Рамазон

“Рўза тутинг – саломат бўласиз!”

  Рўзанинг фойдалари шу қадар кўпки, гапни қай биридан бошлашди билмайди одам. Рўза – охиратнинг бебаҳо  сармояси,  шу баробарида  унинг бу дунёда ҳам инсонга келтирадиган манфаатлари кўп. Қисқаси, рўза – икки дунё саодатининг калити! 

Келинг, шу ўринда рўзанинг нақд фойдаси ҳақида икки оғиз суҳбатлашайлик.   Бир ой тугал рўза тутган одам тани ва руҳидаги ижобий ўзгаришларни теран ҳис этади. Бу рўзанинг  нақд фойдаси бўлмай, нима?!

Тиббиёт оламлари аллақочон илмий исбот қилишганки, рўза ички ва ташқи аъзоларни муҳофаза қилади, зарарли моддаларни чақирувчи чўкиндилардан ҳимоялайди ҳамда организмнинг саломатлигига монелик қилувчи микроб ва бактериялардан халос этади.

Шифокорлар рўзанинг саломатликни мустаҳкамлаш бобидаги фойдаларини кўп гапиришган: “Рўза ошқозон ва ичакларни ортиқча чириндилардан тозалайди, у туфайли ҳазм қилиш тизими маълум муддат ором олади. Баъзи хасталикларнинг давоси фақат парҳез бўлади. Рўза эса парҳезнинг бир тури, ҳатто ундан устун. Ичак ва йўғон ичакларида сурункали яллиғланиши бор беморлар ҳамда жигари хасталар ифтор вақти кўп таом тановул қилишмаса, рўзанинг фойдасини сезишади. Баъзида қичима касали борлар рўза шарофатидан тузалиб кетадилар. Чунки рўзада таомланиш бир тартибга тушганидан қичишиш сабаблари йўқолади”.

Рўзанинг асаб тизимига фойдаси ката экан. Доктор Муҳаммад Абу Шавқ “Рўза ва асаб тизими” номли рисоласида шундай ёзади: “Рўза нафс ва руҳни поклайди, қийинчиликларга чидаш ҳамда камбағал ва муҳтожларга меҳр кўрсатишни ўргатади, шаҳватларга берилишдан қайтаради, нафсни муомалада ростгўйлик, омонатдорлик, ғазаб қилмаслик, ўч олмаслик каби хулқларга эриштиради.

Буларнинг барчаси инсонга тинчлик, муҳаббат ва поклик руҳини беради. Ўз навбатида, бу асаб тизимига таъсир кўрсатади. Организм асаб тизимига қараб сокин бўлади ёки қўзғалади. Асаб тизими тинч эмас экан, қолган аъзолар ҳам бир маромда фаолият кўрсатмайди. Бу ҳикматни қаранг, рўзадорни инсон суратидаги фаришта қилиб қўяди. Бу билан унинг ўзи саодатмандликка эришади ва ўзгаларни ҳам бахтли қилади”.

Гапида давом этиб, у яна бундай дейди: “Эй асабий таранглик ва чарчоқлик, уйқусизлик, тушкунлик ҳамда шу каби касалликлардан қутулиш мақсадида шифокорларга қатнаб юрувчилар, агар рўза ва унинг сизларга берган яхшиликларини маҳкам тутганингизда, узлуксиз даволанишга эҳтиёж сезмасдингиз”.

Инсон танасидаги ортиқча вазн сабабидан ҳам касаллик сеза бошлайди. Рўза танадаги ёғларни йўқотади ва бу билан инсон қисқа вақт ичида ортиқча вазндан қутулади.

Рўза қон босими кўтарилганда, ўткир буйрак шамоллашида, пешоб йўлида тўпланган тошларни эритишда, жигар касалликларида, ўт қопининг шамоллаши ва тошларини туширишда, семизлик ва сиқилишга олиб келувчи сурункали юрак касаллигида, оқсил ва крахмал моддаларининг кўпчиш ҳолатига сабаб бўлувчи ошқозон безовталигида фойда беради. У яна ғайрат бағишлайди ва кексалик томон бўлган қадамни секинлаштиради.

