www.muslimuz
ПАЙҒАМБАРЛИК ВА ДИН
بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
МУҚАДДИМА
Инсонларни ҳидоятга бошлаш, ер юзида турли хил бидъат ва хурофотларга барҳам бериш ва Ўзининг қудратини намоён этиш учун пайғамбарлар жўнатган Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлиги ва қудрати қадар ҳамда Одам (алайҳиссалом)дан тортиб, то қиёматга қадар яшайдиган барча махлуқотлар, мавжудотлар ва набототлар ададича ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбарлар саййиди, башариятнинг энг улуғи Расули акрам Муҳаммадга йигирма уч йил давомида босқичма-босқич нозил қилинган, китобларнинг энг улуғи Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфи қадар, ҳаёти давомида мусулмонларга ҳам сўзда, ҳам амалда кўрсатиб бериб кетган муборак насиҳатлари баёнининг ҳарфлари ададича дуруд ва салавотлар бўлсин.
Ул зотнинг ҳадислари бизларгача етиб келишида хизмати сингган ҳар бир саҳоба, тобеин ва табаа тобеинларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин. Ҳадиси шарифда айтилганидек, Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳадисини эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган барча мўмин-мусулмонларни Аллоҳ таоло ғайб хазинасидан неъматлантирсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётлари асрлар оша башарият учун улкан мактаб ва беназир намуна вазифасини ўтаб келмоқда. Ҳар бир сўзи ҳикматларга йўғрилган, ҳар бир амали замирида яхшиликлар яширинган зотнинг насиҳатлари барча инсонлар учун ўта зарурдир.
У зот ҳаводан олиб гапирмаслигини тасдиқлаган Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿ وَمَا يَنطِقُ عَنِ ٱلۡهَوَىٰٓ ﴾
«(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ» (Нажм, 3). Оят давомида гапирган ҳар бир гапи ваҳий экани зикр қилинган. Демак, мана шундай улуғ зотнинг ҳаётини қизиқиш билан ўрганиш, ҳадисларини ёд олиб, билмаганларга етказиш ҳар бир мўминнинг вазифасидир. “Ўзингиз учун яхши кўрган нарсани биродарингизга ҳам яхши кўрмагунингизча комил мўмин бўла олмайсиз”, деган ва ҳаётда фақат ўзи учун эмас, балки жамиятни ўйлаб, инсонларнинг маънавий соғлом бўлиши учун ҳаракат қилиш зарурлигини уқтириб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юриш-туришлари, одоб-ахлоқларини ўрганишни шараф деб билиш зарур.
Ҳурматли китобхон!
Биз ўзимизни таниганчалик Пайғамбаримизни таниймизми? Бошқа дин вакиллари тан олиб, улуғлигини тасдиқлаган зотнинг қолдириб кетган бебаҳо меросини ўз ҳаётимизга жорий қила оляпмизми? “Мендан бир оят бўлса ҳам, етказинг...” ҳадисига амал қила олдикми?
Мана шу каби саволлар билан яшаш, “бўлса бўлар, бўлмаса, қолиб кетар” каби боқибеғамликлардан йироқ яшашни ўрганайлик.
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китоби кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, бу китобни ёзишда “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг васиятлари” номли китоб асос қилиб олинди.
Ушбу китобдан муқаддас динимизнинг беш асоси бўлмиш – имон, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби амалларнинг ҳикматлари ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мавзуларга тегишли ҳадислари ўрин олган.
Улуғ зотнинг ҳар бир васияти минглаб йиллар ўтса ҳам, ҳар доим ўқилганда худди ҳозир айтилгандек, айни бугун учун айтилгандек бўлаверади.
Азиз ўқувчи, китобдан ўзингиз учун бирон наф кўрсангиз, буюк Аллоҳдан деб билишингиз ва хато, камчиликларни камина ходимингиздан деб билишингизни илтимос қиламан.
Аллоҳ таоло ушбу китобни барчамиз учун фойдали қилсин, омин!
ПАЙҒАМБАРЛИК ВА ДИН
Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмати илоҳийси Одам (алайҳиссалом) зурриётлари учун вақти-вақти билан расул-элчи юборишини тақозо этди. Башарият учун расул ёки набий юбориш Аллоҳ таолонинг бандаларига ўта меҳрибон экани намунасидир. Аслида, Аллоҳ таоло инсонларга пайғамбарлар жўнатмасдан туриб ҳам, уларни масъул қилса бўлар эди. Чунки ҳеч бир махлуқотга берилмаган ақл фақатгина инсонга ато этилган.
“Расул” сўзи луғатда “элчи”, “вакил” ёки маълум топшириқлар билан бошқа шаҳарга “юборилган киши” деган маъноларни англатади.
Шаръий истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг қонун-қоидаларини Унинг изни ва буйруғи билан башариятга етказувчи, уларга зарурий таълимни берувчи элчи, пайғамбар демакдир.
