muslim.uz
Оламларга раҳмат Пайғамбар
Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ҳаётлари, суннатлари ва юксак одобларидан намуна олиш, Ул зотга муносиб уммат бўлиш истагида 19 декабрь куни “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар билим юртида “Оламларга раҳмат Пайғамбар” шиори остида мавлид тадбири бўлиб ўтди. Тадбир Қуръон тиловати ва салавот билан бошланди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари, сийратлари талаба қизлар томонидан ёритиб борилди. Оламларга раҳмат Пайғамбаримизнинг хулқлари, гўзал суннатларига эргашган инсонларнинг ҳаётларини тарихий воқеалар асосида ижро қилиб беришди. Хусусан, Салмон Форсий (разияллоҳу анҳу)нинг Ислом динига кириши, ҳақ дин йўлида машаққат чекканлари, Аҳли Китоблардан бўлмиш яҳудийларнинг Тавротда келган Расулуллоҳнинг ҳабарларини беркитишлари, аммо Абдуллоҳ ибн Салом бор ҳақиқатни айтиб мусулмон бўлиши, Охири замон пайғамбарининг чиқиш вақти яқинлашганда хазражликлар ва яҳудийлар Пайғамбар биздан чиқади дея қаттиқ низолашиши, ва ниҳоят рисолат нури порлаб, бутун оламни мунаввар айлагани, Макка мушриклари, айниқса, Абу Жаҳл бошчилигидаги Макка зодагонларининг Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га душманчилик қилиши, Аллоҳ Ўз пайғамбари ва унинг саҳобалари ҳамда дўстларини ҳимоя қилиб туриши талаба қизлар томонидан катта маҳорат билан ижро қилинди.
Талаба қизлар ҳар бир саҳна кўринишидан сўнг, Расулуллоҳни мадҳ этувчи салавотлар куйлашиб, кечага янада тароват бағиш этишди.
Тадбир ниҳоясида иштирокчилар эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Нилуфар САИДАКБАРОВА,
билим юрти ўқитувчиси
Улар орқали ҳижолат чекмайлик
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган қуйидаги сўзлар замирида отанинг ички дунёси, умидлари, орзу-ҳаваслари, шунингдек, фарзандидан манунияти содда тил билан баён қилинган: “Ўғлим, бизнинг сендан бошқа умид нишонамиз, ҳаёт қувончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурғон барча орзу-ҳавасимиз фақатгина сенга қараб қолган. Биз Аллоҳга минг шукрлар айтамизки, сен бошқаларнинг фарзандидек эсли-ҳушли бўлдинг, кишилардек сен билан ифтихор қилолмасак-да, сен орқали хижолат чекмаслигимизга ишондик…”
Кўзларни қувонтирадиган фарзанди улғайиб, солиҳ инсон бўлишини истаган ота-онадан қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Бир ниҳолни умид билан эккан киши катта дарахт бўлиши учун уни астойдил парваришлайди. Ёввойи шохчаларини олиб ташлайди, тагини юмшатади, сув қуяди, ўғит беради. Шундагина ўз мақсадига етишиш мумкин
Фарзанд Яратганнинг улуғ неъмати, дунё ҳаётининг зийнати, қалб райҳонидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб, кўнглимиз ҳузур топса, катта бўлганларида ғамхўрлигидан кўнглимиз яйрайди. Болага нисбатан бағрикенглик, меҳридарёлик, фидойилик халқимизга хос фазилат. Ота-она қанча меҳр-муҳаббат билан ардоқлаб улғайтирса-да, гоҳида ота-онага мусибат келтирадиган фарзандлар ҳам учрайди. Бунга ота-онанинг тарбияда эҳтиётсизлик, бепарволик қилгани сабабдир. Боғбон ниҳолни яхши ривожланмагани учун кесиб, ўрнига бошқасини экиши мумкин. Аммо ноқобил фарзандни алмаштириб бўлмайди, фақат парваришига зўр бериш керак.
Ҳикоя қилишларича, қадимда икки мамлакат ўртасида қаттиқ тўқнашув бўлиб, бири зафар қозонади.
Бир қанча асирлар билан юртига қайтиб келган ғолиб шоҳ элга зиёфат беради.
Асирларни ўлимга ҳукм этади. Шунда улардан бири:
– Шоҳим, бизни ўлдириб нима фойда кўрасиз, ундан кўра бизлардан фойдаланиб қолинг, – дейди.
- Сендан қандай фойдаланаман? – деб сўрайди шоҳ.
- Шоҳим, ҳар биримизнинг ҳунаримиз бор. Масалан, мен ҳар қанча отларингиз орасидан бир кўз югуртириб, энг зўр тулпорни ажратиб бера оламан, – дейди асир.
Шоҳнинг амри билан минглаб от яйловга қўйиб юборилади. Шунда асир йигит шоҳнинг энг яхши кўрган отини узоқдан кўрсатиб:
“Мана бу тулпор сигир сути билан ўсмаганида етти иқлимга номи кетарди”, дейди.
Шоҳ ҳайратланиб, отбоқарни чақиртиради ва бу отни туққан бия касалланиб ўлгани, эмизишга бошқа от топилмагани, бир сигирни эмиб катта бўлганини билиб олади.
Шоҳ йигитдан буни қандай аниқлаганини сўради:
– Бошқа отлар сувдан кечиб, тўғри кетишди. Бу эса ариқдан ўтганидан сўнг тўхтаб, орқа оёғини бир силкитиб қўйди. Бу иши сигирларга хосдир, – дейди йигит.
Шоҳ унинг фаросатига, билимига қойил қолади ва унга қўшиб барча асирларни озод қилиб юборади.
