muslim.uz

muslim.uz

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан улуғ аллома Абул Муин Насафий зиёратгоҳини обод қилиш, илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, асарларидаги бугунги кун учун долзарб бўлган ҳикматларни ёш авлодга етказиш борасида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Айниқса, Абул Муин Насафийнинг ўз даврида пайдо бўлган ақидапараст оқимларга қарши турганлари, соғлом эътиқод борасида тинмай изланишлар олиб борганлари ва, мухтасар қилиб айтганда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашганлари бугунги кун учун жуда ҳам катта аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан алломанинг “Табсирату адилла” асари ўзбек тилига таржима қилиниб, мўмин-мусулмонларга туҳфа қилинди. Мана шу йўналишдаги ишларни узвий давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ташкилотларда 2017 йилнинг ноябрь ойини аллома Абул Муин Насафий ижодини ўрганиш ойи деб эълон қилинди.

Шу мақсадда Абул Муин Насафий ҳаёти ва ижодига бағишланган жума тезислари тайёрлаш, “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси ва интернет сайтларида мақолалар эълон қилиш ҳамда диний таълим муассасаларида тадбирлар ўтказиш белгиланган.
Мазкур тадбирларни ўтказишда барчани фаолликка чақирамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими

Пятница, 27 Октябрь 2017 00:00

Қуръон рекорд муддатда ёд олинди

Мисрнинг нашрларидан бири бўлган “Ал-Ватан” газетасида нашр этилган ҳабарга кўра, “Ал-Азхар” университети фармацевтика факультетининг 18 ёшли талабаси Шариф Сайид Мустафо Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг марҳамати билан 3 ойда ёд олишга муваффақ бўлди. Қолаверса, Шариф Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазратларининг “Саҳиҳ ҳадислар тўплами”ни 40  кунда хотирасига жойлаштириб олди.

Унинг бундай ноёб қобилиятига 100 бетлик матнни 6 дақиқада ўқиш иқтидори сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Қуръони каримни бундан ҳам қисқа муддатда ёд олганлар бўлиши мумкин, лекин икки йирик хадислар тўпламини 40 кунда ёд олиш Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам насиб этмайдиган нодир қобилиятдир.

Алишер САТТАРОВ

Халқаро алоқалар бўлими ҳодими

 

Ҳиндистоннинг Телингана вилояти Бош вазири Кай Чандра Сехар Рао Ҳайдаробод шаҳрида Халқаро Ислом маданияти маркази барпо этилишини маълум қилди. Кай Чандра Сехар Рао мазкур марказ биноси келгуси уч ҳафта ичида тугалланишини таъкидлади. Марказ тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, ташкилий ҳайъат томонидан меҳмонлар таклиф этилиб, улар учун Ислом таълимоти ва маданиятига оид турли хил  дастурлар ишлаб чиқилади. 

Бош вазири Кай Чандра Сехар Рао Телингана вилоятидаги кам сонли мусулмонлар жамоасининиг турмуш тарзини бошқа жамоалар турмуш турзи билан яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.   Шу сабабдан у зарур бўлган иш ўринларини яратишда мазкур вилоятдаги камсонли мусулмонлар раҳбарларига имтиёзли маблағлар ажратилиши бўйича фармон берди. 

Маълум бўлишича, 45 миллион кишидан иборат бўлган Ҳиндистоннинг Телингана вилояти аҳолисининг 12,5 фоизини мусулмонлар ташкил этади. 2017 йил статистик маълумотларига кўра, Телингана вилоятидаги мусулмонларнинг тенг ярми Ҳайдаробод шаҳрида истиқомат қилади. Аҳолиси бир миллиардга яқин бўлган Ҳиндистонда жами мусулмонларнинг сони 180 миллион кишини ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича Ҳиндистон дунёда Индонезия ва Покистондан кейинги ўринларни эгаллайди.   

