Рамазон-2018

Албанияда Рамазон

Муборак Рамазон ойини кутиб олишда халқларнинг ҳар бирининг ўзига хос урф-одатлари ва анъаналари мавжуд. Европа қитъасида жойлашган Албания давлати мусулмонлари ҳам Рамазон ойини шоду-хуррамлик билан қаршилашади. Албан халқи Рамазон ойи келиши билан қайси дин вакили бўлишига қарамай, қўшниларига таомлар тарқатади, меҳмонлар учун зиёфат дастурхони ёзади. Бу муборак ойда қилинадиган одат тусига  кирган энг яхши расм-русумлардан бири – қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, борди-келди зиёратларини уюштириш ва жамоат учун ифторлик дастурхонларини ёзишдир.

Албаниялик мусулмонлар Рамазон ойида ифторлик дастурхонига гўшт билан тухум қўшилган таомлар, узум ва олхўри шарбати, ловия, карам, картошка ва ҳар хил зираворлардан тайёрланган суюқ таомлар тортиқ қилишни хуш кўришади.

Рамазон ойига ҳозирлик кўриш учун қуруқ гўштлар, ловия олдиндан сақлаб қўйилади. Сут маҳсулотлари бу муборак Рамазон ойида кўп миқдорда истеъмол қилинади. Шунингдек, албанлар қўй, бузоқ ва эчки гўштларини сут ва картошка билан аралаштириб тайёрланган таомларни ҳамда товуқ гўштини қайнатилган гуруч ва сутли патир билан тановул қилишни ёқтиришади.

Шунингдек, Рамазон ойида албанлар “Симс”, “Кадоиф”, “Шакарбаря” ва “Паҳлава” каби махсус ширинликлар тайёрлашади. 

Муҳими улар рўза ибодатини кишининг ўзини ҳар қандай ёмон хулқ ва фаҳш сўзларни гапиришдан узоқ бўлиши деб билиб, бу салбий иллатлардан нафсини тийишга ҳаракат қиладилар. Масжидларда таровеҳ намозида қатнашади, Қуръонни хатм қилишади. Айниқса, албан халқи “Лайлатул қадр” кечасини ўзгача тароват билан қаршилайди. Унда махсус “Ҳосуд” номли ширинлик тайёрлаб, қариндошлар ва қўшниларга тарқатадилар, бир-бирларига эзгу тилаклар билдиришади.   

 Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

61295 марта ўқилди

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top