Рамазон-2018

Рамазон рўзаси Аллоҳнинг фарзи

Рамазон рўзаси Аллоҳ ўзининг мўмин бандаларига фарз қилган ва савобининг чегараси бўлмаган улуғ ибодатларидан бири. Ҳақиқий иймон эгалари Аллоҳнинг буйруқларидан бирор ҳикмат ёки фоида қидирмасдан, Аллоҳнинг буйруғи деб, адо этаверадилар. Рамазон рўзаси ҳам ана шундай адо этиладиган ибодатдир. Бироқ уламоларимиз мўминларнинг ушбу ибодатни адо этишга муҳаббатлари ва шижоатлари янада ошиши учун оят ва ҳадисларга асосланиб рўзанинг ҳикмат ва фоидаларини очиб беришга уринганлар. Қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз.

Аввало рўза неъматнинг шукронасига василадир. Зеро рўза нафсни ейиш, ичиш ва жимоъдан тийиш ила амалга оширилади. Мазкур нарсалар энг улуғ неъматлардан ҳисобланади. Ушбу нарсалардан маълум муддат ўзини тийиб туриш, қадрини билдиради. Чунки неъматлар номаълум бўлиб, йўқотилганда билинади. Яъни инсон ўзига қанча нарсалар неъмат қилиб берилганини йўқотганда билади. Натижада инсонни неъматларга шукр қилишга ундайди. Чунки неъматларга шукр қилиш вожиб эканини ақл ҳам, шариат ҳам тақозо қилади. Аллоҳ таоло рўза оятида айни шу маънога ишора қилган: “... ва шукр қилишингиз учундир[1]”.

Иккичидан рўза тақвога энг муносиб василадир. Чунки нафс Аллоҳнинг розилигидан умид қилиб ва аламли азобидан қўрқиб ҳалол нарсалардан ўзини тийишга бўйинсиндими, ҳаром нарсалардан янада ўзини тийишга муносиб бўлади. Натижада рўза Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан  сақланишга сабаб бўлади. Аллоҳ ушбу маънога рўза оятнинг охирида ишора қилган: “... шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз[2]”.

Учинчидан рўза инсон рўза орқали истак хоҳишларига қаҳр кўрсатиб, шаҳватларини синдиришга эришади. Чунки нафс тўқ бўлса, шаҳватларни истаб қолади. Оч қолса, турли хоҳишларидан ўзини тия олади. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланишга имкони бўлмаган ёшларга: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким никоҳланишга қодир бўлса уйлансин. Чунки никоҳ кўзни (ҳаромдан) тийувчи ва фаржни (зинодан) сақловчидир. Ким никоҳланишга қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин. Бу унинг учун бичилишдир[3]”, деб кўрсатма берганлар. Демак рўза кўплаб гуноҳлардан сақланишига восита бўлади. Чунки барча гуноҳларнинг бошида шаҳват туради.

Тўртинчидан рўза камбағалларга нисбатан раҳм-шафқат ҳиссини ўйғотади. Чунки рўзадор маълум бир муддат очлик аламини тортса, доимий ҳолатда оч азобини тортаётганларни эслайди. Натижада уларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб, яхшилик қилишга шошади. Ушбу амали Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажрларга эга бўлишига ҳам сабаб бўлади.

Бешинчидан рўза сабабли шайтонга қаҳр кўрсатилади. Чунки шайтон инсонни адаштириб йўлдан оздиришда инсон шаҳватидан фойдаланади. Шаҳват эса, кўп ейиш ва ичиш орқали кучаяди. Шу сабабдан Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, шайто Одам боласининг қон томирида юради. Унинг юардиган йўлларини очлик билан торайтиринглар[4]”, деб марҳамат қилганлар.

Олтинчидан рўза орқали инсон соғлиғини тиклаб олишга эришади. Рўзада инсоннинг ошқозон ва ҳазм қилиш аъзолари дам олади. Ошқозон яхши ҳазм бўлмай қолган таомлардан тозаланади. Бадан ортиқча намликдан халос бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутинглар соғлом бўласизлар[5]”, деб тавсия қилганлар. Араб табибларидан Ҳорис ибн Калда “Ошқозон касалликлар уйидир. Парҳез барча давонинг бошидир”, деган.

Бу санаб ўтилган ҳикматлар рўзанинг ожиз бандаларнинг ақли етган фоидаларидан мингдан, балки миллиондан бири. Аллоҳ ҳикмат эгаси бўлган зот.

Яна шуни айтишмиз мумкинки, Аллоҳ таоло ушбу ойнинг шарофати билан бандалар ризқларини кенг қилади. Яхшиликларини кўпайтириб турли адашишлардан узоқ қилади. Чунки бу ойда жаннат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари танбаланади. Ашаддий жин ва шайтонлар кишанланади. Рамазон ойи умматнинг гўё баҳори. Ибодатлар учун мавсум. Хайрли амаллар учун мусобақа майдони. Мўмин учун бу ойдан афзал ой йўқ. Ушбу ойдаги солиҳ амалдан ортиғи йўқ. Бу ой ҳақли равишда мўмин учун ғанимат ойидир. Ибодатлар учун ғаниматдир. Зеро бу ойда намоз, закот ва бошқа хайрли амалларнинг ажрлари кўпайтириб берилади. Аллоҳнинг ҳузурида нафл ибодатлар фарз даражасида, фарз ибодатлар эса етмиш баробарида қабул қилинади.

“Диний фанлар” кафедраси

ўқитувчиси Ф.Жўраев.

 

 

[1] Бақара сураси 185-оят.

[2] Бақара сураси 184-оят.

[3] Имом Бухорий ва Муслим ибн Масъуддан ривоят қилганлар.

[4] Имом Бухорий ва Муслим София онамиздан ривоят қилганлар.

[5] Абу Нуъайм “Тиб” китобида Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.

57099 марта ўқилди

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top