muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Соғлом она ва бола ҳар бир оила ва ота-онанинг эзгу орзуси, қувончи, қолаверса, бутун жамият ва мамлакатнинг таянчидир. Шу боис мамлакатимизда амалга оширилаётган барча эзгу ишлар негизида соғлом авлодни вояга етказиш мужассам.

Мустақил  юртимизнинг Биринчи Президенти “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур” - деган ҳикматли ибораси истиқлол йилларида халқимизнинг шиорига айланди. Фарзандларнинг соғлиги эса оналар соғлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам, юртимизда оналар ва болалар саломатлигига катта эътибор қаратилмоқда. Буни юртимизда йилларга муайян ном берилишида ҳам кўришимиз мумкин. 

Ушбу хайрли анъананинг 2000 йилни “Оналар ва болалар йили”, 2005 йилни “Сиҳат-саломатлик йили”, 2014 йилни “Соғлом авлод йили” га бағишлангани ва 2016 йилни “Соғлом она ва соғлом бола йили”  деб эълон қилингани юртимиз келажаги, халқимиз фаровонлиги йўлида оналар ва болалар саломатлигига қанчалик юксак эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Дарҳақиқат мустақил давлатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, ҳатто узоқ аҳоли марказларида ҳам оналар ва болалар соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида туғруқхоналар, шифохоналар, оилавий поликлиникалар, болалар шифохоналари ва сиҳатгоҳлар барпо этилган. Уларда тажрибали, малакали шифокорлар она ва бола соғлиги йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

Азиз намозхонлар! Ислом таълимоти кишилик жамиятида ўз ўрнини топиб, унинг дунёвий ва диний ҳаётида амалий суратда татбиқини топган илк саодат асридан бошлаб ёш авлод сиҳат-саломатлигига ва таълим-тарбиясига катта аҳамият бериб келади. Бу таълимот ва унинг йўл-йўриқлари жамият асосининг пойдевори, ум­мат истиқболи бўлган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси шарифлари айни шу маънога далолат қилади:

("لَأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ خَيْرٌ مِنْ اَنْ يَتَصَدَّقَ بِصَاعٍ" (رواه الترمذى

яъни: «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа­  беришидан яхшироқдир» (Термизий ривояти).

Фарзанд таваллуд топишидан аввал ота-оналарнинг ўзлари фарзандларига намуна бўлишлари учун турли салбий қусурлар ва иллатлардан сақланмоқлари, руҳиятларини доимо пок тутишга ҳаракат қилишлари зарур. Бу ҳақда халқимизнинг буюк маърифатпарвар тарбиячиси Абдулла Авлоний шундай дейди: “Тарбия қилувчилар табиб кабидирки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл иллатига “яхши хулқ” деган давони беради. Ортидан “поклик” деган давони бериб катта қилмоғи лозим бўлади. Бу сўзлар замирида юксак тажриба самараси ўлароқ, тарбияни тарбиячи ўзидан бошламоғи зарурлиги келиб чиқади. Зеро бола эшитганларидан кўра кўпроқ кўрганларига эргашади. ”

Кишилик жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми улар зиммасидадир. Она – бу тарбиячи, уй бекаси, хонадонимиз кўрки ва чиройидир. Аёл – биринчи навбатда онамиз, қолаверса жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг соғ-саломат ва солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Ҳикматларда: "Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор" дейилган.

Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:

(" اَلْجَنَّةُ تَحْتَ اَقْدَامِ الْاُمَّهَاتِ " (رواه الخطيب

яъни: “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, - деб марҳамат қилганлар.

Улуғ мураббий устоз Абдулла Авлоний: “Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадир. Чунки ўқимоқ, ўқитмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучлик, касалсиз жасад лозимдур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом вужуд керакдир” деб таъкидлаган. Бу айниқса, оналар учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам динимизда аёл-қизлар, оналар ва болалар соғлигига алоҳида эътибор берилади. Зеро, фарзанднинг соғлиғи онанинг соғлиғи билан боғлиқ. Агар она соғлом бўлса, фарзанди ҳам соғлом дунёга келади.  Бу эса жамиятдаги долзарб мавзулардан бири бўлиб ҳисобланади.

