www.muslimuz

www.muslimuz

Понедельник, 17 Сентябрь 2018 00:00

Болага бадгумон бўлмасликни ўргатинг! 

Ислом дини инсонни ўз ҳаётида жамиятдаги барча  кишилар билан яхши муносабатда, муомалада ва гўзал одоб-ахлоқда бўлиб яшашга чорлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бизларни доимо чиройли гумонда бўлишимиз зарурлиги ҳақида қайғуриб шундай деб огоҳлантирганлар: “Бадгумонликдан сақланинглар, зеро ёмон гумон сўзларнинг энг ёлғонидир”.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли Абдуллоҳ айтади: «Мен Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни Байтуллоҳни тавоф қилаётганларини ва қуйидаги ҳадисни айтганларини кўрдим». Ул зот шундай дедилар: «Эй Байтуллоҳ! Сен қандай ҳам яхшисан! Ҳидинг бунчалар ҳам хушбўй! Сен қандай ҳам улуғсан! Сенинг ҳурматинг қанча ҳам буюк! Муҳаммаднинг жони Унинг измида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ ҳузурида мўминнинг қони ва молу-дунёси Сенинг ҳурматингдан ҳам улуғроқдир. Мўмин ҳақида  фақат яхши гумонда бўлинади» (Имом Молик ривояти).

Дарҳақиқат мўмин-мусулмон киши ҳар доим ўзгаларга озор бермаслик ва зулм қилиб қўймаслик учун тилини, қўлини ва қалбини ёмон гумонда бўлишдан тияди. Ёмон гумон, ғийбат, бўҳтон, чақимчилик, динда ғулувга кетишлик жамият аъзолари ўртасидаги инсонлар ороми ва фароғатига зарар берадиган ижтимоий иллат ва гуноҳ саналади.

Улуғ зоҳид Фузайл ибн Иёз айтади: «Ким ғийбатдан омонда бўлишни истаса, гумон эшикларини маҳкам беркитсин. Ким гумондан узоқда бўлса, дўсти айбини ахтаришдан омонда бўлади. Ким бировнинг хатосини топишдан холи бўлса, у ғийбатдан четда бўлади».

Имом Суфён Саврий деди: «Биродаринг ҳақида ёмон гумонда бўлишинг уни заҳарлаб ўлдиришинг билан тенгдир».

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 17 Сентябрь 2018 00:00

Энди тўхтарсизлар?!

Аллоҳ таоло бандалари учун жуда мехрибон ва раҳмли зотдир. Инсонларни доимо аҳилликка, бирдамликка, ўзаро мехр-оқибат ва ҳалол меҳнатга буюрган динимиз Ислом, яъни, тинчлик, саломатлик дини деб аталгани ҳам бежиз эмас, албатта.  Аллоҳ таоло инсонларни нафақат охират дунёсини обод қилишга, балки бу дунёсини ҳам обод қилишга буюрди. Белгиланган қисқа умрини икки дунё ободлиги учун зарур бўлган амалларни бажаришга сарфлашни буюрди. Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам уларга яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, (Қосос сураси, 77-оят).

Бошқа бир оятда эса Роббимиз  бандаларини шундай васф қилади: “Одамлардан баъзилари: “Роббимиз, бизга бу дунёда бергин”, дейдир ва унга охиратда насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари“ Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин”, дейдир. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир” (Бақара сураси,  200-201-оятлар).

Демак, юқоридаги оятлардан маълум бўладики, мусулмон киши икки дунёсини обод қилиш ҳаракатида бўлмоғи лозимдир. Бу ободликка сабаб бўладиган барча амалларга шошилмоғи, ушбу ободликни вайрон қилувчи ҳар қандай ҳаракатдан четланмоғи ҳам зарурдир. 

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас,ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни ҳоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?” (Моида сураси, 90-91-оятлар)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни учта гуноҳи кабирадан қайтармоқда. Ва уларни ифлос, қабих, энг разил амаллар эканини ҳамда бу амаллар Аллоҳнинг лаънатига ва ғазабига учраган, жаҳаннам йўлбошчиси ҳисобланган шайтоннинг амали эканини эслатмоқда.

