www.muslimuz

www.muslimuz

Пятница, 18 Октябрь 2019 00:00

Қуръон илмлари: КИРИШ

КИРИШ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ўзининг мўъжиза Китоби бўлган Қуръони Каримни илмларга асос қилган ва Қуръони Каримга хос илмларни жорий қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Қуръони Каримни Роббидан қабул қилиб, умматга омонат билан етказган ва Қуръон илмларига асос солган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин!
Қуръон ва унинг илмларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб, кейинги авлодларга етказган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!

Қуръони Каримнинг бизларгача сақланиб келишида восита бўлган, унинг илмларига хизмат қилган барча уламоларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!
Аммо баъд: камина ходимингиз араб тилида «Улуми Қуръон» деб аталмиш илм билан бошқа исломий илмларга қараганда кейинроқ танишдим. Аввал Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, кейин Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўқиб юрган кезларимда ҳам бу илм ҳақида хабар топмадим. Чунки ушбу икки илмий даргоҳда мазкур илм ҳақида ҳатто қисқа хабар тариқасида ҳам маълумот берилмас эди. Шароит юзасидан ҳамда олдиндан йўлга қўйилмаганидан бўлса керак, ҳатто устозларимиз ҳам «Улуми Қуръон» деган илм борлигини эсламас эдилар.

Либияга ўқишга борганимиздагина, «Улуми Қуръон» номли илм борлигини, унинг бошқа фанлар қаторида дарс қилиб ўтилишини биринчи бор кўрдим. Ўқув жараёнида бу илм билан танишар эканман, унинг қадрини, аҳамиятини англаб етдим. «Улуми Қуръон» илмидан дарс берадиган устозимиз шайх Иброҳим Абдуллоҳ Руфайда – Аллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин – Либиянинг кўзга кўринган уламоларидан эдилар. Дарслик сифатида ливанлик олим Субҳий Солиҳ раҳматуллоҳи алайҳининг «Мабаҳис фи улумил-Қуръан» деган китоби танланган бўлса ҳам, устозимиз ўзлари алоҳида тайёрлаган маърузалар матни асосида дарс ўтар эдилар. Гапларининг орасида «Улуми Қуръон» бўйича китоблар кўп бўлса ҳам, улардан қониқмаганларини тез-тез таъкидлаб турар эдилар.
Дастлаб бир оз мураккаб туюлган бу илмга қизиқишим кейинчалик беқиёс ортди. Кўп нарсалар ихлос билан ўрганилди. Ниҳоят, шаҳодатнома – диплом ҳимояси учун ёзиладиган илмий баҳсим ҳам айнан ушбу фанга оид бўлди. Бу илм юзасидан кўплаб мақолалар ва китоблар ўқилди, уламолар билан суҳбатлар олиб борилди. Шу билан бирга, ушбу маълумотлар ҳақида ватанимизда ҳам ҳеч бўлмаса аҳли илмлар «Улуми Қуръон»дан хабардор бўлишса эди, деган орзу қалбимда тез-тез такрорланадиган бўлди.

Бу орзу Либиядан ўқишни битириб келганимдан кейин Имом Бухорий номидаги Ислом маъҳадида ишлаб юрган кезларимда амалга ошди. Ўша пайтда ўқув барномасини ва дарсликларни қайта кўриб чиқишга муяссар бўлган эдик. Бу ишда бизга давлатимизнинг диний ишлар бўйича кенгаш раҳбари Ўзбек Аъзамович Рустамов ҳам ёрдамчи бўлган эди. Мен ўша вақтда у кишига «янги» фан сифатида киритилган «Мерос илми», «Мусталаҳул-ҳадис», «Аҳком оятлари тафсири» каби Ислом илмларининг аҳамияти ҳақида маълумот берар эдим. У ки-ши диний идорага айтиб, буларни дарс барномасига киритишни маслаҳат берар эди.
«Улуми Қуръон» бўйича қандай маълумот тақдим қилганим аниқ эсимда йўқ, аммо бу илм ҳам ўша пайтда дарс барномасига кириб қолган эди. Ўқув бар-номасидаги барча илмларга тааллуқли китоблар қаторида «Улуми Қуръон»га оид китоблар ҳам келтирилди. Ўзим даставвал мудир ноиби, кейинчалик мудир лаво-зимида фаолият юритган бўлсам ҳам, имконини топиб, тафсир, мерос ва «Улуми Қуръон»дан дарс берар эдим. Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг лутфи ила исло-мий илмлар ичида ниҳоятда аҳамиятли бўлган «Улуми Қуръон» илми бизнинг юртимизда ҳам фан сифатида ўрганила бошлади.