Ҳозирги кунга келиб, араб тилидан бошқа тилларда “набий” ва “расул” сўзлари ўрнига “пайғамбар” сўзи ишлатиладиган бўлиб қолди. “Набий” ҳам, “расул” ҳам пайғамбар дейилаверади. Бу икки сўз бошқа тилларга таржима қилинганда бир-бирига маъно жиҳатидан яқинлиги учун шундай урф бўлгандир, эҳтимол. Лекин араб тилида ҳар иккала сўзнинг ҳам ўзига яраша маънолари бор.
Уламолар “набий” ва “расул” сўзи орасидаги фарқларни очиб берган:
Аллоҳ таоло кимга ваҳий юбориб, ўша ваҳийни бошқаларга етказишни буюрса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо бошқаларга етказишни буюрмаса, у одам набийдир, расул эмас.
Расул фаришталардан ҳам, инсонлардан ҳам бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда:
«Албатта, у (Қуръон) бир улуғ элчи (Жаброил Аллоҳ ҳузуридан келтирган ваҳий) сўзидир» (Таквир, 19) дейилган. Оятдаги “расул” сўзидан Жаброил (алайҳиссалом) ирода этилган, дейилади тафсир китобларида.
Расул янги шариат билан келади. Набий эса, янги шариат билан келмайди. Балки ўзидан олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам унга амал қилишга даъват этади.
Қуръони каримда “расул” ва “набий” сўзлари кўп оятларда зикр қилинган. Жумладан, бу икки сўз Муҳаммад Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан ҳам ишлатилган.
Аммо “расул” ва “набий” сўзини ишлатишда эътиборли бўлиш лозим. Сабаби, бу сўзлар нозик маъноларни ҳам ифода этади. Қуръони каримда Муҳаммад Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан “набий” сўзи ўттиз ўринда келган бўлса, асосан, ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа каби масалаларда ишлатилган.
Шу маънода “расул”ни “пайғамбар” деб таржима қилиш, “набий”ни эса, таржима қилмасдан “набий” деб атайвериш ҳамда ҳар иккала маънони қўшиб баён қилишда “пайғамбар” деб ишлатиш мумкин экани “Шарҳи талхиси ақоиди Таҳовия” асарида зикр этилган.
Одам (алайҳиссалом) Ер юзига туширилганида бўлажак фарзандларига ота бўлиши билан бирга, уларга Аллоҳ таолони танитадиган, Унгагина сиғинишни, Ундангина қўрқишни ўргатадиган расул – пайғамбар қилинган эди. Отамиз Одам (алайҳиссалом)дан кейин Аллоҳ таоло бандалари орасидан ўзига ёққан ва расуллик андозасига тушадиган анчагина кишиларни, улуғ зотларни пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳнинг иродаси шу бўлди, пайғамбарлик силсиласининг илк вакили Одам (алайҳиссалом) бўлган бўлса, охири Муҳаммад (алайҳиссалом) билан тугатилди.
Илоҳий пайғамбарларнинг барчаси Аллоҳ ҳузуридан битта дин – ягона Аллоҳга ишонч ва эътиқоддан иборат бўлган Ислом динини, мусулмонликни келтирган. Мусулмонлик ҳақиқатан ҳам инсонийлик динидир. Инсонларнинг энг биринчи ўрганган дини Аллоҳнинг бирлигига ишончдан иборат эди. Уларга бу эътиқодни ўз ораларидан танлаб олинган илоҳий пайғамбарлар етказди. Энг сўнгги пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам айни шу эътиқодни тарғиб қилдилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келишларидан олдин аввалги пайғамбарлар тарғиб этган ягона Аллоҳга ишончнинг асослари турли кимсалар тарафидан бузилган, ҳар хил сабаблар билан ўзгаришларга учраган эди. Ҳатто, Аллоҳга ибодат ўрнини бут ва санамларга сиғиниш эгаллаганди.
Бутпарастликнинг асоси – табиат кучларини илоҳийлаштириб юксалтириш, расм, ҳайкалларда акс этган бу кучларга инсонларни сиғинтириш билан инсонларнинг қадр ва шарафини ерга уришдан иборат эди.
Бошқа пайғамбарларнинг ўз даврида амалга оширган вазифалари сингари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам давр таъсирида ўзгариб қолган бу асосларни асл ҳолига қайтардилар. Табиат кучларига сиғинишни ман этибгина қолмай, айни пайтда, бу кучлардан тўғри фойдаланишни билдириб, инсоният шарафини юксалтирдилар. Бинобарин, Аллоҳ таоло Ер ва кўкдаги нарсаларни, шу жумладан, инсонни ҳам шунчаки яратган эмас, демак, инсонга ақл ҳам бежиз берилган эмас.
Аллоҳ инсонни икки борлиқ – кўз билан кўринадиган моддий ва кўз билан кўринмайдиган маънавий борлиқ билан яратган. Кўпинча инсоннинг моддий борлиғи маънавий борлиғидан устун келади. Ўша пайт инсоннинг иродаси ҳақни таниёлмай қолади. Қалб кўзлари беркилади. Камолот даражасини топмаган ақлнинг кучи адолат ўрнатиш учун етмай қолади, кўз билан кўрилмайдиган нарсаларни тушунолмай қолади. Бу ҳол маънавий хасталикдир. Бу хасталикни даволайдиган бирдан-бир чора илоҳий тарбия бўлиб, унинг дастури эса, пайғамбарлар воситаси билан инсониятга юборилган ваҳийдир. Ваҳий фақат пайғамбарлар воситасида юборилади. Таъбир жоиз бўлса, илоҳий ваҳий – Ер юзига пайғамбарларнинг юборилишидир.
