muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 09 Октябрь 2017 00:00

Яхшилик қилувчи ҳаргиз тойилмас

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қилинган эзгу амал ва яхшиликлар ёмон фалокату-ҳалокатлар (хунук ва нохуш ўлим топиш) сақлагай! Махфий қилинган садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини (бир ривоятда “сув оловни ўчиргани каби” қўшимчаси ҳам бор) ўчиргай! Силаи раҳм (қариндошлик алоқаларини боғлаш) умрга зиёдалик (бағишловчи)дир! (бир ривоятда “ва фақрликдан сақлайди” деган қўшимчаси ҳам бор). Ҳар бир яхшилик садақадир. Дунёда яхшилик қилувчилар, Охиратда ҳам яхшилик аҳли (қаторида) бўладилар. Бу дундёда ёмонлик аҳли (ёмон иш қилувчи) бўлганлар, Охиратда ҳам ёмонлик аҳли (қаторида) бўладилар! Жаннатга биринчи бўлиб кирувчи (жамоа ҳам) яхшилик аҳлидирлар! (Имом Табароний ривояти).       

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Яхшилик қилувчи дунёда ҳаргиз тойилмас, тойилса ҳам, албатта, суянчиқ топа олур”, деган.

Ибн Мункадирдан “Амалларнинг қайси бири энг афзал?” деб сўрадилар. Шунда: “Мўминнинг қалбига хурсандлик киритиш”, деди. Сўнгра: “Дунёда энг севимли ишингиз нима?” деб сўрашганда, у яна: “Ёру-дўстларга фазл қилиш: уларга ҳам моддий, ҳам жисмоний кўмакчи бўлиш”, деб жавоб берди.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ: “Дунёда энг яхши ҳаёт кечирувчи киши –  яшаш шароитини яхшилаш билан бир қаторда бошқаларнинг турмушини ҳам яхшилаш пайида бўлувчи кишидир. Дунёнинг энг лаззатли нарсаси – ёру-дўстларга фазл қилишдир”, деб айтган.

Шоир Абул Атоҳия ўз шеърида бундай деган:

Қўлингдан келганча қилиб яхшилик,

Биродаринг ғамларин аритувчи бўл!

Мард йигитнинг энг яхши куни ахир,

Ҳожатларни раво қилган кунидир! 

 

Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Понедельник, 09 Октябрь 2017 00:00

Седананинг фойдалари

                                                                                                                            Минг дардга даво

Абу Али ибн Сино седана билан айрим кўз касалликларини даволаган. Седана ва асалга иссиқ сув қўшиб, шарбат ҳолига келтириб, қовуқ ва буйракдаги тошни даволашда ишлатган. Шунингдек, буюк табиб седанадан гижжа ҳайдовчи, газандалар заҳрини кесувчи ва асабларни тинчлантирувчи омил сифатида ҳам фойдаланган.

*Седанани агар ёғ билан ейилса, ранг-рўйни қизартиради, юзни мусаффо қилади, сирка билан ейилса, меъдадаги барча қуртларни ташқарига ҳайдайди. Унинг 4,5–10,5 г ни илиқ сув билан ейилса, қутурган ит қопганига ва қорақурт заҳрига қарши дори бўлади. Шу миқдордагисини сканжабин ( сиркали асал) билан истеҳмол қилинса, узундан-узоқ давом этган иситма ва эски балғамли иситмага шифо бағишлайди. Сув ва асал билан ейилса, нотўғри нафас олишни даф қилади, қоражигар ва қовуқдаги тошларни эритади.

*Хомини ҳидланса ёки латтага ўраб бир кеча-кундуз сиркада ивитилганини эзғилаб, эрта тонгда бурунга томизилса, совуқдан бўлган бош оғриқни даф этади. Бурун тешигидаги тиқилмаларни очади. Тумов ва бурундан сув оқишини тўхтатади. Шунингдек, юзнинг бир томонга қийшайиб қолиш иллатини бартараф этади.

* Седананинг туйилганини узум сиркаси билан хамир қилиб боғланса, сўгаллар, теридаги холлар, пес, майда тошма ва сувчечак, шунингдек, теридаги доғларни бартараф Хамир қилиб боғланса, қаттиқ шишларни, чипқонларни даф қилади. Қизилгул ёғига аралаштириб суртилса, хоҳ ҳўл, хоҳ қуруқ бўлсин, қўтирни самарали тузатади.

                                                                     Зебо ОМОНОВА тайёрлади.