Буюк бобо-калонимиз Соҳибқирон Амир Темур шундай дейди. “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб, тўй тушурдим”

Муҳтарам жамоат! Ҳар бир ота-она балоғатга етган ўғлини уйлантириб, қизини турмушга узатади ва Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд ато этишини тилайди. Зеро, соғлом, баркамол ва солиҳ фарзандгина ўз ота-онаси, халқи, Ватанинг бахт-саодати йўлида хизматга шай, жонфидо бўла олади. Солиҳ, пок зурриёт сўраш ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:

 هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُ قَالَ رَبِّ هَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ ذُرِّيَّةً طَيِّبَةً إِنَّكَ سَمِيعُ الدُّعَاءِ

(سورة آل عمران/38)

яъни: “Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан». (Оли Имрон, 38).

 Ислом дини оналарни, умуман аёлларни доим эъзозлаган. Туғилганларидан умрларининг охиригача улар ҳақида ғамхўрлик қилиш эркакларнинг зиммаларига юклатилган. Аёллар турмушга чиққунича оталари, никоҳдан сўнг эса эрлари қарамоғида бўладилар. Уларнинг моддий ва маънавий таъминотлари маҳрамлари зиммасига юклатилади.                       

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهًا وَوَضَعَتْهُ كُرْهًا...

(سورة العنكبوت/8)

яъни:  Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир.

         Ушбу оятларда оналарнинг ҳомиладорлик пайтда қанчалик машаққатга тушишини зикр қилиняпти. Аёллар агар юқорида айтилганидек, ҳомиладор ёки эмизикли бўлса, динимизда уларнинг ва фарзандларининг саломатлигига зиён етмаслиги учун ҳатто ибодатларда енгиллик берилган.

(قَالَ النَّبِيُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ  إِنَّ اللهَ تَعَالَى وَضَعَ عَنِ الْمُسَافِرِ شَطْرَ الصلاة وَ عَنِ الْمُسَافِرِ وَ الحاملِ أو المرضعِ الصومَ أو الصيامَ (رواه الترمذي

яъни: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло мусофирдан намознинг ярмини, мусофир, ҳомиладор ёки эмизикли аёлдан рўза ёки рўзаларни кечиктирди (орқага сурди).         

       Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳомиладор ва эмизикли аёлларга рўза тутадиган бўлса, ўзи ва фарзандига зарар етадиган бўлса, уларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида тутмай туриши жоиз эканини айтиб ўтмоқдалар.  

Бу борада “Ҳидоя” китобида шундай келтирилади: “Ҳомиладор ва эмизувчи аёл ўзига ёки гўдагига зарар етишидан қўрқсалар рўзаларни  (харажни даф қилиш учун) очаверадилар ва қазосини тутадилар. Зиммаларига каффорат лозим бўлмайди. Чунки у узр туфайли очилди. Уларга фидя ҳам вожиб эмас”.

Рўза фарз ибодат, шариат арконларидан бири бўлсада ҳомиладор аёлга рўза тутмасликка рухсат берилиши исломда оналарнинг саломатлигига қанчалик юксак эътибор берилганининг яққол намунасидир. Чунки соғлом онадан соғлом бола дунёга келади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда оналарга фарзандларни эмизишга буюриб шундай марҳамат қилади:

 

{ وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلَادَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْن }

  яъни:  "Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар..."(Бақара сураси, 233)

  Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали чақалоқни икки ёшгача эмизиш болага ва онанинг саломатлигига нақадар фойдали эканига ишора қилиб, оналарга эмизиш таълимини ўргатмоқда.

