади.
  3. Тўрт ракатли суннат (нафл) намозини ўқишни ният қилиб, дастлабки икки ракатида саҳв саждаси қиладиган бўлса, сўнгги икки ракатни унга қўшмай тугатиш мустаҳабдир. Шунга қарамасдан кейинги икки ракатни туриб ўқиган тақдирда, саҳв саждасини такрор қилиши керак.
  4. Саҳв саждаси қиладиган имомга салом бераётганида иқтидо қилган кишининг намози, агар имом саҳв саждаси қилса, саҳиҳ бўлади. Акс ҳолда, саҳиҳ эмас.
  5. Зиммасида саҳв саждаси бор бўлган киши, намоздан чиқиш мақсадида салом берган бўлса ҳам, юзини қибладан ўгирмаган ёки гапирмаган бўлса, саҳв саждасини адо этиши керак.
  6. Агар намоз ўқиётган киши уч ё тўрт ракат ўқиганига шубҳаланиб, саломдан сўнг, бошқа ишга машғул бўлмай, икки ракат ўқиганини англаса, дарҳол қолган қисмини ҳам ўқиб, саҳв саждаси қилади.
  7. Шунингдек, киши намозини тўлиқ ўқигани ё тўла ўқимагани хусусида руку ёки сажда қила оларлик миқдорича ўйланиб қолса-ю, бир қарорга келгунича салом бер­масдан, кутиб турса, саҳв саждаси вожиб бўлади. Акс ҳолда саҳв саждаси шарт эмас.

 

*** Намоз шубҳа билан қачон бузилади? ***

Киши бир намозни тамомламасдан аввал неча ракат ўқигани ҳақида шубҳа қилса, ҳамда бу шубҳа илк маротаба юз бераётган бўлса ёки одатий ҳол бўлмаса, бу намоз бузилади. У намозни такрор ўқиши лозим. Салом бергач, юзага чиққан шубҳага эътибор берилмайди. Бу ҳолда бирор рукнни тарк қилганини аниқ билса, намозини такроран ўқийди.

 

*** Шубҳанинг кўп бўлиши ***

Бундай ҳолат кишида жуда кўп содир бўлса, қалби кўпроқ мойил бўлган томонга қараб ҳаракат қилади.

Изоҳ: Агар киши намозни тўлиқ ўқиганига қаноат ҳосил килса-ю, салом берганидан сўнг ишончли бир киши бир ракат кам ўқиганини айтса, у ҳолда киши ўз шахсий қаноатини асос қилиб олади ва бошқанинг огоҳлантиришига эътибор қилмайди. Аммо бу камчилик икки ишончли киши томонидан ха­бар берилса, киши ўзининг тўғри ўқиганига қаноат ҳосил қилса ҳам, икки кишининг сўзи бўйича амал қилади. Имом билан жамоат неча ракат ўқиганлари ҳақида ихтилоф қилиб қолса-ю, имом ўз шахсий қаноатига ишонч ҳосил қилса, унга кўра, акс ҳолда жамоат нуқтаи-назарига кўра, агар жамоатнинг бир қисми имомнинг қаноатини қувватласа, унда ҳам ўз қаноатига кўра амал қилади.

Агар қалби бир томонга мойиллик қилмаса, (икки ра­кат ўқидими, тўрт ракат ўқидими, қатъий қарор бера олмаса) бу икки эҳтимолдан оз бўлганини танлайди. Фақат (вожиб бўлган) қаъдани тарк қилмаслик учун охирги ра­кат деб ўйлаган ҳар ракатдан сўнг ўтиради ва саҳв саждаси қилади.

Изоҳ: Киши таҳорати бор-йўқлиги ҳақида шубҳаланса-ю, ўйлаб кўргач, таҳорати борлигига ишонч ҳосил қилса, у киши фиқҳ нуктаи назарига кўра таҳоратли ҳисобланди. Агар киши таҳорат аъзоларидан бир қисмини ювган-ювмаганлиги хусусида шубҳаланиб қолса ҳамда бу ҳол илк маротаба юз бераётган бўлса, ўша жойларини қайта ювади. Агар бу ода­тий ҳолат бўлса, унга эътибор қилмайди. Шунингдек, намоз асносида ҳам кишининг ақлига турли хил шубҳалар келса, бу хоҳ намоз тўғрисида, хоҳ таҳорат хусусида бўлсин, агар илк маротаба юз бераётган бўлса, шубҳага тушган жойини такрор бажаришга киришади. Агар бу ҳам одатий ҳол бўлса, бу шайтондандир, бунга эътибор қилмайди ва намозини давом эттиради.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ТИЛОВАТ САЖДАСИ:

Тиловат саждаси кимларга вожиб, кимларга вожиб эмас?

