muslim.uz
“Саййид Муҳйиддин махдум”да ўқув-семинари
Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударрис-ўқитувчилари учун 2017 йилнинг 4–6 январь кунлари “Таълимда сўнгги илғор технологиялар”дан фойдаланиб дарс ўтишни ташкил этишларини таъминлаш мақсадида ўқув-семинари ташкил этилди.
2016 йилнинг 4–6 январь кунлари 2016–2017 ўқув йили 1-ярим йиллиги учун белгиланган қишки таътил кунларидан фойдаланган ҳолда билим юртида таълим-тарбия ишлари самарадорлигини янада ошириш, барча фан мударрис-ўқитувчиларининг ўз устида доимий равишда ишлаб тажриба орттиришлари, машғулотларда таълимнинг интерфаол услубларидан кенг фойдаланишига жиддий эътибор қаратишларини таъминлаш учун Андижон вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти билан ҳамкорлик қилган ҳолда “Таълимда сўнгги илғор технологиялар”дан фойдаланиб дарс ўтишни ташкил этишларини таъминлаш мақсадида тасдиқланган жадвал асосида қисқа муддатли ўқув-семинари (мастер класс) ташкил этилди. Ўқув-семинарлари ушбу институтнинг барча қулайликларга эга инновацион технологиялар билан жиҳозлаган хоналарида ташкил этилди.
Ушбу ўқув-семинарида билим юртининг барча асосий штатдаги мударрислари ва мутахассислик фан ўқитувчилари иштирок этдилар. Ўқув-семинарининг биринчи кунида барча мударрис-ўқитувчилар ҳамда Андижон вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти профессор-ўқитувчилари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ушбу ташкил этиладиган ўқув-семинарни ташкил этилишидан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида икки томоннинг фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Ўқув-семинарининг биринчи кунида жадвалга киритилган “Таълимда инновация, дарс услуби, техникаси ва “Бумеранг” технологияси”, мотивация мавзуларида машғулотлар ташкил этилган бўлса, иккинчи ва учинчи кунларида “Ўқитувчининг инновацион фаолияти: маҳорат, ижодкорлик, новаторлик, бошқарув педагогикаси”, “Профессор-ўқитувчиларнинг меъёрий ҳужжатларини тўлдириши, иш юритиши, педагогик технология ва интерфаол услублар – давр талаби”, “Ёш даврлари психологияси”, “Ёш даврлари классификацияси”, “Ёшлар тарбиясига таъсир этувчи глобаллашув жараёнлари”, “Талаба ва ўқитувчи ўзаро муносабатларининг психологик хусусиятлари”, “Тарбия ва ижтимоий муҳит психологияси” мавзуларида ташкил этилди.
Ташкил этилган ўқув-семинари учун алоҳида журнал юритилди ҳамда машғулотларга қатнашган барча тингловчилар ўтилаётган мавзуларни муфассал қайд этиб бордилар. Ўқув машғулотлари якунида мударрис-ўқитувчиларнинг билим кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича ўтилган мавзулар бўйича савол-жавоблар ташкил этилди. Ўқув-семинари якунлари бўйича барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Ўқув-семинари якунида билим юрти мудири Н. Қодиров ўқув-семинар машғулотларини ташкил қилишда ўзларининг вақтларини аямасдан дарсларни ташкил қилиб берганлари учун малака ошириш институтининг барча профессор-ўқитувчиларига ҳамда ушбу профессор-ўқитувчиларга бошчилик қилиб келаётган Муқаддасхон опа Абдуллаевага ўз миннатдорчилигини билдириб, билим юрти маъмуриятининг эсдалик совғаларни топширди.
Искандарбек ЗАКИРОВ,
билим юрти ходими
Соллаллоҳу алайка Йа Расулаллоҳ
Бутун дунёда бўлганидек диёримиз мусулмонлари орасида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган ойларини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан бу йилги рабиъул аввал ойида барча жоме масжидларимизда, тўй ва маросимларимизда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг сийратлари, юксак ахлоқ-одоблари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг етук ахлоқлари гўзал байтларда ифодаланган “Мавлиди шариф” китоби севиб ўқилди.
Ўтган рабиъул аввал ойида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўплаб салавотлар айтиб, у зотга муҳаббатларимизни зиёда қилишга ҳаракат қилганимиздек, бу интилиш кейинги ойларда, қолаверса, йил давомида давом этмоғи лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир маротаба салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, деб марҳамат қилганлар.