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Илёсхон АҲМЕДОВ

тайёрлади

Среда, 25 Октябрь 2017 00:00

27.10.2017 й. Имонимизни асрайлик

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Имонимизнинг комил бўлишлиги ва тоат-ибодатларимизнинг мақбул бўлишлиги эътиқодимизнинг тўғри бўлмоғлигига боғлиқдир. Шундай экан, бизлар эътиқодимизга путур етказадиган ишларни қилишдан сақланмоғимиз лозим бўлади. Бугунги жума мавъизамизда динимизда қайтарилган, эътиқодимизга зид бўлган “Сафар ойидан шумланиш” масаласи ва шу каби иллатлар ҳақида Аллоҳ қодир қилганича сўз юритамиз.

Сафар ҳижрий-қамарий сананинг муҳаррам ойидан кейин келадиган иккинчи ойи ҳисобланиб, унинг бундай номланиши борасида уламолар бир нечта сабабларни кўрсатганлар. Баъзилар сафар “бўш” деган маънони англатади, бунинг сабаби сафар ойида Макка аҳли сафарга чиқиб кетиб, шаҳар бўшаб қолганлигидан, десалар, баъзилар бу ойда араблар бошқа қабилаларга уруш қилиб, бор-йўқларини талаб, ҳеч нарсасиз қолдирганларидан, деганлар (Ибн Манзурнинг “Лисонул араб” асари).

Жоҳилият арабларида сафар ойидан шумланиш одатлари бор эди. Ислом дини келгач, Пайғамбаримиз ﷺ сафар ойидан шумланиш йўқ эканлигини эълон қилдилар. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَا عَدْوَى وَ لَا صَفَرَ وَ لَا هَامَةَ" فَقَالَ أَعْرَابِيٌّ يَا رَسُولَ اللَّهِ فَمَا بَالُ الْإِبِلِ تَكُونُ فِي الرَّمْلِ كَأَنَّهَا الظِّبَاءُ فَيَجِيءُ الْبَعِيرُ الْأَجْرَبُ فَيَدْخُلُ فِيهَا فَيُجْرِبُهَا كُلَّهَا قَالَ: "فَمَنْ أَعْدَى الْأَوَّلَ" (متفق عليه

яъни: Абу Ҳурайра  дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ: “Касалликни ўз-ўзидан юқиши йўқ, ирим қилиш йўқ, сафар (ойи)дан шумланиш йўқ, бойқуш (ёки маййитнинг руҳи капалакка айланиши) йўқ”, дедилар. Шунда бир аъробий туриб: “Ё Расулуллоҳ! Нега мени туяларим саҳрода ҳудди кийикдай ялтираб юради-ю, қаердандир қўтир туя келиб туяларимни орасига киргач уларга қўтирини юқтиради?” – деди. Расулуллоҳ ﷺ: “Аввалги туяга ким юқтирган экан?!” – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳалигача баъзилар сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди ва ҳ.к. гапларга ишониб, ирим қилиб юришлари эътиқоднинг тўғри эмаслигидандир. Ҳолбуки, тарихчи Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз ﷺ Хадича онамизга сафар ойида уйланганлар, Ҳазрати Али нинг Фотима Gга уйланишлари ҳам сафар ойида бўлганлигини Ибн Касир  “Сийрат” китобларида баён қилганлар. Бундан ташқари “Сифатус-сафва” китобида Язид ибн Абу Ҳубайб: “Расулуллоҳ ﷺ Маккадан ҳижрат қилиш учун сафар ойида чиқдилар ва рабиул-аввал ойида Мадинага кириб келдилар” – деганлар.

Муҳтарам азизлар! Жамиятимиздаги баъзи кишилар ружу қўйган яна бир эътиқодга зид бўлган амал фол очтириш, фолбинлик билан шуғулланишдир. Динимизда фолбинларга ишонишдан қаттиқ қайтарилган ва буни ширкка тенглаштирилган. Чунки, фолбин ғайбни билишини даъво қилади, фолбинга борган эса бунга ишонади ва оқибатта иккиси ҳам оғир гуноҳкор бўлади. Аллоҳ асрасин, бу ҳолатда, ҳатто, имондан ҳам чиқиш мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ марҳамат қилганлар:

(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَىَّ" (رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَ التِّرمِذِيُّ وَ النَّسَائِي وَ ابْنُ مَاجَه وَ الحَاكِمُ

яъни: Абу Ҳурайра дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса, Муҳаммад kга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).

Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. “Аъроф” сурасининг 188-оятида: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман” – дейилган.

Бундан ташқари жамиятимиз учун зарарли ҳамда мўмин кишини имонидан айирадиган иллатлардан яна бири сеҳр-жоду билан шуғулланишдир. Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, баъзи кишилар орасида “илму амал” (иссиқ-совуқ) деб қилинадиган ишлар, уларга ружу қўйиш динимизда қораланади. Айниқса, сеҳр-жоду билан шуғулланиб, бошқаларга ёмонлик қилиш муқаддас динимиз таълимотига мутлақо зиддир. Пайғамбаримиз ﷺ марҳамат қилдилар:

عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رضي الله عنه، عَن النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ" قَالُوا: "يَا رَسُولَ اللَّهِ وَ مَا هُنَّ؟" قَالَ: "الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَ السِّحْرُ وَ قَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَ أَكْلُ الرِّبَا وَ أَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ وَ التَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَ قَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلَاتِ " (متفق عليه

яъни: Абу Ҳурайра 0дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ: “Ҳалокатга элтувчи еттита катта гуноҳдан сақланинглар” – дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ ﷺ! Улар қайсилар?” – деб сўрашди. Шунда: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, ёв босганда қочиш ва иффатли, мўмина, фаҳш ишлардан йироқ аёлга туҳмат қилиш” – деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Шунга асосан динимизда сеҳрнинг ҳар қандай тури ҳаром ҳисобланиб, уни ўрганиш, ўргатиш ва шуғулланиш қатъиян тақиқланган. Уламолардан Ибн Қудома: “Сеҳрни ўрганиш ва ўргатиш ҳаромдир. Илм аҳли ўртасида бу масалада хилоф йўқ” – деб таъкидлаган. Чунки айнан сеҳр ва фолбинлик каби иллатлар туфайли одамлар орасида фитна пайдо бўлиб, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшни, овсинлар ўртасида шубҳа, гумон аралашиб, оқибатда қариндош-уруғ, қўшничилик ришталарига путур етмоқда.

Кейинги пайтларда айрим вилоят, шаҳар ва қишлоқ жойларда мусулмон аҳолиси ўрталарида касалликларнинг барча турларини ҳам “даволайверишни” даъво қилувчи сохта табиб ва парихону-дуохонларнинг сони кўпайиб бораётгани маълум бўлмоқда. Ушбу сохта даволовчиларнинг ўзаро сўз бириктиришиб олган махсус кишилари бўлиб, бу кишилар халққа уларни мақтаб, қўллари енгиллиги, кўплаб беморлар улардан шифо топаётганлиги тўғрисида шов-шув гаплар тарқатиб таърифу тавсифларини авжига чиқарадилар. Шифо истаб борган беморларга мозорларга атаб қўй, эчки ёки товуқларни сўйишга буюрадилар. Беморлар эса шифо топиш умидида уларга қатнаб, қўлларидан келган хайру эҳсон ва назру ниёзларини улардан аямасдан сарф қиладилар. Пайғамбаримиз ﷺ дан бу борада қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

(عَنْ عَمرِو بنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ رَفَعَهُ قَالَ: "مَنْ تَطَبَّبَ وَ لَمْ يَكُنْ بِالطِّبِّ مَعْرُوفًا فَأَصَابَ نَفْسًا فَمَا دُونَهَا فَهُوَ ضَامِنٌ" (أَخْرَجَهُ الإِمَامُ الدَّارَقُطْنِيُّ و صَحَّحَهُ الإِمَامُ الحاكمُ

яъни: Амр ибн Шуъайб отасидан, у киши бобосидан, у киши Расулуллоҳ ﷺ дан ривоят қилиб айтадилар: “Ким тиб илмини билмай туриб табиблик қилса, оқибатда бирортанинг ҳаётига ёки соғлигига путур етказиб қўйса, унга зомин бўлади” (Имом Табароний ривояти ва уни Имом Ҳоким ишончли деганлар).