Дин эса, ҳар бир пайғамбар ваҳий орқали Аллоҳдан олган ҳукмлар йиғиндисидир. Дин деганда, ягона Аллоҳ ва Унинг элчиси эсга келади. Ваҳийга суянилмаган, бир пайғамбар томонидан етказилмаган кўрсатмаларга “дин” деб бўлмайди.
Аллоҳнинг ҳузуридан пайғамбарлар орқали инсониятни ҳидоятга чақириш учун юборилган дин Ислом динидир.
Ислом дини инсон яратилгандан буён мавжуддир. Инсоният бор экан, у ҳам албатта туради. “Аллоҳ” фикрининг йўқолиши инсоният ҳаётига нуқта қўйилишидир.
Исломий эътиқодга кўра, пайғамбарлик Аллоҳнинг бандаларига берган энг буюк лутфидир. Инсонлик даражасининг энг юксак чўққисидир. Ҳеч ким пайғамбарлик мақомига ўз ақли, билими ва ғайрати билан эришолмайди. Пайғамбарлик мерос ҳам қолмайди. Пайғамбарларни Аллоҳ таоло бандалари орасидан Ўзи танлайди.
Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:
﴿ ٱللَّهُ يَصۡطَفِي مِنَ ٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ رُسُلٗا وَمِنَ ٱلنَّاسِۚ إِنَّ ٱللَّهَ سَمِيعُۢ بَصِيرٞ ﴾
«Аллоҳ элчиларни фаришталардан танлайди, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир!» (Ҳаж, 75)
Азиз биродар! Бизга ўтмиш пайғамбарлар қанчалиги-ю, уларнинг шахсий ҳаётларини билиш муҳим эмас. Чунки улар ҳам сиз ва биздек оддий инсонлар бўлган, фаришта эмас! Фақат улар фазилатда, эзгуликда умматларига намуна ва инсон учун икки дунёда ҳам ҳузур-ҳаловат, бахт-саодат бахш этувчи эътиқодга бошловчи бўлган (Уларнинг барчасига Аллоҳнинг саломи бўлсин).
Аммо бизнинг билишимиз лозим бўлган нарса шуки, уларнинг барчаси қуйида келтирадиганимиз икки нарсага даъват этган:
Биринчиси. Ақида.
“Ақида” сўзи луғатда икки нарсани бир-бирига боғлаш, тугун маъносини англатади.
Истилоҳда эса, қалб билан соф диний таълимотни бир-бирига мустаҳкам боғлаш, ишониш.
Расуллар умматларини аввало соф ақидага, яъни Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлигини тасдиқ этиш, унга нолойиқ бўлган барча сифатлардан пок эканига ишониш, охират куни, ҳисоб-китоб, жаннат-дўзах ҳақлигига имон келтиришга даъват этган.
Ҳамма пайғамбарларнинг ақидаси бир бўлиб, шариатлари ҳар хил бўлган. Ақида бир неча нарсалардан ташкил топган бўлиб, уни қалбга мустаҳкам ўрнатиб олиш ва унга қалб ҳеч қачон гумон қилмаслиги ҳамда қалб унга ҳақиқий ишониши керак. Ақидасиз кишининг ҳаёти ҳаёт эмас. Ақидасиз умр жуда оғир ва маъносиз бўлади. Ақида билан ўтган умр эса жуда яхши, лаззатли ва маъноли бўлади. Бундай дейишимизнинг бир неча сабаблари бор:
Баъзилар одамда руҳ йўқ, фақат танадан иборат дейди. Лекин одамнинг танасида албатта руҳ бор.
Танамизни еб-ичиб қувватлантирганимиз каби руҳимизни ҳам худди шундай озиқлантиришимиз керак. Кишининг ақидаси қанчалик тўғри ва мустаҳкам бўлса, унинг қалби ҳам шунчалик тинч ва хотиржам бўлади. Аммо кишининг ақидаси қанчалик бузуқ ва нотўғри бўлса, унинг қалби ҳам шунчалик нотинч ва ташвишда бўлади. Аллоҳ таоло инсонга тўғри ва нотўғри йўлни кўрсатиб қўйди. Ким тўғри йўлда бўлса, азобдан қутулади. Ким нотўғри йўлда бўлса, азобда қолади.
Агар кишининг ақидаси тўғри бўлса, у ҳаётида ҳайрон қоладиган саволларга йўлиққанда, шу саволларга тўғри жавоб бера олади. Масалан: Мен кимман? Мени ким яратди? Нима учун яратди? Шу каби саволларга ақидаси соф одам тўғри жавоб бера олади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
﴿ يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ ٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمُ ٱلَّذِي خَلَقَكُمۡ وَٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ﴾
«Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво қилишларингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилинг» (Бақара, 21).
