Рамазон-2018

Рўзанинг тиббий ва маънавий фойдалари

Рўза араб тилида “сиём” деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса “Рўза тонг отгандан то қУёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир”.

“Рамазон” арабча “ар-ромад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. “Ар-рамдо” эса қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради. Ана шундай иссиқда қолиб кетган подадаги мол, қўйларнинг жигарлари қуриб, ҳалок бўлади. Шунинг учун араблар “офтоб уриши” ни “ромадатул-ғонам” (чорванинг куйиши) дейдилар. Рамазон дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдирилади, “кечирилади” эмас ёндириб йўқ қилиб юборилади. Уни ёндириб, кул қиладиган нарса рўза тутиб, солиҳ амаллар қилмоқликдир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло рўзанинг ҳукмларини баён этди. Ояти каримада рўза биздан олдингиларга, яъни Одам алайҳиссаломдан буён жорий этилганини айтиб, биз мўмин-мусулмонлар тақводорлардан бўлишимиз ирода этилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутинг, саломат бўласиз”, деганлар. Рўзанинг энг зўр ҳикматларидан бири шуки, у туфайли рўзадор ўз соғлигини тиклаб олади.

Мутахассислар ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп ва хўб гапирмоқдалар. Рўза ана шу ихтиёрий оч қолишнинг энг самарали усулидир. Ҳозирги кунда кенг тарқалган касалликларнинг кўпчилигини мусулмон бўлмаган юртларнинг табиблари очлик, яъни рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.

Яқинда Россия олимлари рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижа кишини ҳайрага соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам ана шу йўл билан шифо топганлар. Рўза турли касалликлардан халос этиш билан бирга, киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, зеҳни ўткир, хотираси кучли иродаси мустаҳкам бўла боради.

Бу борада доктор Мак Ит Чен 21 хил касаллик билан оғриган беморлар устида тажриба ўтказди. Натижа кўрсатишича бу беморларнинг деярли барчаси рўза тутиш сабабли шифо топган. Бу касалликлар орасида бугунги кунда шифоси топилмаётган касалликлардан бўлмиш саратон касаллиги ҳам шифо топган.

Рўзанинг энг катта фойдаларидан бири – ҳавои нафсни синдиришдир. Маълумки, ҳавои нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.

Рўзанинг фойдаларидан яна бири – шайтонга қаҳр кўрсатишдир. Шайтон инсон боласини ҳар доим яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, шайтон хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, у хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан ана шундай ибодатдир.

Рўзанинг фойдаларидан яна бири – рўзадорнинг қалби мусаффо бўлишидир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг ўзини кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса қалбини мусаффо қилади. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.

Аёнки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир.

Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ана шу сифатларга соҳиб бўлади.

Рўзанинг фойдаларидан яна бири – рўзадорнинг сабр-бардошли киши сифатига эга бўлишидир. Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгли хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.

Рўза рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакллантириб мустаҳкамлайди. Рўза тутган киши ўз ихтиёри билан оч қолиб, чанқаб, кўнгли хоҳлайдиган турли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағалларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади. Демак, ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин.

 

Рашидбек  ЭРНАЗАРОВ,

Хоразм вилояти Боғот тумани  бош имом-хатиби 

39262 марта ўқилди

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top