Дарҳақиқат, мазкур сохта табибларга ишониб, касалликни ўз вақтида мутахассис врачларга кўрсатмасдан, оғир аҳволларга тушиб қолаётган ёки баъзида сохта дорилар қурбони бўлаётганлар ҳам борки, улардан ибрат олиб, кўзни каттароқ очмоқ ва сохта даволовчиларнинг ҳийлаю найрангларидан доимо эҳтиёт бўлиб юрмоқлик ҳар бир ақл-идрок соҳибининг муҳим вазифасидир.

Муҳтарам жамоат! Қуйида Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул акбар” китобида келган баъзи ақидавий масалаларни баён қилиб ўтамиз:

- ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилган ва тавба қилмай туриб дунёдан мўмин ҳолда ўтган кишининг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола – хоҳласа жазо беради, хоҳласа афв этиб, асло дўзах азобига дучор этмайди.

- риёкорлик ва манманлик билан қилинган ҳар бир хайрли ишнинг савоби бекор қилинур.

 - Имон бу – биз эътиқод қиладиган Мотуридия ақидасига кўра, тил билан иқрор ва дил билан тасдиқлашдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирувчи нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўминлар имонда, тавҳидда ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар.

- Ислом бу – Аллоҳнинг буйруқларига таслим ва итоат этишдир. Имон билан Ислом ўртасида луғавий жиҳатдан фарқ бўлса-да, лекин Исломсиз имон, имонсиз Ислом бўлмас. Уларнинг иккиси астар билан авра ёки ич билан таш кабидир. Дин эса имон, ислом ва шариат аҳкомларининг йиғиндисидир.

- Аллоҳни барча сифатлари билан Китоби Қуръонда ўзи тавсиф этганидек ҳақиқий маърифат билан таниймиз. Лекин ҳеч ким Унга лойиқ, ҳақиқий ибодат билан ибодат қила олмайди. Лекин Ўз Китоби Қуръонда буюрганидек, Расулининг суннатида кўрсатилганидек ибодат қилиши мумкин.

- Демак, барча мўминлар маърифат – Аллоҳни танишда, ишончда, таваккулда, муҳаббатда, ризода, хавфда, умидда ва имонда тенгдирлар. Бундан ташқари амалларда эса, бир-бирларидан фарқ қилурлар.

- Аллоҳ таоло ўз бандаларига нисбатан фазлу карамли ҳамда адолатлидир: баъзида бандасига қилган ишига яраша эмас, балки бир неча баробар ортиғи билан савоб бахш этар. Гоҳида гуноҳига яраша жазо берур. Баъзан фазлига олиб, кечириб юборур.

Аллоҳ таоло барчамизни муқаддас динимиз ўргатган тўғри эътиқодда яшамоғимизда собитқадам қилсин!

Бугунги кунда замон технологиялар такомиллашиб бораётгани, кишиларнинг юмушларини енгиллатадиган бир қатор имкониятлар пайдо бўлаётгани ҳар қандай кишини қувонтиради, албатта. Аммо шу билан бирга етарлича муаммоларни ўзи билан олиб келганини ҳам инобатга олиб қўйиш лозим. Хусусан, ёшларни тарбиясини издан чиқишига, бир қатор исёнкор ишларни амалга ошишига айнан интернет сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Маълумки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га илк нозил бўлган ваҳий – «Ўқи» эди. Бу хитоб ҳикмат, ибрат, сабоқ ҳамдир. Негаки илк ваҳий маърифатга чорламоқда, илк ваҳий билим олишга чорламоқда, илк ваҳий инсонни бирон бир ишни бошлашдан муқаддам ана шу соҳани ўқиб, ўрганишга ундамоқда.

