muslim.uz
Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятидаги ўрни
“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир”.
(Бақара сураси 208-оят)
Ўзбекистон Республикаси мустақил ва суверен давлат сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганига 25 йил тўлди.
Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро хамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.
БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгхуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни хал этишда халқлар ўртасида хамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар харакатини уйғунлаштириб турадиган маркази хисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс хуқуқларини химоя қилишни халқаро хуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий хуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг хуқуқларига ва катта кичик миллатлар хуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий ахд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!”
Айни маҳалда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш учун таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик адоват ва фаровонликнинг мухим ахамияти хисобланадиган инсон хуқуқлари ва асосий эркинликларининг хурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.
БМТ Устави барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро хужжатдир.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиликка эришгандан сўнг ўтмиш – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.
БМТнинг бир йиллик бюджети тахминан 2 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистоннинг бадали – қарийб 270 минг доллардан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов тарихда биринчи марта БМТда Ўзбекистоннинг Олий даражадаги биринчи иштироки сифатида БМТ ишида 1993 йил 28 сентябрь БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида сўзга чиқди. Бизнинг мустақил мамлакатимиз жахоннинг энг олий анжуманида зўр қадр-қиммат билан иштирок этди. Республикамиз Президенти БМТнинг бутун жахон хамжамияти учун энг мухим муаммоларни мухокама этиш ва хал қилишидаги, тинчлик ва хавфсизликни қўллаб қувватлашдаги, жамийки халқлар тараққиётига кўмаклашишдаги ролини алохида такидлади. Ўзбекистон Республикаси дунё сиёсий харитасида олиб бораётган йўлини дунё хамжамияти тан олганлигини эътирофи сифатида дунёдаги энг нуфузли ташкилотнинг энг нуфузли 50 сессиясига бутун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номидан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов таклиф этилдилар. 1995 йил 24 октябрда БМТнинг энг юқори минбаридан маъруза қилдилар.
Дунёнинг энг йирик анжуманларида Ўзбекистон рахбари халқаро терроризм ва наркобизнес билан боғлиқ муаммоларни хал этиш; минтақавий хавфсизлик жумладан Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш; жахон хавфсизлик тизимини такомиллаштириш, БМТ фаолияти ва таркибий тизимини ислоҳ қилишга тааллуқли таклифлар билан чиқди.
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг хуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.
Инсон хуқуқлари Умумжахон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро хуқуқий хужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон хуқуқлари сохасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатий равишда бажариб келмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда мухтарам Президентимизни рахномоликларида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароликнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқароларнинг ўзлари ҳам иштирок этмоқдалар. Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий хуқуқ ва эркинликларининг ишончли химоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.
1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий хуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу хужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жахондаги энг кўп таржима қилинадиган хужжат хисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур хужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик хақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун.
Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро хужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг хуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон хуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.
Гиёхвандлик иллатига қарши кенг кўламда кураш олиб бориш муаммоси Ўрта Осиёдаги иқтисодий қолоқлик ва халқаро наркобизнеснинг кучайиши билан боғлиқдир. Ўрта Осиёда БМТнинг наркобизнесга қарши кураш юзасидан хамкорликдаги сай-харакатларини мувофиқлаштирувчи минтақавий марказ тузиш таклифини Ўзбекистоннинг ўзи киритди.
Орол денгизининг халокати бутун дунё учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлар келтириб чиқармоқда. Ўзбекистоннинг таклифига биноан БМТнинг Орол денгизи бўйича махсус комиссияси тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ тизимида терроризмга қарши кураш бўйича Халқаро марказ ташкил этиш хақида таклифни 1999 йилнинг ноябрь ойида Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилотининг Стамбул саммитида ҳам, 2000 йил 7-8 сентябрь кунлари Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТнинг “Минг йиллик” саммитида ҳам киритганларидан сўнг ушбу таклиф нақадар долзарб эканлигини фақат 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин англаб етиб, 2001 йил 28 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1373-сонли резолюцияси билан Хавфсизлик кенгаши таркибида терроризмга қарши кураш қўмитаси тузилди.
БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти мухтарам Юртбошимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида жахоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, хуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондлаги ваколатхонаси БМТ тизимидаги иқтисослашган ташкилотлар фаолиятлари ва дастурларини бирлаштириб, Ўзбекистон Республикаси хукумати билан биргаликда белгиланган асосий йўналишларга қаратади. Ваколатхона таркиби БМТнинг: тараққиёт дастури (ПРООН) ахборот ва жиноятчилик билан алоқалар бўлими, гиёхвандликка қарши кураш дастури, қочоқлар ишлари бўйича олий комиссар бошқармасининг ваколатхонаси, болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), саноатни ривожлантириш ташкилотининг ваколатхонаси (ЮНИДО), жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти, аҳоли жамғармаси ва бошқа кўпгина дастурлардан иборат.
БМТ нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер “Ўтган икки ўн йиллик давомида БМТ ядро қуроли тарқалишига қарши кураш, худуддаги ижтимоий – иқтисодий экологик муаммоларни бартараф этиш, халқаро терроризм ва гиёхванд моддалар савдосини олдини олиш ва бошқа сохаларда Ўзбекистон давлати ўз фаоллигини намоён этиб келмоқда”, деб таъкидлайди. “Бугунги кунда Ўзбекистон худудларида ишлаётган БМТ билан хамкорлик дастур мамлакатни ривожлантиришга ўз хиссасини қўшиши шубхасиз. Ривожланишга кўмаклашиш бўйича БМТ бирлашган дастури умумий стратегияси доирасида фаровонлик, ижтимоий хизматларни такомиллаштириши, барқарор экологик ривожланишни таъминлаш ва самарали давлат бошқарувини амалга ошириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб қувватлайди,” – деб эътироф этади БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили.
БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНЕСКО – маориф фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти – халқаро хукуматлараро ташкилотига ҳам Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.
Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари ялпи саводсизликка қарши кураш, маъориф тизими ва кадрлар тайёрлашни ривожлантириш, миллий маданиятларни ўрганиш ва тарқатиш, атроф мухитни ва маданий ёдгорликларни мухофаза қилиш, океанография, геология, гидрология, социология, коммуникация ва бошқа соҳаларда глобал илмий муаммоларни хал этишда ҳамкорлик қилишдан иборат. Ахборот ва информатика-коммуникация масалалари унинг фаолиятида катта ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси 1994 йил 29 декабрда ташкил этилган бўлиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар маҳкамаси томонидан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда қилаётган ишлари беқиёс. Бу бехисоб ишлар ичидан базилари қуйидагилардан иборат. ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг Кадрлар Тайёрлаш Миллий дастурини амалга оширишга бевосита ёрдам кўрсатиш мақсадида бир қатор олий ўқув юртларида ЮНЕСКО кафедралари, шунингдек ЮНЕСКО мактаблари ташкил этган.
ЮНЕСКО доирасида Абу Райхон Беруний, Абу Али Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллик, Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик, Амир Темурнинг 660 йиллик тантаналари нишонланди. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Амир Темур хафталиги ўтказилиб, “Темурийлар даврида фан, маданият ва маъорифнинг гуллаб яшнаши” мавзусида илмий конференция ва кўргазмаси ташкил этилди.
Тошкент шахрининг 2000 йиллиги, Хива (1997 йил), Бухоро (1997 йил), Термиз (2002 йил) шаҳарларининг 2500 йиллиги, Шахрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги (2002 йил), Ахмад Ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги, Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги (1998 йил), “Алпомиш” халқ достони яратилганлигининг 1000 йиллиги (1999 йил), Авесто китоби яратилганлигининг 2700 йиллиги (2001 йил) нишонланди. ЮНЕСКО билан бирга қадимий ва хамиша навқирон Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Бойсун туманида фольклор фестивали ўтказилиб келинмоқда.
Мазкур оламшумул тадбирлар мухтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари ва доно рахбарликлари остида хукуматимиз ЮНЕСКО билан хамкорликда амалга оширилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов инсоний идеалларни эъзозлагани, маданий қадриятларни тиклаш ва сақлашдаги, илмий меросини ўрганишдаги хизматлари учун 1998 йилда ЮНЕСКОнинг Абу Али Ибн Сино номидаги олтин медали билан мукофотланган.
БМТнинг бир қатор ихтисослашган ва ташкилотлари қатори БМТнинг болалар жамғармаси бўлмиш ЮНИСЕФ билан ҳам Ўзбекистонда ҳамкорлик ўрнатилган. Ва Республикамизда ЮНИСЕФ билан биргаликда болаларни иммунизация қилиш, бошланғич мактаб ўқувчиларини озиқ овқат ва ичимлик суви билан таъминлаш, вакциналар етказиб бериш бўйича узоқ муддатли дастурлар, Оролбўйи аҳолисига ёрдам кўрсатиш юзасидан мазкур дастур, “Орол денгизи: минтақавий ва экологик ёрдам лойихаси” ишлаб чиқилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро хамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.
