www.muslimuz

www.muslimuz

Шу йил 17 июнь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясида “Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг Республика босқичи ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда мутасадди вакиллар, танлов иштирокчилари, ота-она ва устозлар қатнашди.

Тантанали тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиков кириш сўзи билан очиб, мазкур танловдан Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда улуғ мақсадлар йўлидаги ишлар ва бебаҳо қадрият ва анъаналарни давом эттирадиган, Ватан тақдири, манфаатлари учун жонкуяр бўлган ёшларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, талаба-ўқувчиларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш, ижодий, танқидий, креатив фикрлаш, ёзма нутқ, нотиқлик кўникмалари, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш каби мақсадлар кўзланганини баён этди. Шунингдек, у бу катта тарихий воқеа бўлгани, авваллари бундай танловлар бўлмаганини қайд этди.

Катта тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Академик Акмал Саидов ушбу танлов тарихий воқеа бўлгани, бу Янги Ўзбекистонга хос ва мос экани, хусусан, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли оқимлар, бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши тура оладиган интеллектуал етук шахс даражасида тарбиялай олиш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бирилигини таъкидлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов Юртбошимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларни замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар этиб тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, бу каби танловлар айни замонда дунёнинг турли ҳудудларида урушлар давом этаётган бир ўтказилиши юртимиздаги тинчлик-омонликнинг маҳсули эканини қайд этди.

Тақдирлаш маросими давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров мазкур файзли тадбир яхши ўтаётгани, танлов иштирокчиларига кўрсатилаётган эътибордан кўзларга беихтиёр ёш келиши, ўзлари талаба бўлган даврда бундай шарт-шароит ва имкониятлар умуман бўлмагани, қийинчилик, оғир даврларни эсга олдилар. Бундай имконият ва шароитлар замонида яшаётганимиз учун шукр қилиш лозимлиги, уларнинг барчаси Юртбошимизнинг дин, маънавият соҳасига қаратаётган эътибори маҳсули эканини алоҳида қайд этдилар.

Шунингдек, тадбир давомида Ватанимизнинг таниқли журналист ва адбилари Хуршид Дўстмуҳаммад ва Абдусаид Кўчимов танлов ҳақидаги сермазмун фикр-мулоҳазаларни гўзал шеърлар ила баён этдилар.

Нотиқларнинг чиқишлари давомида ушбу тановни ҳар йили анъана тарзида давом эттириш таклифи билдирилди.
Тадбирнинг асосий қисми – танлов иштирокчиларини тақдирлаш маросимида Ҳакамлар ҳайъати аъзолари қуйидаги якуний натижаларни эълон қилди:

– “Ватанни севмоқ иймондандир!” иншолар танлови Республика босқичида Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси Мусаёров Муртазо мутлақ биринчи ўрин соҳиби бўлди.

Ғолибга 1-даражали диплом, 30 миллион сўм пул мукофоти ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров томонидан ўзи ва ота-онаси учун Умра сафарига йўлланма топширилди;

– Ўзбекистон халқаро ислом академияси 3-босқич талабаси Маманов Мухаммадамин ҳамда Бухоро Мир Араб олий мадрасаси 1-босқич талабаси Тешабоев Асрорбек иккинчи ўринга сазовар бўлишди. Уларнинг ҳар бирига 2-даражали диплом, 20 миллион сўмдан пул мукофоти тақдирланди.

– Танловда 3-ўринга 3 нафар иштирокчи, яъни, Тошкент Ислом институтининг 1-курс талабаси Эъзозхон Йигиталиева, Қорақалпоғистон Республикасидаги Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Азизбек Атамуратов, Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасасининг 1-курс талабаси Равшанбек Абдураҳимов муносиб деб топилди. Уларга 3-даражали диплом ва 10 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилди.