Муҳтарам биродарлар! Муқаддас Ислом динимизда масжидни Аллоҳнинг уйи дейилади. Бу дегани масжид фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш, уни зикр қилиб тасбиҳ айтиш, Каломини тиловат қилиш каби амаллар учун барпо этилади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:

(وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا  (سورة الجن/18

яъни: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз! (Жин сураси, 18-оят).

Масжидга келган намозхонлар Аллоҳнинг уйига зиёратга келган бўладилар. Зиёратга келган киши у жойнинг тартиб-қоидаси ва одоб-ахлоқига риоя қилиши лозим бўлади. Шунда зиёратчига иззат-икром кўрсатилади. Қуйидаги Ҳадиси Қудсийда шундай дейилади:

(عَن أَبيِ سَعِيدٍ الخُدرِي رضي الله عنه أَن َّرَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ فِيمَا يَروِيهِ عَن رَبِّهِ: "إِنَّ بُيُوتيِ فيِ أَرضِي المَسَاجِدُ، وَ إِنَّ زُوَّارِي فِيهَا عَمَّارُهَا، فَطُوبَى لِعَبْدٍ تَطَهَّرَ فيِ بَيتِهِ ثُمَّ زَارَنيِ فيِ بَيتيِ فَحُقَّ عَلَى المَزُورِ أَنْ يُكْرِمَ زَائِرَهُ" (رَوَاهُ الإمام أَبُو نُعيَم

яъни: Абу Саъид Ал-Худрий 0 дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ  Раббисидан қилган ривоятида айтадилар: “Албатта, еримдаги уйларим Масжидлардир. Унда Мени зиёратимга келганлар уни обод қилувчилардир. Уйида таҳорат олиб сўнгра Мени уйимга зиёратим учун келган бандага яхшилик (Тубо жаннати) бўлади. Дарҳақиқат, зиёрат қилинмиш зиёрат қилувчисини икром қилмоғи ҳаққи вожибдир” (Имом Абу Нуъайм ривояти).

Албатта, масжидга ибодат учун қатнашни одатга айлантирган бандасини Аллоҳ таоло имон ҳаловатидан баҳраманд этади, Ўзига яқин бандалари қаторига қўшади. Бу ҳақда Абу Саъид Ал-Худрий 0 дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар ﷺ шундай деганлар:

(عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخدري رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : "إِذَا رَأَيْتُمُ الرَّجُلَ يَعْتَادُ الْمَسْجِدَ فَاشْهَدُوا لَهُ بِالإِيمَانِ، فَإِنَّ اللَّهَ تَعَالَى يَقُولُ: [إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللهِ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَاليَوْمِ الآخِرِ]" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرمِذِي

яъни: “Агар бир кишини масжидларга боришни одат қилганини кўрсангиз унинг имони бутун эканлигига гувоҳ бўлаверинг. Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ... кишилар обод қилурлар”, деган” (Имом Термизий ривояти).

Ҳурматли намозхонлар! Масжидни обод қилиш деганда, уни моддий ва маънавий обод қилиш тушунилади. Намозхонлар учун барча шароитлари яратилган тарзда масжидни барпо этиш, уни озода ва покиза сақлаш, нураган ёки яроқсиз ҳолга келган бўлса уни таъмирлаш ёки янгидан қуриш кабилар моддий обод қилиш дейилади. Алҳамдулиллаҳ, мустақиллигимиздан сўнг юртимизда масжидларни обод этиш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Кўплаб янги масжидлар қурилди. Эскилари таъмирланди, яроқсизлари қайтадан барпо этилди. Айниқса, охирги йилларда бу соҳадаги ишлар янада ривожланиб, барча масжидлар энг замонавий асбоб ускуналар билан жиҳозланди. Дарҳақиқат, битта масжид қуриш ёки уни обод этишнинг савоби динимизда энг катта савобли иш саналади. Бу ҳақда кўплаб ҳадисларда баён этилган. Жумладан,

(عَنْ عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانَ رضي الله عنه قَالَ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "من بَنَى مَسْجِدًا يَبْتَغِي بِهِ وَجْهَ اللَّهِ بَنَى اللَّهُ لَهُ مِثْلَهُ فِي الْجَنَّةِ" (متفق عليه

яъни: Усмон ибн Аффон 0дан ривоят қилинади, у киши: Мен Расулуллоҳ ﷺ ни: “Ким Аллоҳдан савоб умидида битта масжид қурса Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаган бино қуради” деганларини эшитганман, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

(عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ أَسْرَجَ فِي مَسْجِدٍ مِنْ مَسَاجِدِ اللَّهِ سِرَاجًا لَمْ تَزَلِ الْمَلائِكَةُ وَحَمَلَةُ الْعَرْشِ يَسْتَغْفِرُونَ لَهُ مَا دَامَ فِي ذَلِكَ الْمَسْجِدِ ضَوْءٌ مِنْ ذَلِكَ السِّرَاجِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ أَبيِ شَيبَةَ

яъни: Анас ибн Молик 0дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ким Аллоҳнинг масжидларидан бирига чироқ ўрнатса, модомики ўша чироқнинг ёруғлиги шу масжидни ёритиб турар экан унинг ҳақига Аршни кўтариб турувчи ва барча фаришталар истиғфор айтиб турадилар” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

         Масжидни маънавий обод қилиш деганда унда намоз ўқиш, Қуръон тиловати, зикру тасбиҳ билан машғул бўлиш, унда дунёвий сўзларни гапиришдан ва савдо сотиқ ҳамда ношойиста ишларни қилишдан сақланиш кабилар тушунилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилган:

(يُسَبِّحُ لَهُ فِيهَا بِالْغُدُوِّ وَالْآَصَال  رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ  لِيَجْزِيَهُمُ اللَّهُ أَحْسَنَ مَا عَمِلُوا وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ يَرْزُقُ مَنْ يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ   (سورة النور/36-38

яъни: “У (масжид)ларда эртаю кеч Унга тасбеҳ айтадиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар. Улар қилган эзгу амаллари сабабли Аллоҳнинг мукофотлаши ва яна уларга ўз фазли билан зиёда (савобларни ато) этиши учун (ибодат қилурлар). Аллоҳ (ўзи) хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур” (Нур сураси, 36-38-оятлар).

Муҳтарам жамоат! Модомики, масжидлар Аллоҳнинг уйи экан, ҳар жойда бўлгани каби масжиднинг ҳам одоблари бор. Қуйида масжиднинг одобларидан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:

Аввало, масжидга муқаддас даргоҳ сифатида қаралиши лозим бўлади. Масжидга холис ибодат қилиш ниятида таҳорат билан, хушбўйланиб, соч-соқолларни тартибга солиб, тирноқларни олиб, покиза ҳамда авратларни тўлиқ ёпадиган кийимларни кийиб, пиёз ва саримсоқ каби махсулотлар истеъмол қилмасдан келинади. Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган:

عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ:"مَنْ تَطَهَّرَ فيِ بَيتِهِ ثُمَّ مَضَى اِلىَ بَيتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ لِيَقضِيَ فَرِيضَةَ مِن فَرَائِضِ اللهِ كَانَتْ خُطُوَاتُهُ إِحدَاهَا تَحُطُّ خَطِيئَةً وَ الأُخْرَى تَرفَعُ دَرَجَةً"

(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمُ).

яъни: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, ом م صَالِ Пайғамбар ﷺ дедилар: “Ким уйида таҳорат олиб сўнгра Аллоҳнинг уйларидан бири сари Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юрса, босган қадамларининг бири хатосини ўчиради, бошқаси даражасини кўтаради” (Имом Муслим ривояти).

Масжидга бисмиллоҳни айтиб, билса махсус дуони ўқиб, ўнг оёқ билан киради ва ўзига муносиб жойга, агар одамлар кўп бўлса бўш жойга бориб ўтиради. Агар намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, ўтиришдан олдин икки ракъат намоз ўқиб ўтирмоғи суннатдир. Жума намозига келганда эса, таҳийятул масжид намозини имомнинг маърузасини тинглаётган намозхонларга халал бермайдиган жойга ўтиб (хонақодан ташқарида масалан, айвонда) ўқийди. Аммо, имом-хатиб хутбага чиққанда ҳеч қандай намоз ўқиш мумкин эмас.  

Масжидда мудом тинчлик сақланиши лозим. Дунёвий гапларни гапириш, ҳатто зикру тасбиҳларни ҳам бошқаларга халал берадиган даражада овоз чиқариб айтиш макруҳ саналади. Бу ҳақда қуйидаги ҳадислар мавжуд:

عَن السَّائِبِ بنِ يَزِيدَ الصَّحَابيِّ قَالَ: "كُنْتُ فيِ المَسجِدِ فَحَصَبَنيِ رَجُلٌ فَنَظَرتُ فَإِذَا عُمَرُ بنُ الخَطَّابِ فَقَالَ، اِذهَبْ فَأْتِنيِ بِهَذَينِ، فَجِئتُهُ بِهِمَا، فَقَالَ: مِنْ أَينَ أَنْتُمَا؟ فَقَالاَ: مِنْ أَهلِ الطَّائِفِ فَقَالَ: لَوْ كُنتُمَا مِن أَهلِ البَلَدِ لَأَوْجَعتُكُمَا، تَرفَعَانِ أَصوَاتَكُمَا فيِ مَسجِدِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم"

(رَوَاهُ الإِمَامُ البخاري).