ХАЛҚИМИЗНИНГ ИШОНЧИ ЮКСАК, УМИДИ КАТТА
Ҳар бир мамлакатнинг демократия тамойилларига қанчалик амал қилаётгани ўтказган сайловларида намоён бўлади. Қачонки, сайловда халқ ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода эта олса, ана ўша сайлов умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ тарзда ўтказилган ҳисобланади. Сайловнинг яна бир фазилати шуки, демократик давлатларда халқ ҳокимияти – фуқаролик жамияти ана шу қадрият асосида ўрнатилади. Республикамиз аҳолиси истиқлол йилларида сайлов қонунчилиги ва амалиёти борасида етарлича тажриба тўплагани Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида яққол ифодасини топди.
2016 йилнинг 4 декабрь куни тонгни юртдошларимиз кўтаринки кайфиятда қарши олди. Эрталабдан кечгача ёшу қари гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қувноқ кайфиятда сайлов участкаларига бораётганига гувоҳ бўлдик. Ўзимиз ҳам уларнинг сафида овоз бердик. Ватандошларимиз мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ҳодиса – Президент сайловида қатнашиб, ўзи танлаган номзодга овоз бердилар. Республикамиз аҳолисининг 87,73 фоизи сайловда мамнуният ила қатнашди.
Сайловда фаол қатнашиб юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор ифода этдик. Илло, бугун одамларнинг тафаккури, дунёқараши, ҳаётга муносабати, теварак-атрофимизда рўй бераётган туб ўзгаришларга қарашлари ўзгача. Ҳар бир кишининг ўз мустақил фикри, воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўзига хос ёндашуви бор. Одамларда мамлакатимизда юз бераётган ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси кучайиб бормоқда. Юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги ошди, фуқаролик масъулияти юксалди.
Халқимиз қадимдан ҳар бир масалани ортиқча ҳис-ҳаяжонларга берилмасдан, вазминлик билан бамаслаҳат ҳал этишни одат қилган. Зеро, бу Аллоҳ таолога хуш келувчи сифатлардандир: “Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур” (Шўро, 38). Аждодларимизнинг ана шу анъанасига амал қилингани туфайли сайлов кампаниясининг барча иштирокчилари қонунчилик талабларига оғишмасдан риоя қилди. Бирор сайлов участкасида қонунбузарлик ва бошқа кўнгилсизликлар содир этилмади. Номзодларнинг бири иккинчисининг қачонлардир йўл қўйган бирор хатоси бўлса, ўшани топиб олиб, дастак қилиб кўтармади. Аксинча, ўзининг келажакда амалга оширмоқчи бўлган ёруғ режаларини халқимиз муҳокамасига олиб чиқди.
Сайлов участкаларига турли сабаблар билан кела олмаганлар ҳам овоз беришдан четда қолмади. Сайлов куни ўз маконида бўла олмайдиган кишиларимизга муддатидан олдин овоз бериш учун қулай шароитлар яратилди. Янада эътиборлиси, ногиронлар эътибордан четда қолиб, кўнгли ўксимади, овоз бериш учун уларга ҳам муносиб қулайликлар яратилди.
Демократик тамойилларга тўла мос ҳолда ўтказилган сайловда узоқ йиллардан бери масъулиятли вазифаларда самарали фаолият юритиб, халқимиз меҳрини қозонган Шавкат Мирзиёев ишончли ғалабага эришиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти деган юксак ва масъулиятли мартабага сазовор бўлди.
Раҳматли биринчи Президентимиз олиб борган савобли ишларни давом эттиришдек залворли вазифа энди у кишининг зиммасида. Халқимизнинг янги сайланган Президентдан умидлари катта. Давлатимизнинг янги раҳбари бу ишончни оқлаши аниқ. Чунки у кишида бунинг учун илм ҳам, тажриба ҳам, юртпарварлигу халқпарварлик ҳам, энг муҳими, мамлакатни бошқариш борасида ноёб қобилият ҳам етарлидир.
Ўзимизнинг эркин хоҳиш-иродамиз билан маъқул номзодни сайлаб олдик, алҳамдулиллоҳ. Энди Президентимиз атрофида жипслашмоғимиз, у кишини дуойи хайрлар билан қўллаб-қувватлаб турмоғимиз бизнинг диний ва фуқаролик бурчимиздир. Аллоҳ таборака ва таоло бундай буюради: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) иш эгалари (раҳбарлар)га итоат этингиз!..” (Нисо, 59).