БМТ ҳар бир инсонни хуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва химоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужахон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган. “Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон хуқуқлари поймол бўлишида хақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл харакатларида содир этилган ходисаларда халок юўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф мухитни мухофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёхвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.
БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилоталри ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар хаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли хисса қўшиб келмоқда.
БМТнинг гиёхвандлик моддаларига қарши курашиш дастури, қочоқлар ишлари бўйича Олий камиссар вакиллари, БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси, БМТнинг ахборот ва жамоатчилик билан алоқадор бўлиши, халқаро меҳнат ташкилоти, халқаро валюта фонди, халқаро тараққиёт уюшмаси, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро Қишлоқ Хўжалигини ривожлантириш фонди, БМТ нинг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ЮНЕСКО ташкилоти, Саноатни ривожлантириш бўйича ЮНИДО ташкилоти, жахон соғлиқни сақлаш ташкилотлари каби Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўплаб ихтисослашган муассасаси ва ташкилотлари дунёнинг деярли барча давлатларида турли сохаларда ислохатлар стратегияси ва келаётган ёрдамни мувофиқлаштириш, ижтимоий сохадаги ислохатлар, маданий – маънавий қайта уйғониш, хусусийлаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш, атроф мухитни химоя қилиш, бошқарув тизимини ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўллари билан хам дунёда тинчликни таъминлашда ўзининг салмоқли хиссаларини қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.
БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг хиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи доно халқимиз фаровонлиги учун мухтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев рахнамоликларида хукуматимиз, диний идорамиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз рахбарлари хамда шаҳар, туман рахбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва хали хамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош котибига юборган мактубларда қуйидаги сатрлар бор: “Ўзбекистондагилар хозирги дунёда ҳар қандай можароларни фақат тинч музокаралар йўли билан сиёсий воситалар ёрдамида тинч хал қилиш мумкинлигига, бу музокараларда БМТ бош рол ўйнаши кераклигига ҳам қаттиқ ишонадилар.”
Иброҳим Иномов, ЎМИ раиси ўринбосари
“Таъвилоту аҳл ас-сунна”: хом гапларга пишиқ жавоблар
Диёримиздан тафсир илмига бой маънавий мерослари билан улкан ҳисса қўшган машҳур муфассирлар етишиб чиққан.
Ана шундай буюк алломалардан бири, калом илмининг имоми, мусулмонлар эътиқодининг ислоҳчиси деб эътироф этилган зот имом Мотуридийдир.
Алломанинг ислом илмига қўшган ҳиссасининг нақадар улуғлигини Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият - енгилмас куч” асарида бундай таърифлаган эди: “Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради”.
Мовароуннаҳрда мукаммал тафсир асар тасниф этган илк муфассирлардан бири Абу Мансур ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий (238-333ҳ.й.) ҳисобланади. Унинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” деган тафсир асари “Аҳли сунна вал жамоа” йўналишининг энг мўътабар ва асосий манбаси саналади.
Имом Мотуридий кўплаб асарлар яратган бўлиб, айниқса, унинг “ат-Тавҳид” ва “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асарлари мусулмон оламида жуда катта шуҳрат қозонган. У калом, фиқҳ, усулул фиқҳ, мақолот каби соҳаларда ҳам улкан асарлар ёзиб қолдирган.
Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби вакили бўлиб, адашган фирқаларга шу мазҳаб таълимотларидан келиб чиққан ҳолда раддиялар бериш усули билан тафсир асарларини яратган. Хусусан,“Таъвилоту аҳл ас-сунна” тафсири суннат аҳилларининг йўналишини адашган фирқа ва оқимлардан ҳимоя қилиш мақсадида ёзилган.
Ушбу асар муқаддимасида аллома тафсир ва таъвил тушунчаларининг фарқи ва таърифларини келтириб ўтган ҳамда ўз ақидавий йўналишидан келиб чиқиб, тафсирда калом илми услубларидан маҳорат билан фойдаланган. Имом Мотуридий ушбу тафсирида мўътазилийлар имомларига, хусусан, Абул Қосим Каъбий ва Абу Муҳаммад Боҳилийларга раддиялар ёзган. Шунингдек, карромийлар, ботинийлар, хорижийлар, рофизийлар ва қаромитийлар каби залолатга юз тутган фирқаларга ҳам раддиялар берган.
