Рамазон

Рамазон ойи меҳр-мурувват ойи

Аллоҳ таоло ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.  Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб  беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара, 261).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Кимки дунёда бир қийналган биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Бир банда бошқа бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёрдам кўрсатади”, деганлар.

Юқоридаги оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, “Меҳрибонлик”, “Саҳоват”, “Мурувват” уйларига, иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилоят Денов тумани имом-хатиблари томонидан муборак Рамазон ойи муносабати билан тумандаги кам таъминланган оилаларга ва имконияти чекланганларга хайр-эҳсон қилинди.

Жиззах шаҳар “Қассоблик” жоме масжиди ҳомийлар томонидан кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳалладаги “Кўзи ожизлар жамияти” ташкилотидаги аъзоларга қўй сўйиб, гўшти тарқатилди. Мирзачўл тумани “Тожиддин ўғли Абдулаҳад ота” жоме масжиди ҳамда ҳомийлар томонидан кам таъминланган оилалар фарзандларига мактаб ўқув қуроллари тарқатилди. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг бирига даволаниши учун ёрдам пули берилди.    

Бухоро вилояти вакиллиги тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ҳам саховатли ишга бел боғлади. Ғиждувон тумани Абдухолиқ Ғиждувоний масжиди имом-хатиби Жўрабек Муродов ҳам юртимизда бўлаётган саҳоватли ишларда ўз ҳиссасини қўшишни, кам таъминланган оилаларга ёрдам беришни мақсад  қилиб, Ғиждувон туманида яшовчи аҳолининг кам таъминланган  оилаларига озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилди. Бунинг натижасида кўпгина оилаларнинг хурсандчилиги ва дуоларига мушарраф бўлди.

Андижон вилояти Марҳамат тумани бош имом-хатиби Муҳторжон Шарофиддинов томонидан Рамазон ойи муносабати билан ҳомийларни жалб этган  ҳолда имконияти чекланганларга ногиронлик аравачаси ҳадя қилинди.

66221 марта ўқилди

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top