Демак, онанинг табиатига хос яхшилик ва қусурлар сут орқали фарзандларга таъсир кўрсатар экан. Шунинг учун ҳам онанинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиши фарзанд тарбиясида муҳим ҳисобланади.
Афсус, отанинг фарзанд тарбиясига бепарволиги, лоқайдлиги, ҳалолу ҳаромни, савобу гуноҳни ажратишга аҳамият бермаслиги ҳам ноқобил фарзандлар пайдо бўлишига муҳит яратади.
Хуллас, ота ҳам, она ҳам яхши ният билан фарзандлар салоҳиятини бош мақсад, деб билса ва шунга яраша ҳаракат қилса, гўзал оқибатга эришади.
Музаффар Жабборов,
ЎМИ Масжидлар бўлими мутахассиси
Араб тили куни
2010 йилдан буён Араб тили куни нишонланади.
Араб тили куни 2010 йилда Халқаро она тили кунини нишонлаш арафасида БМТнинг жамоат билан мулоқот қилиш бўйича департаментининг 6 та расмий тилнинг ўз кунини нишонлаш тўғрисидаги таклифига кўра, таъсис этилган. Ушбу таклиф маданиятлараро мулоқот ва кўп тилли дунё ривожланишини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади.
Халқаро календарда Араб тили куни 18 декабрь деб белгиланган. 1973 йил шу кунда яъни 18 декабрда БМТ Бош ассамблеяси араб тилини БМТнинг расмий ва ишчи тили сифатида қабул қилган эди. Бугунги кунга келиб араб ва унга яқин тилда мулоқот қилувчилар сони 300 миллионни ташкил этади. Улардан 240 миллиони учун араб тили она тилидир, 50 миллион киши эса иккинчи тил сифатида ишлатади. Бутун дунё мусулмонлари учун араб тили Қуръон тили бўлиб ҳисобланади.
Араб тили барча араб мамлакатларининг расмий тили даражасида бўлиб, Исроил, Эритрея, Чад, Сомали ва Жибути каби мамлакатларнинг расмий тилларидан биридир.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Мадрасада очиқ дарс
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги ҳамда билим юртида декабрь ойи “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати” саводхонлик ойлиги ўтказилаётганлиги муносабати билан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида 2016 йил 16 декабрь куни “Конституция ва ҳуқуқий маданият” мавзуида очиқ дарс бўлиб ўтди.
Очиқ дарсда Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ф.Сувонов, билим юрти мударрислари ва талабалар иштирок этдилар. Дарсни маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир муовини А.Ғаниев ўтиб берди. Дарс аввалида ҳуқуқшунос олимлардан ҳисобланган Акмал Саидов иштирокидаги видеофилм намойиш этилди. Дарснинг асосий қисмида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиниш лойиҳаси ва унинг босқичлари ҳақида гапириб ўтди.
Шунингдек, Асосий Қонунимизнинг олдингилардан ва бошқа давлатларнинг Конституцияларидан ажралиб турадиган ўзига хос жиҳатлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принциплари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий асослари, Конституциянинг Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинлари ва бурчлари бўлимларига алоҳида урғу берилди. Дарс ўтиш давомида ўқитувчи илғор педтехнологиялардан самарали фойдалана олди. Слайдлар, кўргазмали қуроллардан фойдаланиб дарс мазмунини бойитди. Мавзу юзасидан тайёрланган баннер, буклетлардан самарали фойдаланди. Дарсни мустаҳкамлаш қисмида талабалар икки гуруҳга бўлиниб, 1-гуруҳ “Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари”, 2-гуруҳ “Фуқароларнинг конституциявий бурчлари” бобларини ижодий ёндошиб, деворий газеталарда ифодалаб бердилар. Дарс қизиқарли ва сермазмун ташкил этилди. Дарс якунида ташриф буюрган меҳмонлар ва билим юрти мударрислари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
М.ЭРКАЕВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мудир муовини
“Мир Араб” мадрасасида қорилар мусобақаси
Нуфузли мусобақаларда иштирок этадиган муносиб номзод танлаш ва ҳофизи калом қориларни рағбатлантириш мақсадида шу йилнинг 17 декабрь куни Бухоро вилоят Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳининг мажлислар залида қорилар мусобақаси ўтказилди.
Ушбу мусобақа Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида ўтказиш анъанага айланган.
Мусобақани билим юрти маънавият ва маърифат бўйича мудир муовини А. Нажмиддинов очиб, барча мусобақа иштирокчиларига муваффақиятлар тилади.
Мусобақа икки йўналиш, яъни мужаввидлик ва мураттаблик йўналишларида олиб борилди. Дастлаб мужаввид қорилар (19 нафар талаба), сўнгра мураттаб қорилар (6 нафар талаба) мусобақада беллашдилар.
Мусобақа якунига кўра ҳар икки йўналиш бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Мураттаб қорилар бўйича:
1-ўрин – Мираббос Мирбобоев (2-“В” курс талабаси);
2-ўрин – Бобир Охунов (2-“Б” курс талабаси);
3-ўрин – Файзулло Шукуруллоев (1-“Б” курс талабаси).
Мужаввид қорилар бўйича:
1-ўрин – Қодирали Ахмаджонов (2-“Б” курс талабаси);
2-ўрин – Муҳаммадюсуф Ёқубов (2-“В” курс талабаси);
3-ўрин – Мусожон Воҳидов (3-“Б” курс талабаси).
Ғолиб ва иштирокчилар билим юрти раҳбарияти ва ҳомий ташкилотлар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотландилар.
М. НЎЪМОНОВ,
билим юрти мудири
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.