Рамазон

Ҳайит  меҳр-оқибат  айёми

Улуғ ой  -  Рамазон ойининг   охирги кунларида  турибмиз. Бу ойнинг файзли, футуҳли кунлари ва тунларидан унумли фойдаланишимиз лозим. 

Баъзи аёлларимиз рамазон рўзасини  тутса-да, охирги ўн кунликда бепарво бўлишади. Чунки улар ҳайит айёмига тайёргарликни бошлаб юборишади. Кимдир ҳайитга янги кийим олиш, кимдир ширинликлар пишириш ташвишида  улуғ кунларни   бесамар ўтказиб юборади. Қиз узатилган, келин тушган хонадонларда  ҳайитга алоҳида тараддуд  кўрилади.  Айниқса, қиз узатган  оналар    қизининг   келин бўлиб тушган хонадонига  қутилар ва тоғораларда  пишириқлар,  сархил мевалар, ширинликлар юбориб дастурхон тўкин  бўлишига ҳаракат қилишади. Келинлар  ҳайит кунлари қайнона, қайнэгачи-қайнисингилларини  хурсанд қилиш,   меҳмонларни кўнглини  олиш, уларни    келинсалом билан   кутиб олиш ташвишида бўлишади. Буларнинг  барчаси албатта келинликнинг зийнати,   миллий урф-одатларимиз сирасига киради. Лекин ҳар  нарсада  ҳам меъёр бор.  Ҳайит   риёкорлик, исрофгарчиликда  кимўзарчилик байрами эмас,  балки  саховат, яхшилик,  меҳр-оқибат айёмидир.

Ҳадиси шарифларда   исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади:“Аллоҳнинг ноз-неъматларидан ҳоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можжа ривоятлари).

 Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида фатво”сида,   янги келин тушган хонадонда бўладиган ҳайит маросимларини ихчам тарзда, фақат қариндошлар билан бир кунгина ўтказиш ҳақида таъкидлаб ўтилган.

Опа-сингилларимиз   Рамазон ойининг сўнгги кунларида   исрофгарчиликка ружу қўйиш  ўрнига,  ихлос ила Қуръон тиловати,  ибодат,   истиғфор, яхшилик, хайр-саховат қилиб   ўтказишса икки дунё саодатига эришишади. Зеро,  Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси 114-оятида шундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида - садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёҳуд одамлар  ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса – яхшилик йўқдир.  Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”.

М.Абдуллаева,

ЎМИ мутахассиси

 

103623 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Закотларимизни кимга берамиз... Ҳайит шукуҳи »

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top