“Нима учун яратди?” деган саволга жавоб: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِيَعۡبُدُونِ ﴾
«Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).
Ҳаётда ҳар бир киши ўз ақидасига эга. Лекин ақида тўғри ёки нотўғри бўлишига қараб кишини бахтли ёки бадбахт қилади. Инсонлар ҳар қанча бой бўлмасин, агар уларнинг ақидаси тўғри бўлмаса, улар бахтсиз ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бундай дейди:
﴿وَمَنۡ أَعۡرَضَ عَن ذِكۡرِي فَإِنَّ لَهُۥ مَعِيشَةٗ ضَنكٗا وَنَحۡشُرُهُۥ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ أَعۡمَىٰ ﴾
«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳо, 124).
Инсон қанчалик кўп яшамасин, агар унда тўғри ақида бўлмаса, у ўзининг ҳеч кимга керак бўлмай қолганини сезади. Масалан, кимдир ҳаётини уй-жой солиш, бошқа бири обрў-эътибор топиш, яна бошқаси молу дунё йиғиш билан ўтказиб юборади. Тўғри, улар ўз мақсадларига етади, лекин охирига келганда ҳаммасидан қуруқ қолиб, ўзи учун зарур бўлган нарса бу нарсалар эмаслигини сезади. Уларнинг юраги нотинч бўлиб сиқила бошлайди, бойиган сари уларнинг ҳаловатсизлиги кучайиб боради. “Мен ўлсам, мол-дунём кимга қолади?” каби ўй ва саволлар кўпаяди.
Ақидаси тўғри бўлган одам, бу ҳаётда хотиржам яшайди. У бу дунёдан ўтгандан кейин охират бор, деб аниқ ишонади. Шунинг учун у бу дунёнинг неъматларига кўнгил қўймасдан яшайди ва ҳаётда қанчалик қийинчиликларга дучор бўлмасин, ҳаммасига сабр қилади. Бу дегани илм ўрганма, профессор бўлма, дегани эмас, аксинча, илм ўрган, олим бўл, фақат Аллоҳ учун ўрган, деган ақиданинг тасдиғидир.
Саодат асрининг буюк вакиллари бўлмиш саҳобалар ҳам ўз ақидаларида мустаҳкам бўлиб, уларни дунёнинг ҳеч бир нарсаси чалғита олмаган. Жумладан, ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)нинг Аллоҳ таолога бўлган имони шунчалик кучли эди, ҳеч бир нарса унинг имонига халал бера олмас эди. Ўз имони хусусида бундай деган: “Агар парда кўтарилиб, Аллоҳнинг жамолини кўрсам ҳам, имоним заррача кўпаймайди”.
Рибъий ибн Омир деган саҳоба оддий бир киши эди. У киши оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан таълим олган. У киши форс подшоҳига йўлиққан вақтида, подшоҳнинг “Нега келдинг?” деган саволига шижоат билан бундай деб жавоб берган экан: “Биз бандаларни бандаларга қулчилик қилишдан қайтариш, бандаларнинг Рабби Аллоҳга қулчилик қилишига ўргатиш учун ва ҳар хил жабру жафолардан Ислом адолатига олиб чиқиш учун юборилган қавммиз”.
Ҳақиқатан ҳам энг бахтли ҳаёт Аллоҳга ишониб, Унга қулчилик қилиб ўтказилган ҳаётдир. Ақида эса ҳаёт нима эканини ва дунёда қандай ҳаёт кечириш кераклигини ўргатадиган ягона илмдир.
Иккинчиси. Аҳком.
“Аҳком” сўзи луғатда “буйруқ”, “топшириқ”, “ҳукм” деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса: бу имтиҳон дунёда яшаши учун одам боласига бериладиган қисқа умр мобайнида бошидан ўтадиган турли хил жараёнлар билан боғлиқ қоидалар, ҳамда одоб-ахлоқ меъёрларидан иборат ҳукмлардир. Пайғамбарлар ўз умматларини кейинги галда шу аҳкомларга даъват этган.
Барча пайғамбарлар, биринчи қисм – ақидада бир хил бўлган ва қавмларини шу ақидага, шу эътиқодга чақиришган. Кишиларнинг эътиқодини ислоҳ қилиш, тафаккурини тарбия қилиш ҳар бир пайғамбарнинг энг биринчи ўриндаги бурчи бўлган.
Иккинчи қисм – аҳкомларда эса фарқ бўлган. Баъзи олдинги умматларга ҳаром бўлган нарса кейингиларга ҳалол қилинган ёки аксинча. Чексиз илму ҳикмат эгаси Аллоҳ таоло ҳар бир қавмнинг ўз замонаси, яшаш шароити ва яна бошқа томонларига мос энг керакли, фойдали ҳукмни жорий қилган.
