Рамазон-2018

Рўза тутиш яхшироқ

Аллоҳ таоло бизларни рўза тутишга буюрган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183). 

 

Бошқа оятда: “Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”, деб марҳамат қилган (Бақара, 184).

 

Ҳар йили бизлар йилнинг энг яхши ойи рамазонга ошиқамиз, ундаги ибодат лаззатини ҳис этиб, катта қизиқиш билан қарши оламиз. Чунки рўзанинг дунёдаги фойдаларини ҳамда охиратда унинг сабабидан олинадиган неъматларни англаб етган мўмин, бу ойни интиқ кутиши шубҳасиз.

 

Баъзилар эса, рўзада камроқ сигарет чекишларидан ёки озроқ ейишларидан малолланади. Аслида улар бу ибодатнинг ҳаловатини сезишмайди.

 

Мана шундай ҳолатга тушмаслик учун улуғ неъмат бўлган рўзанинг руҳимизга, танамизга, соғлигимизга фойдаларини билишимиз керак.

 

Мутахассислар ҳужайраларни асровчи омил, вируслар, бактерияларни йўқ қилишда рўзани энг фойдали муолажа деб топишди.

 

Айрим давлатларда фақат рўза билан даволайдиган махсус муолажа марказлари, уларда замонавий тиббиёт даволаши қийин бўлган, лекин рўза тутиш билан қисқа муддатда шифо топаётганлар борлиги бу фикрга яққол далилдир.

 

 

 

Рўза ва тан қуввати

 

Тадқиқотчилар фикрича, рўза тутган инсоннинг қувват даражаси энг юқори бўлар экан. Рўзадор инсон жасадида ўзи сезмаган кўп ўзгаришлар содир бўлади. Шайтон васвасаси камайгани боис инсоннинг қуввати ошади.

 

Жисмда қувватнинг ўндан бир қисмидан кўпроғи овқатни чайнаш, ҳазм қилиш пайтига сарфланади. Рўза ҳолатида бундай қувват сарфининг йўқолиши, инсонга роҳат ва ҳушёрлик бағишлайди. Тежалган қувват жисмни зарарли моддалардан, кераксиз қолдиқлардан тозалашга сарфланади.

 

 

 

Зарарли моддалар

 

Шифокорлар инсон ҳаётига хавфли моддаларни фақат рўза тутиб, ейиш-ичишни чеклаш орқали бартараф этиш мумкинлигини айтишади. Ичимлик суви ва ҳаводан оксидлар, карбон, қўрғошин ва олтингугурт каби заҳарли моддаларни ютамиз. Бу эса танага оғир юк бўлиб инсонни заиф ва ланж, фикрини тарқоқ қилади. Натижада сурункали касалликлар пайдо бўлади.

 

 

 

Руҳан тетик бўламиз

 

Рўзанинг кучли руҳий беқарорликни масалан, ақлий толиқиш каби изтиробни даволовчи улкан қудрати бор. Бунда рўза бош мияга ҳамда мия ҳужайраларига дам беради ва айни шу вақтда тана ҳужайраларини зарарли моддалардан тозалашга киришади.

 

Рўза турди мусибат, қийинчиликларга сабр қилишда ҳамда тушкунликларга қарши туришда ёрдам беради. Шунингдек, рўза уйқуни яхшилаб, руҳий ҳолатни  тўғри йўналтиради. Қондаги зарарли моддалар чиқариб ташлангач, бош мия ҳужайралари тозаланади. Натижада мия тафаккур қилишга кўпроқ куч топади.

 

Тадқиқотчилар 85 фоиз касалликлар тоза бўлмаган йўғон ичак ҳамда ифлос қондан келиб чиқишини таъкидлашган. Рўза эса ошқозон, йўғон ичак, ингичка ичакни зарарли моддалардан тозалаб, аъзоларга ёрдам беради.

 

ФАЙЗО

 

тайёрлади.

 

47176 марта ўқилди
Top