Аллоҳ таолонинг фазли ва карами ила ўз она тилимизда динимизга оид китоблар ёзиш бахти насиб бўлганда, турли илмларга оид китоблар билан бирга «Улуми Қуръон»га тааллуқли китоб ёзилиши ҳам кўзда тутилган эди. Шояд му-сулмонлар оммаси ҳам бу аҳамиятли илмдан бирмунча баҳраманд бўлсалар, деган ният бизга ҳамроҳ эди.
Ушбу эзгу ният «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг «Қуръон фазилатлари» деб номланган ўттизинчи жузи нашр этилиши билан қисман рўёбга чиқди. Ушбу китобда Қуръони Карим билан боғлиқ бўлган ҳадиси шарифларни шарҳ қилиш жараёнида «Улуми Қуръон»га оид хабарлар келган ўринда бу илмга доир айрим маълумотларни тақдим қилган эдим. Бу эса кишиларимизга керакли маълумот-ларни ўзига хос равишда етказишга хизмат қилди. Мазкур китобни ўқиган киши-ларимиз буни англаб етганлари жуда ҳам қувонарли ҳолдир.

Бир куни Қўқон тарафдан бир гуруҳ китобсевар зиёратчилар келишди. Уларга ўхшаш одамлар билан суҳбатлашиш инсоннинг руҳини кўтаради. Китоб ўқишнинг ўзи кишига қанчалик завқ берса, у ҳақда суҳбатлашиш ҳам шунчалик завқ бахш этади. Мазкур зиёратчилар билан бўлиб ўтган серзавқ, мазмунли суҳбат давомида улардан бири қуйидагиларни айтди: «“Қуръон фазилатлари” китобингиз учун алоҳида ташаккур айтамиз. Бу китобни ўқиш орқали кўп нарсани билиб ол-дик. Энг муҳими, ўзимиз қандай китобнинг уммати эканимизни англаб етдик ва бу билан фахрландик…»
Бу оддий ўқувчининг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Яхши ният би-лан қилинган ишнинг ижобий натижасини кўриш, у ҳақда эшитиш ҳар қандай кишига қувонч бахш этади. Ўша кезда мен ҳам мана шундай ҳисни туйдим, лекин шу билан бирга, бу нарса каминага бажарилиши лозим бўлган ишларни яна ҳам жиддийроқ тарзда адо этиб бориш зарурлиги масъулиятини юклади. Бинобарин, ҳадис илмларига оид «Мусталаҳул-ҳадис» китобини ёзиб битиргандан сўнг «Улуми Қуръон» бўйича ҳам бу илмнинг асослари ва қоидаларига амал қилган ҳолда алоҳида китоб битишга азму қарор пайдо бўлди. Қўлимизда мавжуд бўлган манбалардан фойдаланиб, бир китоб таълиф қилишга ожизона қўл урдик.
Аллоҳ таоло барча ишларимиз қатори, бу ишга ҳам Ўзи ёрдамчи бўлсин! Зотан, У Зотдан ўзга ёрдамчи йўқ! У Зот қандай ҳам яхши Хожа ва қандай ҳам яхши Ёрдамчи!