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда давлатимизнинг янги раҳбари кириб келаётган 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, масъул ташкилотларнинг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги имкониятлари ва самарали усулларини жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Бу, ўз навбатида, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсияларига ҳам тўла мос келадиган таклифдир. У зот бундай марҳамат қиладилар: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулдирсиз...” (Имом Бухорий ривояти).
Бундан ташқари, келаси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бир қатор муҳим ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Бу ўзгаришлар халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишига, юртимизнинг бундан-да равнақ топишига хизмат қилади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло юртимизга берган тинчлик-хотиржамликдай улуғ неъматга самимий шукронамиз, раҳматли биринчи Президентимиздан жудолик мусибатига қилган сабримиз туфайли берилажак ажру мукофотлар бўлади, иншоаллоҳ...
Илоҳо, янги сайланган Президентимизнинг ушбу мартабадаги қадамлари қутлуғ ва баракотли бўлсин, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган барча хайрли ишларида Парвардигори олам тавфиқи ва ёрдамини аямасин!
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий
“Сарҳисоб-2016”: ғолиблар дил изҳорлари
Шарифа Ғаниева («Зиё» студияси муҳаррири). Телевидение йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби:
– “Рағбат ҳар бир соҳа эгасига куч-ғайрат ва шижоат баҳш этади. Келгуси иш жараёнида янада матонат ва шижоатли бўлишни мақсад қилади. 2016 йилнинг Сарҳисоб танлови ҳам жуда кўп юртдошларимиз учун юксак мақсадларни олиб келди, десак янглишмаган бўламиз. Мен ҳам ана шундай саодатли ва иқтидорли юртдошларимиз орасидан ўрин олганим учун беҳад мамнунман. Бу эътироф фақатгина меники эмас, балки бутун "Зиё" студияси жамоасига ҳам тегишлидир. Бу ютуқ бизга янгидан янги лойиҳалар устида изланишимиз ва илмий фаолиятимизни янада бойитишимиз учун муҳим турткидир.
Йил давомида амалга оширган ишларимизни кўздан кечираётган бир пайтда кичик хизматларимиз юксак баҳоланди. Бунинг қувончини биргина сўзлар билан ифода этиш мушкулдир. Бироқ юртимиздаги тинчлик осойишталик учун Яратганга шукроналар айтишдан чарчамаймиз. Ижодкорлар учун бундай мукофотларни таъсис этган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”.
Аброр Акбаров («Ўзбекистон» телерадиоканали муҳаррири). Радио йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби:
– “Муқаддас қадриятларимиз, аждодларимизнинг бебаҳо меросларини имкон қадар халқимиз, ёш авлодга етказишдек масъулиятли вазафадан бугун бахтиёрмиз. Бу соврин бизни келгусидаги фаолиятимизда янада ғайрат, янгича услублар билан меҳнат қилишга ундайди”.
Олимхон Юсупов (Имом Бухорий халқаро маркази ходими). Матбуот йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби:
– “Динимизнинг софлигини асрашда, унинг асл моҳиятини кенг оммага етказишда, ботил эътиқод ва ақидалар хуружидан халқимизни огоҳлантиришда хизмат қилган барча соҳа вакилларини муборакбод этаман. Бугун бизнинг зиммамизда улкан вазифалар бор. Аллоҳ хайрли ишларда бачамизга Ўзи мадад берсин!”.
Шоҳрух Ҳожибоев («Зиё» студияси видеомуҳандиси). Радио йўналиши бўйича 3-ўрин соҳиби:
– “Бу йилги “Сархисоб” танлови жуда чиройли ва ўзгача руҳда ўтди. Ташкилотчилар ҳам танловни ўтказишга катта тайёргарлик кўргани, тадбирни эсда қоладиган, инсон қалбининг тубига кириб борадиган, шукроналик туйғуларини ҳис этишга ундайдиган махсус лавҳалар билан маросимни бойитилганини алоҳида таъкидлаш лозим”.
