Рамазон-2018

Рамазон - Қуръон ойи

Ойларнинг султони Рамазон хонадонимиз меҳмонидир. Рамазон — раҳмат ва мағфират ойи эканлиги барчамизга маълум. Бу ойда  мусулмонлар улкан савоблар умидида кўп эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат биладилар.  Рамазон ойи бир қанча номлар билан номланади. Мисол тариқасида: “раҳмат ойи”, “тақво ойи”, “барака ойи”, меҳр-муҳаббат ойи”, “садақа ойи”, “савобларни қўлга киритиш ойи”, “мағфират ойи” ва албатта “Қуръон ойи” деган номларни келтиришимиз мумкин. Бу ойда кўплаб инсонлар Қуръон тиловати билан машғул бўладилар. Чунки бу ой Қуръон нозил бўлган ойдир.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади;

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят)

Рамазон ойида мамлакатимизнинг мингдан ортиқ масжидларда хатми Қуръон қилинади. Қуръони  Карим қорилар томонидан бир карра тўлиқ ўқилиб, эшиттирилади. Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиш суннат амаллардан биридир. Уни тиловат қилиш ҳам, шу тиловатни эшитиш ҳам улуғ ибодатдир. Ҳадиси шарифда;

“Сизларнинг энг  яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатганингиздир дейилади. (Бухорий ривояти).

Муҳтарам юртбошимиз ҳам "Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади" деб бежизга таъкидламадилар.

Шу ўринда ўтган уламоларимизнинг Рамазон ойида Қуръони карим тиловатига катта эътибор қаратганликларини кўришимиз мумкин. Хусусан, Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи ҳолида: “У фақир ва ўта сабрли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” деганлар.

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ан-Насавий: мен Абу Бакр ибн Ҳадоднинг шундай деган гапини эшитдим деди: “Мен имом Шофеъийдан устози Робиъ Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилар эди деган гапини ўзимга олдим. Мени энг қодир бўлганим 59 та хатм бўлди, Рамазондан бошқа вақтларда эса, 30 маротаба хатм қилар эдим”.

“Сияру аъламун-Нубала” китобида шундай хабар келади: Салом ибн Абу Мутиъ: “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса, уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди” деди.

“Тарихи Боғдод” китобида  келишича Халифа Маъмун Рамазонда ўттиз уч маротаба Қуръонни хатм қилган экан.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича  Ибн Сирин Рамазонда тунлари ҳеч ухламас экан.

Тариху Бағдодда келишича Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий) ҳар куни кундузда бир маротаба хатм қилар эди. Таровеҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эди.

Насж ибн Саиддан ривоят қилинади: “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлса, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг дўстлари жамланар эди. Имом Бухорий уларга намоз ўқиб берар, Қуръонни хатм қилгунча ҳар ракатда йигирма оятдан ўқир эди. Саҳарда эса, Қуръонни ярми ёки учдан бирини ўқир эди. Ҳар уч кечани саҳарида бир хатм тугар эди. Кундузлари бўлса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди. У зот кундузги хатмларини ифтор вақтида тугатар ва “Ҳар бир хатм тугашида битта ижобат бўлгувчи дуо бор” дер эди.

Шу ўринда, мустақилликннинг илк йилларини эсга олайлик. Масжидларимизда хатми Қуръон қилиш учун қорилар етишмас, Рамазон ойида Миср, Туркия каби давлатлардан қорилар келар эди. Қисқа вақт ичида истиқлол шарафи ила, ўзимиздан қорилар етишиб чиқди. Нафақат ўзимизда балки қўшни Россия, Украина, Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари каби давлатларга бориб хатми Қуръон қилиш учун  қориларимиз таклиф этилмоқда. Қориларимиз у жойдаги мусулмонларга Қуръони Каримни тиловат қилиб, юртимиз шаънини кўкларга кўтармоқдалар. Бу йил мингдан ортиқ жоме  масжидларимизда хатми Қуръон қилинаётган бўлса, уларнинг ҳаммасида ўзимиздан етишиб чиққан ёш қориларимиз қатнашмоқдалар.

Азизлар Рамазон ойини ғанимат билиб ва улуғларимиздан Рамазон ойини қандай ўтказганлари ва ушбу ойда Қуръонга бўлган эътиборлари ва эҳтимомлари нақадар юксак бўлгани ҳақида ибрат олишимиз ва бизлар ҳам Муборак Рамазон ойини Қуръон ойи эканини ҳис қилган ҳолда Қуръон ўқишга қаттиқ бел боғламоғимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни улуғ ажру савобларга эриштирсин.

 

Абдулазиз Бобамирзаев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

42684 марта ўқилди

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top