Рамазон-2018

Рўзадорларга хушхабар

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рўза ва рўзадорлар ҳақида кўплаб гўзал башорат-хушхабарлар берганлар. Жумладан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”,  деб марҳамат қилдилар.

Рамазон бу шундай муборак ойки, бу ойда рўза тутиш ибодат, рўза ҳолатда ухлаш ибодат, ҳатто гапирмасдан жим туриш ҳам ибодат, ифторликда таом тановул қилса ҳам ибодатдир. Зотан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу Рамазон ойи барака ойидир”,  деб бежизга айтмадилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир” дедилар, яъни рўзадор одам оиласининг нафақаси учун ишлаб меҳнат қилса ва чарчаганидан пешиндан кейин ёки асрдан сўнг бироз мизғиб олса, уни Аллоҳ таоло ҳар бир чиқарган нафаси учун зикр қилди, деб номаи аъмолига ёзиб қўяди. Рўзадорнинг мартабасига қаранг. Аллоҳ таоло рўзадор бандасини қандай азиз қилиб қўйди!

Шунингдек, Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза тутган кишининг гапирмаслиги, жим туришлиги тасбеҳдир”, дедилар. Яъни, рўзадор одам олдин ҳар хил номақбул сўзларга ўрганган бўлса, энди бу одатини тарк этиб яхши сўз, бўлмаса жим туриши лозимлиги тушунтирилмоқда. Мана шу ҳолда Парвардигори олам у инсонга сукут сақлагани учун «“Субҳаналлоҳ” деди», деб ҳисоблайди. Ҳадиснинг давомида келади “Рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажри орттирилади”, дейилади. Яъни, Рамазонда қилинган ибодатлари, бошқа вақтларда қилинган ибодатлари билан бир хил бўлса-да, аммо муборак ойда қилинган хайрли ишларнинг савоби етмиш даража кўтарилади. Бу жуда катта мукофотдир. Рамазонда ҳар тун 20 ракаат таровеҳ намози ўқилади. Бу 1400 ракаат намоз ўқилганнинг ажри берилади деганидир. Ҳамда бу ойда садақалар, хайрли ишлар, зикрлар 70 маротаба зиёда қилинади. Шунинг учун ҳам инсонлар закотларини ушбу муборак Рамазон ойида адо этадилар. Чунки Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амалга 70 марта кўп савоб берилади.

Ва яна ҳадисда рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб: “Рўзадорнинг дуоси мақбулдир” дейилади. Чунки у Аллоҳ таоло яхши кўрган банда бўлишга интилмоқда. У Парвардигори учун кундузи ейиш, ичиш ва оилавий муносабатдан узоқлашади. Раббиси учун нафсининг кучли орзуларини тарк этади. У Аллоҳ таоло учун фидокорлик қилганлиги сабабли ҳам Худои таоло унинг дуосини ижобат қилади.

Ҳадиснинг охирида Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  “Рўзадорнинг гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилдилар. Рўза тутган мусулмон мағфират даҳасида кўпроқ истиғфор айтса, албатта, гуноҳлари кечирилади. Бошқа бир ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилган:

Сизларга Рамазон ойи келди, барокот ойи келди. Унда кўп яхшиликлар бор. Сизларни Аллоҳ таоло Ўз раҳматига ғарқ қилади. Хатоларингизни кечириб, дуоларингизни ижобат қилади. Бу Рамазон ойида ибодат борасида қиладиган мусобақаларингизга Парвардигорларингиз рози ҳолда қараб туради. Бу ишларингиз билан Аллоҳ таоло фаришталарга мақтанади. Шунинг учун бу ойда Парвардигорларингизга ўзларингизни яхши томонларингизни кўрсатинглар. Чунки фақат бадбахт инсонгина Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади”.

Кўпчилигимиз шу баракотли ой туфайли номақбул амалларимизни тарк қиламиз. Шунингдек, бу муборак ойда ажру мукофотлари беҳисоб эканлигига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу сўзлари далилдир:

Бандаларим фармонимни тутиб, ейиш, ичиш ва ҳамма хоҳишдан кечдилар, шунинг учун уларнинг ажру савобларини ўзим бераман”.

Бу ойнинг фазилатларидан яна бири, рўзадор қандай инсон бўлишидан қатъи назар унинг дуоси, албатта, ижобат бўлади. Чунки бу ойда рўзадор инсонга Аллоҳ Ўз раҳмат назари билан қарайди ва фақат У учун тутилган холис рўзадорни дуосини ижобат қилади. бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилади:

Уч тоифа кишининг дуоси рад этилмайди. Улар: Рўзадорнинг оғзини очгунча қилган дуоси, одил имомнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, ушбу ойда бизлар Аллоҳга ўзимизнинг энг яхши томонларимизни кўрсатишимиз, ажру мукофотлар эга бўлиш учун кўпроқ хайрли амалларни қилишимиз зарурдир. Чунки Сарвари коинотнинг ўзлари бу ойда жуда саховатпеша бўлганлар ва биз умматларга ҳам шуни таълим берганлар.

Ушбу ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики, бу ойнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, эзгу ишлар қилишга шошилишимиз, шайтонлар кишанланган пайтда ёмон одатларимиздан қутулишимиз, истиғфору тасбеҳларни кўпайтириб, номаи аъмолларимизни ажру ҳасанотларга тўлдиришимиз, кўпроқ хайру эҳсонлар қилиб, савоблар шодасига эга бўлишимиз лозим экан.

 

Ҳошимжон Низомиддинов,

 Тошкент ислом институти талабаси

 

 

45301 марта ўқилди
Top