МУНДАРИЖА

Кириш

БИРИНЧИ ҚИСМ

«Улуми Қуръон»нинг таърифи
«Улуми Қуръон»нинг аҳамияти
«Улуми Қуръон»нинг тарихи
Ваҳий
Ваҳийнинг турлари
Ваҳийнинг даражалари
Ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон
Қуръони каримнинг таърифи
Қуръоннинг исмлари
Қуръоннинг нозил бўлиши
Қуръон ваҳийсининг бошланиши
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ваҳий
Қуръоний ваҳий ҳолати
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон
Ваҳийни тушуниб етмаслик
Қуръони каримнинг тарқоқ нозил бўлиши
ҳикматлари
Қуръони каримдаги илк ва сўнгги нозил
бўлган оятлар
Илк нозил бўлган оятлар
Сўнгги нозил бўлган оят
Қуръони карим оятларининг маккий ва маданийга
тақсимланиши
Макки ва маданий оятларнинг таърифи
Маккий ва маданий оятларни билишга элтувчи йўл
Маккий ва маданий оятларнинг аломатлари
«Сабаби нузул» илми
Сабаби нузулни билиш йўли
Сабаби нузулнинг ифода турлари
Сабаб бир нечта, нозил бўлган нарса битта бўлиши
Сабаб битта, нозил бўлган оятлар бир нечта бўлиши
Қуръони карим эъжози
Қуръоннинг арабларни беллашувга чорлаши
Қуръони каримнинг баёний эъжози
Қуръони каримнинг илмий эъжози

ИККИНЧИ ҚИСМ

Қуръони каримнинг жамланиши
Қуръони каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васаллам даврларида қалбларда жамланиши
Қуръони каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам даврларида саҳифаларда жамланиши
Қуръони каримнинг ҳазрати Абу Бакр даврларидаги
жамланиши
Қуръони каримнинг ҳазрати Усмон даврларидаги
жамланиши
Усмоний Мусҳафлар ҳақида
Оят ва сураларнинг тартиби
Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлиши
Расми Усмонийнинг такомиллашуви

УЧИНЧИ ҚИСМ

Қуръони каримда насх
Насх қилинадиган ҳукмларнинг турлари
Насхнинг ҳикматлари
Насх билан хослаш орасидаги фарқ
Насхнинг ўринлари
Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлишининг
қисмлари
Қуръони каримда муҳкам ва муташобиҳ
«Муҳкам» ва «Муташобиҳ» уламолар истилоҳида
Муташобиҳнинг қисмлари
Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар ва
муташобиҳ сифатлар
Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар
Аллоҳ таборака ва таолонинг муташобиҳ сифатлари
Муташобиҳ сифатлар бўйича салаф ва
халафларнинг тутган йўллари
Муташобиҳ сифатлар ва салафлар
Муташобиҳ сифатлар ва халафлар
Хулосалар
Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар
Муташобиҳ сифатлардан намуналар
Уламоларнинг муташобиҳга муносабатлари
тўғрисидаги хулоса

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ

Қироатлар ва қорилар
Қироатларнинг манбаси
Тафсир ва муфассирлар
Мовароуннаҳрда тафсир илми
Янги тафсирлар
Қуръони карим маънолари таржимаси
Манбалар рўйхати

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Қуръон илмлари» деб номланган китоблари.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи: «Қуръон илмлари»
Нашриёт: «HILOL NASHR» Нашриёти
Сана: 2017
Ҳажми: 504 бет
ISBN: 978-9943-4095-2-1
Ўлчами: 60×90 1/16
Муқова: қаттиқ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 4382-сонли тавсияси ила чоп этилган

“Агар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам

 бу инсонни кўрганларида, албатта хурсанд бўлар эдилар”.

(Абдуллоҳ ибн Умар)

Исмлари: Абу Муҳаммад Саид ибн Мусаййиб ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб ибн Амр ибн Оиз ибн Имрон ибн Махзум ибн Яқазо, Ал-қураший, Ал-маданий. Кунялари Абу Муҳаммад.

Оталари ва боболари саҳоблардан бўлиб, кучли, обрўли ҳамда Макка бошқарувида иштирок этувчи Бани Махзум қабиласига мансуб эдилар. Боболари Ямома жангида пайғамбарлик даъвоси билан чиққан “Мусайламатул каззоб”га қарши чиққанлар.

