www.muslimuz
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Cурхондарё вилоятини зиёрат қилдилар
Аввал хабар берганимиздек, машҳур олим, шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Самарқанд бўйлаб зиёратни бошлаган эдилар. Самарқанд зиёратидан сўнг меҳмонлар Сурхондарё вилояти сари йўл олдилар.
Кеча 2019 йилнинг 17 апрель куни шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг Ўзбекистондаги зиёратларининг навбатдаги қисми Китоб шаҳридан бошланди. Бунда меҳмонлар Хўжа Бухорий номидаги ўрта махсус таълим муассасасига ташриф буюришди. Ташриф асносида зиёратчилар мадраса фаолияти билан яқиндан танишдилар, устоз ва толиби илмлар суҳбат қурдилар. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ушбу суҳбат ва танишувлардан кўп мамнун эканликларини билдириб, уларнинг ҳақларига кўпдан-кўп дуолар қилдилар.
Шундан сўнг меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг зиёратларида бўлдилар. Зиёратгоҳ ёнида қад ростлаган масжидда аср намози ўқилганидан сўнг, шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ йиғилганларга Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг умр йўллари ва илмий фаолиятлари ҳақида маъруза қилдилар.
Сурхондарё вилоятидаги кейинги зиёрат Термиз шаҳрида жойлашган Ҳаким Термизий ҳазратларининг зиёратлари бўлади. Ушбу зиёратдан сўнг шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг Сурхондарё вилоятидаги зиёратлари ўз якунига етади. Меҳмонларнинг Ўзбекистон бўйлаб зиёратлари давом этмоқда.
Islom.uz портали таҳририяти
Зафар қори Маҳмудов халқаро мусобақасидаги чиқишини Кувайт давлатига самимий ташаккур билан бошлади
Аввал хабар берганимиздек, ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов 10-18 апрель кунлари Ал-Кувайт шаҳрида бўлиб ўтадиган 10-халқаро Қуръон мусобақасида тиловат йўналиши бўйича иштирок этиш учун Кувайт давлатига жўнаб кетган эди. Кувайтдаги 10-халқаро Қуръон мусобақаси ҳифз, тиловат йўналишида ва бу йилдан бошлаб ёш, ўсмир қорилар ўртасида ҳам ўтказилиб, унда 80 та давлатдан 160 та қорилар иштирок этмоқда.
11 апрель куни Зафар қори Маҳмудов 1-босчиқдан муваффақиятли ўтгач, Кувайт вақти билан 12:30 да қуръа ташлаш натижаларига кўра, биринчи бўлиб тиловат йўналиши баҳсларини бошлаб берди.
Эътиборли томони, Зафар қори тиловатни бошлашдан олдин ўзининг Кувайт давлатига бўлган ташаккур ва эҳтиромини “Ўзбекистон Кувайт давлатига барча яхшиликларни Аллоҳ таолодан сўрайди”, деган сўзлар билан изҳор қилди ва бу дуои хайр ташкилотчилар ҳамда иштирокчилар кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа 18 апрель кунига қадар давом этади.
Рамазон ойининг биринчи кунини аниқлаш бўйича мулоқот
Куни кеча, 11 апрель куни Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон уламолари иштирокида Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини аниқлаш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Қозоғистон мусулмонлари идораси Шариат ишлари бўлими мудири Чуханов Сансибай, мудир ўринбосари Аманқулов Ҳасан, Қирғизистон мусулмонлари идораси аппарати бошлиғи Кадирбердиев Абибулла иштирок этди.
Мулоқотда қўшни мамлакатлар диний идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ўзининг ижобий самараларини бериб келаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, шаръий эҳтиёжларини қондириш ва уламолар ҳамфикрлилигини йўлга қўйишда бўйича яхши натижаларга эришилмоқда. Масалан, ўтган Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини аниқлашда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари идоралари ҳамкорликда ишлашлари ўзининг жуда яхши натижаларини берди.
Уламолар Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2019 йилда Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи куни қайси кунга тўғри келиши мумкинлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни маълум қилдилар. Шунингдек, Шаъбон ойини кузатиб бориш ва Рамазон ойи ҳилолини аниқлаш бўйича келгусида яна бир бор кенгашиб олишга келишилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муқаддас қадамжолар, тарихимизни илмий асосда ўрганиш вазифаси қўйилди
Бу Аллоҳнинг раҳмати эмасми?!
Аллоҳ таоло биз бандаларига раҳмлидир. У Зотнинг раҳмати барча нарсани қамраб олгандир. Қуръони Карим оятларини ихлос билан ўқисак, унда Аллоҳнинг раҳмати нақадар улуғ ва кенг эканига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи – Қуръонда шундай марҳамат қилган:
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси, 186-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг раҳмати яққол кўриниб турибди.
Маълумки, Қуръони Каримда يَسْأَلُونَكَ “ясъалуунака” (сендан сўрайдилар) деб бошланадиган кўплаб оятлар бор. Қуръоннинг қаерида шу жумла келса, ортидан قُلْ “қул” (айт) деган калима ҳам келади. Масалан:
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِن نَّفْعِهِمَا وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ كَذَلِكَ يُبيِّنُ اللّهُ لَكُمُ الآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ
“Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: “Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир”, деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: “Ортиқчасини”, деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз”.
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّن الْعِلْمِ إِلاَّ قَلِيلاً
“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айт”.
يَسْأَلُونَكَ عَنِ السَّاعَةِ أَيَّانَ مُرْسَاهَا قُلْ إِنَّمَا عِلْمُهَا عِندَ رَبِّي لاَ يُجَلِّيهَا لِوَقْتِهَا إِلاَّ هُوَ ثَقُلَتْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ لاَ تَأْتِيكُمْ إِلاَّ بَغْتَةً
“Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: “Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир”, деб айт”.
Қуръони Каримда бу каби оятлар кўп. Эътибор берсак, барчасида “қул” (айт) калимаси бор.
Аммо биз энг юқорида келтирган оятда Аллоҳ таоло وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар” дегандан кейин فَإِنِّي قَرِيبٌ قُلْ “айт, мен уларга яқинман” демади. Балки فَإِنِّي قَرِيبٌ “Мен, албатта, яқинман” деди. “Қул” калимасини келтирмади. Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўртада воситачи қилмай, “Мен ҳақимда сўровчига Мен яқинман, дуо қилувчининг дуосини Ўзим ижобат этаман”, деди. Бу ҳам дуонинг қанчалик аҳамиятли, улуғ нарса эканини кўрсатади.
Аллоҳ таоло мазкур оятда яна “Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан” деб марҳамат этди. Намоз ўқувчи дуо қилганда, рўза тутувчи дуо қилганда, ибодат қилувчи дуо қилганда, ҳаж қилувчи дуо қилганда, зикр қилувчи дуо қилганда, садақа берувчи дуо қилганда демади. Бу дегани мусулмон нафақат намоздан сўнг, ибодатдан кейин, балки қаерда, қандай вазиятда бўлса ҳам, Аллоҳ таолога дуо қилса, У Зот унинг дуосини ижобат қилишини эълон қилди. Бу ҳам Роббимизнинг улкан марҳаматидир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад Ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.
Аллоҳ таоло барчамизни ихлос билан дуо қилувчи бандаларидан айлаб, дуоларимизни ижобат қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.