muslim.uz
Сигнал миноралари нима учун қурилган?
Қорақалпоғистон Республикасида эътиборли тарихий ёдгорликларнинг бири бу сигнал минораларидир.
Нима учун улар сигнал миноралари деб номланади? Миноралар нима учун қурилган ва нимага хизмат қилган?
Тарих фанлар номзоди, археолог, гид Октябр Доспанов бу ҳақида қуйидаги маълумотни берди.
— Бу каби сигнал миноралари Хоразм давлатида X-XIII асрларда қурилган. Асосан улар Амударёнинг ўнг қирғоғида, яшаш жойларига, қишлоқларга яқин ерларда жойлашган. Чап қирғоғида эса йўқ. X асрда Хоразмда сиёсий вазият ўзгариб, пойтахти Қият (манбаларда Кат, Кят, Қат номлари билан учрайди. Ҳозирги Беруний тумани ҳудудида – Е.Қ.) шаҳридан чап қирғоққа Гургандж (Кўҳна Урганч) шаҳрига кўчади.
Давлатнинг икки томонлама ўртасидаги чегара бу Амударёдир. Бу каби миноралар фақат дарёнинг бўйида эмас, балки Устюртда, Орол денгизи бўйларида ва Кўҳна Урганч чегараларида ҳам кўплаб топилган.
Сигнал миноралар Буюк Ипак йўллари бўйлаб қурилган. Шу орқали карвонларга ёрдамчи вазифасини ўтаган. Энг тепасига олов ёқилиб, олисдан карвон келаётгани ҳақида яқин қишлоқларга хабар (сигнал) берилган.
Минораларнинг қурилиш материаллари ер шароитига мослашган ҳолда танланган. Устюртда тошдан, маданий марказлар ва дарёга яқин жойларда (лой бор ерларда) хом ғиштдан қурилган. Бугунги кунгача баландлиги 7-14 метргача сақланиб келган.
Абу Райҳон Муҳаммад Ибн Аҳмад ал-Беруний (973–1048 йй.) ўз асарларида савдо алоқалари, хусусан Оғузлар билан Хоразм давлатининг сулҳ тузишлари ва маданий алоқалари ҳақида, улар ўртасидаги савдо алоқаларининг мустаҳкам бўлганлигини таъкидлаб ўтган. Олтин Ўрда даврида ҳам ушбу алоқаларнинг кенг ривожланиб ўтганлиги тўғрисида Плано Карпини, Ибн Баттута, Балдучи Пегалотти, Бартольд ва ҳ. каби қатор олимлар ва саёҳатчилар маълумот қолдирган.
Юқорида айтилганидек, ушбу минораларнинг асосий вазифаси – олов ва тутун орқали карвонларнинг яқинлашгани тўғрисида яқин жойлардаги аҳолига хабар етказишдир. Шу боис унинг учида шакли қувурга ўхшаш йўлак бўлиб, қуйи қисмида кичкина дарча (печь) жойлаштирилган. Шу ерга олов ёққан. Оловнинг тутуни қувур орқали босим билан юқорига тортган. Кўпинча булардан қазилган вақтда қамишнинг қолдиқлари кўплаб топилмоқда. Сабаби, қамиш ёнғич ва ўзидан қуюқ тутун чиқарувчи ўсимлик саналади.
Миноранинг бу жойларда жойлашганининг яна бир сабаби у жойларда ҳунармандчиликнинг кенг ривожланганидан далолат беради. Сабаби савдо карвонлари фақат буюмларини сотибгина қўймасдан, сотиб олиш қобилиятига ҳам эга бўлган. Бунинг далили сифатида, минора жойлашган ерга яқин Султон Увайс тоғидан Ю.П.Манылов томонидан 300дан ортиқ қимматбаҳо тошлар қазиб олишга мўлжалланган шахталарнинг топилишидир. Тоғнинг этагида тош ўймакорлиги билан шуғулланувчи устахоналар топилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирги Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти музейида мрамордан ишланган капитель ҳам шу жойдан топилган.
Шунга ўхшаш ўрта асрларга оид буюмлар кўплаб давлатларнинг музейларидан топилмоқда. Масалан, Хива шаҳридаги музейларнинг биридаги эриган тошдан ишланган чойнак, Мисрда тошдан ишланган капитель ва бошқа ҳар хил буюмлар топилган.
Аввал таъкидлаганимиздек, сигнал минораларини Устюртда ҳам кўплаб учратиш мумкин ва улар асосан Буюк Ипак йўли бўйлаб қурилган.
Қадим ва ўрта асрларда Марказий Осиё мамлакатлари Шарқий Европа ва Волга бўйлари билан савдо карвон йўллари Устюрт орқали боғланган. Устюртдаги минораларнинг яна бир вазифаси аҳолини душманлардан огоҳлантириш учун ҳам қўлланган.
