muslim.uz
Улуғларни тарбиялаган маскан (“Мадрасаи Мир” масжиди)
“Мадрасаи Мир” масжид ва мадрасаси 1799 йилда қуриб битказилган. Ушбу обида Қўқон хонлигининг энг адолатли ва узоқ муддат ҳукм сурган хонларидан ҳисобланган Норбўтабек томонидан қурдирилган бўлиб, у 1924 йилгача фаолият кўрсатган.
1919 йилда мадраса ҳали фаолият кўрсатиб турган пайтда унинг катта қисмини қизил аскарлар ўз ихтиёрига олиниб, ётоқхонаси (казарма)га, айрим хоналар отхонага айлантирилган.
Мадраса бутунлай ёпилгач, унинг биносига аскарларнинг оилалари, кейинроқ эса иттифоқнинг турли жойларидан кўчириб келтирилган ҳар хил миллатли оилалар жойлаштирилган.
1943 йилда диний эътиқодга бироз йўл очилиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси таъсис этилгач, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида ҳам биттадан очилишига рухсат этилган масжидлар сафида “Мадрасаи Мир” ҳам бор эди. Ўшанда ҳам мадраса иншоотининг бир қисми – масжид хонақоси, катта дарсхона ва ташқаридаги хоналар масжид ихтиёрига берилди.
“Мадрасаи Мир” масжиди истиқлолнинг илк йиллариданоқ таъмирланиб, ўзгача маҳобат ва тароват билан кўзга ташлана бошлади.
Ҳозирда ҳукумат ташаббуси билан бу каби жойлар обод қилинмоқда-ки, ҳар бир ўзбек фарзанди ўзлигини, тарихини, аждодларини ва улар қолдирган меросларни яхши билиши ва бу мерослар билан фахрланиб, уларнинг қадрига етиши лозим.
“Мадрасаи Мир” тарихи билан қизиққан вақтимизда, албатта бу муқаддас илм даргоҳида таҳсил олган шахслар ҳақида фикр юритмай иложи йўқ.
Қўқон шаҳар ўлкашунослик музейи маълумотларига кўра, Қўқон шаҳридаги “Мадрасаи мир” масжидининг қурилишига сабабчи бўлган кишилардан бири – машҳур аллома, Нақшбандия тариқати пири комилларидан бўлган Муҳаммад Яъқуб Оҳунддир. Мадраса шу зотнинг фатволари билан қурилган. У киши мадрасанинг биринчи бош мударриси бўлганлар ва кўплаб шогирд чиқарганлар.
Мадрасада таҳсил олган кишиларнинг касб-камолотлари ва машҳурликларига назар солар эканмиз, ўша замоннинг илму маърифати, миллий ҳунармандлиги, адабиёти ва санъатининг равнақи ва тараққиёти йўлида хизмат қилувчи шахслар кўз олдимизда гавдаланади.
Замонанинг баъзи камчилик ва нуқсонларини “зарбул-масал” усули билан очиб бериб, одамларга панду насиҳат қилувчи шоир Муҳаммад Шариф Гулханий, Фарғона кандакорлик мактаби асосчиси Отауллоҳ Хўқандий, хаттотлик санъати устаси, машҳур меъмор, Худоёрхон ўрдасидек (ҳозирда Худоёрхон ўрдасининг кичик қисмигина сақланиб қолган) буюк иншоотнинг бош меъмори Мир Убайдулла, Фарғона наққошлик мактаби асосчиси, ”Сирчи қори” номи билан машҳур уста Саид Маҳмуд Норқўзиев, Қўқон қоғозини ишлаб чиқарган уста, Мулло Аслиддин қоғозгар, кўплаб меъмор-муҳандислар, кандакор усталар ва бошқа диний ва дунёвий билим соҳиблари мазкур мадрасада тарбия топганлар.
Мазкур рўйхатдан мадраса нафақат диний, балки дунёвий билимларни, касбу камолотларни ҳам ўз замонасида ёшларга ўргатиб борувчи маскан бўлган, деган хулоса келиб чиқади.
Бугун “Мадрасаи Мир” масжиди Қўқон шаҳри аҳолисига хизмат қилиши баробарида сайёҳу меҳмонларни ўзига маҳлиё қилиб, ўтган аждодларимизнинг қанчалик маданиятга, куч-қудратга, билим-савияга эга бўлганликларини эслатиб турибди.
ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими
Бемазҳаблик фитнадир
Муайян мазҳабларга эргашишнинг гўёки мусулмонлар яхлитлигини бузувчи амал сифатида танқид қилиниши. Ислом оламидаги етакчи фиқҳий уламолар ҳозирги кунда тўртта сунний мазҳаб асосчилари каби шаръий далиллардан ҳукм чиқара оладиган мужтаҳид имомлар йўқлиги сабабли мусулмонлар ушбу имомлардан бирига, яъни ўз юртида кенг тарқалган мазҳабга эргашишлари лозимлигини айтишади. Бунинг сабаби шуки, диний масалаларда етарли билимларга эга бўлмаган одам Қуръон ва ҳадислардан мустақил шаръий ҳукм чиқара олмайди. Мазҳабларда эса шаръий масалалар ислом таълимоти, халқнинг урф-одатлари, қадриятлари, миллий хусусиятларидан келиб чиқиб, энг мос кўринишда ҳал қилинади.