Дарҳақиқат, Роббимиз бирор нарсани биз учун ҳаром қилган бўлса, Унинг бу амри беҳикмат эмас. Чунки жамиятда содир бўлаётган кўп нохушликлар, уруш-жанжаллар, жиноятлар ва бир-биридан аянчли якун топаётдан тақдирларнинг асосий сабаби худди мана шу уч амалга бориб тақалмоқда. Бу уч гуноҳи кабира туфайли инсон қаттиқ гуноҳкор бўлиши, охиратини бой бериши билан биргаликда, бу дунёнинг ҳам барбод бўлишига сабабчи бўлмоқда. Бу жирканч амаллар туфайли жамият парчаланмоқда, оилалар бузилмоқда, фарзандлар етим, аёллар бева қолмоқда. Минг машаққат билан фарзанд ўстирган ота-оналарнинг қадди букилиб, эл олдида изза бўлмоқда. Бу разил гуноҳлар нафақат Аллоҳ таолонинг ибодатидан, у Зотнинг розилигидан тўсмоқда, балки, акани укадан, отани боладан, дўстни дўстдан айирмоқда. Бугун мастлик оқибатида содир бўлаётган турли бахтсиз ҳодисалар, ўзаро уруш-жанжаллар, қимор сабаб бир-бирини пичоқлашлар, фолбинларнинг макр хийлалари сабаб бузилиб кетаётган оилалар, ўзаро ишончсизлик орқали юзкўрмас бўлаётган қўни – қўшнилар, бу жирканч гуноҳлар сабаб тобора емирилиб бораётган жамиятни кўрганда Аллоҳ таолонинг бу уч амалдан қайтариғи нақадар ҳақ экани ёдга тушади.  Шунинг учун Аллоҳ таоло бу уч амални “Шайтоннинг ишидир”, демоқда.

Шайтон шундай душманки, у “..хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни..” хоҳлайди. Қуръон каримда Юсуф алайҳиссалом тилларидан бундай дейилади: “Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат,  менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди” (Юсуф сураси, 100-оят).

Демак, Пайғамбарнинг ўғилларини орасини бузган, уларни ўз жигарпорасини ўлдиришгача олиб борган шайтон сен ва атрофингдаги кишиларнинг ораларига ҳам  адоват ва хасад уруғини сепишга, мусулмон умматининг парчаланишига хизмат қилиш учун то қиёматгача изн олган.  У инсонларни “Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни ҳоҳлайдир”. Аллоҳнинг зикридан ва намоздан ғофил бўлган кишининг эса охирати барбод бўлади.

  Аллоҳ таоло бу гуноҳларнинг зарарларини зикр қилгандан сўнг қатъий оҳангда: “Энди тўхтарсизлар?” , дея савол бермоқда. Ушбу оятлар тушган вақтда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “ Албатта, тўхтаймиз, эй Роббимиз ”, деган эдилар.

   Демак, биз ҳам икки дунёимизни обод қилиш учун, энг улуғ ибодатлардан бебахра қолмаслик учун, Роббимизнинг даъватига худди ҳазрат Умар Умар розияллоҳу анҳу каби жавоб беришимиз лозим бўлади.

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Понедельник, 17 Сентябрь 2018 00:00

Илм аҳлига ҳурмат

Динимиз ислом таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар Аллоҳ таоло ҳузурида энг шаънлари улуғ, қадрлари юксак зотлар ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Мужодала” сурасининг 11-оятида шундай марҳамат қилган:
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”.

“Зумар” сураси 9-оятида эса: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” деган.

Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида жазо ва мукофотда тенг бўлмайдилар. Олим киши илм олганлиги учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақирганлиги ва ҳидоятга бошлаганлиги учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қиладилар. Бу эса олим бўлиш нақадар фазл эканини кўрсатади.

Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деганлар: «Олимнинг обиддан устунлиги ҳудди ойнинг бошқа юлдузлардан фарқига ўхшайди».

Олим — илмни яхши билувчи шахс. Обид — ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта бўлиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётгандек кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жаҳолат зулматида юрган одамларга ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

Расулуллоҳ (с.а.в) яна бошқа ҳадисларида шундай деганлар: «Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир». Уламолар оддий кишилар эмас, Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло “Ким менга яқин бўлган бир бандамга нисбатан душманлик қилса унга қарши уруш эълон қилурман” деди” деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисни изоҳлаб имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий (р.а.) “Агар уламолар Аллоҳга яқин бўлишмаса ким ҳам у зотга яқин бўларди?!” дейишган.

Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилган: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз…!”

