muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 21 Октябрь 2016 00:00

Исрофнинг оқибати фақирлик

2016 йил 18 октябрь куни “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари турар жойида “Исрофнинг оқибати фақирлик”  мавзусида давра суҳбати ўтказилди .         

Билим юрти талабалар турар жойи тарбиячи ўқитувчиси Мунира Хўжаева исрофгарликнинг салбий оқибатлари, қандай ҳолатлар исрофга сабаб бўлиши, жумладан маърака ва маросимлардаги исроф, кийинишда, еб-ичишда ва энг ачинарлиси вақт исрофи ҳамда унинг ачинарли оқибатларга сабаб бўлиши хусусида бир қанча далиллар ва статистик маълумотлар келтирди.

Барчамизни Аллоҳ таоло бисёр неъматлар ила сийлаб қўйган. Албатта, берилган бу неъматларни ҳаётимизда ўз меъёрида фойдаланишимиз, керакли пайтларда тежашимиз ва ўзимиз учун ҳамда охиратимиз учун сарфлашимиз Парвардигорнинг талабидир. Энди кимики ушбу меъёрдан чиқса, ҳаддидан ошса, хоҳ кийинишда бўлсин, хоҳ еб-ичишда ёинки молу дунёни сарфлашда бўлсин, буларнинг барчаси исроф бўлади. Исроф эса Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирувчи сабаб. Аллоҳ таоло Қуръонда дейди:

Эй Одам фарзанди, масжидга (ҳар бир намозга) боришдан олдин зийнатларингизни (пок ва чиройли) кийимларингизни кийиб олинг! Шунингдек, еб-ичинг, лекин исроф қилманг! Зеро, У Аллоҳ таоло исроф қилувчиларни севмас”, каби далиллар орқали давра суҳбати қизғин давом этди.

Билим юрти тарбиячи ўқитувчиси Мунира Хўжаева вақт исрофига алоҳида тўхталган ҳолда, талабаларни муҳокамага жалб қилиб ақлий ҳужум тарзида суҳбатни давом эттирди.

Кўпчилик вақтнинг тез ўтаётганидан нолийди. Бунга сабаб нима?, - дея талабаларга мурожаат қилди. Талабалар фаол иштирок этган ҳолда ўз нуқтаи назарларидан келиб чиқиб атрофлича жавоб беришди.

  Жавоблар умумлаштирилиб, “...Одамларнинг аксари турли чалғитувчи нарсалар билан банд бўлиб қолган. Олдинлари ҳаёт жуда содда, одамларни чалғитадиган, вақтлари бекорга кетказадиган нарсалар кам эди. Ҳозир эса биргина қўл телефони бор одам эрталабдан кечгача интернетни кавлаб кун ўтказиши мумкин...”, - дея шайх Абдулазиз Мансурнинг “Энг тоза йўлдан чалғимайлик” номли мақоласидан иқтибос келтирилди.

Билим юрти ҳамшираси Гулшан Тиллаева сўзга чиқиб инсоннинг соғлиги улуғ неъмат шундай экан соғликка эътиборли бўлиш зарурлигини уқтириб, бунинг учун шахсий гигиенага риоя этиш муҳимлигига доир талабаларга бир қанча тавсия ва маслаҳатлар берди ва давра суҳбатига якун ясалди.  

 

Билим юрти тарбиячи ўқитувчиси

Мунира Хўжаева

 

Пятница, 21 Октябрь 2016 00:00

“Ақлли масжид” лойиҳаси

Маълумки ҳар йили Дубай шаҳрида GITEX информацион технологиялар кўргазмаси бўлиб ўтади. Жорий йилги кўргазмада “Honeywell” ташкилоти “Ақлли масжид” номли ажойиб лойиҳани тақдим этди.

Кўргазмада намойиш этилган ушбу янги технология масжиднинг жойлашув ўрни, куни ва маҳаллий вақтга қараб масжид ичидаги ҳароратни назорат қилади. Яъни технология маълумотларни қабул қилгач, яқин қолган намоз вақтини ҳисоблаб, одамлар намозга келгунга қадар масжид ичидаги ҳароратни мўътадиллаштириб, салқинлатиб туради.

“Малумки, катта масжидларни совутиш учун жуда катта электр энергияси талаб қилинади. Айниқса, масжид намозхонлар билан тўла бўладиган бўлса, яна ҳам кўпроқ энергия сарфланади. Бундай ҳолда, намоз тугагач, электрни тежаш учун кондиционерлар зудлик билан ўчириб қўйилади”, дейди компаниянинг Яқин Шарқдаги  вакили Питер Коста. Ушбу технология эса жуда ҳам тежамкор бўлиб, у Шаржадаги “ат-Тавба” жоме масжидида олти ой давомида синовдан ўтказилди. Синов натижасига кўра, жомеда доимий сарфланадиган электр энергиясининг 37% и тежаб қолингани маълум бўлди.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

 

18 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси иштирокчилари 19 октябр куни Шарқ дурдонаси бўлган Самарқандга ташриф буюрдилар.

 Меҳмонлар дастлаб, Республикамиз Биринчи Президанти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат этдилар. Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли, Озарбойжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедьяров, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар бўйича давлат вазири, Бош вазирнинг махсус ёрдамчиси Саид Ториқ Фотимий, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар бошчилигидаги делегатциялар юртбошимиз қабрини зиёрат этиб, гулчамбар қўйдилар.  Қуръон тиловат қилинди.

Зиёрат асносида меҳмонлар ўзбек халқига ўзлигини қайтариб берган, юртни мустақиллик сари бошлаб, қисқа вақт ичида асрга татигулик ислоҳотлар, бунёдкорликлар олиб борган марҳум Ислом Каримов мангу қўним топган жой унинг номига ўта муносиб бўлгани, Самарқандда илк қурилган масжид – “Хизр” масжиди ёнида ва улуғ саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу қабрларининг яқинидан танланган ўрин оқилона танлов эканини эътироф этдилар.