Экстремистик гуруҳлар “кимки ўзини бирор-бир қавмга ўхшатса, у ўшалардан” деган ҳадисни мусулмонларга аҳли китоб (яҳудий ва насроний вакиллари) билан алоқа қилиш, улар кийган кийим (костюм-шим, кепка ва ҳ.к.)ларни кийиш ман этилган, деган маънода бузиб талқин қилади. Аслида ҳадис ақидавий мазмунга эга бўлиб, унда имон асосларидан четга чиқмаслик назарда тутилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада ва муомалада бўлганликлари. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар қилган ҳадяларни қабул қилганлар. Бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийганлар. Бундан экстремистлар ўз ғоя ва фаолиятини асослаш мақсадида Ислом манбаларидан иқтибослар олиб, етарли илм ва тажрибага эга бўлмаган издошларини мутаассибона тарбиялашда фойдаланганлигини хулоса қилиш мумкин.
Янгиқўрғон тумани "Шохўжабой" жоме масжиди имом хатиби Тохиржон Болтабоев
Ўтган йили "Вақф" фонди 11 млрд. 574 млн. сўмлик хайрия ишларини амалга оширди
"Вақф" фонд ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаровнинг маълум қилишича, ўтган 2022 йилда фонд томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва турли акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган эҳсонлар ҳисобидан 11 млрд. 574 млн. сўмдан зиёд маблағ хайрия ишларига сарфланган.
Бу маблағларни йўналишлар кесимида олсак:
-диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун – 87 217 520 сўм;
-диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 1 294 110 000 сўм;
- масжидлар қурилиши учун – 436 960 000 сўм;
- масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 451 656 250 сўм;
- ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга турли моддий кўринишда берилган ёрдамлар учун – 2 783 275 801 сўм;
- имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун – 285 962 000 сўм;
- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш учун 4 346 902 000 сўм;
- турли хайрия тадбирлари учун – 1 446 938 600 сўм;
- вилоят вакилликларининг маъмурий ҳаражатлари учун берилган моддий ёрдам – 131 257 000 сўм;
- аҳоли учун тоза ичимлик суви чиқаришга – 299 378 530 сўм;
-“Қуръони карим ва тажвид” курси тингловчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун – 10 800 000 сўм маблағлар хайрия тариқасида сарфланди.
Бундан ташқари, йил давомида мамлакатмизнинг ичимлик суви танқис бўлган турли ҳудудлари жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 6 та, Қашқадарё вилоятида 6 та, Фарғона вилоятида 2 та, Тошкент вилоятида 1 та жами 15 та артезиан ва минорали сув иншоотлари барпо этилди.
Шунингдек “Вақф кўмаги” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятларининг ҳар биридан 30 тадан жами 60 нафар қандолатчилик, тикувчилик ва ҳунармандлик касбига эга ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга 215 623 000 сўмлик керакли асбоб-ускуналар хайрия қилиниб, уларнинг иш билан таъминланишига кўмак берилди.
Бу каби саховат ишлари жорий йил ҳам давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ашъарий ва мотуридийлар ҳамда уларнинг йўлидан юрганлар муаттила (сифатларни инкор қилувчи) ҳисобланадиларми!?
Ҳа, мужассима ва мушаббиҳаларнинг наздида ҳисобланадилар, токи Аллоҳ таолога жисмиятни исбот қилмагунларича шундай қолаверадилар.
Хулоса гап шуки: Аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таоло учун У Ўзи учун ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам исбот қилган нарсани исбот қиладилар. Лекин ушбу нарсани Аллоҳ таолонинг муродига ҳамда У зотни лойиқ бўлмаган нарсалардан поклашлик билан исбот қиладилар. Ашъарий ва мотуридийликка оид кичик ё катта ақида китоб бор экан, унда уламолар муташобеҳ насслар ҳақида: бу ҳақда икки мазҳаб мавжуд, иккаласи ҳам ҳақ мазҳабдир, деб айтишади.
- Салафлар мазҳаби: тафвиз ва танзиҳ қилиш билан исбот қилиш. Бу мазҳабни энг саломат йўл деб айтишади. Яъни ушбу йўл соҳиби Аллоҳ таолога Ўзи у ҳақда айтмаган ва ирода қилмаган гапни айтишдан омонда бўлади. Бунга қарамасдан мушаббиҳалар ва мужассималар ушбу мазҳаб эгаларини муаттилалик ва залолат сифати билан сифатлашади. Чунки мужассималар наздида исбот қилишнинг маъноси унинг иккинчиси йўқ бўлган бир нарсадир: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога жисмият ва ташбеҳни исбот қилишдир, гарчи улар бу исботларидан кейин “ташбеҳсиз”, деган сўзни қўшиб айтсалар ҳам. Сиз уларнинг наздида Аллоҳ таолони махлуқотларга ўҳшатувчи бўлибгина сифатларни исбот қилувчи бўлишингиз мумкин.
