muslim.uz

muslim.uz

Дарҳақиқат, фарзанд ота-онага Аллоҳнинг буюк неъматидир. Бир парча этлик пайтидан навқирон бир инсон бўлгунча бор меҳрини фидо қилиб улғайтирадилар. Аслида ўшалар эмасми фарзанд йиғлаганда йиғлаган, кулганида кулган, эмакласа орқасидан югурган ва юксалишини туну кун сўраганлар?.  Баъзан бу ҳақиқатлар фарзанд ҳаётида унитилгандек бўлади. Яратган ота-оналарга фарзандларининг меҳрларини солиб қўйганки, хатто қариган чоғларида қўзларидан нур, белларидан мадор кетганида бирор нарсага суянадиган бўлганларида ҳам, ҳассага суянадилар. Аслида фарзанд уларга тиргович, суянчиқ бўлишлари керак эмасми? Улар фарзандларидан кўп нарса умид қилмайдилар. Сўрасалар биргина қуриқ жуссаларини кўришликни тилайдилар холос. Аммо фарзанд бу ҳақиқатни кўпда хис қила олмайди.

Бас, шундай экан ғаниматларимиз бўлган меҳрибон ота-оналаримизни ҳаётлик чоғларида қадрлайлик. Қанча уларга вақт ажратсак, шунча оздир.

Қуръони каримида тартиб рақами 12- бўлган, 111 оятни ташкил этган, битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларини аралаштирмай ҳикоя қилган ягона сура “Юсуф сураси”дир. Бу сура мусулмонлар нажот излаб, Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишдан бошқа чораси қолмаган, “маҳзунлик йили” деб номланган бир пайтда Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларга улкан тасалли ва буюк дарс сифатидан нозил қилинган. Сураи каримада кўпроқ оилавий муносабатларга эътибор қаратилган.

Улуғ пайғамбар ёш ва гўзал йигит Юсуф алайҳиссалом ўз акаларининг фитнасига учрайди. Акалари уни оталари Яъқуб алайҳиссаломдан қизғониб турли хилалар қилиб кўргани охир оқибат ҳақиқат қарор топганига гувоҳ бўламиз. Мазкур сурада

 فَلَمَّا أَنْ جَاءَ الْبَشِيرُ أَلْقَاهُ عَلَى وَجْهِهِ فَارْتَدَّ بَصِيرًا ...

Бас, хушхабарчи келиб, уни (кўйлакни Яъқубнинг) юзига ташлагач, у кўрадиган бўлиб қолди ...(Юсуф сураси 96-оят). Яъқуб алайҳиссалом фарзандлари Юсуф алайҳиссалом фироғида йиғлаб кўзлари ожиз бўлиб қолганди. Яъқуб алайҳиссаломнинг юзларига Юсуф ўғилларининг кўйлакларини ташлаганда, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳидлари урган кўйлак баҳона, Аллоҳнинг иродаси билан оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари очилиб, қайтадан кўрадиган бўлганлар. Бу ҳолат ҳеч ажабланарли иш эмас. Ҳаётнинг ўзи шуни кўрсатадики, фарзанд доғида хасталикка чалинган мушфиқ ота-оналар фарзандларини кўрганларида ёки хабарларини эшитганларида Аллоҳ таолодан дарҳол уларга шифо етган. Илмий бахслар ҳам бу иш ҳақиқат эканини, кийимда қолган ҳид ўзи суйган инсоннинг дардига даво бўлишини тасдиқлади. Энди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида содир бўлган бир таъсирли воқиани зикр қилсак.

Умар розияллоҳу анҳу олдиларига Килоб ибн Умайя ал-Киноний исмли бир шижоатли йигит келди ва уришга чиқишга изн сўради. Умар розияллоҳу анҳу ундан “Эй йигитча ота-онанг ҳаётмилар? - деб сўрадилар. “Кекса ёшли отам бор, афсуски онам вафот этганлар,”- дея жавоб берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Отангни хизматида бардавом бўл ва розилигини ол!”- деб насихат қилдилар. Насихатни олган бола отасини хизматида бардавом бўлди. Бир неча кундан сўнг йигитча қайтди ва Умар розияллоҳу анҳуга мурожаат килиб: “Эй мўминларнинг амири отамдан розилик олдим”- дея хурсанд бўлиб айтди. Халифа Килоб ибн Умайяни аскарларга қўшиб сафарга жўнатди. Бир ойдан сўнг халифага элчи келди ва: “Эй мўминларнинг амири, мен Килоб исмли йигитни отасидан сизга мактуб олиб келдим” - деб қўлларига узатди. Мактубда ота Умар розияллоҳу анҳудан фарзандини қайтаришга ёлвориб сўраётганини ва ота фарзанд доғида кўзи ожиз бўлиб қолгани ва оғир ахволда эканлигини, фарзанд соғинчи қийнаётганини битганди. 