Имом Мотуридийнинг ушбу шоҳ асари асрлар давомида аҳли сунна эътиқодининг софлигига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
“Таъвилоту аҳл ас-сунна”нинг ёзилиш услуби қуйидагиларда намоён бўлади:
- Дастлаб суранинг номи келтирилади. Сўнг оят зикр этилиб, “Бу оят хусусида шундай дейилган” ёки “Бу оятда икки ёки уч хил важҳ эҳтимол қилинади” дейилади. Кейин ҳар бир важҳ зикр қилиниб, баҳс юритилади. Саҳоба, тобеъин ва ишончли аҳли таъвил муфассирларнинг фикрлари келтирилиб, ўз мазҳаби бўйича таржиҳ қилинади ва хулосаларини оят, ҳадис ёки саҳиҳ хабарлар билан қувватлаб, “Бизнинг наздимиздаги асл ҳукм шуки” ёки “Бизнинг наздимизда” деган иборалар келтирилади;
- Агар бирор оятни аҳли сунна йўналишига қарши бўлган фирқалар тафсир қилган бўлса, аввало, ўша муфассирнинг исми аниқ зикр қилинади. Масалан, Абу Бакр Асомм ёки Жаъфар ибн Ҳарб ва бошқалар. Шунингдек, фирқаларнинг номи ҳам келтириб ўтилади: мўътазилий, карромий, ботиний, хорижийлар ва ҳоказолар. Сўнг уларнинг хилоф гаплари ва тафсирлари келтирилади, Кейин эса аҳли суннанинг ақидасини ҳимоя қилиш мақсадида уларга ақлий ва нақлий далиллар билан раддиялар беради;
- Оятда бирор фиқҳий масала баён қилинган бўлса, Мотуридий ўз мазҳаби бўйича Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фатволарига суянган ҳолда тафсир қилган ва бошқа мазҳаб фақиҳларининг янглиш хулосаларини рад этган;
- Мотуридийга қарши фикр билдирганлар чуқур ғулуга кетган бўлса, уларнинг хатосини зикр қилиб, сўзининг охирида “Гапни исроф қилишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз”, дея сўзини қисқа қилган;
- Имом Мотуридий ихтилофларга сабаб бўладиган “истиво”, “мисл” каби оятларга катта эътибор қаратган ва бу оятларни нотўғри таъвил қилганларга қаттиқ жавоблар ёзган.
Мухтасар қилиб айтаганда, Имом ал-ҳуда, Имом ал-мутакаллимин ва Мусаҳҳиҳу ақидатил-муслимин каби юксак эътирофлар билан таърифланган Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асари юртимизда ёзилган илк тафсирлардан ҳисобланади.
Алломанинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини пухта ўрганиб, ҳаётга тадбиқ этишимиз бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида инсонларни залолат ва қабоҳатга даъват этаётган ҳамда халқлар ўртасида нотинчликларни юзага келтираётган диний экстремистик оқим ва йўналишлар илгари сураётган бузғунчи ғояларга қарши маърифат билан кураш олиб боришда улкан аҳамият касб этади.
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Қатортол” масжиди имом-хатиби
Фотима (розияллоҳу анҳо) яшаган муборак уй
Фотимаи Заҳро (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жигаргўшалари, севикли қизлари, аҳли жаннатнинг саййидаларидир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фотима менинг бир бўлагим, ким уни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим).
Фотима онамиз (розияллоҳу анҳо) 3 ҳижрий йили Ҳазрат Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) турмушга чиқади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафотларидан олти ой ўтгач, 29 ёшларида бу дунёдан кўз юмади.