Тиловат саждасининг вақти ва шакли?

Жойни ўзгартирадиган сабаблар;

Жойни ўзгартирмайдиган сабаблар;

Турли масалалар;

Тиловат саждасининг саҳиҳ бўлиш шартлари;

Адо этиш тартиби;

Шукр саждаси;

Ҳар балонинг даф қилиниши ҳақида;

Жума намозининг ҳукми;

Дуруст бўлишининг шартлари;

Жума намозининг хутба ва суннатлари;

Жума намозига оид турли масалалар;

Ҳайит намозлари ҳукми ва шартлари;

Рамазон ҳайитининг мустаҳаблари;

Ҳайит намозининг вақти;

Ҳайит намозларини ўқиш тартиби;

Қурбон ҳайитининг ҳукми;

Ташриқ такбирининг ҳукми, муддати ва кимларга вожиб бўлиши;

Ташриқ такбири;

Қуёш тутилганида ўқиладиган намоз;

Ой тутилганида ўқиладиган намоз;

Ёмғир сўраш дуоси;

Хавф (қўрқув) намози;

Такрорлаш учун саволлар.

ПАЙҒАМБАР ЭРКАКЛАРДАН БЎЛАДИ

Пайғамбарларга лозим бўлган сифатлардан яна бири уларнинг эркак кишидан бўлишларидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидагича хитоб қилади:

«Сендан олдин ҳам фақат шаҳар-қишлоқ аҳлидан эр кишиларни расул қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос» (Юсуф сураси, 109-оят).

Яъни аввалги пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳар ва қишлоқ аҳолисидан бўлган, саҳровийлардан эмас, чунки шаҳар ва қишлоқ аҳли тарбияли, муомалани яхши биладилар. Даъват ишларини олиб боришда сабр-матонатли бўладилар, яна шунга ўхшаш зарурий сифатларга эгадирлар.

Шунингдек, аввал ўтган пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам эркак кишилар бўлишган. Аёл киши ёки фаришталар эмас, чунки аёл кишиларнинг табиий, жисмоний тузилишлари пайғамбарликдек оғир вазифага мос эмас. Аниқки, фаришталарнинг ҳам одамларга пайғамбар бўлишлари мақсадга мувофиқ эмас.

Бунда зинҳор аёл зотини пастга уриш маъноси йўқ. Балки унинг аёллигини эътиборга олиб, уни машаққатга солмаслик риояси бор. Агар, баъзилар ўйлаганидек, аёлни пайғамбарликдан узоқ қилиш нияти бўлганда, унинг пайғамбарларга она бўлиши ҳам раво кўрилмас эди. Ҳа, пайғамбарларни ҳам аёллар туққан!

 

ПАЙҒАМБАРЛАР ЎЗ ҚАВМИ ТИЛИДА ЮБОРИЛГАН

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Иброҳим сурасида марҳамат қилиб:

«Қайси бир расулни юборган бўлсак, баён қилиб бери-ти учун ўз қавми тили ила юборганмиз», дейди (4-оят).

Барча пайғамбарларни ўз қавми тили ила юбориш ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган неъматидир, чунки бошқа қавмнинг тилини тушуниш қийин бўлар эди. Ҳамма пайғамбарлар ўз қавмларига юборилган ва уларга ўз қавмлари тилида ваҳий келган.

Бутун оламларга ва барча қавмларга пайғамбар бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ўз қавмининг тили – араб тилида ваҳий келди. Бунинг асосий ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо бу ўринда уламоларимиз мулоҳаза қилган ҳикматлардан баъзиларини айтиб ўтиш жоиздир.