Юқорида келтирганимиз ҳар икки қисм бир сўз билан “дин” деб ифодаланган, номи “Ислом” дейилган. Жамики пайғамбарларнинг дини бир бўлган ва улар одамларни мана шу ягона динга даъват этишга юборилган.
Ислом одамлар ўртасида бир ота-онадан бўлган оға-иниларники каби инсоний бирликни эълон этиш йўлини тутди. У жамиятдаги ижтимоий бирликни дарахтга ўхшатди. Шу ўринда Қуръон инсонларга асл инсоний бирликларини эслатиб турадиган: «Эй инсонлар... Эй Одам фарзандлари!» деган лафзлар билан кўп маротаба хитоб қилганини, шунингдек, бир дин фарзандларини миллати, тоифасини ажратмай: «Эй имон келтирганлар... Эй мўминлар!» дея чақирганини мулоҳаза этиб ўтишимиз фойдадан холи эмас.
Ислом аҳкомларидаги инсоний ўзига хосликни шариат бобларининг ҳар бирида аниқ сезасиз. Намозда одамларнинг барчаси Аллоҳ олдида баробар туради. Унда подшоҳ, ё улуғ, ё олим учун махсус макон ажратилмайди. Рўзада ҳам одамлар амир, ё бой, ё шарифга ажратилмай, бир хил даражада очликни бошдан кечиради. Ҳажда одамлар бир хил кийим кияди. Бир хил жойда туришади. Бир хил ибодатни адо этишади. Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, улуғ ёки омининг фарқи йўқ. Фуқаролик қонунларига қарасак, одамлар ўртасидаги алоқаларда устувор қонуният – ҳақиқат экани, қонунчиликдан кўзланган мақсад – адолат экани, ҳар қандай эзилган ва мазлум учун қонун қўлидаги байроқ – зулмни даф этиш эканини кўрамиз. Жиноятга оид қонунларда эса, жиноят қилган ҳар қандай кишига жазо бир хил эканини кўрамиз. Ким ўлдирса, ўлдирилади. Ким ўғирласа, жазоланади. Ким ҳаддан ошса, адаби берилади. Қотил олим ё жоҳил бўлишининг, мақтул амир ё деҳқон бўлишининг фарқи йўқ. Ёки тажовузкор мўминларнинг амири ё тўқувчи эканининг, тажовуз қурбони ажам ё араб, шарқлик ё ғарблик эканининг эътибори йўқ. Ҳаммаси қонун назарида баробардир.
Одамларнинг барчасига дин аҳкомларини бажаришда, ирқлари, рангларидан қатъи назар, инсоний мукаррамликни исбот этган пайтда шариат бундан ҳам юксакликка кўтарилди.
Аллоҳ таоло:
﴿ ۞وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلۡنَٰهُمۡ عَلَىٰ كَثِيرٖ مِّمَّنۡ خَلَقۡنَا تَفۡضِيلٗا﴾
«Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70), деб марҳамат қилган.
Одамларнинг ҳаёти, эътиқоди, илм олиши ва умр кечиришдаги барча ҳуқуқларига кафил бўлган бу ҳурмат уларнинг барчаси учун баробар эди. Одамларнинг ҳаммасига бир хил даражада кафил бўлиш давлатнинг мажбурияти эди. Инсонларни Аллоҳ мукофотлаши ва жазолаши асослари уларнинг зоҳир амалларига қараб эмас, балки ниятларига қараб бўлишини эълон қилган пайтда шариат юксакликнинг бундан ҳам юқори чўққисига кўтарилди. Ҳадисда: “Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингизга эмас, балки қалбларингизга қарайди”, дейилган. Демак, жазолаш ва мукофотлаш боиси ният экан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, амаллар ниятлар биландир. Ва ҳар бир киши нимани ният қилган бўлса, шу бўлади...”, деганлар. Аллоҳнинг ҳузурида мақбул ният – яхшилик, одамларга манфаат етказиш ва ҳеч қандай моддий ғараз ёки тижорий фойдани кўзламай Аллоҳнинг розилигини талаб қилишдир.
Қуръони каримда:
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱرۡكَعُواْ وَٱسۡجُدُواْۤ وَٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمۡ وَٱفۡعَلُواْ ٱلۡخَيۡرَ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ۩﴾
«Эй имон келтирган бандалар! Парвардигорингизга руку, сажда ва ибодат қилиб, яхшилик қилингиз! Шояд нажот топсангиз» (Ҳаж, 77) дейилади (бу оят сажда ояти бўлгани боис, ўқилганда сажда қилиш вожиб бўлади).
Дарвоқе, Аллоҳ таоло жорий қилиб қўйган боқий аҳкомларнинг замирида биз билмайдиган улкан ҳикматлар яширинган. Бу ҳикматларни англаш учун аҳкомларни амалга ошириш ва ҳаётимизга жорий этиш зарур.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарларнинг саййиди ва сўнггисидир;
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратлари;
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таваллудлари;
Бешик
Аллоҳ таоло бизни ота-оналаримизга яхшилик қилишга буюриб, шундай марҳамат қилган:
وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيماً وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيراً
“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!” (Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.)
“Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт” (Исро сураси, 23-24-оятлар).