 Оятнинг маъноси хабар, яъни, дарак гап маъносида бўлсада, аслида амр (буйруқ)ни ифода қилади. Чунки, эмизишлик гўдакнинг онадаги ҳаққидир. Бунга амал қилиб, икки йил гўдакни она сути билан боқиш, уни эмизиш нақадар зарурлиги ва фойдали  эканлиги барчамизга маълум.

Фарзандни соғлом бўлиб вояга етишида жисмоний тарбиянинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ишларда бўлганидек бу борада ҳам ўзлари бутун умматга ўрнак бўлганлар.

Шунинг учун ҳам, азиз юртимизда болаларнинг жисмонан бақувват, соғлом бўлиб ўсиши учун кенг шароит яратилмоқда. Ҳатто чекка-чекка қишлоқларда ҳам турли замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган кўркам спорт иншоотлари барпо этилиб, ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилинмоқда.

 Бу борада дунёда ягона бўлган уч босқичли тизим жорий қилиниб, барча ёшларнинг Республикамиз бўйлаб ўтказиладиган мусобақаларда иштирокини таъминланмоқда. Бу ишларнинг самараси ўлароқ, ёш спортчиларимиз жаҳон ареналарида ҳам юртимиз байроғини баланд кўтариб, Ўзбекистон довруғини бутун дунёга таратмоқдалар. Барчамиз Бразилияда бўлиб ўтган 2016-йилги ёзги олимпиада ўйинларида фаол иштирок этган спорчиларимиз тимсолида буни яққол кўрдик. Шонли спортчиларимиз юртимиз байроғини яна юқори кўтаришди.

Муҳтарам намозхонлар! Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб-ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.

Давлатимиз томонидан ёшларни баркамол этиб тарбиялаш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юзлаб мактаблар, лицей ва коллежлар қурилди ва қурилмоқда. Уларнинг илм ўрганишларига, даволанишларига, яхши дам олишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Ўз навбатида ота-оналар ҳам  фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, вақтларини беҳуда ўтказмасликка, гўзал хулқ эгаси бўлишга чақиришсин.

Дарҳақиқат, она ва фарзандлари баркамол, жисмонан соғлом, ақлан етук бўлиши жамиятнинг бахт-саодатидир. Айни вақтда Ҳақ таолонинг ҳам талабидир. Аллоҳ таоло муҳтарама оналаримизни соғ-саломат айласин, азиз фарзандларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақласин. Омин!

 

ЖУМА ТЕЗИСИГА ИЛОВА

   Муҳтарам жамоат! Барчамизга яхши маълумки, 2016 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кунидир. Мустақил она юртимизнинг тенг ҳуқуқли барча фуқаролари қатори мўмин-мусулмонлар ҳам ўзларининг Конституцион ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда мазкур сайловда, иштирок этадилар.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб кўрган номзодга овоз берадилар. Бу билан улар Президент мамлакатимиз тинчлиги, осойишталиги, халқимизнинг бахт-саодати, мамлакатимизда яшовчи барча миллат ва элатларларнинг ўзаро иттифоқлиги ва жиппислигининг асосий кафолати эканлигини яна бир бор намойиш этадилар.

Муҳтарам жамоат! 2016 йил 4 декабарь якшанба  куни бўладиган сайловга фаол иштирок  этайлик!

Пятница, 11 Ноябрь 2016 00:00

Раҳмат ёмғири ёғсин

Саудия Арабистонида икки масжид ҳодими қирол Салмон томонидан мамлакатдаги барча масжидларда истисқо намозини ўқиш жорий этилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига амал қилиш ниятида, узоқ вақт давом этаётган жазирама иссиқдан сўнг ёмғир ёғишини Аллоҳдан сўраб масжидларда истисқо намози ўқилмоқда.