Бошқа пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар пайғамбар қилиб юборилганлар. У зотнинг умрлари чекланган. Шунинг учун динни ҳамма қавмларга ўзлари етказишлари қийин. Шунга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг охирги дини таълимотларини ўз қавмларига, қавмлари эса уни бутун дунёга тарқатади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ислом дини араблар яшаб турган ерларга ёйилиб бўлиши билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у зотнинг қавмлари етказдилар.

Турли макон ва замонларда яшайдиган турли қавмларга бир пайғамбарни турли тиллар билан юбориб бўлмас эди, Аввало, бу ишни адо этиш жисмонан ҳам амримаҳол. Қолаверса, дунёда хилма-хил тиллар жуда кўп. Ҳозирги тиллар ичида Исломнинг илоҳий китоби бўлмиш Қуръони Карим нозил бўлганидан кейин пайдо бўлганлари ҳам бор. Демак, ҳар бир қавмга ўз тилида ваҳий келиши керак бўлса, кейин пайдо бўлган тилларда сўзлашувчилар нима қиларди?

Қолаверса, тилларнинг имкониятлари ҳам ҳар хил. Шунинг учун Аллоҳ таоло энг бой ва каломининг абадий мўъжиза бўлиб қолишини ҳам кўтара оладиган тилни – араб тилини танлаб, ўша тилда қиёматгача боқий қоладиган китобини – Қуръони Каримни нозил қилди. Қавмлар, тиллар, лаҳжалар, замонлар алмашаверади, аммо Қуръон мўъжиза бўлиб тураверади. Ундан араб ҳам, ажам ҳам, оқ ҳам, қора ҳам баробар фойда олаверади.

Ҳа, пайғамбар ўзига келган илоҳий таълимотларни одамларга баён қилиб беради. Шу билан унинг вазифаси тугайди. Қолгани Аллоҳнинг ихтиёрида.

 

ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ ФАЗЛ ДАРАЖАЛАРИ

Бу масалада етарли маълумотга эга бўлиш учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади:

«Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Руҳул қудус билан қўлладик» (253-оят).

Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Бу ҳақиқатни кишилар тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Ана ўшалар» деган сўз келмокда. Бу пайғамбарлар алайҳимуссаломга нисбатан эҳтиром рамзидир. «Улар», «Анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан «Ана ўшалар расуллардир» дейилиши ҳурматга далолат килади.

Ояти каримада пайғамбарлар ва пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи пайғамбарларнинг баъзиларидан фазли устун экани ва ўша устунлик нимада экани ҳам билдириб ўтилмоқда.

«Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик».

Мазкур фазл пайғамбарлар алайҳимуссаломни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча уммат ва авлодларга юборилган бўладилар. Шунингдек, бу фазллар пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғлиқдир.

Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади:

«Улардан Аллоҳ гаплашгани бор...»

Яъни пайғамбарлар ичида Аллоҳ бевосита гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Мусо алайҳиссаломни «Калимуллоҳ» дейишади, бу эса «Аллоҳ ила сўзлашган» деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам оятда у зотнинг исмлари айтиб ўтирилмади.

«...ва баъзиларининг даражасини кўтарган».

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.

«...Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бер­дик ва уни Руҳул қудус билан қўлладик».

Қуръони Карим Ийсо алайҳиссаломни доимо оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр килади. Бу билан у зотнинг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақларидаги турли чўпчакларнинг бекор эканини исботлайди. Ийсо алайҳиссаломга берилган «очиқ-ойдин мўъжизалар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга у зотга нозил қилинган Инжил китоби ва Аллоҳ у зотга берган бошқа турли мўъжизалар киради. «Руҳул қудус»дан мурод фаришта Жаброил алайҳиссаломдир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказувчи фариштадир. Қайси пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом келсалар, бу катта қўллаш ҳисобланади.

Ояти каримада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун у зотнинг фазллари зикр қилинмади. Ҳамма пайғамбарлар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пайғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зот ва у зотнинг пайғамбарликлари ҳаммадан устун туради. У зотнинг пайғамбарликлари барча авлодлар, барча уммат ва халқлар учундир. У зотнинг пайғамбарликлари қиёмат кунига қадар бардавомдир. У зотнинг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шу сабабдан у зотдан кейин ваҳий келиши тўхтаган. Аллоҳ таоло бошқа ҳамма пайғамбарларга бер­ган фазилатларни жамлаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бергандир.