Шунингдек, танловда “Ёш ватанпарвар”, “Энг самимий дил изҳори”, “Истиқболга собит ишонч”, “Фидойилик руҳи”, “Маърифат руҳи”, “Чет тилида равон ёзилган иншо”, “Энг яхши ижодий ёндошув”, “Теран талқинлар”, “Энг яхши ватанпарварлик ғояси”, “Миллий руҳ”, “Беғубор туйғулар”, “Безовта қалб” номинациялари бўйича совриндорлар ҳам аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Тантанали тақдирлаш тадбирида танловнинг республика босқичига етиб келган барча талаба ва ўқувчиларга Президент совғаси сифатида Ноутбуклар топширилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобидан ҳар йили 15 нафар талаба-ёшлар Республикамиздаги энг нуфузли сиҳатгоҳда дам олиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Танлов ғолибларининг устозлари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Тадбир давомида иншолар танловининг республика босқичи иштирокчилари ва ғолиблар, уларнинг устозлари ва ота-оналари сўзга чиқиб, бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятларини эркин намоён этишлари учун яратиб берилаётган шароит ва имкониятларни эътироф этиб, Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдирди.

Эътиборлиси, танлов қатнашчиларининг Ватан ҳақидаги гап-сўзлари барча иштирокчилар қалбини тўлқинлантирди, кўзларига ёш келтирди. Айниқса, Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари аслида танлов ғолибининг ўзига умра йўлланмаси бериш режа қилингани, аммо танлов 1-ўрин соҳиби бўлган Муртазо Мусаёровнинг Ватан, ота-она ҳақидаги қалб сўзларини тинглаб туриб ўзларининг фонди ҳисобидан бир эмас, учта, яъни унинг ота-онасига ҳам умра йўлланмаси беришга қарор қилганларини айтганларида иштирокчилар бир овоздан олқишладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинки, икки йиллик танаффусдан сўнг сабр ила кутилган, динимизнинг бeшинчи аркони бўлган Ҳаж зиёрати ҳам бошланди. Бундан қувонган ўн минглаб юртдошларимиз қалбида қувонч, дилларида шукроналик билан шу кунларга етказгани учун Аллоҳга ҳамдлар айтиб, муборак сафар томон отланди.

Бугун эрта тонгда Тошкент халқаро аэропортида бўлғуси ҳожиларни Саудия Арабистонига кузатиш маросими ана шундай ҳис-ҳаяжонларга, дил сўзларига бой бўлди.

Бундай улуғ бахтга эришган юртдошларимизни кузатиш учун таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди. Юртдошларимизни кузатиш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари иштирок этиб, Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон муборак қадамжоларни зиёрат қилиб келишлари, ушбу зиёратни юртимиз ва бутун дунё мусулмонларга бардавом қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Шу билан орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2022” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.

Кейинги зиёратчилар шу йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилади ва худди шу йўналишлар бўйича 14-31 июль кунлари юртимизга қайтиб келадилар.

Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳга шукр, 2022 йил саодатли йил бўлиб, ҳаж зиёрати учун йўл очилди. Бу, шубҳасиз, миллионлаб инсонларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди. Зеро, Исломнинг бешинчи арконини адо этиш ҳар бир мусулмоннинг орзусидир.

Айни шу кунларда яна бир хушхабар – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг “Ҳаж буюк ибодатдир” номли китоблари нашрдан чиқди.

Эътиборлиси, мазкур рисола иккита алоҳида китоб ҳолида нашр этилган. Бири Ҳажнинг руҳий-маънавий фойдалари бўлса, иккинчисида эса улуғ ибодатни бажариш чоғида ўқиладиган барча дуо ва зикрлар жамланган.

Ҳаж сафарига отланган мўмин-мусулмон халқимизга муносиб туҳфа сифатида чоп этилган ушбу рисоланинг биринчи қисмида ҳажнинг моҳияти ва ҳикмати, ҳажда ихлос, илм ва амал аҳамияти, ҳажнинг турлари, тана ва руҳнинг ҳажи, тақво мактаби, ҳаж ваъдалашув экани, дуо ижобат бўладиган муборак жойлар, ҳаждан кейинги ҳаёт каби мавзулар гўзал тарзда баён қилинган.

Китобхонларга қулай бўлиши учун муборак зиёрат давомида адо этиладиган амаллар ва дуоларнинг ўқилиши, маъноси ҳамда овозли шакли QR-код орқали китобга киритилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Страница 3 из 567

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top