Саид ибн Мусаййиб 13-ҳижрий санада, Ҳазрат Умар халифалигидан икки йил ўтиб, илм манбаи, ҳадис ва фиқҳ маркази, саҳоблар диёри, барака ва раҳмат нозил бўлган Мадинада дунёга келганлар. Кўплаб саҳобалар билан ҳамсуҳбат бўлганлари уларда зуҳд, тақво, адолат, тўғрилик, салобат ва матонат касб қилишларида катта турки бўлди. Шу сабаб, Ибн Мусаййиб кибор – катта ва улуғ тобеъинлардан ҳисобланадилар.

У киши яшаган аср тўрт хулафои рошидинлар даври тугаб, Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳу бошқарувни қўлга олган пайтга тўғри келди. Ўша пайтда одамлар уч тоифага ажралишган эди: Шиалар, Хорижийлар ҳамда мўтадил мусулмонлар. Бундан ташқари кўпгина фитналар, сиёсий беқарорликлар юзага чиқиб кетган эди. Илм аҳллари эса иккига ажрган эди: ҳадис аҳли – Мадинада, раъй аҳли – Куфада жамланган эди. Одамлар орасида мавзу ҳадислар тўқийдиган, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга ёлғон ҳадислар нисбатланадиган бўлиб қолди.

Саид ибн Мусаййиб мана шундай таҳликали ва хатарли замонда фитналарга аралашмадилар. Қалбларини масжидга боғладилар. Ҳатто одамлар “Мана бу телбани кўринглар”, деб эрмаклайдиган ҳам бўлди. Шунга қарамай, ўз у киши ўз матонатида, саҳобалардан олган илоҳий тарбияларига содиқ қолдилар. Мадинада фатво берувчи етти тобеъиндан бири эдилар. Улар: Саид ибн Мусаййиб, Урва ибн Зубайр, Қосим ибн Муҳаммад, Хорижа ибн Зайд, Абу Бакр ибн Абдурроҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом, Сулаймон ибн Ясор, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Утба.

Ибн Мусаййиб бир вақтнинг ўзида муҳаддис,фақиҳ, муфтий, зоҳид, парҳезкор, обид ва олим зот эдилар.

Виқор ва салобатларидан ҳамма ҳам у кишига журъат қилиб гапирмас эди. Агар бир нарса сўрайдиган бўлса, раҳбарлардан изн сўргандек изн сўрар эди.

Пайғабаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида доимий дарслари бўлар эди. Мажлиси илму маърифат, яхшилик, панд-насиҳат ва фиқҳга бурканган эди.

Жуда кўп шогирдларга устозлик қилганлар. Масалан, ўғиллари Муҳаммад, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий, Умар ибн Динор, Қатода, Абу Зинод ва бошқалар.

У киши ҳақида уломолар, ҳамасрлари мақтовли гапларни айтиб ўтишган.

Ибн Умардан бирор нарса сўралса ва укишига бу нарса ойдин бўлмаса: “Саид ибн Мусаййибдан сўранглар, чунки, у солиҳлар билан кўп бирга ўтиради”. Яна: “У уламолардан бир. Агар Саидни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кўрганларида, хурсанд бўлар эдилар. Аллоҳга қасамки, у тақводорлардан”.

Макҳул айтади: “Ер юзининг ҳамма ерини илм талабида айланиб чиқдим. Саид ибн Мусаййибдек олимни учратмадим. У олимларнинг олими”.

Қатода айтади: “Унингдек ҳалол ва ҳаром илмини билувчини учратмадим”.

Имом Заҳабий “Тазкиротул ҳуффоз”да келтирадилар: “Имом, Шайхул ислом, Мадина фақиҳи, тобеъинлар улуғи, илми кенг, ҳурмати баланд,  дини мустаҳкам, ҳақни сўзлагувчи ва нафслар фақиҳидир”.

Ибодат ва қулликнинг асл мазмунини англаб етган эдилар. Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Зоида айтади: “Бани Лайслик ўспиринлар ибодатга берилган эдилар. То асргача масжидда ўтиришар эди. Шунда Солиҳ Саидга деди: “Мана бу ибодат!” Саид деди: “Бу ҳақиқий ибодат эмас, аслида ибодат динда фақиҳ бўлиш, Аллоҳ таолонинг ишларини тафаккур қилишдир”. Яъни ҳақиқий ва комил ибодат кўр-кўрона эмас, аксинча илм ва тафаккур билан қилингани демоқчи бўлдилар.

