muslimuz
Шаввол ойи тугашига оз қолди!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бугун милодий ҳисоб бўйича 2024 йил 29 апрель, ҳижрий санада эса Шаввол ойининг 20 санаси. Муборак Рамазон ойини кузатганимизга 20 кун бўлди. Тахминан яна 10 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик.
Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ва эслат. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур» (Зориёт сураси, 55-оят).
Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор. Ким бир ёмонлик келтирса, у фақат қилганига яраша жазоланур. Ва уларга зулм қилинмас» (Анъом сураси, 160-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: «Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз», деганлар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир».
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!
Даврон Нурмуҳаммад
Билим юртида очиқ дарс
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида апрел – “Ақоид ва информатика” фан ойлиги муносабати билан Ақоид фани ўқитувчиси Маҳмудов Калимуллоҳ домла 3-курс талабаларига “Ақоид” фанидан "Қабрдаги савол-жавоб ҳақлиги баёни" мавзусида очиқ дарси бўлиб ўтди.
Калимуллоҳ домла Маҳмудов очиқ дарсда янги мавзуни Сирожиддин Усмон ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бад-ул-амолий” асари ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир ақидавий масалани ақлий ва нақлий далиллар билан тушунтириб ўтди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди.
Мавзуга киришишдан аввал, ғайб борасида, унга имон келтириш масаласига қисқача тўхталиб ўтди. Ақида фани бўйича ғайбиётга оид масалалр 3 турга бўлинишини айтиб ўтди.
Биринчиси: фақат ақл билан билинадиган масалалар. Мисол учун Аллоҳнинг борлиги, унинг исм ва сифатлари. Бу масалаларнинг аслида шариатда далиллари мавжуд бўлса-да, ақл уни тасдиқ қилишига таваққуф қилади. Яъни, шариат келтирган далилни ақл қабул қилмаса мўъмин ҳисобланмайди.
Иккинчиси: шариат кўрсатмаси билангина билинадиган масалалар. Мисол учун: жин ва фаришталар, савоб ва гуноҳ, ҳашр ва нашр каби масалалар. Ақлда бу каби нарсаларни бор ёки йўқлиги баробардир, уларнинг мавжудлиги фақат шариат билан билинади.
Учинчиси: ақл ва шариат билан биргаликда билинадиган масалалар. Мисол учун: мўъминлар жаннатда Аллоҳ таолони кўришлари. Бу хусусда ақл билан билиш имкони бор, шариатда ҳам далил бор. Фақат ақл шариат келтирган далилни қабул қилмаса диндан чиқиб қолмайди.
Дарснинг мавзуси бўлган “Қабрдаги савол-жавоб масаласи ушбу тақсимотнинг иккинчи турига мансуб бўлиб, фақатгина шариат кўрсатмасига кўра биланидаган масалалар қаторида туради” деди устоз Калимуллоҳ Маҳмудов.
Сўнгра Сирожиддин Усмон ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бад-ул-амолий” асарида мавзуга доир байтни ўқиди ва унинг луғавий жиҳатдан сўзма-сўз баёнини тушинтириб, қабр ва аждос сўзларининг бир-биридан фарқли ҳамда ўхшаш жиҳатлари очиқлади.
Калом илмининг ҳанафий-мотуридийлик йўналишида мўътабар саналган матнлар: фиқҳул акбар, таҳовий матни, ақоид ан-насафий баҳрул калом каби асарлардан ҳам иқтибослар келтирди.
Ушбу очиқ дарсда билим юрти мудири А.Бобамирзаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари С.Мадмусаев, ўқув-услубий бўлим бошлиғи А.Турсунов ҳамда билим юртининг тажрибали ва ёш устозлари қатнашдилар.
Ю.Шодиев,
Ўқув-услубий бўлим
услубчиси
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фарғона вилояти Фурқат тумани бош имом-хатиби Анваржон домла Фармонқуловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум домламизни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Анваржон домла Фармонқуловнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Фарзанд тарбияси – миллат масаласи!
Ўзбекистон – италиялик сайёҳларда қизиқиш уйғотмоқда
Римда мамлакатимиз элчихонаси, Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик хизмат бюроси ва “Samo travel” сайёҳлик компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Тадбирда Италиянинг 30 дан ортиқ етакчи сайёҳлик агентликлари вакиллари қатнашди.
Учрашувда иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Италиядан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони ортиб бораётгани таъкидланди.
Италия пандемиядан олдин Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони бўйича Европада биринчи ўринда эди. 2019 йилда ушбу мамлакатдан 20 450 киши келган. 2022 йили Италиядан Ўзбекистонга 9516 нафар сайёҳ келган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 25 минг 592 нафарни ташкил қилгани қайд этилди.
Мамлакатимизнинг туризм имкониятларига бағишланган видеофильмлар тақдимоти ва намойиши бўлиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчиларга рисолалар, флайерлар ва Ўзбекистоннинг туристик хариталари тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.