Ушбу ояти каримага яхшироқ эътибор қилсак, Аллоҳ таоло бизларни турли асоссиз гумонлардан, инсонларни айбларини қидириб юришдан ва шу билан бир қаторда одамларни ортларидан ғийбат қилишдан қайтармоқда. Оятда ғийбат қилган кишини ўз биродарини ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар манфур амал экани таъкидланмоқда. Бир мусулмон киши бошқа бир мусулмонни ортидан ғийбат қилиши шу даражада разил бўлса олимларни ғийбат қилишни қандай баҳолаш мумкин?!Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир шундай деганлар: “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.

Яъни илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, уларнинг ортларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалбини кўр қилиб қўяди.
Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насихатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек: “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдир”. 

 

Абдурауф Ёрбеков
Ховос туманидаги «Абу Ҳанифа»
жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 17 Сентябрь 2018 00:00

Эр-хотин ҳақлари

Никоҳ турмуш қураётган эркак ва аёл ўртасида ҳаётларининг қолган қисмини биргаликда кечириш учун гувоҳлар иштирокида ўзаро тузилган шартномадир. Бинобарин унда ҳар икки томонинг ҳақ-ҳуқуқлари билан бирга мажбуриятлари ҳам мавжуд. Бу хусусида Оллоҳ таоло шундай дейдики: “Ва яхши амаллардан улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор” (Бақара 228).

Бу ҳақлар нималардан иборат эканини эса Расулуллоҳ (с.а.в.) баён қилиб берганлар: “Диққат қилинг, сизнинг аёлларингиз зиммасида ҳақларингиз бор, аёлларингизнинг ҳам сизнинг зиммангизда ҳақлари бор” деб марҳамат қилганлар.

Шунга кўра аёлнинг эри зиммасидаги ҳақлари:

  1. Маҳр.
  2. Нафақа, унинг ейиш-ичиши ва кийиниши каби эҳтиёжларини қондириши.

Эрнинг аёли зиммасидаги ҳақлари эса:

  1. Эрини ҳурмат қилиш, унинг шаръий истакларини бажариш, оиласининг тинч ва тартибини бузадиган ишлардан сақланиш.
  2. Эрига садоқатли бўлиш ва хотинлик вазифасини адо этиш.
  3. Оиланинг номус ва шарафини ҳимоя қилиш, эрининг молини муҳофаза қилиш, харажат қилишда меёридан чиқмай исрофга йўл қўймаслик.

Агар эр-хотин ушбу ҳуқуқ ва бурчларга риоя қилсалар бахтли ҳаёт кечирадилар. Ҳам бундай оилада фарзандлар ота-оналарига ва жамиятига нисбатан эҳтиром руҳида тарбия топадилар.

Кўп йиллар давом этадиган умр йўлдошлик даврида томонларнинг бири баъзан хато қилиб қўйиши мумкин. Зеро, беайб Парвардигор. Муҳими, шундай пайтларда умр йўлдошининг хатоларини тушуниб биргаликда тузатишга ҳаракат қилиш орқали оила бахтли бардавом бўлишига эришилади.

 

 

 

Бекобод тумани Улуғбек жоме масжиди имом-хатиби Х.Холбоев

Жорий йилда тожикистонлик 6 минг нафар зиёратчилар Ҳаж ибодатини адо этдилар. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар берди.

Саудия Арабистони томонидан ўрнатилган зиёратчилар квотаси мамлакатда яшаётган мусулмонларни умумий сонидан келиб чиқиб белгиланади. Шунга кўра 7 миллионга яқин аҳолига эга бўлган Тожикистон учун 6 минг квоталанган ўрин ажратилган.

Тожикистон Республикасида Ҳаж зиёратига бориш учун тўлов тўрт минг АҚШ доллари қилиб белгиланган эди. Бу мамлакат миллий валютасида 33 минг 410 сомони бўлиши айтилган. Ҳаж пакетига чипта, яшаш ва овқатланиш, зиёратгоҳларга ташриф буюриш, транспорт харажатлари киритилган.

Маълумотларга қараганда, ҳаво йўллари тизимидаги тирбандлик сабабли турли мамлакатлардан ташриф буюрган зиёратчилар турли вақтлада режага кўра кутиб олинади ва кузатилиши тартиби йўлга қўйилган. Тожикистонлик зиёратчиларнинг охирги гуруҳи 14 сентябр куни Душанбега қайтишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top