Бугун Масжидул ҳарамда жамоат бўлиб, истисқо намози адо этилди. Унда Макка амири қирол Ҳолид ибн Файсал, икки масжид ҳодимининг маслаҳатчиси Абдураҳмон Судайс иштирок этди. Намоз масжид имоми, шайх Бадар бин Абдулазиз бошчилигида адо этилди. Шунингдек, имом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёмғир сўраб Аллоҳга қилган дуолари ҳақида маъруза қилди.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёмғир ёғганда «Аллоҳим! манфаатли ёғиш қилгин», дер эдилар”.

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади

Пятница, 11 Ноябрь 2016 00:00

Бетакрор ижодкор эдилар...

Яшил баҳор олиб келганди уни,
Ёз дарё бўйида сувга зор этди,

Қаҳратон ёнида юрди ҳар куни,
Ниҳоят суйгани – куз билан кетди.

Хуршид Даврон

(05.11.2016)

Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир (Анбиё, 35). Ҳа, бандалик ҳақиқати бу фонийликдир. Боқий қолгувчи ёлғиз Тангри таолодир. 

Инсонга ато этилган фурсат – умр ҳаётини эл-юрт учун, жамият учун манфаатли ўтказишнинг ўзи ҳам бир саодат. Куни кеча ўзбек халқи, ўзбек шеърияти ўзининг забардаст ўғлони – Ўзбекистон Қаҳрамони, Ҳамза номидаги, Абдулла Қодирий номидаги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари соҳиби, шоир ва ижодкор Абдулла Ориповни боқий дунёга кузатди.

Абдулла Орипов ҳозирги ўзбек шеъриятида инсон қалбидаги мураккаблик ва зиддиятларни  теран, ҳаққоний, ўзига хос бетакрор куйлаган ижодкор эди. Ўз ижоди ила ўзбек шеъриятига янгича бадиий тафаккур йўсинларини олиб кирди. Шоир Яссавий, Навоий, Бобур, Чўлпон сингари ижодкорлар бадиий анъаналарининг давомчиси бўлди. Айниқса, истиқлол йилларида халқимиз хотирасидан унутилаёзган миллий қаҳрамонларимиз, буюк сиймоларимиз образини ҳаққоний гавдалантира олган, қолаверса, исломий тафаккурга йўғрилган миллий ўзлигимизни тараннум этган моҳир ижодкор эди. Бу борада унинг машҳур “Ҳаж дафтари ” (1992), “Соҳибқирон” (1996) номли тўпламлари, “Бобур”, “Савоб”, “Бандага сиғинма”, “Ҳидоят йўли”, “Мен кимга суянгум”, “Зиёли”, “Илтижо”, “Орият”, “Инсон”, “Сўнгги макон” ва бошқа кўпгина асарини келтириш мумкин.

 Абдулла ака билан суҳбатларимизнинг бирида: “Тақсир, шеърларингизда имон ҳақида тафаккур ҳақида жуда кўп ёзгансиз”, дея марожаат этганимизда  – Бахил қанчалар диндор бўлмасин жаннатга кирмайди, олов ўтинни ёқиб битиргани каби ҳасад ҳасадчининг савобларини еб тугатади дейдилар. Мен гапни нарироқдан бошлаётганимнинг сабаби бор. Баъзиларда юзаки фикрлаш қусури кучайиб кетяпти. Айниқса, озроққина адабиётга даъвогарлиги бўлганларга бу дарднинг юқиши жуда ёмон. Ижодкор деганимиз, биринчи навбатда, тафаккур қилувчи жонзотдир. Бу қавм фикрлашсиз яшамаслиги, яшолмаслиги лозим. Ваҳоланки, аллақачонлар ўзини номдорлар қаторига қўшиб бўлган қаламкаш биродарларимизнинг кўплари ҳалигача Қуръони карим ёхуд ҳадиси муборакдан ҳам бехабарлар, дея айтган эдилар. 