Жасур Раупов (Тошкент шаҳар «Носирхон» масжиди имом-хатиби) Телевидение йўналиши бўйича Рағбатлантирувчи мукофот соҳиби:
– “Албатта бу ютуқ кутилмаган ютуқ бўлди. Бу эътироф бизга янада масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам ўз устимизда янада кўпроқ ишлаб ОАВ лари орқали улуғ неъмат – тинчликни асраб-авайлашга бўлган тарғибот ишларида фаолликни оширишга далда бўлади, деб умид қиламиз. Танловни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот Агентлигига ўз миннатдорчилигимни билдираман”
Одилхон Исмоилов (Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин» масжиди имом-хатиби, muxlis.uz Интернет манзили муҳаррири). Интернет йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби:
– “Танловда қатнашиш борасида биз фарзандларимизнинг руҳий тарбия борасидаги билимларини оширишга қаратдик. Қолаверса, бугунги кунда ИШИД фитнаси борасидаги асл воқеликни очиб бердик. Шу билан бирга мутаассиблик борасидаги ҳолатларни ифодаловчи мавзуларда ижод қилдик. Аллоҳга шукрки, веб сайтимиз фаолиятини бошлаганига шу кунларда 4 йил бўлибди ва бу соврин ана шу санага ўзига хос совға бўлди”.
Зоиржон Содиқов (ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллигининг vakillik.uz, minor.uz Интернет манзиллари юритувчиси). Интернет йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби:
– “Буюк алломаларимиз, устозларимиздан бир гўзал ибрат бор. Битган китоблари муқаддимасида: “Ушбу китобдан манфаатлар топсангиз Аллоҳ таолодан, бирор хато топсангиз камина ходимингиздан деб билгайсиз”, дея айтиб ўтадилар.
Осуда ва обод юртда фикрларимизга қувват, интилишларимизга мадад берган Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз. Зеро, шу онда қайсидир ерларда қанчадан-қанча орзулар, мақсадлар чил-парчин бўлмоқда, вайрон этилмоқда...
Фурсатдан фойдаланиб, истиқлолимизнинг 25 йиллигига бағишланган “Сўнмас туйғу”, “Истиқлол саодати: Кеча ва бугун” лойиҳаларида бизга кўмак берган устоз, имом-хатибларимизга миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Шунингдек, кўрик танлов ташкилотчиларини бундай юқори савиядаги маросим билан қутлаб, ўз ташаккурларимизни билдирамиз”.
Илҳом Марупов («Мовароуннаҳр» нашриёти муҳаррири. Радио йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби:
– “Кичик бир ишларимиз бу қадар катта ютуқларга сабаб бўлишини кутмаган эдик. Ижодкор инсонга озгина эътибонинг ўзи етарли бўлади. Бошқача айтганда, ижодкорни қушга қиёсласак бўлади. Ижодкорнинг рағбатлантирилиши қушнинг икки қаноти билан парвоз қилгандек. Бир томондан фахр, ғурур бағишласа, бир томондан масъулият бағишлайди. Албатта бу келгусида янада самарали ижод қилишга ундайди”.
Насим Муинов («Оилавий» телеканали режиссёри). Телевидение йўналиши бўйича 3-ўрин соҳиби:
– “Дунёдаги энг бағрикенг дин – Ислом дини. Динимиз эзгулик, осонлик дини эканлигини кенг оммага етказишимиз, ОАВлари орақли содда равишда тушунтиришимиз керак. Биз журналистларнинг мақсади динни, ундаги арконларни шаффофлигича етказишдир. Диний-маърифий йўналишдаги бу танловда қатнашиш катта бахтдир. Қанчадан-қанча зиёлилар, аҳли илмлар ичида эътироф этилишимиз эса катта бир ҳодисадир. Мен ғолиблар ичида бўлишимни ҳатто ўйламаган эдим. Шу фурсатдан фойдаланиб танлов ташкилотчиларига бундай юқори даражадаги тадбирни уюштирганликлари учун самимий миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Маросимдаги видеолавҳалар, ижодий ишлар бизни ҳайратга солди. Барчаси учун ташаккур!”.
Иброҳим Усмонов (Тошкент ислом университети проректори). Матбуот йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби:
– “Якунига етиб бораётган бу йилда маҳаллий ва хорижий матбуотда ҳамда халқаро конференцияларда диний-маърифий йўналишдаги ижодий ишлар билан иштирок этдим. “Сарҳисоб” танлови – аъло даражадаги ташаббусдир. Жуда ҳам хассос бир йўналишда ижод қилаётган, катта масъулиятни бўйнига олган муаллифларни тақдирлашнинг ўзига хос йўлидир. Ўйлардимки, кейинги йилларда хориж ОАВларида Ўзбекистондаги дин сохасида амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб этувчи мақолалар, чиқишлар бўйича ҳам йўналиш ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди”.
