Рамазон-2018

Ўн йиллик рўза ва ўнта қадр кечаси

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни, Аллоҳ таолонинг бандаларга берган буюк неъматидир. Бу мавсумнинг фазли тўгрисида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар бор. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:   

“Қасамёд этаман тонг (вақти) билан, «Ўн кеча» билан, жуфт ва тоқ (нарсалар) билан” (Фажр, 1-3).

 Аллоҳ таолонинг турли вақтларга қасам ичиши, ушбу вақтларнинг фазитига далолат қилади. Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Имом Мужоҳид каби муфассирлар ояти кариманинг “Ўн кеча” қисмидан “Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни тушунилади”, деганлар (Ибн Касир).

Ушбу оят ҳақида Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “«Ўн кеча» зулҳижжанинг ўн куни, “тоқ” арафа ва “жуфт” қурбон ҳайити кунларидир”, дедилар” (Имом Аҳмад). 

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида намоз, рўза ва ҳаж каби ислом арконлари бўлган буюк ибодатларни жамланиши ҳам, бу ойнинг фазилатидир. Шунингдек, бу ойда қурбонликлар ва турли ҳил сақадалар қилинади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таолога бошқа кунлардагига нисбатан, зулҳижжанинг ўн кунлигида қилинган ибодат маҳбуброқдир. У (зулҳижжаниниг аввалиги ўн куни )нинг ҳар кун рўзаси бир йиллик рўзага тўғри келади. Унинг ҳар бедор ўтган туни қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”, дедилар”.

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Ўн кун ичида ўн йиллик рўза ва ўнта қадр кечасининг савоби! Аллоҳ таоло меҳрибон Зот. Бандалар бутун йил давомида бирдек ихлос ва эътиқод билан ибодат қилиши машкул иш. Шундай туну кунлар баракаси ва фазилати билан йил давомида қилинган камчиликлар тўлдирилади ва улуғ ажр савобларга эга бўлинади.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таолонинг ҳузурида барча кунлардагидан кўра зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган солиҳ амал улуғ ва маҳбубдир. Уларда таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва тамҳид (алҳамду лиллаҳ)ни кўпайтиринглар”, дедилар”.

Бу кунларни ғанимат билиб, ҳар қадамга таҳлил, ҳар нафасга такбир, ҳар неъматга ҳамд айтишни Аллоҳ насиб қилсин.

 

Баҳриддин Жўрабек ўғли

49836 марта ўқилди
Top