muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 11 Октябрь 2016 00:00

Яхшилик қилишга шошилинг

Ислом ахлоқида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.

Инсонларга яхшилик қилиш – уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло хитоб қилади:

“Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж сураси 77 оят).

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Инсониятни жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишга сабаб бўлган улуғ зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганлар:

“Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам эҳсондир”.

Мусулмон киши ўзининг ижтимой ҳаётида адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал!

Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат бўлади.

Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

 “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб берадилар: “Яхшиликка далолат қилади” Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.

Ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим, дедилар, сўнгра турли хайрли, маъруф ва яхшиликларни санаб ўтдилар. Мусулмон кишиси бу амалларни қилиши орқали улуғ савобларга эришиши мумкин. Демак, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади.

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самарасидир десак, асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксик қалбларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар – чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида ҳам бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъю-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу ҳақда Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб деганлар:

 “Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади”.

Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлар эди. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам – бир яхшилик. Жалолиддин Румийнинг қалб тавофини каъба тавофидан машаққатли эканини таъкидлагани ҳам бежиз эмас:

 

Тавофи Байтул Халил кори осон аст,

Тавофи байтул Жалил кори мардон аст.

 

“Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим”, - деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса – жаннатдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб:

“Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”, - деб айтганлар.

Яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлиши муқаррардир. Барчаларимизни доимо эзгу ишлар, яхши амалларга муяссар айлаб, юртимиз, маҳалламиз, хонадонимизларга файз-барака ато этишини Яратгандан сўраймиз!

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Геманияда “Ўқи” акцияси бўлиб ўтди. Акция доирасида 3 миллиондан зиёд Қуръони карим китоби тарқатилди. 3 минг нафар одам акцияда қатнашиш истагани билдирди. Акцияни ўтказишдан мақсад муқаддас ислом динининг асл мазмун-моҳияти хусусида ҳаққоний тасаввур ва билимларни шакллантиришдан иборатдир.

Манба: www.muxlis.uz

Понедельник, 10 Октябрь 2016 00:00

ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ веб сайти

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлигида  Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш Маркази UZINFOCOM томонидан буюк соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарининг веб-сайт кўриниши ташкил этилди.

“...Бизнинг тарихимизда Амир Темурдек улуғ сиймо бор экан, унинг қолдирган мероси, панду ўгитлари бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг экан, олдимизда турган бугунги муоаммоларни ечишда бизга қўл келаётган экан, бизнинг бу меросни ўрганмасдан, таърифламасдан, тарғибот қилмасдан ҳаққимиз йўқ” деб айтган мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримовнинг сўзлари веб-сайтнинг бош саҳифасига жойлаштирилган.

Веб-саҳифа Темур тузуклари, солнома, эҳтиром ҳамда қизиқарли маълумотлар каби бўлимлардан ташкил топган. Шунингдек, веб-сайтда Темур тузуклари асарининг электрон китоб шакли ҳам жойлаштирилган бўлиб, ҳар бир ўқувчи уни юклаб олиш имконига эга.

Темур тузуклари асарининг “Дину шариат тузуки” бўлимидан бир парча:

Ўз тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину тартиб асосида қурилмас, тўра-тузукка (бу ерда тўра – тартиб, қоида ёки қонун маъносида) боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшайдирким, кўрган ҳар кимса (ундан) нигоҳини олиб қочади. Ёхуд ҳар хил қаланғи-қасанғи одамлар тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди.

Шунинг учун ҳам мен салтанатим биносини Ислом дини, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим. Салтанатни бошқаришимда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра ва тузук асосида адо этдим. Дилимнинг машриқидан кўтарилган биринчи тузук шундан иборат бўлдики, Ислом динини ёйиб, Муҳаммад, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, шариатини қувватладим. Жаҳоннинг турли мамлакатлари, катта-кичик шаҳарларида Ислом динини ва одамларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад пайғамбар алайҳиссалом)нинг тўғри йўлларини тарғиб этдим. Ўз салтанатимни шариат билан безадим.

Ушбу веб-сайт билан қуйидаги манзилда батафсил танишингиз мумкин: www.temurtuzuklari.uz   

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Ҳадемай мусулмонларнинг икки муқаддас шаҳри— Макка ва Мадина ҳаётида яна бир муҳим янгилик бўлиши кутилмоқда. Яъни яқин орада мазкур икки шаҳар ўртасида ўртасида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Айни кунда темир тулпор учун йўл қурилиш ишлари бошланган.

Айтиш керакки, қурилиш жараёнида асосий эътибор шовқинни пасайтирувчи энг юқори технологияларнинг қўлланилишига қаратилган. Бундан кўзланган мақсад маҳаллий аҳолининг тинчлигини сақлаш, уларга ноқулайлик туғдирмасликдир, деб ёзади islam-today.ru сайти.

Мазкур магистрал йўлга “Ал-Ҳарамайн” деб ном берилиши режалаштирилган ва у 5 та станциядан иборат бўлади.Тезюрар поезд фаолиятининг йўлга қўйилиши зиёратчиларнинг йўлга сарфлайдиган вақтини 2 баробарга қисқартиради. Режага кўра, биринчи қатнов 2018 йилда амалга оширилади. Бу ҳақда muxlis.uz сайти хабар бермоқда.


Германия президенти Йоахим Гаук бутун дунёда, шу жумладан Германияда исломофобиянинг кучайиб бораётгани учун мусулмонлардан узр сўради. Бу ҳақида у Дрездендаги масжид имоми билан учрашув чоғида гапирган. Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида мазкур масжидда теракт содир этилганди. 
Шундан сўнг масжид имоми Геррмания президенти Йоахим Гаук ва канцлер Ангела Меркел қабулида бўлган. Имомнинг айтишича, мамлакат президенти содир этилган терак учун кечирим сўраган. Ўшанда Дрезден масжидидаги қўл бола мослама портлаган чоғда имом ва унинг оиласи масжид ҳудудида бўлган.

Манба: muxlis.uz

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top