Ҳа, биз ота-онамиз учун фарзандмиз, шундай экан уларни рози қилиш пайидан бўлишимиз керак. Оила қургандан сўнг айримлар ота-онасига нисбатан бепарвороқ бўлиб, ўз оиласи билан овуниб қолади. Бу жуда катта хатодир. Фарзанд доим ота-онасининг хизматида бўлишга интилиши, оиласидан ортиб уларга ҳам мурувват ва эътиборини кўрсатиши керак. Бу илоҳий амрдир. Оилада ака-ука, опа-сингиллар кўп бўлса, “Мен кеча қарадим, дориларига пул бердим. Бугун сиз қаранг ака ёки ука” деган ўта хунук гаплар қулоғимизга чалиниб қолади. Сиз акангиз ёки укангизни қараган-қарамаганини, дори олиб берган-бермаганини сўраб ўтирманг. Ўз вазифангизни билиб онангизга эътибор кўрсатаверинг. Қиёмат куни ҳар бир фарзанд ота-онаси олдидаги фарзандлик бурчини бажаргани ҳақида ўзи сўроққа тутилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أَبَاكَ».
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?» дейишди.
«Онангга», дедилар.
«Сўнгра кимга?» деди.
«Онангга», дедилар.
«Сўнгра кимга?» деди.
«Онангга», дедилар.
«Сўнгра кимга?» деди.
«Отангга», дедилар».
Демак, онага яхшилик қилгандан сўнг боланинг яхшилигига иккинчи ўриндаги ҳақдор киши отаси бўлар экан.
Донишмандлардан бири ота-онага яхшилик қилиш ҳақида шундай деган экан: “Ота-онага яхшилик қилиш дегани “Кеча мен қарадим, бугун сен қара” деб навбат тузиб олиш эмас, балки уларга яхшилик қилиш жаннат эшиги олдида “Мен аввал кираман, мен аввал кираман” деб шошилишдир”.
Она 6 та ўғлини катта қилишда ишлатган бешикни ёқиб юборди. Улар уйлангач, бирортаси муштипар оналарига эътибор қилмаган, хизматида бўлмаган. Онаизор бешикни ёқиш сабабини шундай изоҳлайди: “Ҳар гал кўзим тушганда қалбимни тирнаётган шу бешикни ёқиб юбордим”.
Бечора оналаримиз 5-6 та фарзандини ўстираман деб умрини сарф этади. 5-6 йил уйқусида ҳаловат бўлмайди. Ейдиган, ичадиган, киядиган ҳамма нарсасини болаларига илинади. Фарзандлар эса баъзан оналари олдидаги фарзандлик бурчларини унутиб қўядилар.
Бу расмда фарзандларидан дили оғриган она ўз ғазабини ичига ютолмай, болалари ётган бешикни ёқиб юбориб, аламини шу кўринишда олмоқда. Аслида оналар болаларидан ҳар қанча диллари ранжиб, хафа бўлсалар ҳам уни юзага чиқармай, фарзандларининг ҳаққига дуо қилишда, уларга меҳр кўрсатишда давом этаверишади. Шундай меҳрибон инсонга нима учун яхшилик қилмаслигимиз керак?!
Аллоҳ таоло бизни тарбия қилган ва ҳозир ҳам биз учун қайғурадиган ота-оналаримизнинг умрларига, ризқларига барака бериб, вафот этганларини раҳматига олсин!
Islom.uz сайти ва бошқа интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Салафи солиҳларимизнинг намоздаги хушуълари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида яшаган саҳобаи киромлар, саҳобалардан таълим олган тобеинлар, тобеинлардан илм олган табаъа тобеинлар китобларимизда “Салафи солиҳлар” деб юритилади.
Хўш, улар намозни қандай ўқишарди?
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қачон намозга турсалар, ўзларини йиғидан тутиб туролмас эдилар.
Али розияллоҳу анҳу намоз ўқиётганларида пешоналаридан ари чақиб олганини сезмаганлар. Шунингдек, у зот намозга таҳорат олаётиб татрашга тушардилар. “Сизга нима бўлди?” деб сўрашса, “Таклиф қилинганда осмонлар, ер ва тоғлар олмаган Аллоҳнинг омонатини адо этадиган пайт келди”, деб жавоб берар эканлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ҳисоблаб устларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида тош тушиб кийимининг бир томонини узиб кетганда ҳам сезмаганлар.
Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Муслим ибн Ясорни ҳеч намозда у ёқ бу ёққа қараганини кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб бозордаги одамлар ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай намозини ўқийверган”.
Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:
“Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар”, дедилар.
Табиблар:
“Бунинг учун сизга банж беришимиз керак”, дейишди.
У киши:
“Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман”, дедилар.
Табиблар:
“Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ”, дейишди.
Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:
“Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди”, дедилар.
У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб ҳушларидан кетдилар”.
