www.muslimuz

www.muslimuz

? 16 февраль куни, соат ⏰ 14:00 да (Тошкент вақти билан) тажвид устози ва ижоза соҳиби – Жаҳонгир қори Неъматов онлайн-тажвид дарсларининг 57-машғулоти ўтказилади. Унда Қуръони каримнинг 36-сураси бўлмиш ? "ЁСИН" сурасиннинг 68-76 оятлари ўқиш қоидалари ўргатилади.

Дарсларини ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Facebook: https://fb.me/e/37imOaZ0i

Youtube: https://youtu.be/UlHVev_sL3k

Instagram: https://www.instagram.com/muslimuzportali/

? Ўз қироатларини текширмоқчи бўлганлар жонли эфир вақтида 97-760-70-49 рақамли телефонга қўнғироқ қилишлари мумкин

#ОНЛАЙН_ТАЖВИД
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

«(Эй Муҳаммад) айтинг: “Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар. Сизларнинг динингиз сизлар учун, менинг диним мен учундир» (Кафирун сураси, 5-оят).

Оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маълум кофирлар зикр қилинган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга уларнинг имон келтирмасликларини билдирди.

Ривоят қилинишича, қурайшликлардан бир гуруҳи: “Эй Муҳаммад, кел динимизга эргаш, биз ҳам динингга эргашамиз. Олиҳаларимизга бир йил ибодат этсанг, Илоҳингга бир йил ибодат қиламиз”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Ширк келтиришдан Раббим асрасин”, дедилар. Қурайшликлар: “Олиҳаларимиздан бирини истилом этсанг (ўпсанг), сени тасдиқлаб Илоҳингга ибодат қиламиз”, дейишди. Ана шундан сўнг Кафирун сураси нозил бўлди. Эртаси куни қурайшликлар Масжидул ҳаромда тўпланишганда Набий алайҳиссалом уларга сурани ўқиб берганларида барчалари ноумид бўлишди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Қурайшликлар Набий алайҳиссаломга: “Сенга мол-дунё берамиз, Макканинг энг бой кишисига айланасан. Истаган аёлингга уйлантириб қўямиз. Ортингдан соядек эргашамиз. Эвазига олиҳаларимизни айблашдан тўхтайсан. Агар бунга рози бўлмасанг, бошқа бир оқилона таклифимиз бор. Унда сенга ҳам, бизга ҳам фойда бор. Бир йил бизнинг Лот ва Уззога ибодат қиласан. Сўнг биз Илоҳингга бир йил ибодат қиламиз”, дейишди. Ана шундан сўнг сура нозил бўлди».

“Ибодат қилмасман”, яъни сизнинг Илоҳларингизга келгусида ибодат қилмасман. Сиз ҳам Илоҳимга ибодат этувчи эмассиз. “Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман”. Мен олдин (яъни ваҳий келмасидан илгари) ҳам бутларга ибодат этмаганман. Энди нима учун уларга топинай? “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар”, яъни: “Мен ботилга, сиз эса ҳаққа ибодат этувчи эмассиз”. “Сизларнинг динингиз сизлар учун, менинг диним мен учундир”Мен сизларга юборилган ҳақ пайғамбарман. Сизни ҳаққа ва нажотга чақираман. Агар мендан шариатни қабул қилмас, эргашмас экансиз, у ҳолда мени ўз ҳолимга қўйинг, ширкка чақирманг.

“Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман” оятининг такрор келишига сабаб мушриклар талабларини бир неча бор арз этишди. Яъни: “Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага” бир он ҳам “ибодат қилмасман”“Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га” бир он ҳам “ибодат қилувчи эмассиз”». «Келажакда: “Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман”. Шунингдек, келажакда: “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз”».