Умар розияллоҳу анҳу тезда бир чопарни чақириб Килобни ҳузурига олиб келишга буюрди. Умар “Эй Килоб, отангни хизматини кандай килгансан”-дея сўради. Килоб: “Нима топсам биринчи отамга сўнг ўзим ва аҳлим билан улашардим, нима истасалар муҳайё қилардим. Бир кеча муздек сут ичкилари келганини айтдилар. Сут совуқроқ бўлсин дея, туянинг елинига муздек сув қўйиб совутдим ва соғиб отамга олиб келсам, ухлаб қолибдилар, уйғонгунларигача устиларида сут билан кутдим. Бомдодга уйғондилар ва иссиқ сут ичкилари келаётганини айтилар шунда тезда бориб сут соғиб бердим”- деб айтди. Умар розияллоҳу анҳу сут соғиб келиб, хонага кириб ўтиришга  буюрди. Сўнг отасини ҳузурига чақирди. “Эй Умайя сизни нима безовта қилмоқда”-дедилар ҳазрати Умар. Килобнинг отаси “Фарзанд соғинчи, боламсиз томоғимдан ҳеч нарса ўтмаябди”- дея жавоб берди. “Унда мана бу сутни ичинг ва кутинг ҳозир ўғлингиз келиб қолади”- дедилар. Умайя қўлига косани олганда хайқириб “Ўғлимни қўлини ҳиди келябди”-деб сўйиниб кетди. Шу паллада ўғли кириб отасини бағрига ўзини босди.  Ҳазрати Умар ўғилга қараб, бор отангнинг ҳизматини қил!- Унинг ризоси Яратган Аллоҳнинг ризоси, уни розилиги сени икки дунё саодатингдир-деб кузатиб қўйдилар.

Хулоса ўрнида муқаддас динимиз манбаларида, ота-онанинг юзига назар солишнинг ўзи ибодат экани, уларга муҳаббат қилиш маънавий амал, бор молини сарфлаш эса, моддий–молиявий амал ҳисобланади. Энди, ота-онани иқтисодий ёрдамдан маҳрум қилиш моддий-молиявий амал бўлса, уларни ҳижронга қўйиш маънавий фаолиятдир. Шундай экан, ота-оналаримизга яхшилик қилиш, уларни розиликларини топиш, дуоларини олишга астойдил бел боғлайлик! Зотан, улар бизнинг жаннатларимиздир.

Жалолиддин Ҳамроқулов, “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

2016 йил 21 сентябрь куни самарқандлик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳлари Саудия Арабистонидан юртимизга қайтиб келишди. Муқаддас Макка ва Мадина заминидан қайтаётган қутлуғ инсонлар Самарқанд халқаро аэрапортида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ходимлари ва ҳожиларнинг яқинлари томонидан ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинди.

Ҳожилар юзида эса Ислом динининг бешинчи рукни адо этилгани файзи, шукроналик ҳисси ва юрт соғинчи ифодаси кўриниб турарди.

Самарқандлик ҳожиларнинг қолган гуруҳлари Саудия Арабистонида юртга қайтиш тараддудида турибдилар.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

 

 

 

Тез орада Испаниядаги илк мусулмонлар мактаби ўқувчилар учун ўз эшикларини очади. Муассаса катталиги жиҳатдан мамлакатда 3-ўринда турувчи Валенсия шаҳрида жойлашган.
Мактаб қурилиши лойиҳасига ҳозиргача 2 миллион евро сарфланди. Бу маблағ ер участкасини харид қилишга ишлатилган. Ўқув муассасаси 800 нафар ўқувчи таълим олиши учун мўлжалланган бўлиб, шаҳар марказидан 15 дақиқалик йўл. Бу ерда мактабгача таълим ҳам йўлга қўйилади. Умумтаълим дастурларидан ташқари мактабда араб тили ва диний илмлар ҳам ўргатилади.
Қайд этиш керакки, ҳозир Испанияда 46,7 миллион одам яшайди ва шундан 1,8 миллион нафари ислом динига эътиқод қилади, деб хабар беради www.islam-today.ru.

Манба:Muxlis.uz

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти Маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовинининг 2016 – 2017 ўқув йили учун ишлаб чиқилган йиллик иш режаси 7-бўлим 1,4-бандлари ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган йиллик тадбирлар режаси ижросини таъминлаш, билим юртида таҳсил олаётган ёшларни маънан етук, жисмонан баркамол қилиб тарбия қилиш, шунингдек, талаба ёшларда ватанга муҳаббат, юртга садоқат, улуғ аждодларимиз хотирасига ҳурмат руҳида тарбия топишларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич порлоқ хотирасига бағишлаб 2016 йилнинг 21 сентябрь кунидан бошлаб билим юртида гуруҳлараро спортнинг волейбол тури бўйича “Хотира турнири” старт олди.

Қаҳрамонжон ИСРАИЛОВ,

Билим юрти кадрлар бўлими бошлиғи

 

Четверг, 22 Сентябрь 2016 00:00

“Бизга тинчлик ва омонлик керак”

            Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юрти мударриси А.Ниязқулов ва билим юрти 4-курс талабаси Ҳ. Қодировлар Андижон Тиббиёт институти тадбирлар залида Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил қилинган “Бизга тинчлик ва омонлик керак” шиори остида ўтказилган семинар-тренингда иштирок этдилар. Семинар давомида сўз олган А. Ниязқулов “Тинчлик – олий неъмат”, “Ўзбекистоннниг дунё ҳамжамиятида тинчликка қўшаётган ҳиссаси” мавзуларида, Ҳ. Қодиров эса “Тинчликни асраш ота-боболаримиздан мерос” мавзусида нутқ сўзладилар.  

            Семинар-тренингда шунингдек, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги касб-ҳунар коллежлари талабалари фаоллари, вилоятда фаолият юритаётган “Дийдор” радиоси бошловчилари иштирок этдилар ва кун тартибидаги мавзу юзасидан нутқ сўзладилар.   

 

 Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Top