Истиқлолимизнинг илк йилларида (1992 йил) Абдулла Орипов билан муборак ҳаж сафарида бирга бўлиш насиб этганди. Ўшанда моҳир ижодкор ўзларининг “Ҳаж дафтари” номли тўпламларини битган эдилар.

Абдулла Ориповнинг бадиий юксак ижоди халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин олган. Буюк истеъдод соҳибининг ижод намуналари асрлар давомида мухлислари томонидан севиб ўқилишига шубҳа йўқ. Аллоҳ таолодан севимли шоиримизнинг охиратлари обод бўлишини, асарларидаги миллий руҳ, маънавий покликдан сабоқ олган ҳар бир ўқувчи учун у кишига савоб ва мукофотлар етиб боришини сўраб қоламиз.

 

Анвар қори ТУРСУНОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

МЕН КИМГА СУЯНГУМ

Бир кун савол берди ёшгина ўғлон:
– Нечун Аллоҳим деб йиғлайсиз нолон?
Дедим, жавобимдан бўлмагин ҳайрон,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Тинимсиз алдаса муҳит, маконинг,
Тортса оёғингдан дўсту ёронинг.
Шундай ўтар бўлса ҳар зум, ҳар онинг,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Ношукур эмасман дунёда гарчанд,
Қайдадир менга ҳам бор балки дилбанд.
Ва лекин тириклай куйдирса фарзанд,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Инсофу ишонч ҳам ширин сўз бари,
Тириклик тошқиндир ёки кўпкари.
То ҳаёт экансан қочгайдир нари,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Шунчалар каж эрур дунёи гардун,
Ундан диёнатни ахтармоқ нечун?
Падар шод ўз ўғлин бағрин этса хун,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Мингта кўз пойлайди битта жонингни,
Жонингмас, мартабанг, балки шонингни,
Ўт қўймай ёқарлар хонумонингни,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Бу кўҳна дунёда яшадим нега,
Яйдоқ от мисоли бўлдим беэга.
Маломат қилурман, оломон, сенга:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Мендан ранжимасин бўлса дўст агар,
Балки уларнинг ҳам дилида кадар,
Ҳойнаҳой, мендайлар дегай муқаррар:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Умр ҳам охирлаб бормоқда секин,
Энди сарғаймоқда мен эккан экин.
Майли, сен ўзингга суянгил, лекин,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

 

СЎНГГИ МАКОН

Қайга бориб қўнар учаётган сор,
Қайси жойда тўхтар югурук оҳу?
Жавоб бериб бўлмас бу гапга зинҳор,
Бу жиҳат ёпиқ, деб айтилган, ёҳу.

Узоқ йиллар яшаш ҳар кимга армон,
Гарчи дунё ўзи фоний, муваққат.
Филда ҳам бор эмиш энг сўнгги макон,
Инсонга буюрсин Ватани фақат.

 

ОРИЯТ

Ер юзин тасмадек олгандир ўраб,
Турфа қавмларнинг сафи, қатори.
Бир ёнда боёнлар туришар қараб,
Ишларин ҳамиша келган барори.

Бир ёнда йўқсиллар тизилган борҳо,
Бошқалар сингари яхлит жамоат.
Лекин тиланишдан чарчамас асло,
Балки шараф эрур бундайин одат.

Учинчи қатор бор, учинчи қатор,
Хайру эҳсон кутиб, тиз чўка қолмас.
Улар ноёб зотлар, орияти бор,
Олтин танга узат, барибир, олмас!

Пятница, 11 Ноябрь 2016 00:00

Байроғимиз – фахру ғуруримиз

18 ноябрь Ўзбекистон Республикасининг “Давлат

байроғи  тўғрисида”ги   қонуни  қабул қилинган  кун

Яқинда  давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 25 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига  юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.
Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.

Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

 “Хожа    Бухорий”    ўрта   махсус  ислом   билим  юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари             

 

Пятница, 11 Ноябрь 2016 00:00

Фасод иш ортида разил мақсад бор

Маънавиятни юксалтириш, хусусан, келажагимиз бўлмиш ёшлар ахлоқини юксак инсоний фазилатлар билан бойитиш, уларни мафкуравий хуружлардан асраш давримизнинг долзарб масалаларидан биридир.