Ибн Аббос ва Икрима розияллоҳу анҳумо сура Маккада нозил этилган, дейишади. Қатода ва Заҳҳок раҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўра у маданийдир. Анас ибн Молик ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кафирун сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенг”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Термизий ривояти). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Сафарларининг бирида Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бомдод намозини ўқидилар. Унинг ракатларида Фотиҳа сурасидан сўнг Кафирун ва Ихлос сурасини ўқидилар. Сўнг: “Мен сизга Қуръоннинг учдан бир ва тўртдан бир қисмини ўқиб бердим”, деб марҳамат қилдилар». Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу айтади: «Набий алайҳиссалом: “Эй Жубайр, сафарга чиққанингда хамроҳларинг орасида энг кўрками ва йўл озуқаси кўпи бўлишни истайсанми?” деб сўрадилар. Мен: “Албатта, хоҳлайман”, дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мана шу бешта: Кафирун, Наср, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқи. Қироатингни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошлагин”, дедилар. Жубайр айтади: “Аллоҳга қасам, кўп мол-мулк эгаси эмасдим. Қачон сафар қилсам, энг кўримсиз ва озуқаси кам киши мен бўлардим. Шу сураларни ўқишим билан галдаги сафаримдан қайтгунимга қадар шерикларимнинг энг кўрками ҳамда йўл озуқаси энг кўпи айландим”». Фарва ибн Навфал Ашжаъий айтади: «Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот алайҳиссалом: “Уйқудан один Кафирунни ўқи. Бу сура ширкдан покланишдир”, дедилар». Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қуръони каримда шайтонни энг кўп ғазаблантирувчи ундан бошқа сура йўқ. Чунки у тавҳид. Шунингдек, ширкдан покловчидир”, деб айтган.

Имом Замахшарий ва Имом Қуртубий тафсирлари асосида

Исмоил НУРИМОН тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 24-сонидан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, юртимиз тараққиётининг янги даврида буюк мутафаккирлар меросини асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш ишлари кенг жабҳада амалга оширилмоқда. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий ва Маҳмуд  Замахшарий сингари табаррук зотларнинг асарлари нафақат минтақамиз, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳидоят маёғидир. Шу боис, уларнинг илмий меросини, қолдирган битикларини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади.

Янги Ўзбекистонда кўп асрлик ноёб ва нодир асарларни сақлаш, халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, беназир зотларнинг маънавий меросини асраб-авайлаш, ҳаётга татбиқ этиш ва уларнинг мазмун-моҳия­тини ёш авлодга етказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир.

Ҳаёт давом этар экан, бу соҳада янги-янги талаблар кун тартибига қўйилиши табиий. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг жорий йил
10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу ҳаётий зарурат нуқтаи назаридан қабул қилинган тарихий, муҳим ҳужжат саналади. Ушбу қарорнинг эълон қилиниши маърифатли халқимизни, хусусан, дин пешволарини ҳам чексиз мамнун этди. Унда белгиланган вазифалар буюк аждодларимиз асарларини янада теран англаб етишга, ёш авлоднинг ана шундай ҳикматлар асосида камол топишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш сари ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлади, иншааллоҳ.

Ислом динида келажак авлодга илм-маърифат ва маънавият қолдиришнинг ажри улуғ, инсон вафотидан кейин ҳам амал дафтарига ёзилиб турадиган иш сифатида кўп бор ифодаланган. Ҳазрати Расулимиз алайҳиссалом айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар —
садақаи жория, манфаатли илм ҳамда солиҳ фарзанд”
(Имом Бухорий ривояти).

Садақаи жория — инсонлар ҳар доим ундан манфаат топадиган иш, савоби доимо оқиб турувчи амалдир. Масалан, халқ корига ярайдиган йўл, кўприк, мактаб, шифохона, масжид, мад­раса ва турли илм даргоҳларини барпо этиш кабилардир. Шу жумладан, нодир қўлёзма ва тошбосма китобларни асраб-авайлаш, тадқиқ қилиш ва халқимизга етказиш ҳамда бу жараёнга рақамли технологияларни жорий этиш айни садақаи жория ҳукмида бўлади.

Бизнинг заминда Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Қусам ибн Аббос каби кўплаб улуғ инсонлар абадий қўним топган. Қуръони каримнинг энг қадимги юзлаб нусхалари сақланиб келинади, ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган олимларнинг нодир манбалари асраб-авайланмоқда.