Рўзанинг саломатликка етакловчи фойдалари, ҳатто мусулмон бўлмаган оврупалик, америкаликлар ва бошқалар томонидан ҳам исботланмоқда. Улар бу борада китоблар ёздилар. Рўза билан даволанишни хоҳловчилар учун шу йўл воситасида муолажа ўтказувчи сиҳатгоҳлар очдилар ва бедаво касалликларни рўза билан даволашда катта натижаларга эришдилар. Франциялик айрим шифокорларнинг айтишларича, йилига бир ой рўза тутиш бир йил давомида организмда тўпланган бефойда чўкиндиларни кетказади.

Рўзанинг саломатликка фойдалари ҳақида китоб ёзганлардан энг машҳури америкалик олим Мак Фаддендир. У мамлакатда донғи кетган шифохона очиб, унга ўз номини берган. Бедаво хасталикларни йўқотишда рўза воситасида катта натижаларга эришгач, “Рўза” номли китоб таълиф қилди. У ва бошқалар: “Рўза организм учун фойдали бўлиб, уни озиқ-овқат ва дорилардан қолган заҳар қуйқум­аридан тозалайди”, дейишган.

Доктор Мак бундай дейди: “Мен рўза воситасида кўп касалларни даволадим. Рўзанинг уларга таъсири касалликларига қараб бўлади. Унинг фойдасини кўпроқ ҳис қилган беморлар, асосан, ошқозонларидан шикоят қилганлардир. Уларнинг рўза воситасида шифо топишлари тез ва ҳайратда қоларлидир. Қонга боғлиқ касалликлар ва ревматизм каби томирга оид хасталикларни даволашда ҳам рўза катта фойда беради”. Шифокор рўза билан даволаган беморларнинг номлари, касалликлари ва касаллик тарихларини ҳам айтиб ўтган.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир инсон, шунингдек, касаллар ҳам рўза тутишга эҳтиёж сезади. Чунки таом ва дорилар организмда тўпланаркан, инсонни оғирлаштириб, ғайратини сусайтиради. Шунда у бемор каби бўлиб қолади. Агар рўза тутса, заҳарлар танасидан чиқиб кетиб, вазни енгиллашиб, бутунлай покланади, ғайрат-шижоатга тўлади.

Бу шахс рўзадорнинг рўзадан оладиган фойдалари тўғрисида кўп гапирган ва қувватини янгилаш учун ўзи ҳам бир неча бор рўза тутиб, бошқа йўл билан эришиб бўлмайдиган даражада кўп фойда кўрганини айтган. У ҳаммага рўза тутиш тавсиясини беради. Айниқса, унинг “Рўза бошқа даволаш воситалари ожиз қолган ҳамма дардга шифодир” ибораси жуда машҳурдир.

Доктор Алан Кот қанд ва бўғим касалликларини, доктор Карлсон ва Дженнингслар бошқа турли касалликларни даволашда рўзадан кенг фойдаланишган.

Тери таносил касалликлари бўйича мутахассис, америкалик доктор Роберт Бартол бундай ёзади: “Рўза микроблардан, айниқса, таносил касалликлари микробларидан халос бўлишнинг фаол воситаларидан эканига шубҳа йўқ. Чунки у эскирган ҳужайраларни бартараф қилиб, ўрнига янгиларини ҳосил қилади. Бу таносил касалликларини даволашнинг очлик назариясидир”.

Юқорида айтиб ўтилганлар рўзанинг саломатликка оид фойдаларидан баъзилари, холос. Кўриб турганимиздек, буни ҳатто мусулмон бўлмаган мутахассислар ҳам тан олишган.

 

“РАМАЗОНДА САЛОМАТЛИК” 

китоби асосида тайёрланди.

81122 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Тақво аҳли бўлинг Ғанимат лаҳзалар »

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top