Рамазон-2018

Рўза нияти

Рўза ибодатдир. Кишининг ўз ихтиёри билан Аллоҳ таоло учун, Унинг амрига биноан, бажарадиган ҳар бир амали ибодат бўлади. 

 

Ҳеч бир ибодат, жумладан рўза ҳам ниятсиз дуруст бўлмайди. Оддий, кундалик ишлар ҳам ният билан, уларни бажаришда  Аллоҳ таоло розилигини ният қилиш билан, ибодатга айланади.

 

Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Нияти бўлмаган кишининг амали (мақбул) бўлмайди” (Байҳақий, Ибн Абид Дунё).

 

Ният амални бошлаш олдидан бўлиши керак. Шунга асосан, рўза бошланадиган вақт, яъни тонг отиш вақти рўза ниятининг вақтидир. Аммо тонг отиш вақтини кутиб ўтириш машаққат бўлганидан ё тонг отиши пайтида уйқу ғалаба қилиши эҳтимоли борлигидан, ифторлик пайтида ё кечаси Рамазон рўзасига ният қилишга рухсат қилинган. Агар мазкур вақтларда Рамазон рўзасига ният қилиш ёддан кўтарилган бўлса тонг отганидан сўнг катта чошгоҳгача, агар бу вақтгача рўзага зид ишларни қилмаган бўлса, (соат 11 00 гача) ният қилса бўлади. Бу ҳолда “тонг отишидан бошлаб рўзадорман” деб ният қилиш лозим. Агар ният қилган вақтидан бошлаб масалан “соат 9 00дан бошлаб рўза тутаман” деб ният қилса тутадиган рўзаси рўза ҳисобланмайди.

 

Рамазон рўзасига тонг отмасидан олдин ният қилиш мустаҳабдир.

 

Ният қалб амалидир. Рўза тутишни (масалан Рамазон рўзасини тутишни) кўнглидан ўтказиш рўза нияти бўлади. Бизнинг мазҳабимизда Рамазон ойининг ҳар бир куни рўзаси учун ният қилиш лозим.

 

Рўза тутишни кўнглидан ўтказиш билан бирга тил билан айтиш суннат дейилган.

 

 Агар кечаси (ифтор пайтида) рўзага ният қилинадиган бўлса кўнглидан бу маънони ўтказиш ва тил билан айтиш керак:

 

        Навайту ан асума ғадин лиллаҳи  таоло мин фарзи Рамазона (Рамазоннинг фарз рўзасини эртага холис Аллоҳ таоло учун тутишни ният қилдим).

 

Агар тонг отгач рўзага ният қилинса кўнглидан бундай ўтказиш ва тил билан айтиш лозим:

 

Навайту ан асума ҳазал явми лиллаҳи таоло мин фарзи Рамазона (Рамазоннинг фарз рўзасини бугун холис Аллоҳ таоло учун тутишни ният қилдим).

 

Рўза тутишни кечаси ният қилгач тонг отгунча еб-ичса ният бузилмайди.

 

Рамазон ойида саҳарлик қилиш Рамазон рўзаси нияти ўрнига ўтади. Шунингдек бошқа рўза (қазо, каффорат) учун ҳам саҳарлик қилиш ана шу рўза нияти ҳисобланади.

 

Рамазон рўзасининг қазоси, каффорат рўзалари учун тонг отмасидан олдин, кечаси ният қилиш лозим.

 

Барча нафл рўзалар учун катта чошгоҳгача, агар бу пайтгача рўзага зид ишлар қилинмаган бўлса, ният қилиш мумкин.

 

Барча амаллар савоби ниятга боғлиқ. Барчамизга ниятни тўғри қилиш ва  Рамазон рўзаси ажрига мушарраф бўлиш насиб этсин. Омин.                                     

 

МУҲАММАД ШАРИФ ЖУМАН

 

46865 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Рамазонга мактуб Рамазон рўзасининг фазилати »

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top