Рамазон-2018

Рамазон ойи учун беш маслаҳат

Рамазон – мусулмонлар учун чинакам шодиёна. Бу ойда савоб амалларни кўпайтириб улуғ ажрларга эга бўлайлик. Сиз азизларга рамазон ойи учун бешта маслаҳатни тавсия қиламиз.

Биринчи

Жуда кўп таом еманг, сувни ҳам камроқ ичинг. Саҳарлик қилаётганда киши кун бўйи оч юришини ўйлаб кўп еб қўяди. Натижада ошқозон фаолияти қийинлашиб, киши дангаса ва беҳафсала бўлиб қолади. Ёдда тутинг, рамазон очлик ойи эмас, балки иймон-эътиқод синаладиган ойдир. Келинг, рамазон ойини пайғамбаримиз (с.а.в)  тавсия қилганларидек нафсимизни жиловлаб, ошқозонимизнинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга қолган учдан бирини ҳавога тўлдирайлик.

Иккинчи

Сахийликни  кўпайтиринг. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) доимо сахий бўлганлар. Айниқса, рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетган. Бу муқаддас ойда ким саховатпешалик қилса унга улуғ савоблар ёзилади. Иложи борича рамазоннинг ҳар кунида сахийлик қилинг. Биргина Қадр кечасида қилинган хайр-саховатга Аллох жуда кўп савобларни ваъда қилган. Саховатли бўлайлик, иншоаллоҳ  улуғ  ажрлар  эгасига айланайлик.

Учинчи

Беш маҳал намозга қоим бўлинг. Рамазон ойида кечалари таровеҳ намозига одамлар  ёғилиб келади. Аммо кундузлари  намоз ўқувчилар бир оз сийраклашгандек бўлиб қолади. Албатта таровеҳ намозининг ажри улуғ, Бироқ ёдда тутинг, Аллоҳ таоло бизга кунда беш маҳал намоз ўқишни фарз қилган. Фарз амални мукаммал адо этишда сусткашлик қилманг.

Тўртинчи

Рамазон ­ – Қуръон ойи! Бу муқаддас ойда кўпчилик  Қуръонни бир неча бор хатм қилиш пайида бўлади. Баъзиларимиз Қуръонни уч маротаба, баъзиларимиз беш маротаба хатм қиламиз. Бу ажойиб мусобақага ўхшайди. Айниқса, оятлар маъноси тушуниб ўқилганда савоби янада улуғ бўлади. Шу муқаддас ойда  Қуръон ўқиб қалбимизни нурга тўлдирайлик.

Бешинчи

Тақводор бўлайлик. Аллоҳ таоло бандаларига тақво қилишни буюриб, Бақара сурасининг 183-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.

Оятда айтилганидек  рўзадорлик  ортидан тақводор бўлишга чақирилмоқда. Тақводор одам ўз  нафсини  жиловлайди. Шубҳали нарсалардан узоқ бўлади. Тақво сўзи кўп тилларда мавжуд эмас. Унинг асл маъноси “Аллохдан қўрқиш, У белгилаган ҳадлардан ошмаслик ва охиратни ўйлаб яшашдир”. Тақво фақат Аллоҳдан қўрққанимиз баробарида унга бўлган чексиз муҳаббатимиз сабаб бўлса янада яхши.

 

   

51685 марта ўқилди

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top