Мазкур қарор шу жиҳатдан ҳам янада муҳим аҳамият касб этади. Ҳукумат томонидан аждодлар меросини ўрганиш, уларни кейинги авлодга етказиш борасида қилинаётган мазкур амалий ишлар таҳсинга сазовор. Зеро, бу диёрдан нафақат ислом илмлари бўйича уламолар, балки аниқ ва табиий фанлар бўйича Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб олимларни санаб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фонди ҳам энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, унда 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан — “Ҳазрати Усмон Мусҳафи” ва “Катта Лангар Қуръони” қадимий ва табаррук манбалар ҳисобланади. Яна фондимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Жалолиддин Румий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа мутафаккирларнинг қўлёзма асарлари сақланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, аҳоли қўлида эъзозлаб сақланаётган ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, лекин давлат томонидан рўйхатга олинмаган қўлёзмалар ва қадимий босма китоб­лар сони биз ўйлагандан-да зиёдадир.

Шу каби бой меросни ўрганиш ва кенг ёйиш олдимизда турган долзарб вазифа. Буни ҳал этиш учун замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш бугунги кун талабидир. Шу боис, мазкур қарорда бу жараёнга рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Хусусан, қарорда буюк алломаларнинг илмий меросини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида оммалаштириш, улар тўғрисидаги маълумотларни замонавий усуллар орқали етказиш мақсадида Интернет тармоғида илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловаси ишга туширилиши белгиланди.

Шу билан бирга, мутафаккирлар ҳаёти, илмий мероси ҳақидаги маълумотлар, улар фаолиятига оид китобларнинг электрон нусхалари, фильмлар ҳамда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган бошқа турдаги маълумотлар ҳам мазкур порталга жойлаштирилиши унинг аҳамиятини янада оширади. Бу эса нафақат юртдошларимизга, балки бутун жаҳон оммасига мамлакатимизнинг бой илмий мероси билан танишиш ва улардан фойдаланиш имкониятини беради.

Қарордаги яна бир муҳим жиҳат, музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни муҳимлигига кўра, халқчил тилда босқичма-босқич нашр этишнинг йўлга қўйилишидир. Ноширлик ишлари жадаллашиб, музейлар, кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган асарлар оддий тилда чоп этилиб, аҳолига тақдим қилинади. Бу эса шубҳасиз, халқимизнинг билими юксалишига, ёшларни таълим-тарбияли қилиб тарбиялашга катта ҳисса қўшади.

Албатта, бу каби ишларни малакали мутахассисларсиз қилиб бўлмайди. Мазкур қарор билан кадрлар масаласи ҳам ўз ечимини топмоқда. Унга кўра, 2022-2023 ўқув йилидан жами 4 та олий таълим муассасасида “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади.

Ушбу ҳужжатда белгиланган яна бир долзарб вазифа хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали аҳоли ва турли фонд­ларда сақланаётган аждодларимиз қаламига мансуб қадимий ёзма манбаларнинг рўйхатини ва электрон нусхаларини аниқлаш, юртимизга олиб келиш чораларининг кўрилишидир.

Дастлабки маълумотларга кўра, “Ўзбекис­тонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг биринчи жилдида 30 мамлакатнинг 97 ташкилотида сақланаётган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Имом Мотуридий, Алишер ­Навоий сингари 150 дан ортиқ аллома ва мутафаккирларга оид қўлёзма асарларнинг 1001 та илмий тавсифини ўз ичига олган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодлар меросига эҳтиром кўрсатишдек эзгу ва хайрли ишлар бошланган экан, уни қўллаб-қувватлаш ҳамда камарбаста бўлишимиз зарур. Зеро, бундай савобли ишларнинг ҳам ажри чексиз бўлади. Қуръони каримда “Аллоҳ гўзал амал қилганларнинг ажру мукофотларини зое қилмас”, деб баён қилинган. “Раъд” сурасининг 29-оятида эса: “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун “тубо” (хушнудлик) ва гўзал оқибат (жаннат) бордир”, деб марҳамат қилинган.

Халқимиз учун катта неъмат бўлган улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо асарларини, ноёб ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ҳамда келажак авлодга безавол етказиш борасидаги ишларда Ҳақ таоло улкан муваффа­қиятлар ато этсин.

