Рамазон

Рўзанинг мукофоти

Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, дейди.

Ҳадиси қудсийнинг мазмун ва моҳиятини тушуниб, англаб етишиш учун ҳадиснинг матни изоҳ ва шарҳларга эҳтиёж сезади.

“Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул Борий”да Ибн Ҳажар Асқалоний (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу ҳадиси қудсийнинг маъносини ёритиб, ундаги муҳим ўнта асл моҳиятни баён қилади.

  1. Бандаларнинг амаллари ҳаммаси ёлғиз Аллоҳ таоло учун бўлишлиги таъкидланган бўлсада, амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” деб хосланишининг сабаби рўза ибодатига риё (хўжакўрсинлик) аралашмайди. Рўза ўзини тийишдан иборат ботиний амал бўлгани учун риё аралаштиришни имкони ҳам бўлмайди. Рўзадан бошқа ибодатлар зоҳирий амал бўлгани учун риё аралашиш хавф-хатари доим бўлади. Ибодатларга риё аралашса, унинг фақат Аллоҳ таоло учунлиги қолмайди.

Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ فِي الصِّيَامِ رِيَاءٌ"رواه البيهقي

Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўзада риё бўлмайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривоят қилган).

Рўза банда билан Рабби орасидаги сиррий амал бўлиб, ўзига хос ибодатдир. Рўзадан бошқа ҳамма амалларда бирон бир амални бажараётган шахс ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, эътиборини жалб қилишни истаб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...”, деб хосламоқда.

  1. Бандаларнинг ҳамма амалларига мукофотни ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи бериши ва Ундан бошқа мукофот берувчи йўқлиги аниқ бўлсада, “...унинг мукофотини Мен Ўзим берурман...”, деб хосланишининг сабаби рўзанинг мукофотини ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Рўзанинг мукофоти, ажри ва савоби ҳеч кимга ошкор қилинмаган, рўзадан бошқа амалларнинг мукофоти миқдори баъзи инсонларга ошкор қилинган ва ҳадисларда зикр қилинган.

Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَعَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ"مَامِنْحَسَنَةٍعَمِلَهَاابْنُآدَمَإِلَّاكُتِبَلَهُعَشْرُحَسَنَاتٍإِلَىسَبْعِمِائَةِضِعْفٍقَالَاللَّهُعَزَّوَجَلَّإِلَّاالصِّيَامَفَإِنَّهُلِيوَأَنَاأَجْزِيبِهِيَدَعُشَهْوَتَهُوَطَعَامَهُمِنْأَجْلِي"

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам боласи қилган яхши амалларининг савоби ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилади. Аллоҳ таоло: “Фақат рўза ундан мустасно (яъни, рўзанинг савоби беҳисоб берилади). Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман.У (одам боласи) рўзада шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур”, – дедилар (Имом Насоий ривоят қилган).

Рўзанинг савоби беҳисоб эканига қуйидаги ояти карима ҳам далил бўлади.

قال الله تعالى: إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ [الزمر: 10]

Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур.

Рўзасабр билан сайқал топадиган ибодат. Рўзадор киши нафсининг хоҳиш- истакларини сабр билан тўхтатади. Сабр қилувчининг мукофоти ояти каримада айтилганидек беҳисоб берилади.

  1. Ҳадиси қудсийда: “...фақат рўза Мен учундир...”, деб хосланиши: “Рўза мен учун ибодатларнинг энг яхшиси. Менинг ҳузуримда у бошқа ибодатлардан устун ва муқаддам ибодат”, деган маънони ҳам ифодалайди.

Ибн Абдул Бирр (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳадиси қудсийда “...фақат рўза Мен учундир...” дейилиши рўза ибодатининг фазилатига кифоя қилади дейдилар. Гўёки, бу ибодатнинг фазилати борасида ортиқча таърифга зарурат йўқ.

Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ ينفعني الله به قَالَ عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَا مِثْلَ لَهُ رواه النسائي

Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

У зот: “Эй Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ таоло у туфайли менга манфаат берадиган амалнинг хабарини беринг”, дедим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  “Рўзани ўзингга лозим тутгин! Чунки, рўзага баробар келадиган амал йўқ”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

  1. 4. “...фақат рўза Мен учундир...” деб Аллоҳ таоло рўзани ўзига нисбат беришида уни улуғлаш, қадрини юксалтириш бор. Бу эса ҳамма мулк Аллоҳники бўлсада, каъбани “Байтуллоҳ” деб Аллоҳ таолога нисбат беришга ўхшашдир.

Зайн ибн Мунир (раҳматуллоҳи алайҳ): “Умумий ўринда бир нарсанинг хосланиши фақатгина ўша нарсани улуғлаш учун бўлади”, дейдилар.

  1. Аллоҳ таолонинг инсон табиатидан фарқли ўлароқ сув, таом ва бошқа нарсалардан беҳожат экани унинг ўзига хос сифатидир. Рўза тутган инсон Аллоҳ таолонинг сифатига мувофиқ, ўзини емоқ, ичмоқ ва бошқа нарсалардан беҳожат билиб Аллоҳ таолога ибодат қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло “...фақат рўза Мен учундир...” дейди.

Имом Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ): “...фақат рўза Мен учундир...” ҳадисининг маъноси: “Бандаларнинг амаллари ўзларининг ҳолларига муносибдир. Фақат рўза Ҳақ таолонинг сифатларидан бир сифатига муносибдир.  Аллоҳ таоло “...фақат рўза Мен учундир...” дейиш билан гўёки, “Рўзадор менинг сифатларимдан бирига эга бўлиб, менга яқинлашмоқда”, демоқчи.

  1. Нафс истаклари емоқ, ичмоқ ва роҳатланмоқ каби хусусиятлардан беҳожат бўлиши нафақат Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири, балки у фаришталарнинг ҳам сифатларидан ҳисобланади. Шу маънода, инсон рўзани гўёки фаришталар сифати билан адо этади.
  2. Рўза холис Аллоҳ таоло учундир, унда инсон нафси учун улуш, насиба йўқ. Рўзадан бошқа иодатларда эса нафсга улуш, насиба бўлади.
  3. “...фақат рўза Мен учундир...” деб хосланишининг яна бир маъноси – рўза ибодати Аллоҳ таолодан ўзга илоҳлар учун бажарилмади. Намоз, садақа, тавоф ва бошқа ибодатлар турли бут санамлар учун қилинди. Рўза эса фақат Аллоҳ таоло учун бажарилди.
  4. “...фақат рўза Мен учундир...” деб хосланишининг яна бир маъноси тўғрисида Ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Қиёмат кунида бандалар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ўзаро ҳукм қилинади. Рўзадан бошқа ибодатлар бандаларнинг ўзаро турли зулмлари сабаб бир-бирлардан олиб берилади. Фақат рўзанинг ажру савоби сақланиб қолинади. Охир-оқибат рўзанинг мукофоти жаннат бўлади”, дейди.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ  صلى الله عليه وسلم  يَقُولُ: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ الْعَمَلِ كَفَّارَةٌ، إِلاَّ الصَّوْمَ، وَالصَّوْمُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ.رواه احمد

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло айтади: ҳамма амал каффаротдир. Фақат рўза мустаснодир. Чунки рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Рўзадан бошқа солиҳ амаллар қиёмат кунида инсоннинг дунёда қилган хато ва камчиликларини каффорот бўлиши учун хизмат қилиш эҳтимоли бўлади. Фақат рўза ибодати сақланиб қолади. Рўзанинг ажру савоби хато ва камчиликларнинг каффороти учун беҳуда кетмайди.

Рўза ҳам ихлос каби сиррий ибодат. Ибодатлардаги ихлосни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмагани каби рўзани ҳам  ҳеч ким билмайди.

Ибн Ҳажар Асқалоний (раҳматуллоҳи алайҳ) мазкурларни зикр қилиб, буларнинг ичида биринчи, иккинчи, саккизинчи ва тўққизинчиси бошқаларга нисбат эътиборли ва ёрқинроқ эканлигини қайд қиладилар.

 

Жалолиддин Холмўминов,

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси

 

72905 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Рамазон ойи – Қуръон ойидир Рўза ва саломатик »

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top