Даврон Нурмуҳаммад («Мовароуннаҳр» нашриёти ходими). Матбуот йўналиши бўйича 3-ўрин соҳиби:
– “Ҳар йили анъанавий тарзда илм зиёси тарқатувчиларни муносиб тақдирлаётган “Сарҳисоб” танлови ижод аҳлига қаратилаётган эътиборнинг юксак намунаси бўлиб, бу танлов ижодкорларга юксак ифтихор бағишлаши билан бирга, улкан масъулиятни ҳам юклайди. Аслида, сиз ёзган мақолани юртдошингиз ўқиб, ундан манфаат топиб, “мақолангизни ўқидим, яхши чиқибди”, деса бунданда ортиқ мукофот, бахт йўқдир. Бинобарин, бахт бу – динимиз, халқимиз, яқинларимизга оз бўлсада фойда етказиш йўлида хизмат қилишдир.
Биз ушбу танловни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган барча азиз устозу, меҳнаткаш ишчи, ходимларга чуқур ташаккур изҳор этамиз. Зеро, севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларга ташаккур этмаган Аллоҳга шукр қилолмайди”, деганлар.”
Исомиддин Аҳроров (Тошкент шаҳар «Оқилон» масжиди имом-хатиби). Радио йўналиши бўйича Рағбатлантирувчи мукофот соҳиби:
– “Юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни оммага кенг тарғиб этиш, динлараро бағрикенглик, дўстона муносабатлар ила шакллантирилган эзгу ғояларини оммалаштиришда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносибларини рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танловини ўтказиш анъанга айланди.
Ушбу эзгу ва ҳайрли иш юртимиздаги диний соҳада фаолият олиб бораётганларнинг ўз касбига садоқат ва масъулият билан ёндашишга ундайди. Шунингдек, юртимиз тинчлиги ва халқимиз хотиржамлигига, ёш авлодни турли ёвуз ғоялардан асрашга ҳизмат қиладиган янги-янги ижодкорлар ва ташаббускорларни вужудга келишига ҳизмат қилади, десам муболаға бўлмайди.
«Сарҳисоб» танлови диний соҳа вакилларнинг дунёвий ва диний дунёқарашларини янада шакллантиришга, илмий изланишларни жадаллаштиришга, ўз устида тинмай ишлашга, доимо ушбу соҳада пешқадам бўлишга чорлайдиган ва қилган меҳнати сабабли рағбатлантиришга олиб борувчидир, десам айни сўзни айтган бўламан”.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Дин эзгулик ва яхшилик тарғиботчисидир
Бугун дунёда кечаётган қонли тўқнашувларнинг аксари муқаддас динимиз номи билан амалга оширилаётгани барчамизни ташвишга солади. Бузғунчи оқимлар Ислом дининнг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш билан ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йўлида фойдаланишмоқда.
Барча динлар эзгулик ва яхшилик тарғиботчисидир. Хусусан, Ислом дини – инсон ва унинг қадру-қийматини ҳимоялайди, табиат, жамият билан муомалаларини адолатли, мурувватли тарзда олиб боришга буюради. Ҳеч қачон қон тўкиш, зулму-зўравонликка буюрмайди. Аксинча бундай ишлар қаттиқ қораланиб, улкан ва кечирилмас гуноҳ экани таъкидланган.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда турли фирқачилик, тажовузкорлик ва мутассибликдан қайтарилади.
Дин инсониятни залолатдан ёруғликка олиб чиққан. Тинчлик, ўзаро хотиржамликни ўзининг асл ғояси, деб билади. Унинг таълимоти одамларнинг фирқаларга бўлинишдан қайтаради. Аллоҳ таоло бундай амр қилади: “... фирқаларга бўлинманг”, (Оли Имрон, 103).
2016 йил 20 декабрь куни Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги Ахборот технологиялари ва саноат касб-хунар коллежида “Диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш, Ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилишни олдини олиш” мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Хонобод шаҳар бош имом-хатиби Мансурбек Раҳимов иштирок этиб, ўз маърузаси билан қатнашди.
Йиғилиш сўнгида шахар бош имом-хатиби талабаларнинг мавзуга доир саволларига жавоб берди.
Музаффар Жабборов,
ЎМИ Масжидлар бўлими ходими
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.