Шундай бўлса ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Мени бошқа пайғамбарлардан устун қўйманглар», дейдилар.

Нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозе! Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб: «Оятда воқеликдан хабар берилган, ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларига, пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканига далолатдир», деганлар.

Аммо пайғамбарларнинг пайғамбарликлари ва Аллоҳ таолонинг мустафо бандалари эканликларида ҳеч қандай фарқлашга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Бақара сурасининг охирида айтилади:

«Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз» (285-оят).

Яъни Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз.

Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди, чунки мазкур пайғамбарларнинг барчасига нозил бўлган дин Ислом бўлган.

 

ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Аллоҳ таоло одамлар орасига нима учун пайғамбарлар юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб, Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

«Одамлар бир уммат эдилар. Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила Китоб нозил қилди» (213-оят).

Аслида инсоният Одам Ато ва Момо Ҳавво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Улар бир оиланинг аъзолари бўлиб, аста-секин кўпайиб бордилар. Кўпайишлари билан бирга фикр-мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам ортиб борди, чунки ҳар кимнинг ўз табиати, ўз ақли, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб фикр баён қилади. Бу ҳар кимнинг фитратидаги хусусиятдир, чунки ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу торти шувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлганида, ер юзи обод бўлмас эди...

Демак, одамлар ўртасида ихтилоф, келишмовчилик чиқди. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билмоқда. Бундай вазиятда ким ҳақ эканини қаердан биламиз? Одамларнинг ўзларига қўйиб берилса, ҳар ким ўзиникини маъқуллайди ва ихтилоф яна ҳам кучаяди.

Агар улардан бир гуруҳини танлаб олиб, ўша танланганларга топширилса, улар ҳам одам. Ҳар қанча ақлли бўлсалар-да, барибир уларда ҳам бошқа одамлардаги заифликлар бор. Бир кунмас бир кун адашади. Заифлиги тутиб, бир тарафга ён босади ёки ҳамма нарсани қамраб олувчи илмга эга бўлмайди. Нафси заифлик қилиб, пора олиши мумкин, ўз қавми чегарасидан чиқа олмай қолиши мумкин ва ҳоказо минглаб сабаблар борки, улар бу йўлда тўсиқ бўлиб, ишни бузиши аниқ.

Демак, «Бундай ихтилофларнинг қай бири тўғри? Қайси чегарагача ихтилоф қилса бўлади?» каби саволларга жавоб бериш учун ихтилоф қилаётганлардан устун турувчи, инсондаги бор заифлиқцан таъсирланмайдиган, ҳамма нарсани қамраб олувчи илм эгаси, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган, бекаму кўст, тамадан холи, нуқсонсиз, баркамоллик сифатига эга бир зот керак бўлади. Ана ўша зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир! У ҳамма нарсани билувчи Зот, шунинг учун ҳам Ўзи яратган бандалари ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар ҳақида қандай ҳукм чиқаришни Ўзи билади.

«Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила Китоб нозил қилди».

Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биринчи вазифалари мўминларга хушхабарларни, кофиру осийларга огоҳлантиришларни етказишдир.

Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб, уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, огоҳлантирадилар.

Шу билан бирга, энг муҳими, одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар, адолатли ҳукм чиқарадилар. Ҳақ китобнинг ҳукми ҳақ бўлади.

Ҳамма пайғамбарлар бир дин билан, ҳақ китоб билан келганлар. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига, ўз даврига мос шариат билан келган. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг асосий вазифаларидан бири – Аллоҳ таолога иймон келтириб, У Зотга ибодат қилишга даъват этишдир. Аллоҳ таоло Анбиё сурасида бу борада қуйидагиларни айтади:

«Сендан илгари юборган ҳар бир расулга «Мендан ўзга илоҳ йўқ. Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз» (25-оят).

Ибодатга сазовор Зот ягона Аллоҳ таоло эканини англатиш, Унга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат Унга сиғинишга чақириш барча илоҳии динлар ва пайғамбарлар­нинг иши бўлган. Тавҳид ақийдаси ҳеч қачон ўзгармаган.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, ҳар бир умматга «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб расул юборганмиз. Улар­дан Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам бор ва устларига залолат ҳақ бўлганлари ҳам бор» (36-оят).