Нуриддин  ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бугун, 15 февраль куни Тошкент шаҳридаги Кўкча даҳасида жойлашган “Шайх Зайниддин” жоме масжидига пешин намозига ташриф қилишлари ҳақида хабар берган эдик. Ушбу хабардан воқиф бўлган пойтахтдаги минглаб мўмин-мусулмонлар жомега йиғилишди.

Муфтий ҳазратлари жамоат билан пешин намозини адо этгандан сўнг намозхонларга бугунги куннинг муҳим масалаларидан бири: “Ёшларни ижтимоий иллатлардан асраш – динимиз талаби!” мавзусида мавъиза қилиб бердилар.

Маърифий суҳбат давомида Муфтий ҳазратлари жамиятнинг ривожи ёшларимизнинг ақлий, илмий ва жисмоний салоҳиятига боғлиқлиги, Ватан тараққиётига ҳисса қўша оладиган ёшларнинг тарбиялаш, таълим бериш учун, аввало, уларни олий мақсадлардан чалғитувчи: Вақтни бекор ўтказиш, қимор ва турли ақлни кетказувчи нарсаларни истеъмол қилиш ҳимоя қилиш, маънавий бузуқликлар, шафқатсизлик, қотиллик ҳамда динни нотайин кишилардан ўрганиш каби ёмон иллатлардан ҳимоя қилиш бўйича оят, ҳадис ва уламолар сўзлари асосида ҳаётий мисоллар билан мавзуни содда ва мазмунли тарзда очиб бердилар.

Файзли мавъиза ва гўзал қироатлардан минглаб мўмин-мусулмонларимиз баҳра олиб, иймону ихлослари янада зиёда бўлди.

Якунда жамоат билан юртга тинчлик ва фаровонлик сўраб хайрли дуолар қилинди.

Мазкур суҳбатни батафсил тарзда сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда матнли, аудио ва видео шаклда бериб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун, 11 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Кўк терак” жомесига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратлари бугунги жума мавъизаси: “Қуръони каримдаги энг буюк оят” (Оятал курсининг фазилати) мавзусида маъруза қилиш асносида ушбу ояти каримани ўқиб, сўнг ҳар бир оятини алоҳида оят, ҳадис ва уламолар сўзлари асосида тафсирини айтиб ўтдилар.

Муфтий ҳазратлари “Оятал курси”нинг фазилат ва фойдалари ҳақида сўзлаб, жумладан бундай дедилар: “Оятал курси ўқилган уйдан жину шайтолар қочади ва ўқигувчини Аллоҳ таоло Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлайди. Ҳар бир фарз намоздан кейин Оятал курсини ўқиш – кишини жаннатга киришига сабабдир. Расулимиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсини ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривоятлари). Бошқа ҳадиси шарифда: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсини ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади”, дейилади (Имом Табароний ривоятлари).

Намоздан кейин ўқиладиган Оятал курси ва зикрлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга қилган тавсиялари бўлиб, мустаҳаб амалдир. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари намоздан кейинги зикрларни фарз ва суннат ўртасида эмас, балки намознинг охирида ўқиш суннатга мувофиқ бўлишини таъкидлайдилар. Бунга Оиша онамиздан нақл қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган:“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам (фарз намозининг охирида) салом берганларидан кейин фақат “Эй Аллоҳ! Сен саломсан, салом сендандир, Сен муборак бўлдинг, эй жалол ва икром эгаси!” дейдиган миқдорича ўтирардилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятлари).

Шундай экан, фарзу суннатларни тугатгандан кейин Оятал курси, зикрлар, тиловати Қуръон ва дуо қилишлар ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларию феълларига мос келиб турганда, одамлардан ажралиб қолиб, улар суннат намозини ўқишга турганда анчагина ўтириб қолиш, натижада турли тушунмовчиликлар, ихтилофлар келтириб чиқариш ибодатнинг савобини кетказиб қўяди. Бу масалада нафсу хоҳишимиз билан эмас, балки суннатга мувофиқ йўл тутсак, айни муддао бўлар эди”.

Якунда Аллоҳ таолодан элу юртимиз фаровонлиги, ушбу масжид ободлиги ва жамоаси ҳаққига хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top