- Ҳалафларнинг мазҳаби : Аллоҳ таолонинг сифатларини Унинг зоти ва сифатларига лойиқ нарслар билан таъвил қилиш йўли, аммо бу Аллоҳнинг муроди деб қатъий турилмайди. Чунки ирода қилинган нарсага қатъий далил мавжуд эмас. Уламолар бу мазҳабнинг йўлини аҳқам дейишади яъни, оммага агарда “қўл”, “истиво” ва шунга ўхшаш нарсаларга фақатгина ташбеҳ ва тажсим тушуниб қолинишлиги қўрқиладиган бўлса. Бу мазҳаб ушлаган йўлнинг ҳикмати: биз муташобеҳ сифатларни зоҳирий маъносидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога лойиқ бўлган маънога буриш билан оммани ташбеҳдан узоқлаштирамиз. Шу билан биргаликда мушаббиҳа ва мужассималар-нинг наздида ушбу таъвил ҳам таътил (сифатларни инкор қилиш) ҳисобланади. Энг ажаблантирадиган нарса шуки, мазкур мужассима тоифаси қачонки уларнинг тажсимига ва ташбеҳига Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарада келган насслар мухолиф бўлиб келса, улар ўзларининг мазҳабига муносиб бўлган нарсалар билан таъвил қилишга шошадилар ва ўзларининг мазҳабида қоида бўлган “таъвил бу таътил (сифатларни инкор қилиш)”, деган гапларини ўзларини жоҳилликка солиб эсдан чиқаргандай бўладилар.
Масалан: улар Аллоҳ таоло осмонда деб эътиқод қилишади, агар уларга “У осмонлару Ердаги якка-ю ягона Аллоҳдирки.” (Анъом сураси 3 оят) оят рўбарў келса улар таъвил қилиб: “Яъни У осмонлару Ерда маъбуд, аммо Унинг ўзи осмонда фақат”, деб айтишади. Шундоқ қилиб, Ерда деган сўзни таъвил қилишади-да Осмонларда деган сўзни шундоқлигича қолдиришади.
Улар Аллоҳ таолонинг икки қўли бор деб эътиқод қилишади, аммо “Биз Ўз Қўлимиз билан қилган нарсаларни – чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни...”, деган оятда “қўлимиз” жамъ бўлиб келган бўлса; бошқа оятда “Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир”, бирлик кўринишида келса, улар “أَيْدِينَا” “қўлимиз” деган сўзни таъзим ва муболаға деб таъвил қилишади ва “يَدَ - яд”ни эса қўлнинг жинси деб таъвил қилишади.
Улар Аллоҳнинг икки кўзи бор деб эътиқод қилишади, ваҳоланки шаръий наарсаларда бирон жойида икки кўзи бор деб келмаган, балки “кўз” сўзи “Буни Менинг кўз олдимда етиштирилишинг учун (қилдим)”. (Тоҳа" сураси 39 оят)ида ва “кўзлар” сўзи “Зотан, сиз шак-шубҳасиз, Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи-ҳимоямизда)дирсиз... " (Тур" сураси 49 оят)ида келади. Бас улар эса юқорида “қўл”ни қандай таъвил қилган бўлсалар, “кўз”ни ҳам худди шундай таъвил қилишди. Улар икки кўзнинг Аллоҳ таолога собит бўлишини Аллоҳнинг Олам суратига кўра бўлиши билан фаҳмлаб олишди ва “Албатта сизнинг Роббингиз бир кўзли эмас”, деган ҳадиси шарифдан далил келтиришади.
Ва яна улар Аллоҳ таолонинг чап ва ўнг қўли бор деб эътиқод қилишади ва “Унинг икки қўли ўнгдир” деган ҳадисдан мурод “икки қўли бир хилда қувватли, чап қўли ўнг қўлидан заифроқ эмас”, деб таъвил қилишади.
Ва булардан ташқари яна кўплаб тажсим ва ташбеҳни исбот қиладиган таъвилотлар борки (Аллоҳ барчамизни булардан асрасин) улар бу каби таъвиллардан сўнг “ташбеҳсиз” десалар ҳам фойдаси йўқ.
Азиз ўқувчи, шу гапларимизни яхшилаб тааммул қилинг, Аллоҳ барчамизни тажсим ва ташбеҳ иллатига тушиб қолишимиздан асрасин!
Абул Баракот Насафийнинг “Ал эътимод фил эътиқод” асаридан Кўкалдош ЎМИТМ матбуот котиби Рустам Охунжонов таржимаси
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Самарқанд шаҳри "Хўжа Юсуф" масжиди имом-хатиби Тўлқин домла Амиров оталари Барот ҳожининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум отахоннинг яқинларига, хусусан, Тўлқин домла Амировга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.