Кечаси Қуръон тиловатидан завқ олар, нафл ва таҳажжуд намозларини канда қилмас эдилар. Ўз аҳли оилаларини ҳам тунда таҳажжудга уйғотар эдилар.

Абдул Мунъим ибн Идрис оталаридан ривоят қиладилар: “Саид ибн Мусаййиб 50 йил хуфтоннинг таҳорати ила бомдодни ўқиган”.

Жамоат намозига алоҳида эҳтимом ва эҳтирмлари боис, 50 йил биринчи сафда, биринчи такбирда, яъни кеч қолмай ўз вақтида келар эдилар. Ўзлари ривоят қилиб: “Эллик йил бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормадим ҳамда бирорта одамнинг бошининг орқа томонини кўрмадим”, дедилар. Яъни биринчи сафни қўлдан бой бермаганлари тушунилади. Яна айтадилар: “Ўттиз йилдан бери муаззин масжидда азон айтса, мен албатта масжидга турган бўлар эдим”.

Жуда кўп рўза тутар ва уни сир сақлар эдилар. Рўза тутиш қайтарилган кунлардан бошқа кундарда албатта рўзадор юрардилар.

Ҳаж ва умра қилишга қаттиқ ҳаракат қилганлар. Ибн Ҳармала қирқ марта ҳаж қилганларини айтиб ўтган. Тўғри, ҳаж умр давомида бир маротаба фарз бўлсада, у киши Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор бўлиб, қайта-қайта Байтуллоҳга юзланар эдилар. “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақатгина жаннат бўлажак”, башоратидан умидвор эдилар.

 Дуони ҳам узоқ қилар, ижобати аниқ бўлар эди. Ҳатто Бани Умайя у кишига озор берганлари учун ҳаж қилиб, у ерда ўзларига қарши дуо қилишларидан чўчирдилар. Аммо Саид ибн Мусаййиб ўз нафслари учун баддуо қилмасдилар.

Саид ибн Мусаййиб оила қурадиган ёшга етганларида кўпчиликнинг у кишига ҳаваси ва ўз қизини илиниш ҳисси ҳам мавжуд эди. Буюк саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қизларини Саидга никоҳлаб бердилар. Ибн Мусаййиб саҳобанинг куёви бўлиш бахтига ҳам эришдилар. Кўпгина ҳадисларни қайноталари Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар.

Турмушлари содда, нонушта ва кечки таомлари оғиз очиш ва ёпишда еган нарсалари эди. Нон ва ёғ ёки бир неча хурмога қаноат қилганлар. Тақдир тақазоси ила ҳибс қилинганларида қизлари жуда кўп таом келтиради. Қизларига оддий, доимий ейдиган таомларни келтиришини, бу каби кўп овқат олиб келмаслигини таъйинлайдилар.

Ўзлари айтадилар: “Ким Аллоҳдан беҳожат бўлса, одамларга тиланадиган бўлиб қолади”. Шу боис, бировдан нарса таъма қилма, нарса ҳам олмас эдилар. Ўзлари ҳалол меҳнат қилиб, ёғ савдоси билан кун кўрардилар.

Қайноталари Абу Ҳурайра қизлари учун Саид ибн Мусаййибни муносиб куёв деб баҳолаган бўлсалар, ўзлари ҳам қизларини турмушга беришда энг муносиб куёвни танладилар. Тарихчилар ушбу машҳур қиссани завқ билан битиб қолдирганлар:

“Ибн Абу Вадоъа айтади: Саид ибн Мусаййибнинг илм ҳалқаларида, мажлисларида доим бирга бўлар эдим. Бир неча кунга йўқ бўлиб кетдим. Қайтиб келсам, “Қаерда эдинг?” деб сўради. Мен: “Аҳлим вафот этди. Уни сўнгги йўлга кузатиш билан машғул бўлиб қолдим”, дедим. Саид: “Бизга ҳам хабар бермабсан, бориб дуо қилардик”, деди. Кейин мен турмоқчи бўлгандим, “Бирортасини қўлини сўрадингми?” деди. Мен: “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, ким ҳам мендек фақирга қизини берарди. Бор йўғи 2-3 дирҳамим бўлса...” дедим. Шунда у: “Мана, мен сенга қизимни бераман”, деб айтиб қолди. “Сиз шу ишни қиласизми?” дея ҳайратда қолдим. У “Ҳа”, дедида, Аллоҳга ҳамд, Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга саловат айтди. Мени қизига икки ёки уч дирҳам эвазига никоҳлаб қўйди. Ўрнимдан турдим, шодлигимдан нима қиларимни билмай қолдим. Уйимга қайтиб бориб, кимнинг қизини олганимни, кимга омонотдор бўлганимни ўйлай бошладим. Рўзадор эдим, бир ўзим ифтор қилиб, бироз дам олдим. Кейин эшик тақиллади: “Ким у?” дедим. Ташқаридан: “Саид”, деган жавоб бўлди. Саид исмлари ҳақида ўйлай кетдим. Наҳотки Саид ибн Мусаййиб бўлса?! У қирқ йилдан бери ҳовлиси ва масжид орасидан бошқа ерда кўринмасди, бирор ерга чиқмасди. Менинг уйимга келган бўлса?” деб тараддудланиб қолдим. Олдига чиқдим ва: “Эй, Абу Муҳаммад, олдингизга чорласангиз, етиб борардим-ку, ўзингиз келибсиз!” дедим ҳижолатдан. У эса: “Йўқ, аксинча, сен келишга ҳақлироқсан. Бўйдоқ эдинг, мана, уйландинг. Энди ёлғиз ўзинг тунашингни яхши эмас. Мана аёлингни ўзим билан бирга олиб келдим”, дедида, қизини эшик томон ундади. Қиз уятдан йиқилгудек бўлди. Хонадаги нон ва ёғни чироққа яқин қўйдим. Тепага чиқдим ва қўшниларни ҳам чақирдим. Улар аста-секин кела бошлашди ва нима гаплиги сўрашди. Мен: “Алам қилсин, Саид ибн Мусаййиб мени қизига уйлантириб қўйди. Мана қизини олиб меникига келди”, дедим. Улар ишонқирамай, Саиднинг олдига йиғила бошлашди. Бу хабар онамга ҳам етди. У ҳам дарҳол етиб келди ва: “Шу қизга уч кун муносиб бўлишингдан аввал унга яқинлашсанг, юзим юзингга ҳаромдир!”, деди. Уч кун ўзимни ундан узоқ қилдим. Кейин ёнига кирдим. Кўрсамки, жуда гўзал, Аллоҳнинг китобини ёд олган, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳивасалламнинг суннатларига амал қиладиган ҳамда эрнинг ҳаққига ўта риоя қиладиган аёл экан. Бир ой ўтди. Саид бизникига келмади. Мен ҳам унинг олдига бормадим. Кейин унинг олдига бордим. Дарс айтаётган экан. Салом бердим, алик олди. То дарси тугаб, холи қолмагунимизча ҳеч нарса гапирмади. Кейин: “Бу одамнинг ишлари қандай?” деб сўради. Мен: “Дўст ҳавас қиладиган, душман куйиб ёнадиган ҳолатда”, дедим. Қайнотам деди: “Агар сени бирор нарса қониқтирмаса, асони ол (асо билан дакки беравер)”, деди. Кейин мен кетдим. У бизга йиригма минг дирҳам бериб юборди”.

Саид ибн Мусаййибнинг қизларига аслида номзодлар, харидорлар талай эди. Хусусан, халифа Абдулмалик ибн Марвон ўғли Язид ибн Марвонга қизларини сўраганда, ибн Мусаййиб буни сочиликни қабул қилмайдилар. Натижада, халифанинг ўғлига рад жавоблари учун юз дарра калтакланадилар. Олим зот тақвлдор қизини фақир бўлсада толиби илмга муносиб кўрган эди. Подишоҳнинг таҳдиди ва одамларнинг гап-сўзи уларни заррача ўйлантирмаган эди...