Бу борада мустаҳкам имон, буюк эътиқод, ҳаққоний маслак эгаси бўлган, Ватаним деб қайғурган, унинг озодлиги, истиқболи учун умр бўйи курашган, давр тузумининг сиёсий, иқтисодий тазйиқларига бардош берган, миллатнинг виждони бўлган биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг асарлари замонамиз ёшларини юксак маънавият, ахлоқ, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. У киши ёшларимизни она-Ватанга муҳаббатли, бой тарихимизга, муқаддас Ислом динига садоқатли, миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишларини кўп бора таъкидлар эди.  

Чунки бугунги тезкор ўзгаришлар даврида ёшларимиз онги ва қалбини эгаллаш учун астойдил уринаётган ёвуз кучлар мавжуд. Улар айрим ёшларнинг соддадиллигидан фойдаланиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби баҳоналар билан ўз тузоқларига илинтиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Ёвуз кучлар томонидан қилинаётган қўпорувчиликлар, хунрезлик ва босқинчиликлар ҳар қандай кишининг қалбини ларзага солади. Шу боис замонамиз уламолари, айниқса, ёшлар қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлайдилар:

– Ҳар бир ишда ақл юритишлари, билмаган масалаларида аҳли илмдан сўрашлари, зеро, Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 7-оятида: «Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб марҳамат қилган. Шунингдек, террорчи гуруҳлар орасида бирорта ҳам олим киши йўқлигини яхши билишлари керак;

– Бошқа дин вакилларига меҳр-шафқатли, бағрикенг муносабатда бўлиш, ахборот хуружлари асирига айланмаслик ҳамда террорчи гуруҳлар томонидан эътироф этилаётган ғоялар ёлғон ва сохталикка хизмат қилишини англаши лозим;

– Террорчи гуруҳлар томонидан эълон қилинган халифаликнинг ботил эканига аниқ ишониш лозим. Чунки у Пайғамбаримизнинг тутган йўлларига ҳам маънан, ҳам шаклан зиддир. Бу каби ҳаракатлар зулм, истибдодга асосланган ташкилот эканини англаш керак.

Бугунги кунда уларнинг асл мақсадини очиб бериш, унинг хатарли оқибатлари ҳақида барчани огоҳлантириш ҳар бир кишининг бурчидир.

Таъкидаш жоизки, муқаддас Ислом дини ноҳақ қон тўкишни ҳаром қилган. “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қилади, уни лаънатлайди ва унга улкан азобни тайёрлаб қўяди” (Нисо, 93).  Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кексаларни ўлдириш, шунингдек, уй-жой, иншоотларни вайрон қилиш тақиқланган. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) лашкар тайёрлаб, уларни Шомга юбораётиб, бундай деганлар: “...Кексаларни, аёлларни, ёш болаларни ўлдирманглар. Иморатларни вайрон қилманглар, бирор фойдаси бўлмаса, дарахтларни кесманглар. Бирор фойдаси бўлмаса, ҳайвонларни сўйманглар. Хурмоларга ўт қўйманглар, ғарқ ҳам қилманглар. Ғадр (макр) қилиб, одамларни алдаманглар. Ўликларни қиймаламанглар. Қўрқоқлик қилманглар. Ўлжадан ўғирлаб олманглар...”

Демак, биз ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз, дўст-у душманни ажратишимиз зарур. Ҳар бир фасод иш ортида разил мақсадлар, манфаатдор кимсалар турганини бир лаҳза ҳам унутмайлик. Токи, жоҳил кимсаларнинг “даъвати”ни ҳам, ахлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялари ҳам ёшларимизга ўз таъсирини ўтказа олмасин.

Азамат УСМОНОВ,

Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби

Top