Рамазон-2018

Диққат, Рамазон!

Умр неъматини берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳаёт қадрига етишни ўргатган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Вақт ўтиб, умр кетмоқда, тунлар кетидан кунлар, ҳафталар кетидан ойлар келиб, ўз навбатида йиллар ўтмоқда. Умр ўтиши бир жиҳатдан неъматдек туюлса, бошқа жиҳатдан пушаймон ва надомат асоси бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Инсон Аллоҳ таоло буюрганидек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечирса, унга буюк ваъдалар бор. Агар бунинг акси бўлса… Аллоҳ асрасин. Бир сониянинг ўтиши бизни улғайтириб, ўлимга бир қадам яқинлаштиради. Соатнинг чиқ-чиқ овози, бизларга дунёдан “чиқ-чиқ” деяётгандек гўё. Ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси ғанимат. Биз унинг қадрига етяпмизми? Уни Аллоҳ таоло ибодати, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари, қариндош-уруғчилик алоқаларини мускамлаш, Қуръони карим тиловати каби савобли ишларга сарф қиляпмизми? Ёки бебаҳо вақтимизни дунё-охиратга манфаати йўқ нарсаларга алмашяпмизми? Ёки илм-маърифат ва касб-xунар ўрганиш мумкин бўлган марвариддан қиммат вақтни, интернет клубларда турли-туман ўйинлар, ижтимоий сайтларга бағишлаяпмизми? Ёки дўстлар даврасида бемаъно лағв сўзлар билан умрни зое қиляпмизми? Вақтни исроф қилиб, умрни беҳуда ўйин-кулгулар билан ўтказган кимсалар ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“«Ерда йиллар ҳисоби (билан фикрингиз) бўйича қанча турдингиз?» – дейди (Аллоҳ). Улар айтадилар: «Бир кун ёки ярим кун. Санаб турувчи (фаришталар)дан сўрагин!» (Аллоҳ) дейди: «Агар сизлар биладиган бўлсангиз, (дунёда) жуда оз турдингиз. Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизми?!» Бас, Ҳақ (ҳаққоний) ва Малик (подшоҳ) бўлмиш Аллоҳ юксакдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир ва (У) улуғ Аршнинг парвардигоридир” (Муъминун, 112-116).    

Манбаларда “Умр қисқа, уни ғафлат билан янада қисқартирмагин. Чунки ғафлат соатларни камайтириб, тунларни бекор ўтказади”, дейилган. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонлар алданиб қоладиган икки неъмат бор. Улар – саломатлик ва бўш вақт неъматидир” дедилар. Кўп инсонлар соғ-саломат савобли ишлар қилишга вақти-имконияти бўлса-да, уни бекор ўтказади, фойдаланмайди ҳамда манфаати йўқ нарсага ишлатади.

Умр бебаҳо хазинадир. Ким уни Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатига сарф қилса, қиёмат кунида хазина топади. Ғафлатда қолиб, гуноҳ-маъсият, ўйин-кулгу билан вақт ўтказган кимса қаттиқ пушаймон бўлади. Тун ва кун миниладиган уловга ўхшайди. Инсон у билан абадий саодатга ёки чексиз пушаймонликка боради. 

Салафи солиҳ уламолар вақтни ғанимат билиб ундан унумли фойдаланардилар. Бу ҳақида ажойиб қиссалар ҳам бор. Жунайд ибн Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) ўлим касалида, яъни вафотига оз қолганди. У эса Қуръон ўқишдан тўхтамасди. Шунда болалари, “Отажон, ўзингизни қийнаманг”, десалар. “Одамлар ичида машаққат чекишга энг ҳақли инсон бўлса, ўша мен”, деган экан. 

Асвад ибн Язид (раҳматуллоҳи алайҳ) тунда кўп намоз ўқирканлар. Унга дўстлари “Бироз дам олгин, роҳатлангин”, десалар. “Мен охират роҳатини хоҳлайман, у ерда дам оламан”, деган экан.

Салафи солиҳлардан бири: “Ким кун ва тунда намозга, Қуръон тиловати, зикр, тафаккур, илм талаби, ҳалол касб ҳамда уйқуга маълум вақтларни ажратиб қўйса, ўйин-кулгу ва бекорчи нарсаларга вақт қолмайди”, деган экан.

Вақтни, амалларни тартибга солишда намоз муҳим ўринга эга. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

     “...Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо, 103).

Баъзи олимлар вақтларини қуйидагича тақсимлаган эканлар: Бомдод намозидан кейинги вақт ёд олиш, тиловат, зикр ва тафаккур вақти. Қуёш чиқгандан пешингача иш, касб ва тижорат вақти. Пешин намозидан кейин илм талаб қилиш, тарих китобларини ўқиш вақти. Аср намозидан кейин нозик масалалар ва дақиқ жойларини чуқур ўрганиш вақти. Шомдан кейин ота-она, қариндош-уруғлар ҳамда ёру дўстларни зиёрат қиладиган вақт. Хуфтон намозидан кейин оила ва уйқу, туннинг охири қиём вақти.

Рамазон мусулмоннинг вақтини тартибга соладиган, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилинадиган ойдир. Бу ой ғанимат. Бу ойда яхши ишларни одат қилиб, бошқа ойларда унга доимо амал қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло бизларга ушбу Рамазонни ҳақиқий раҳмат, мағфират ва дўзаxдан озод бўладиган ой қилсин. Шунингдек, вақтимизни баракали қилиб, бизни унинг қадрига етадиганлардан қилсин.

 

 

Баҳриддин ПАРПИЕВ

45155 марта ўқилди
Top