яъни: Саҳобий Ас-Соиб ибн Язид айтади: “Мен Расулуллоҳ ﷺ нинг масжидларида эдим, бир киши менга тош отди. Қарасам, Умар ибн Хаттоб эканлар. Менга: “Ана у иккисини мени олдимга олиб кел, дедилар”. Мен уларни олиб келдим. Умар: “Сизлар қаердансизлар?” – деб сўради. Улар: “Тоиф аҳлиданмиз”, дейишди. Умар: “Агар шу ерлик бўлганингизда таъзирингизни бериб қўяр эдим, Расулуллоҳнинг масжидида овозингизни кўтарганингиз учун”, деди (Имом Бухорий ривояти).

(عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اعْتَكَفَ فِي الْمَسْجِدِ فَسَمِعَهُمْ يَجْهَرُونَ بِالْقِرَاءَةِ، فَكَشَفَ السِّتْرَ وَ قَالَ: "أَلَا إِنَّ كُلَّكُمْ مُنَاجِ رَبَّهُ، فَلَا يُؤْذِيَنَّ بَعْضُكُمْ بَعْضًا، وَ لَا يَرْفَعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ فِي الْقِرَاءَةِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ النَّسَائِي وَ الإِمَامُ أَبُو أَحمَدَ

яъни: Абу Саъид Ал-Худрийдан ривоят қилинади, ом م صَالِ Пайғамбар ﷺ масжидда эътикоф ўтирган эдилар, одамларни овоз чиқариб қироат қилаётганларини эшитиб, пардани кўтардилар ва: “Ҳар бирингиз ўзича раббисига муножот қилмоқда. Бир-бирингизга озор етказманг, қироатда ҳам овозингизни бир-бирингизникидан баланд кўтарманг”, дедилар (Имом Насаий ва Имом Абу Аҳмад ривояти).

Жума намозига келганда ғусл қилиб, хушбўй атрлардан сепиб, имкон қадар эртароқ келиб, биринчи қатордан сафларни тўлдириб ўтириш, одамларни устидан босиб ўтмаслик, имомнинг маърузасига диққат билан қулоқ солиб ўтириш, намоздан сўнг ҳамма билан бирга тарқалиш жума одобларидан саналади.

                 

         Тезиснинг 6-октябрь сонига илова

 

Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан халқимизнинг тинч-тотув ва фаровон яшаши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Барчамиз юртимиз бўйлаб улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Албатта, юртимизнинг тинчлиги, халқимиз турмушининг фаровонлигида ҳар биримизнинг ҳиссамиз бор. У ҳам бўлса, ватанимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминланиши, жамиятимизда ижтимоий ҳимоя тизимининг мустақкамланишида сизу-бизларнинг давлат олдидаги фуқаролик бурчимиз бўлмиш мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлашимиздир.

Шуни унутмайликки, тўлайдиган солиқларимиз алалоқибат яна ўзимизга қатиб келади, яъни хонадонимиздаги нуроний отахон ва онахонларимизнинг нафақаси, фарзандларимиз таълим олаётган мактаб ва бошқа билим даргоҳлари, беморларимиз даволанаётган шифохоналар ва ҳоказо таъминоти давлат хазинасига боғлиқ бўлган жиҳатларга йўналтирилади.

Шундай экан, давлат олдидаги фуқаролик бурчимиз бўлмиш мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлашни унутмайлик. Акс ҳолда, ихтиёрий тарзда солиқларни тўламаган кимсаларга нисбатан мажбурий ундириш чоралари қўлланилиб, натижада маҳалла кўй олдида хижолатпазлик юзага келиши,  қўшимча жарималар тўланишига тўғри келади. Қолаверса, қарзни узмай юришлик оғир гуноҳлардан саналади.

Савоб ахтарган кишилар эса солиқларни тўлаш қобилияти бўлмаган қаришдош-уруғлари, қўни-қўшнилари, маҳалладошларига қарзларини тўлашда кўмаклашиб юборсалар айни савоб ишга қўл урган бўладилар. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг бу борада қуйидагича марҳаматлари бор:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا، نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَ مَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ، يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَ مَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا، سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَ اللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ (رَوَاهُ مُسْلِمٌ

яъни: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Ким бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур. Ким мусулмоннинг айбини яширса Аллоҳ таоло унинг айбини дунё ва охиратда яширади. Модомики банда биродарига ёрдам берар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамчиси бўлади" (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни масжидларни моддий ва маънавий обод этувчи бандалари қаторидан бўлмоғимизни насибу рўзи айласин. Омин!