   

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Н.Саидакбарова тайёрлади 

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Энг гўзал муҳаббат осмонда “Албатта, Аллоҳ фалон бандасини яхши кўрди. Сизлар ҳам уни яхши кўринглар!” дея нидо қилинишидир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Эй Роббим! Чекувчиларнинг тавба қилишларини, кашандаликдан бутунлай қутулишларини насиб эт! Қалбларига чекишдан нафратланиш ҳиссини сол! Қалбларини кашандаликка ўрганиб қолишдан сақла ва ўрганиб қолганларга шифо бер!

*****

Ўзи ризқимни етказишга рози бўлганидан кейин ризқим учун маҳзун бўлгани Роббимдан ҳаё қиламан.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ

*****

Дунёнинг таърифи

Дунёимиз фақатгина:

- қониш имкони бўлмаган ташналик;

- тўйиш имкони бўлмаган очлик;

- роҳатсиз машаққатдир.

Дунё, агар Иймон бўлмаса, бўш, хароб, зулмат, ҳалокат ва фойдасиз ҳаракатдир.

Доктор Мустафо Маҳмуд

*****

Ухлаш олдидан калимаи шаҳодатни айтишни одат қилайлик! Чунки, кўзларимиз доимий уйқуга қачон кетишини билмаймиз.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ризқлар

Ризқлар фақат молнинг ўзи эмас, балки руҳ сокинлиги, ақлдаги нур, жасад соғлиги, қалб мусаффолиги, фикрнинг соғломлиги, онанинг дуоси, отанинг шафқати, ака-укаларнинг борлиги, фарзанд кулгуси, дўстнинг эътибори, Аллоҳ йўлида яхши кўрганларнинг бир-бирларига ғоибона дуолари ҳам катта ризқдир.

Аллоҳ таоло барчамизга ана шундай ризқларни кўпайтириб берсин!

*****

Отангнинг бошидаги сен кўраётган оқ соч сен яшаётган тўкин-сочин ҳаёт қиссасини ҳикоя қилади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Юнус алайҳиссаломни балиқнинг қорнидан чиқарган Зот сени ҳам ғамлардан қутқариб, сенга енгиллик, хурсандчилик ато этишга қодирдир. Қўлларингни дуога кўтариб, “Эй Роббим!” дегин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Уч нарса уч нарса билан билинади:

Дарахт, меваси билан билинади.

Дўст, шиддат пайтида билинади.

Сахий, унга ҳожат тушганда билинади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар сабабсиз сиқилишни ҳис қилсанг, қалбинг Қуръонни соғинибди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Одамни ҳам, тарвузни ҳам (таъмини тотмай туриб) қанақалигини билиш қийин.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Фарзандингизга ҳар қанча насиҳат қилсангиз ҳам, барибир, у кўпроқ феълингизга қараб тарбия топади.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Ингуштиянинг Сунже шаҳридаги Республика Қуръони карим мусобақаси жорий йилнинг 24 октябрь куни бошланиши маълум қилинди. Ушбу мусобақада 100 нафардан ортиқ ўсмирлар иштирок этиши қайд этилди.

Сунже тумани матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу мусобақалар "Вошал" ва "Миннац" хайрия жамғармалари ҳомийлигида ташкил этилмоқда. Мусобақа иштирокчилари икки ёш гуруҳига бўлинган ҳолда қатнашадилар.

1-гуруҳ: 15 ёшгача бўлган ўсмирлар;
2-гуруҳ: 30 ёшгача бўлганлар йигитлар.

Мусобақа 4 йўналишда ўтказилиши айтиб ўтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркия ва Татаристон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 314 миллион АҚШ долларидан 1 миллиард АҚШ долларилик миқдорга томон ўсиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Туркиянинг Қозондаги бош консули Исмет Эрикан маълум қилди.

Ҳалол маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмининг режаланган миқдорга етишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top