Сўнгра меҳмонлар Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси ҳамда Имом Бухорий мажмуасини зиёрат этиб, Ўзбекистонда олиб борилаётган диний соҳадаги эътиборга юксак баҳо бердилар.

Ташриф сўнгида мусулмон олами эътироф этган кўплаб уламоларга бешик бўлган Ўзбекистон бугунги кунда ҳам ота-боболари изидан бориб, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани, дунё ҳамжамиятида ҳам муносиб ўрин топиб бораётганини таъкидлаб, бу диёр ва унинг халқига порлоқ келажак тилаб қолдилар.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти вакили ўринбосари         

 

Пятница, 21 Октябрь 2016 00:00

Ким нима экса, шуни ўради...

Ҳофиз ибн Ражаб роҳматуллоҳи алайҳ пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Маййитга уч нарса эргашади... ” мазмунидаги келган ҳадиси шарифларига шарҳ битиб, куйдаги ривоятни келтирганлар.

Бир куни Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига қўли шол бир қиз кириб келди. Ва Эй, мўминларнинг онаси бугун соғлом қўл билан ухлаб, шол қўл билан уйғондим-деди. Оиша розияллоҳу анҳо: Нима сабабдан? Қиз: Мени бой бадавлат ота-онам бор эди. Отам қўли очиқ, закот ва садақани канда қилмайдиган, саҳий, меҳмонларни яхши кутадиган, сўровчини қуруқ қўл билан қайтармайдиган қўйингки, қўлидан келганча яхшилик улашувчи карамли инсон бўлганлар. Онам эса, буни акси, бахил, қурумсоқ, молида бирор садақа қилганларини кўрган эмасман.

Отам вафот этдилар. Икки ой ўтмай онам ҳам оламдан ўтдилар. 

Бу кеча туш кўрдим. Тушимда отам жуда чиройли кўркам кийинган, олдиларидан анҳор оқиб турибди. Мен: Эй отажоним, бу қандай хол- деб сўрадим. Отам: Эй, қизалоғим, ким дунёда зарра мисқол яхшилик қилса ҳам кўрар экан. Бу Роббимнинг менга қилган фазлидир- дедилар.

Мен: Онамнинг ахволи қандай?-деб сўрадим.

Отам: Онанг вафот этдими?-деди.

Мен: Ҳа, дедим.

Отам: Эй, воҳ! Онанг биздан узоқлашиб кетибди. Онагни чап томон аҳлларидан изла!-деди.

Қиз: Чап тарафимга назар солсам. Онамни ялонғоч, бир парча матога ўранган холатда кўрдим. Қўлида эса,  ёғ “Холимга вой бўлсин! Жуда чанқадим!” – деб нидо қилар эди.  Агар жуда қаттиқ чанқасалар ўша ёғни қўлга суртиб, сўнгра ялардилар. Қарасам олдида анҳор оқиб турибди. Мен: “Эй онажон нега чанқадим деб нидо қиляпсиз. Ахир олдингизда оқиб турган анҳор борку” – дедим. Онам: “Ундан ичишимга изн берилмаяпди” – деди. Мен: “Сизга сув берайинми?” – дедим. Онам: “Яхши бўларди” – деди. Мен бир ховуч сув олиб онамга бердим. Онам ичиб бўлгач, чап тарафдан бир нидо қилгувчи: “Огоҳ бўлинг ким бу аёлга сув берса, ўнг қўли шол бўлиб қолади” – деб, икки марта нидо қилди. Уйғонсам ўнг қўлим шол бўлиб қолибди. Шундан бери ўнг қўлимни ишлата олмаяпман.  Шунда Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: Ўша матони эсладингми? Дедилар. У: Ҳа, мўминларнинг онаси, уни онамнинг устида кўрган эдим. Онамни ҳеч қачон бирор нарсани садақа қилганини кўрмаганман. Аммо отам бир кун ҳоккиз сўйди. Шунда бир киши тиламчилик қилиб келди. Онам ёғли суякни олиб унга берди. Яна бир кун олдиларига бир аёл келганида. Онам бояги матони олиб унга бериб юборганди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо такбир айтиб: “Аллоҳ рост айтди ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етказди” – деб, “” оятини ўқидилар.     

فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ

Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар (Залзала сураси, 7-оят).

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

Пятница, 21 Октябрь 2016 00:00

Янги қарор устида иш бошланди

Сўнги йилларда кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солаётган, халқимиз учун аянчли ҳолат бўлган – оилаларнинг ажралиши кўп кузатилмоқда. Афсуски, бу муқаддас даргоҳга бўлган муносабат йил сайин салбий тус олмоқда. Биргина 2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 3586 оилага дарз кетган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 3442 тани ташкил этди. Тошкент шаҳрида жами 505 та маҳалла бўлса, ажримлар шуларда 474 тасида юзага келган.

Муқаддас динимиз Ислом динида Аллоҳ таоло оила ва никоҳнинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади:  «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум, 21).

Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш ҳамда оилалар ажралишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш сўнггида Тошкент шаҳар ҳокими янги қарор устида иш бошлаб юборилгани, унга кўра, Тошкент шаҳрида ажрашган ҳар бир оила ҳақида маълумотлар – оила вакилларининг исм-фамилияси бундан буён “Тошкент” телеканали ва “Тошкент оқшоми” гезетасида бериб борилиши маълум қилинди. Шаҳар ҳокими бу ишга жиддий киришар экан, ажрашаётган оилалар ҳақидаги маълумотларнинг телевидение орқали тарқатилиши, ажримларнинг камайишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Top