Қосим ибн Муҳаммад айтадилар: “Ҳар куни эрталаб Оиша розияллоҳу анҳога салом берар эдим. Бир куни одатдагидек салом бериш учун унинг олдига келсам, зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиётган эканлар, намозда: “Мана, Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди ва бизларни самум (баданларни илма-тешик қилиб юборадиган шамол) азобидан сақлади” (Тур, 27), оятини ўқиб йиғлар эдилар. Ўша оятни такрорлайвердилар, чўзилиб кетди. Бу ҳол менга малол кела бошлади. У киши эса ҳамон ўша-ўша эдилар. Бозорга бориб, ишларимни битириб келмоқчи бўлдим. Хуллас, ҳожатларимни тугатиб келсам, у киши ҳали ҳам ўша оятни такрорлар, йиғлар ва дуо қилар эдилар”.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳам хушуънинг кучидан намозда ёғочдек қотиб турардилар. У кишининг ибодатга ниҳоятда ҳарис бўлганларини тарих китобларида кўп ўқиганмиз. Муслим ибн Банноқ Маккий айтадилар: “Ибн Зубайр рукуъга борди, мен Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида сураларини ўқиб бўлдим, сўнг у бошини кўтарди”.
Ҳабиб ибн Собит узоқ сажда қилганларидан одамлар уни ўлиб қолдими, деб ўйлашар экан.
Анбас ибн Уқба саждада тахтадек қотиб қолганларидан, ҳатто чумчуқлар у кишининг устига қўниб-учиб юришаркан.
Бу зотлар намозда ҳаловат топганлари боис ундан ташқарига чиқишни ҳечам истамаганлар, фақат қарилик, куч-қувватнинг кетиши узоқ ибодат қилишларига бир озгина халал берган.
Абу Исҳоқ Сабиъий айтадилар: “Намоз менга оғирлик қилди, заифлашиб қолдим, кучим кетди. Бугун намозга туриб, Бақара билан Оли Имроннигина ўқий олдим, холос”.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кўп намоз ўқиганлари ва унда узоқ вақт турганлари боис, қозиқ деб ном олган эканлар.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир куни намоз ўқиётганларида ўн етти жойларидан ари чақибди. Ибодатни адо этиб бўлгач: “Қаранглар-чи, менга нима озор берди?” деган эканлар.
Абдуллоҳ ибн Умар намоз ўқиётган бир йигитни кўриб қолдилар. У намозини ҳаддан ташқари жуда чўзиб ўқиётган эди. У зот: “Бу йигитни ким танийди?” деб сўрадилар. Бир киши: “Мен танийман” деди. Шунда Ибн Умар: “Агар уни таниганимда рукуъ ва саждани узайтиришга буюрардим. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, банда намозга турса, барча гуноҳлари билан бирга туради. Ўша гуноҳлари унинг бўйнига қўйиб қўйилади. Ҳар гал рукуъ-сажда қилганида ўша гуноҳлар бирма-бир тўкилади” деганларини эшитганман” дедилар.
Ибн Журайж шундай деганлар: “Мен Атодан 18 йил ажралмадим. У киши ёшлари катта бўлиб, заифлашиб қолганларидан кейин ҳам намозда тик турган ҳолда Бақара сурасидан 200 оят ўқир эдилар. Буни ўқиш асносида умуман қимирламас, заррача ҳаракат қилмас эдилар”.
Холид ибн Амр айтадилар: “Мусъирни кўрдим. Қарасам, унинг пешонаси сажда қилаверганидан эчкининг тиззасига ўхшаб кетибди”.
Ибн Раҳб айтадилар: “Ҳарамда Саврийни кўрдим. Шом намози ўқиб бўлингандан кейин намоз ўқиди, сажда қилди. Хуфтонга азон айтилгунича бошини саждадан кўтармади”.
Ибн Зубайр намозга турсалар худди дарахт шохига ўхшаб эгилиб қолар эдилар.
Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу намоз ўқиётганларида, у киши турган уйга ўт тушди. Шунда ташқаридагилар “Эй Расулуллоҳнинг набиралари, олов!” деб бақиришди. У зот бошларини кўтариб ҳам қўймадилар. Олов охири ўчди. У кишидан нега бундай қилганлари сўралганида “Мени охират олови сизлар айтган оловдан банд қилиб қўйди” деб жавоб бердилар.
Али ибн Ҳусайн агар таҳорат қилсалар рангилари сарғаяр, агар намозга турсалар қўрқувдан қалтираб, даҳшатга тушар эдилар. У кишидан бунинг сабаби сўралганида, “Кимнинг ҳузурида туришимни, кимга зорланиб, илтижо қилишимни биласизларми?!” деб жавоб бердилар.
Мансур ибн Муътамирнинг қўшнисининг қизи отасидан сўради: “Отажон, Мансур амакининг томларида турадиган катта ёғоч қаерга кетиб қолди?” Шунда отаси: “Қизалоғим, ўша сен ёғоч деб айтаётган нарса, аслида, Мансур амакинг бўлади. Кечаси ўша ерда намоз ўқийди-да” деб жавоб берди.
