Рамазон-2018

Рамазон рукнидан: саҳарликда барака бор

Пайғамбар алайҳиссалом: “Саҳарлик қилинглар, албатта саҳарликда барака бордир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси шариф орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорларни саҳарлик қилишга буюрмоқдалар ва бунинг ҳикматини баён қилиб “албатта саҳарликда барака бордир”, дея таъкидламоқдалар.

Барака бирор бир нарсада илоҳий яхшиликнинг зиёда ва бардавом бўлмоғидир.

Айрим рўзадорларда саҳарликка эътиборсизлик қилиш ҳолатлари учраб туради. Айримлар таровеҳ намозларидан сўнг ёки ухлашдан аввал бир йўла таомланиб олади. Бу ҳолат Расулуллоҳ кўрсатмаларига номувофиқдир. Баъзилар уйқуни афзал кўриб шундай қилишса, айримлар саҳарликнинг хайр ва баракасидан бехабар эканликлари боис бепарво бўлишади.

Қуйида саҳарликнинг ҳикматлари ва баракотларидан айримларини зикр қиламиз:

  • Саҳарликка турган инсон энг аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига итоат қилган, суннатларига эргашган бўлади. Расулуллоҳга итоат қилмоқ эса барча муваффақиятларнинг калитидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:”Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди”. (Аҳзоб сураси 71-оят)
  • Саҳарлик қилмоқ мусулмонларнинг шиорларидан бўлиб, бу билан бошқа динларнинг рўзаларидан ажралиб туради.
  • Саҳарлик қилмоқ кун бўйи намоз, Қуръон тиловати, Аллоҳни зикр қилиш, илм олиш, ҳалол касб қилиш каби бошқа шаръий амалларни иштиёқ ва тетиклик билан амалга оширишда ёрдам беради. Саҳарлик қилмаган инсон қуввати камайиб, заифлашиб қолиши сабабли юқоридаги каби амалларни эриниб, малолланиб амалга оширади. Натижада ибодатлари ва бошқа амаллари нуқсонли бўлиб қолади.
  • Саҳарлик қилган инсонга Аллоҳ ва унинг фаришталари салавот айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар” (Имом Табароний ва ибн Ҳиббонлар ривояти). Аллоҳнинг мўминларга салавоти уларга раҳматини нозил қилиши, фаришталарнинг мўминларга салавоти эса гуноҳларини кечишини сўраб Аллоҳга истиғфор айтишларидир.
  • Саҳарлик қилган инсон саҳарлик қилмаган инсонда ўта очлик ва ҳолсизлик сабабидан пайдо бўладиган тоқатсизлик ва баджаҳллик каби ёмон феъллардан омонда бўлади.
  • Саҳарлик қилишга турган инсон дуолар ижобат бўладиган, сўралган нарсалар ато этиладиган, гуноҳлар кечириладиган фурсатга ноил бўлади. Зеро, Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом марҳамат қиладилар: ”Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлиб, “Ким Менга дуо қиладики, қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, уни мағфират қилсам”, дейди”. (Муттафақун алайҳ). Шубҳасиз, саҳарлик вақти ана шу фазилатли фурсатнинг бир қисмидир.
  • Саҳар чоғи гуноҳларга истиғфор айтиш учун энг афзал вақтлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай бандаларини Ўз Каломида “Саҳарларда истиғфор айтувчилар”, дея мақтаган. Саҳарликка турган инсон истиғфор айтиб, Қуръонда мақталган бандалар сифатига эга бўлади.
  • Саҳарлик қилган инсон уйқуси қочиб, тетик ҳолатга келгани учун жамоат намозига чиқиши ҳам осон бўлади. Рамазон ойида бомдод намозида масжидларда жамоатнинг кўпайиб қолиши ҳам бунга далилдир.
  • Шариат кўрсатмаси, Расулуллоҳнинг амрлари деган ният билан саҳарлик қилинса, саҳарликнинг ўзи ҳам ибодат бўлади. Яъни, кун бўйи емоқ-ичмоқдан тийилмоқ шариатнинг кўрсатмаси бўлганидек, саҳарликда емоқ-ичмоқ ҳам шариатнинг кўрсатмасидир.
  • Саҳарлик қилган инсон рўзадан малолланмайди, балки эртанги кун рўзасини интиқлик билан кутади. Аксинча, саҳарлик қилмаган инсон машққатга учраб, қийналиб қолгани учун кейинги кун рўзасидан малолланиш пайдо бўлади. Ҳар қандай ибодатни малолланмасдан, тетиклик ва хушҳоллик ила адо этмоқ матлубдир.
  • Кунни саҳарлик қилиш билан бошлаган инсоннинг кун давомида қиладиган ишларига баракотлар ато этилади.

Демак, ҳар бир мусулмон Рамазон ойининг улуғ туҳфаларидан бўлган саҳарликка жиддий эътибор қилиб, ундаги илоҳий раҳмат ва баракотларга мушарраф бўлмоққа интилмоғи лозим экан.

 

Шавкатжон АЛИБОЕВ

Чирчиқ шаҳар “Ўрта маҳалла”

жоме масжиди имом-хатиби

 

43145 марта ўқилди

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top