«Ҳеч шубҳа йўқки, Биз ҳар бир умматга пайғамбар юбордик. Ҳар бир пайғамбарнинг ўз умматига айтадиган гапи:

«Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», дейишдан иборат бўлди.

Яъни «Бу дунёда фақат Аллоҳнинг кўрсатмаси ила яшанг. Унинг айтганини қилинг, қайтарганидан қайтинг, фақат Унгагина сиғининг. Шу билан бирга, тоғутдан четланинг. Унга ибодат қилманг».

«Тоғут» сўзи араб тилида Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган нарсани ифода этади. У шайтон, фолбин, буту са­нам, турли тузумлар ёки шахслар, табиатдаги махлуқотлар ёки ҳайвонлар бўлиши мумкин. Демак, Аллоҳдан ўзганинг айтганини қилиб яшаш, ўшанинг таълимотларига амал қилиш, унга сиғиниш тоғутга ибодат қилиш бўлади. Аллоҳ таоло эса бандалари фақат Ўзига ибодат қилиб, тоғутдан четланишини истайди. У Зот ушбу хоҳиш-иродасини одамларга пайғамбарлари орқали етказди. Аммо одамлар ўзларини турлича тутдилар.

«Улардан Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам бор ва устларига залолат ҳақ бўлганлари ҳам бор».

Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат – куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди.

Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ. Улар ўз ихтиёрлари билан иш тутишди. Шунингдек, икки тараф ҳам Аллоҳнинг қамровли, умумий ихтиёридан чиққанлари йўқ, чунки дунёдаги ҳар бир нарса фақат У Зотнинг иродаси, жорий қилган қонун-қоидаси билан бўлади.

Аллоҳ таоло ҳидоятни танлаб, шу йўлда юраётган кишиларнинг ҳидоятга келишини ихтиёр этган ва шуни жо­рий қонун-қоидаларга айлантирган. Шунингдек, залолатни танлаб, шу йўлга интилаётган кишиларга залолат ҳақ бўлишини ихтиёр қилган ҳамда буни жорий қонун-қоидаларга айлантирган. Ана шу қонун-қоидаларга биноан ҳар бир инсоннинг ҳидоят ёки залолатга кетиб, яхшилик ёки ёмонлик қилиши Аллоҳнинг хоҳишига мувофиқ бўлади, дейилади.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири Аллоҳ таолонинг амр ва наҳийларини бандаларга етказишдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Аҳзоб сурасида қуйидагиларни айтади:

«Улар Аллоҳнинг рисолатларини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиганлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб-китоб қилишга кифоядир» (39-оят).

Ҳеч қандай тангликсиз Аллоҳнинг йўлига эргашиб юрган юртлар, пайғамбарлар қуйидаги сифатларга эга бўлганлар:

«Улар Аллохнинг рисолатини етказадиган» зотлардир.

Аллоҳ таоло уларни ўз элчиси – пайғамбари қилиб юборган. Улар одамларга Аллоҳнинг хабарларини етказувчилардир. Албатта, Аллоҳ таолонинг рисолатида У Зотнинг Ўз бандаларига йўллаган амрлари ва наҳийлари бўлади. Пайғамбарлар ана ўшаларни ўз умматларига етказадилар.

Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, қуйидагиларни марҳамат қилади:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (Моида сураси, 67-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло у зотга ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул қилиш-қилмаслигига қарамай, даъват қилавериш, Аллоҳ таолонинг амрлари ва наҳийларини етказавериш лозимлигини буюрмоқда:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарса­ни етказ».

Зотан, пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳдан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган, жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълими. Де­мак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нар­сани етказиш вазифаси мавжуд.

«Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан».

Яъни «Агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ-масанг, Аллоҳнинг элчилиги – пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан».

«Аллоҳ сени одамлардан сақлар».

Уларнинг ёмонликларидан асрайди.

«Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири одамларга яхши ўрнак бўлишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун – Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор» (21-оят).

Аллоҳ таоло яна Мумтаҳана сурасида шундай марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сизларга Иброҳимда ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор» (4-оят).

 

ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни мўъжизани бошқалар қилишдан ожиз қолишади.

Истилоҳда эса: «Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган ғайритабиий – одатдан ташқари иш мўъжизадир».

Кофирлар, одатда, пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга, доимо ўз номаъқулчиликларини ҳаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб қилиб туришади. Аввалги ўтган барча пайғамбарларга худди шундай таклифлар қилинган. Аллоҳ Ўз пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизалар берган. Мисол учун, сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизалар берган.

Моддапарастлик авж олиб, «Ҳар бир нарса моддий асосга эга» деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизалар берган.

Ўтган пайғамбарлар ўзларига берилган мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўьжизалари ҳам амалдан қолган, чунки уларнинг пайғамбарликлари маълум бир қавмга, маълум бир макон ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса абадий ва улкан мўъжиза – Қуръони Карим нозил қилинган, чунки у зотнинг пайғамбарликлари қиёмат бўлгунича барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун у зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза – Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилган. У зоти бобаракот ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёматгача барҳаёт бўлади. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у зотдан пайғамбарликларини тасдикдовчи мўъжиза талаб этишса, Қуръони Каримни далил қилганлар.

Бошқа пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун оддий бир иш эди. Ҳамма пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларидан жой олган.

Аллоҳни таниган одамлар учун ҳатто Исро ва меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва меърож қилганлари ҳақида одамларга хабар берганларида ҳар ким ўзини ҳар хил тутди ва ҳар хил гап-сўзларни айтди. Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига югуриб боришди. У киши хабарнй эшитгандан сўнг: «У зот шу гапларни айтдиларми?» деб сурадилар. «Ҳа», дейишди. У киши: «Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», дедилар. Улар: «Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди. Абу Бакр: «Мен у зотнинг бундан ғаройиброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдикдайман», дедилар.

Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиш, Аллоҳнинг каломи – Қуръонни кишиларга етказиш ва уни татбиқ этиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг асосий мўъжизалари эди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа мўъжизалари у зотнинг пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатишни талаб қилган пайтда ҳам уларга мўъжиза сифатида Қуръони Карим далил қилинарди. Бунга Анкабут сурасидаги ушбу икки ояти каримани мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

«Улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар. «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», дегин. Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир» (50-51-оятлар).

Кофир одам хаёлига нима келса, гапираверади. Улар:

«Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», де­йишди.

Эй Пайгамбар!

«Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Меи эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин».

Ҳа, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келади. Уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда нозил қилади. Кимга керак бўлса, ўшанга кўрсатади. Қанча керак бўлса, шунча. Пайғамбар эса очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, холос. Унга Робби кишиларни огоҳлантиришни топширган, у шу топшириқни бажаради, холос. Аслида уларга мўъжизалар нозил қилинишининг ҳожати ҳам йўқ.

Нима учун улар мўъжиза нозил бўлишини талаб қилишади? Ҳолбуки, қаршиларида мўъжизаларнинг мўъжизаси, абадий мўъжиза – Қуръон турибди-ку! Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!

«Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?!»

Кифоя қилиши керак. Ахир Қуръоннинг ҳар бир ояти ўзига хос мўъжиза-ку. Қуръон туфайли улар Аллоҳ таоло билан бевосита алоқада бўладилар-ку!

«Бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат вa эслатма бордир».

Ҳа, Қуръони Каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш, барча ваъз-насиҳатлардан эслатма олиш учун кишида ий­мон жавҳари бўлиши керак. Иймонсизлар олдиларида улкан мўьжиза турса ҳам, «Унга Роббидан мўьжизалар нозил қилинса эди», деб юраверишади.

Юқорида зикр қилиб ўтилган тарихдаги давлатлар ва жамоаларнинг кўпчилиги ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқаришди. Ўзларининг адашув ва хатоларида давом этаверишди. Улардан фақат озгинаси иймон келтирди. Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз пайғамбарларининг охиргиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башариятнинг ҳаммасига, ер юзининг барча бурчакларига пайғамбар қилиб юборди. У зотнинг ҳаракатлари билан адашган баша­риятнинг ҳидоятга юриши кўзланган эди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ИКИНЧИ БОБ:

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари;

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имтиёзлари;

Понедельник, 30 Март 2020 00:00

МУСИБАТГА УЧРАСАНГИЗ 8 ТАВСИЯ

Бирор мусибат ёки қийинчилик етса сабрли бўлинг. Одамларга шикоят қилманг, ҳолингиздан нолиманг!

Ёлғиз Аллоҳга юзланиб: Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...” (Юсуф сураси, 86-оят), деб айтинг.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон сураси, 200-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа бериш, бошига тушган қийинчиликлардан одамларга шикоят қилмаслик ва мусибатларини ҳеч ким кимга билдирмаслик жаннат хазиналаридандир”, дедилар.

 

Аллоҳ таолони янада кўпроқ зикр қилинг. Истиғфор ва ҳамд айтинг.

Мусибат етганида Аллоҳни эслаш, истиғфор сўраш ва Ўзидан умидвор бўлиш мусибатнинг ечимидир. Юнус алайҳиссалом ана шу йўл билан мусибатдан фориғ бўлдилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!) Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87–88-оятлар).

 

Унутманг! Ҳар бир банда синовга дучор бўлувчидир.

Бу дунё – синов майдони. Ундаги синовлар бири ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси..... етиб келади. Ҳаёт аслида ана шундай битмас-туганмас имтиҳонлар занжиридир. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай огоҳлантиради: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).

 

Синов тоқатга қараб бўлади.

Чунки “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди” (Бақара сураси, 286-оят).

Пайғамбарлар ҳаммадан кўра кўпроқ азият, озор чекишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида мусибати энг оғири пайғамбарлардир. Сўнгра уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло ризқ миқдорига қараб ёрдамчиларни туширади. Бало даражасига қараб сабрни туширади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Ҳар бир синов Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бўлади.

Ҳар бир яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Унга қалб ила таслим ва рози бўлиш лозим. Ҳар қандай синовларни розилик билан қабул қилиш мусибатларни енгишнинг гўзал муолажасидир. Аксинча, синовларга ношукрлик қилиш, жазавага тушиш мусибат устига мусибатдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси, 22-оят).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Имоннинг юксак даражаси Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилиш ва тақдирга рози бўлишдир”.

 

Мусибатларга сабр қилиш улкан ажру мукофотларга ноил этади, гуноҳларни кетказади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни, албатта, жаннатда остидан анҳорлар оқиб турадиган кўшкларга жойлаштирурмиз. Улар у ерда мангу қолурлар. (Яхши) амал қилувчиларнинг (қиёмат куни оладиган) мукофоти нақадар яхшидир! Улар сабр қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган зотлардир” (Анкабут сураси, 58-59 – оятлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  

Ёдда тутинг! Ҳар бир қийинчиликдан сўнг албатта енгиллик келади.

Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига бирор синов юбормайдики, унинг ортидан яхшиликлар, муваффақиятлар келмаса. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6 – оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенгчиликда Аллоҳни танигин, У ҳам сени қийинчилик пайтида танийди. Билгинки, сенга етмаган нарса, сенга етадиган эмас эди. Сенга етган нарса, сенга етмайдиган эмас эди. Албатта, нусрат (ғалаба) сабр билан бирга, албатта, шодлик ғам ила бирга, қийинчилик енгиллик билан бирга бўлади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу айтади: “Ҳар торлик ортида кенглик, ғамлар ортида шодлик бор. Ғам-ташвишларнинг калити – сабр”.

 

Ҳар бир синов ортида Аллоҳнинг ҳикмати яширинган.

Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмлидир. Аллоҳ бандаларига бирор ёмонликни раво кўрмайди. Синовлар орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади. Муваффақиятларга эришиш учун машаққат талаб қилинганидек, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ҳам синовларга сабр қилиш лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”, деганлар.

 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам сабрли бўлинг! Иншааллоҳ барча яхшиликларга эришасиз. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан ўзгага муҳтож қилмасин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов билан суҳбат

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан коронавирус каби юқумли касалликлар даврига тааллуқли Ислом таълимотларида келган тавсиялар буклет ва флаер шаклида тайёрланди.

Ушбуларда юқумли хасталик кенг тарқалган вақтда инсон ўзини қандай тутиши, касалликдан сақланиши ва унинг муолажаси борасидаги зарур кўрсатмалар ёритилган. Баён этилган мезонлар бир неча асрлардан бери ижобий самара бераётгани билан янада аҳамиятлидир.
Барчани ушбу баннерлардан унумли фойдаланишда қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@koronavirusinfouz
#vahimasizkarantin
#карантинбезпаники

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Top