Яъқуб ибн Исҳоқ намоз ўқиётганда елкасидаги ридоси ўғирлаб кетилди. У киши буни сезмади. Яна жойига қайтариб олиб келинди. У Роббисининг ибодатига бутунлай ғарқ бўлгани учун буни ҳам сезмади.
Исҳоқ ибн Иброҳим айтадилар: “Мен намозда Саъид ибн Абдулазизнинг кўз ёши бўйрага тушишини эшитар эдим”.
Намоздаги хушуъ худди танадаги руҳ кабидир. Хушуъсиз намоз руҳсиз жасаддир.
Мутаррифдан, у отасидан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди”. “Сунан” эгалари ривоят қилишган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.
Юқоридаги ривоятдан кўриниб турибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.
Энди ўзимизни ўйлаб кўрайлик. Намоз ўқиганимизда бизни қандай хавф босади?! Кўксимиздан Аллоҳ таолодан қўрқинч йиғиси эшитиладими?! Ёхуд намозда аъзоларимиз барчаси ибодатга берилиб сукунатга тўлиб, қалбларимиз ўз Роббисига чамбарчас боғланиб турадими?..
Салафларимизнинг намоздаги хушуълари қандай бўлганини кўрдик.
Бир одам қилган ишни бошқаси такрорлаши осон. Фақат ихлос ва ҳаракат бўлиши керак, холос.
Бугунги кунимизда айнан ана шу нарсалар етишмайди. Шунинг учун бўлса керак, намозларимиз талаб даражасида эмас. Бу эса ўз навбатида ҳамма нарсага ўз таъсирини ўтказади. Бу таъсирнинг энг оддий мисоли, дуонинг қабул бўлмаслигидир. Дуо қабул бўлмаганидан кейин, у ёғи нима бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверади.
Бугунги кунги мусибатларимиз, эҳтимол, намозни қойиллатиб ўқимаётганимиздандир. Ўзимиз, оиламиз, жамиятимиз ва бутун инсониятга кўзланган хайр-баракага сабаб бўла олмаётганимиз ҳам, эҳтимол, шундандир?
Ўқиб ўрганган нарсаларимизга амал қилишга ўтайлик, ҳар бир намозга Аллоҳнинг қабулига кираётгандек тайёргарлик кўрайлик. Ҳар бир намозни Аллоҳ таоло билан муножот, деб билайлик. Ундаги рукуъни, хушуъини жойига келтириб ўқийлик. Натижа, Аллоҳ хоҳласа, кўп куттирмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни намозни ўз вақтида, ихлос ва хушуъ билан адо этадиган бандаларидан қилсин! ОМИН!
Islom.uz сайти маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Сувни исроф қилмайлик!
«Иссиқ сув», «совуқ сув» деб сувни танлаётган пайтимизда, жўмрак бузилиб қолиб, сув шариллаб оқиб ётганида, шлангдан кўчага, ҳовлига сув сепаётганимизда сув неъматига муҳтож бўлиб, лойқа сув ичиб яшаётган кўплаб инсонлар борлигини, бизга ато этилган барча неъматлар ҳақида Қиёмат куни сўралишимизни унутмайлик! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ
“Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар”. (Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми - сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.) (Такосур сураси, 8-оят).
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Раддия: Азонни овоз кучайтиргичда айтиш тўхтагани йўқ!
Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Мусулмонлар идораси тавсияси билан овоз кучайтиргичда азон айтиш тўхтатилди”, деган сарлавҳа билан бошланган хабарда гўёки Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани иддао қилинган. Ушбу бўҳтон маълумот ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу воқеанинг келиб чиқиш сабабларига аниқлик киритиш мақсадида, Наманган вилояти вакиллиги мутахассислари билан боғланди. Ушбу вилоят вакиллиги масъул ходимлари ва мазкур ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани ҳақидаги хабар мутлақо ёлғон ҳамда асоссиз эканини қатъий таъкидладилар.
Аллоҳ таолонинг изни ила диёримиз масжидларида мўмин-мусулмонларни намозга чорловчи азон садолари бундан буён ҳам янграйверади. Бунинг исботи сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги масжидларда мусулмонларимизни намозга чорлаётган, шу жумладан кучайтиричлар орқали айтилаётган азон садолари далил бўлади.
Шу ўринда айтиш керакки, ижтимоий тармоқларда турли хил ёлғон ва бўҳтон хабарлар тарқатаётган кимсаларга Аллоҳдан қўрқинг деймиз. Ҳақ таоло мўмин-мусулмонларни “Ҳужурот” сурасининг 6-оятида қуйидагича огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
Демак, ҳар қандай хабарни ким етказганига жиддий эътибор қаратиш лозим. Таъкидлаш жоизки, азон масаласида сохта хабарларни тарқатаётган манбаларнинг мақсадлари юртимиз мусулмонлари орасида фитна уруғини сочишдан бошқа нарса эмас.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиз масжидларида азон садолари бардавом бўлишини таъкидлаган ҳолда Ислом дини қадриятлари, уламолар ва Диний идора шаънига нисбатан айтилган ҳар қандай асоссиз гапларга нисбатан доимо муросасиз эканини маълум қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати