muslim.uz

muslim.uz

“14 январ­­­­ ­– ­­Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланади

Маълумки ҳукуматимиз томонидан ҳар бир инсоннинг бу муқаддас Ватанда бахтли ҳаёт кечириши учун барча имкониятлар яратилиб, кун сайин шароитлар яхшиланиб бормоқда. Жорий 2017 йил юртбошимиз томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳам халқимизнинг турмуш тарзига бўлган юксак эътиборнинг белгисидир.

Хусусан, Давлатимиз томонидан янги иш ўринларини яратиш, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод қилиб вояга етказиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу имкониятлардан оқилона ва унумли фойдаланиб, ўз мақсади йўлида олға интилаётган ҳамда турли соҳаларда улкан марраларни забт этаётган ёшларимиз Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов таъкидлаб ўтганларидек юртимизнинг келажаги ҳисобланади.

Аммо ўз юртида шароит бўлатуриб, ўзга юртларга ноқонуний йўллар билан бойлик илинжида кетаётган баъзи-бир ёшларимизнинг борлиги аччиқ бўлса ҳақиқат.

Шу ўринда қуйидаги статистик маълумотларни келтириб ўтамиз. БМТ нинг берган маълумотига кўра, ҳар йили курраи-заминимизда 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад  7 миллиард АҚШ долларига тенг бўлади. Одам савдоси жиноятидан жабр кўрганларнинг қарийб 80 фоизи аёллар ва ёш болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва бола турли алдов йўллар билан хорижга олиб кетилмоқда ва сотиб юборилмоқда.

Баъзан эндигина балоғат ёшига етган мурғак ёшларимизнинг хорижга кетганини эшитсак қалбимизда махзунлик пайдо бўлади ва бир муддат тафаккур оғушига ғарқ бўламиз. Ахир шу она заминда дунёга келса-ю, ўзга юртларга кетса. Ўзга юртларга бориб онгу тафаккури бузилса. Оқибатда эса ўз Ватанига хоинлик қилса.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси орқали инсонларни огоҳликка даъват этадиган  турли ҳужжатли видеофильмлар намойиши,  радио эшиттиришлар ва бир қатор нашриётларимиз томонидан нашр этилган адабиётларимизда хорижда юрган юртдошларимизнинг аянчли оқибатлари ҳамда ачинарли ўлим топганликлари ҳақида малумотлар берилмоқда. Бу каби салбий ҳолатлардан ўзимизга керакли хулоса чиқариб, хайрли ҳаёт кечириш бизларнинг ҳамда навқирон ёшларимизнинг асосий вазифаларидан биридир.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ўз Ватанини тарк этиб, оқибатда унга хоинлик қилган бандаларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азобга мубтало қилади. Ушбу мақолани ўқиган юртдошларимиз, билиб-билмасдан нотўғри йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз, айниқса, ноқонуний йўллар билан чет элларга бориб, кейинчалик ўзини ИШИД деб атаётган манфур жангари гуруҳларга қўшилиб юрган баъзи-бир ҳамюртларимиз қиёмат куни Аллоҳга нима деб жавоб берадилар. Шу ўринда бир савол туғилади. Ахир инсон дунёга ўз Ватанига хоинлик қилиш учун эмас, балки уни обод этиб, номини дунёга тараннум этиш учун келади-ку.  Сўзимизга якун ясар эканмиз, барчамиз Аллоҳ бизларга муқаддас замин қилиб берган юртимизнинг тинчлигини қадрига етайлик.  Агар сўзимиз давомида қалбингизгиздаги Ватан туйғусини янада зиёда қила олган бўлсак,  камина ўзини юрт тинчлигига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшган бахтли инсон деб билади.          

                                                                                              Аброр АЛИМОВ,

                                                                                                 Тошкент шаҳар

                                                            “Қатортол” масжиди имом-хатиби

Пятница, 13 Январь 2017 00:00

“Ҳадис” фани ўқитувчилари учун

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг, барча соҳалар қатори таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларнинг маънавиятини оширишга жиддий эътибор берилди. Айниқса, диний таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, таълим тизими ривожлантирилди. Диний таълим тизимида қўлланиладиган ўқув адабиётлари, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий қўлланмаларни нашр эттиришга кенг имкониятлар яратилди.

Таълим муассасаларида талаба ва ўқитувчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиб, таълим сифатини оширишга, замон талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни етиштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, таълим стандарти, ўқув дастурлари ва бошқа маъёрий ҳужжатлар такомиллаштирилди. Шу билан бирга педагог-ўқитувчиларнинг билим савиясини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, анъанавий тарзда уларнинг малакасини ошириб бориш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларининг “Ҳадис” фани профессор-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш курсини ташкил қилиш мақсадида Диний таълим муассасаларининг “Ҳадис” фани профессор-ўқитувчилари учун 2017 йилнинг 5–11 январь кунлари Тошкент ислом институтида қисқа муддатли малака ошириш курси ташкил этилди.

Мазкур ўқув-машғулотлари орқали диний таълим муассасалари “Ҳадис” фани ўқитувчиларининг билим савиясини янада ошириш, таълимни илғор педагогик технологиялар ва интерфаол услублар асосида олиб борилишини таъминлаш, ўз устида мустақил ишлашига йўналтиришдан иборат.

Ўқув курсида 4 соатлик мустақил иш соатлари ажратилган бўлиб, тингловчилар ўқув курсининг якунига қадар белгиланган мавзулар бўйича мустақил иш тайёрлайди ва мавзу бўйича уни ҳимоя қилган тарзда мустақил иш раҳбарига топширади. Мустақил иш раҳбарлари сифатида Тошкент ислом институти педагог-ўқитувчилари жамоасидан Ф. Маманасиров ва С. Примовлар бириктирилди.

Ўқув курси якунида ҳар бир тингловчига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг малака оширганлик тўғрисидаги сертификат берилади.

 И. АХРОРОВ,

ТИИ ўқув ва илмий ишлар бўйича

проректор 

 

Пятница, 13 Январь 2017 00:00

Ўқув семинар машғулотлари

Тошкент ислом институтида ўқув жараёнларини ташкил этиш, ўқитиш сифатини янада яхшилаш, дарс машғулотларида илғор педагогик технологияларни, электрон дарсликлар, мультимедиа воситаларини кенг жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг билим ва малакаларини мунтазам ошириб бориш мақсадида 2017 йилнинг 3–10 январь кунлари институт профессор-ўқитувчилари учун 44 соатлик ўқув семинар машғулотлари ташкил этилди.

Дарс сифатини янада ошириш мақсадида машғулотларга аввалдан белгиланган мавзулар бўйича малакали мутахассислар таклиф этилди. Улар маъруза матнлари, слайдлар, тарқатма ва кўргазмали материаллар орқали ўқув семинар машғулотларини олиб бордилар.

Институт профессор-ўқитувчилари ҳам ўз навбатида машғулотларни ташкил қилган мутасадди раҳбарларга, дарс ўтган барча мутахассисларга миннатдорчилик изҳор этдилар.

Ўқув семинар ниҳоясига етгач ҳар бир тингловчига малака оширгани ҳақида сертификат топширилди.

 

И. Ахроров,

 ТИИ Ўқув ва илмий ишлар бўйича

 проректори  

Таълим муасссаларида таълим-тарбия ишлари самарадорлигини янада кучайтириш борасида фан ўқитувчиларининг ўз устида доимий ишлаши, тажриба орттириши, машғулотларда таълимнинг интерфаол услублардан кенг фойдаланишига жиддий эътибор қаратиш мақсадида “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида жорий йилнинг 05–07 январь кунлари умумтаълим ва ихтисослик фанлари ўқитувчилари учун ўқув-семинари (мастер класс) ташкиллаштирилди.  

Ўтказилаётган ўқув-семинарига Нукус шаҳри Ажиниёз номидаги педагогика институти “Педагогика ва психология” кафедраси, педагогика фанлари номзоди, доцент Нуржанова Райхан ва ушбу кафедранинг  катта ўқитувчиси Пазилова Меруерт ўз маърузалари билан иштирок этди.

Ушбу ўқув семинарини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад талабаларнинг қишки таътил пайтида соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда улардан таълим сифатини янада оширишга қаратилган янги инновацион, пед технологияларни амалиётда қўллаш орқали талаба ёшларнинг билим савиясини янада оширишдан ҳамда педагок ўқитувчиларни эса ўз устида тинмай ишлаши ва ўзаро тажриба алмашувидан иборат.

Ўқув семинари бошланишида тажрибали педагок ходимлар томонидан таълим технологиялари, ҳар хил турдаги метод машғулоти, дарс ўтиш жараёнларига тегишли бошқа касбий маслаҳатларга, жуфтликда ишланг, фикр улашинг уларнинг мазмун-моҳияти, амалиётда қўлланиш тартиби ва кутилган натижага эришиш йўллари кенг тушунтирилди.

Семинар якунида ҳар битта ўқитувчи ўзларининг бир кунлик семинардан олган таассуротлари, уларни ўз фани билан боғлаган ҳолда умумлаштириб, таълим соҳасидаги бор билимларини янада кенгайтиришга мувофиқ бўлдилар.

Саламат Кудайбергенов,

 “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”

ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Четверг, 12 Январь 2017 00:00

Солиҳ дўст шафоати

Инсон ҳаёти давомида солиҳ амаллар билан бир қаторда ўзига солиҳ дўст орттириши ҳам керак. Зеро, манбаларда солиҳ дўст қиёмат куни шафоат қилиш мақомига эга бўлиши, айтилади. Буюк аллома Ҳасан ал-Басрий шундай ривоят қилади. Қиёмат куни жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киради. Шунда жаннатга кираётган солиҳ киши: “Қани мени фалон исмли дўстим, мен уни жаннатга кираётганлар орасида кўрмаяпманку?”- дейди. Унга “Дўстинг жаҳаннамда”- дейишди. Шунда, у: “Эй Роббим, фалон исмли дўстим мен билан бирга жаннатда бўлмаса жаннат менга мукаммал бўлмайди”- дейди. Шунда Аллоҳ таоло унинг дўстини жаҳаннамдан озод қилиб, жаннатга киргизишга амр қилади. Уни дўзахдан чиқариб, жаннатга киргизадилар. Шунда жаҳаннам аҳли: “Ким уни жаҳаннамдан чиқарди, унинг солиҳ амаллари бормиди?”- деб сўрашади. Уларга:“Йўқ”,- деб жавоб берилади. “Отаси ёки акаси шаҳидми?”- деб сўрашади. “Йўқ”-деб жавоб қилишади. “Унда унга пайғамбару набийлар шафоат бўлишдими?”-деб сўрашади. “Йўқ”. “Унда ким уни шафоат қилди?”, дейишади. Шунга уларга:“Унинг солиҳ дўсти шафоат қилди”, дейишади. Шунда дўзах аҳли бақириб, шундай дедилар:

ٍ وَلَا صَدِيقٍ حَمِيمٍ فَمَا لَنَا مِنْ شَافِعِينَ 

Энди бизлар учун на оқловчилар бор, на бирор қадрдон дўст. (Шуаро,100-101)

فَلَوْ أَنَّ لَنَا كَرَّةً فَنَكُونَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ

Бас, кошки, бизга яна бир марта (яшаш) бўлса-ю, бизлар ҳам мўминлардан бўлсак. (Шуаро,102)

Қиссадан ҳисса, яхши дўст инсонга бу дунёда ҳам охиратда ҳам ҳамроҳ бўларкан.

 

Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ

Халқаро алоқалар бўлими мудири

Top