Қуйидаги суратлар Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг қанчалар камтар, зоҳида, фозила эканликларини намоён этади.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Суннат намозларининг фазилати
Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўн икки ракат суннат номозларни бардавом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракат, пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, ҳуфтондан кейин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат”. Имом Термизий ривоят килиб, бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ҳам ҳадис ривоят қилинган деганлар. Сўнгра Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ҳам ҳадисларини келтириб, уни саҳиҳ деганлар. Имом Муслим ҳам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ушбу ҳадисни ривоят қилган ва ҳадиснинг охирида Умму Ҳабиба онамизнинг: “Шундан буён уларни доим ўқийман” деганларини ривоят қилган. Кўриниб турибдики, нафл ибодатларни, хусусан фарзлардан олдинга ва кейинги суннат намозларнинг фазилати жуда улуғ. Шунинг учун имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида нафл намозларига алоҳада аҳамият қаратилган. Чунки намоз банданинг қиёматда нажот топишга асосий омили. Шундай экан уни ўз вақтида ва мукаммал адо этиш фарздир. Мободо вақтида ўқий олмаса қазосини ўқиш лозим бўлади. Аммо бир инсон қазосини ҳам ўқий олмай вафот этса, Аллоҳ таолонинг фазли ила адо қилинмаган фарзларнинг ўрнини нафллар билан тўлдирилади. Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қиёматда биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар тўла бўлса, тўлиқ деб ёзилади. Агар унда камчилиги бўлса: Қарангларчи, зоя қилган(ўтказиб юборган) фарзларини тўлдирадиган нафлларини топасизми дейди. Сўнгра бошқа амаллар ҳам шунга кўра бўлади”. Деганлар. Мазҳаббошимиз тутган, аждодларимиз асрлар давомида унга оғишмай амал қилиб келаётган йўл нақадар гўзал! Тасаввур қилиб кўринг, эллик йилдан буён намоз ўқиётган инсоннинг уни тўлдирадиган яна эллик йиллик нафл ибодати бор. Аммо афсуски бугун баъзи ёшларимизни суннат намозларига бепарво қарашаётганини кўрамиз. Бунга гўёки ишлари кўплигини баҳона қиладилар. Аммо кўчада дўсти билан соатлаб гаплашишга вақти бор. Ваҳолангки тўрт ракатли намозга бор-йўғи беш дақиқа кифоя. Ушбу мақолани ёзиш асносида бир йигит келиб интернетдан Оиша онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни ўқиганини айтиб, ҳақиқатдан ҳам шундай ҳадис бор-йўқлигини, агар бор бўлса, мазкур ўн икки ракат намозни ўқилиш тартиби ҳақида сўради.
Бугун биз учун одатга айланган суннат намозлари, айни ўша ҳадисда фазилати зикр қилинган нафл ибодатлардир. Уларни бардавом ўқиб юрган инсонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда уй ваъда қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши билган, суннатга мувофиқ ҳаётлари билан бутун дунёга устоз бўлган аждодларимиз бунга аввало ўзлари қаттиқ амал қилишган, қолаверса бизга ҳам буни таълим бериб кетишган. Балки фазилатларини билмагандирмиз, аммо намоз ўқишни ўрганган илк чоғларимизданоқ фарз намозлари билан бирга мазкур суннатларни ҳам қўшиб ўқишни устозларимиздан таълим олганганмиз. Ёшларимиз ҳам илмда, тақвода дунёга устоз бўлган аждодларимизнинг йўлларидан юриб, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилсалар, албатта икки дунё саодатига етишамиз.
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
“Новза” жомеъ масжиди ноиби имоми А. Собиров.
Зайнаб бинти Хузайма
Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳижратдан йигирма саккиз йил олдин (мелодий беш юз тўқсон олтинчи йили) туғилганлар.
Оталари: Хузайма ибн Ҳорис ибн Абдуллоҳ ибн Аъмр ибн Абдуманоф ибн Ҳилолдир.
Оналари: Ҳинд бинти Аъвф ибн Зуҳайр ибн Ҳамматоҳ ибн Журшдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса бинти Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳога уйланганларидан сўнг Зайнаб розияллоҳу анҳога ҳижратни учинчи йили Рамазон ойида уйландилар. Зайнаб онамиз мўмина, тақводор, солиҳа, ҳар қандай оғир шароитларда сабр қилувчи аёл эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлнинг сабру матонатини эшитиб ҳамда эри вафот этганидан сўнг уни ўз қарамоғига олувчи, уни ҳимоя қилиб, кўмак берувчи бирорта киши қолмаганидан хабардор бўлиб, унга улуғ марҳамат кўрсатдилар. Аёлнинг чин мусулмонлиги, Ислом йўлидаги ҳаракати, сабр-матонати ва дин йўлида унга етган мусибатлари эвазига Зайнаб розияллоҳу анҳога яхшилик ирода этдилар ва унга совчи бўлдилар. Шу тариқа ҳомийси ва қаровчисидан айрилган бева аёлнинг мусибатларини енгиллатиш мақсадида уни ўз қарамоғларига олдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир йилгина умр кечирдилар.
Ҳижратнинг тўртинчи (мелодий олти юз йигирма олтинчи) йили Мадинаи мунавварада вафот этиб, Бақеъ қабиристонига дафн қилиндилар.
Манбалар асосида
Тожиддинов Абдуссомад
Абдулбосит ўғли тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.