Ўқи хитоби инсон ҳаётини нурафшон қиладики, залолатдан огоҳ бўлиш йўлларини, оқни қорадан фарқлашни билади, кўр-кўрона бировларга эргашишни нотўғрилигини тушунади. Дарҳақиқат, соҳаларга оид қатор-қатор китоблар, ўқув қўлланмалар, ишланмалар бўлсаю, ўқилмаса соҳани билимидан бехабар қолинганидек, залолатдан огоҳлантириш, таҳдидлардан ҳимояланиш сингари долзарб масалаларни ўзида мужассам қилган китобни бировнинг қўлига берилсаю, унга бепарволик қилса, унинг залолат ботқоғига ботишида бошқанинг айби йўқ.

Ўқи хитоби илм олишни тарғиб қилмоқда. Илм эса, инсоннинг ҳаёт чироғидирки, илмли кишининг ҳаёти нурафшон бўлади, фикри кенг ва тиниқ бўлади, жамиятда ўзининг ўрнига эга бўлади. Илмли киши ҳар қандай чорасизликка барҳам беришга, жамиятга фойда келтиришга қодир бўлади.

Ўқиган киши илмли бўлади. Илмли бўлган киши эса қудратли бўлади. Илмнинг қудрати борасида Мирзо Улуғбекдан: “Сиз нега сиёсатни қўйиб, илм билан машғул бўлдингиз?” деб сўрадилар.

Мирзо: “Мен илмнинг қудратини бобомдан билдим. Бир сафар мен бобомнинг тиззасида ўтирар эдим, шу пайт ҳузурларига бир киши кирди, бобом шошиб унинг истиқболига ўрнидан турди. Мен тиззасидан тушиб кетдим. Кейин билсам, у зот олим экан, бобомнинг устози экан. Илмнинг обрў-нуфузини ана ўшанда кўрдим”, жавоб берди.

Илм олиш инсонга ҳаётий эҳтиёж бўлибгина қолмай, муқаддас динимиз буюрилган фарздир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”, деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, илмга бепарволик қилганлар, илмни хор қилганлар қиёмат кунида албатта ундан сўраладилар.

Ўқи деганда фойдали, манфаатли илмларни ўқиш назарда тутилмоқда. Бундай илмларни олиш инсонни камолот сари етаклайди, дунёсини ҳам, охиратини ҳам саодатли қилади. Шундай экан, ўқинг кўнглингиз ёришади, ўқинг зеҳнингиз, илмингиз ошади, ўқинг савобингиз кўпаяди, ўқинг бировга муҳтожликдан қутуласиз, ўқинг Аллоҳни яна ҳам яхшироқ танийсиз...

Динни ниқоб қилиб олган манфур, вайронкор ғояларни амалга ошириб юрганлар ва уларнинг сафига бориб қўшилиб қолаётган кимсаларни ҳолига ачиниб кетамиз. Уларнинг бу ҳолатга тушишига айнан илмсизлиги сабаб бўлди. Агар илмга эътибор берганларида ислом дини нима эканини англардилар, Ислом қилаётган ишларини мутлақо инкор этишини, унга қаршилигини тушунардилар. Таассуфки, ўқиш учун кўзлари бору аммо қалб кўзлари кўр. Улар ўқий олмайдилар.

Фарзандингиз ўқимишли, ҳаётда ўз ўрнини топишини истасангиз ўқинг. Аввало, ўзингиз ўқинг, шунда фарзандингиз ергашади. Майли кўп эмас, оз-оздан бўлса ҳам ҳар куни ўқинг. Шояд, сиздан илҳомланиб оила аъзоларингиз ҳам ўқий бошласа...                                    

 Абутолиб ИСАҚОВ

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби

Страница 48 из 264
Top