Понедельник, 02 Октябрь 2017 00:00

Жаннатга яқинлаштирувчи амал

Бандалар қилаётган амалларининг ичида баъзиларининг роҳатини шу дунёдаёқ кўриш мумкин. Баъзи амаллар учун эса дунёвий фойда олмасада, охиратда ажр олади. Қариндошлик алоқаларини боғлаш эса инсонни дунё ва охиратнинг чинакам бахту саодатига етказгувчи амаллардан ҳисобланади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз!» (Нисо сураси, 1-оят)

Бу ояти кариманинг тафсирларида баён қилинишича ибн Аббос, Зиҳок, Мужоҳид, Икрима, Ҳасан, Рабиъ ва бошқаларнинг тафсирларига кўра “Аллоҳга тақво қилингки, У Зотннинг номи ила боғланасиз ва аҳд қиласиз. Шунингдек, қариндошчиликка ҳам тақво қилинг – кесиб қўйишдан сақланинг ва уни боғланг!” (Ибн Касир тафсири).

Абу Юсуф Муҳаммад Зойиднинг “Мин таййибил каломи фи силати раҳими” (Қариндошлик алоқалари ҳақидаги гузал сўзлар) китобида баён қилинишича силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини боғлашлик мерос олишлиги ёки олмаслиги, маҳрам ёки номаҳрамлигидан қатъи назар насабдаги яқинларга итлоқ қилинади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эдилар. Аъробий рўпара келиб туясининг тизгинидан ёки жиловидан ушлаб: “Ё Аллоҳнинг Расули” Менга мени жаннатга яқинлаштириб дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг!” деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтаб қолдилар. Сўнг асҳобига қарадилар сўнг: “Батаҳқиқ, тавфиқ топди!” ёки “Батаҳқиқ, ҳидоят топди!” дедилар ва яна: “Нима дединг?” деб сўрадилар. Аъробий айтган сўзини қайтарган эди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қиласан, намозни барпо қиласан, закотни адо қиласан ва қариндошликни боғлайсан! – дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошчилик алоқаларини кесгувчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда айтиладики, “Гуноҳларнинг ҳеч қайсиси соҳибини Аллоҳ таоло дунёда ҳам азоблаб, Охиратга ҳам азобни қолдиришга боғийлик ва қариндошликни узганчалик сазовор эмас”.

Абу Авфодан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики, “Ораларида қариндошлик алоқаларини узганлар бор қавмга раҳмат нозил бўлмайди”, (Тоййибул каломи).

 

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Асака туманидаги “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими

Суббота, 30 Сентябрь 2017 00:00

“Ҳаж – 2017” ишчи гуруҳи тақдирланди

Саудия Арабистонидаги бир қатор ҳаж ишларига тегишли ташкилотлар томонидан 2017 йилги ҳаж мавсумида Ўзбекистон ишчи гуруҳи намунали хизмат кўрсатгани юқори баҳоланди. Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж маносикларини намунали бажариши, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларидаги ташкилий ишлари учун мутасадди муассасалар томонидан ташаккурномалар тақдим этилди. Жумладан, ҳожиларга хизмат кўрсатувчи Саудия Арабистонидаги миллий муассаса раҳбари Бандар ибн Носир Синдий, ҳаж мавсумида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг ҳаж тадбирлари тартибли ва намунали тарзда ташкил этганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у ташаккурномада қуйидаги илиқ сўзларни баён этди.





Таржимаси

 

ҲОЖИЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МИЛЛИЙ МУАССАСАСИ

“Ҳожиларга хизмат кўрсатиш шараф, омонат ва масъулиятдир!”

ТАШАККУРНОМА

Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ҳожиларига хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳижрий 1438, милодий 2017 йилдаги Ҳаж мавсумида Мадинаи Мунавварада Ўзбекистон Республикаси ҳожилари хизматидаги юксак фаолияти учун “Ҳаж – 2017” ишчи гуруҳи аъзоларига самимий ташаккурини изҳор этади.

Аллоҳ таолодан келгуси ишларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Камоли эҳтиром ила,

Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари

ҳожиларига хизмат кўрсатиш бошқармаси

раиси                                                                    Бандар ибн Носир Синдий

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати

Страница 54 из 264

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top