Қорақалпоғистон ҳудудидаги Устюртда ҳар 30-40 км (бир кунлик карвон йўли) оралиқда Пулжай, Қосбулоқ, Кўптом, Чурук, Беловли, Ажигелди, Учқудуқ номли карвон саройлар бор.
Археологик маълумотларга қараганда, IX-X асрларда саҳро кўчманчиларидан воҳа чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилган. Устюрт қирининг ҳамма баландликларида қалъалар бўлган. Уларнинг олдида хабар берувчи тепаликларда динглар, яъни маёқ миноралар бўлиб, улар тошлардан терилган.
Улар шундай қилиб қурилганки хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин хавф ёки карвон яқинлашаётганда олов ёки тутун билан хабар бериш мумкин бўлган. Сигнал берилгач бир соат ичида ҳар қандай шароитда ҳам чегарадаги ҳамма гарнизонлар қўзғалган. Гарнизонлар Орол денгизидан Сариқамишгача бўлган барча қалъаларда бўлган.
Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат)
Бурҳониддин Марғиноний қирқ уламо ва олимни ўзига устоз билган
1123 йил (бундан 897 йил олдин) – буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абдул-Жалил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний таваллуд топди (вафоти 1197 йил). Илмий адабиётларда ул зотнинг туғилган йили борасида ихтилофлар мавжуд. Айрим адабиётларда бу сана милодий 1117 йил қилиб кўрсатилса, айримларида 1118 ҳамда 1123 йиллар қайд этилади. Бу ўринда “Маънавият юлдузлари” китобининг 1999 йилги нашри асос қилиб олинди.
Бурҳониддин Марғиноний Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ илмларини чуқур ва мукаммал ўрганганлиги ва бу борада ўз даврининг етук пешвоси бўлгани боис Бурҳониддин, яъни “дин исботи”, “дин далили” исми билан машҳур бўлган. Машҳур фиқҳшунос олимнинг бизгача 4 асари етиб келган, холос. У олижаноб инсоний фазилатларига эга, камтарин ва хокисор зот бўлган. Ўзининг “Китоб ал-машойих” асарида 40 нафар уламо, олимларни ўзига устоз деб кўрсатади. Алломанинг қатор салоҳиятли шогирдлари бўлган.
Бурҳониддин Марғиноний мусулмон дунёсига буюк фиқҳшунос олим сифатида танилиб, унинг “Ҳидоя” асари бир неча асрлар давомида жамиятда ҳуқуқий нормативларни ўрганишда катта роль ўйнаган. Буюк фиқҳшунос олим, улуғ ватандошимиз хотирасига улкан эҳтиром кўрсатилган ҳолда 2000 йил мамлакатимизда ҳижрий сана бўйича унинг 910 йиллиги кенг нишонланди.
Алишер Эгамбердиев
тайёрлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: "Сиддиқ" (Аудио)
Ўзбекистонлик олимнинг мақоласи “Ал-Азҳар” журналида чоп этилди
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: БОБУР МИРЗО – БУЮК ФАҚИҲ (Биринчи мавзу)
Азиз ва муҳтарам “Muslim.uz” ўзани муҳиблари! УЛУҒ НЕЪМАТ! “МУБАЙЯН” асаридан баҳраманд бўла бошлаймиз. (1) “МУБАЙЯН” асари – ҳам шеърият, ҳам илм хазинасидир!
Бу асар беш китобдан иборат:
1) Иймон-эътиқод китоби;
2) Намоз китоби;
3) Закот китоби;
4) Рўза китоби;
5) Ҳаж китоби.
Шоҳ ва шоир, аллома ва саркарда Бобурнинг шундай гўзал китоб ёзгани – миллатимизнинг шарафидир.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 629-рақамли тавсияси билан нашр этилган.
* * *
БОБУР МИРЗО – БУЮК ФАҚИҲ
(Қисқа муқаддима)
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳ таъолога сўнгсиз ҳамду санолар бўлсин. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам жанобимизга чексиз салоту саломлар бўлсин.
Алҳамдулиллаҳ, олимлари подшоҳ, подшоҳлари олим бўлган халқнинг фарзандларимиз.
Буюк тарихчи олим Абдулҳай Лакҳнавий-Ҳасаний “Нузҳат ул-хавотир” (“Хотиралар сайри”) асарида ёзади: “У зотнинг исмини ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўзлари Заҳируддин Муҳаммад деб қўйганлар, лекин туркий халқлар орасида Бобуршоҳ деб машҳур бўлган, жуда кўп илмларда денгиздек илм олган. Унинг фиқҳи Ҳанафийда (Ҳанафий мазҳаби асосида) “Мубайян” номли асари бўлиб, унга шайх Зайнуддин (ибн Қутбуддин ал-Ҳанафий) ал-Хавофий “Мубаййин” деган шарҳ ёзган” (“Нузҳат ул-хавотир” – “Хотиралар сайри”, 314-бет.)
Шунга кўра, асар номи “Мубайян” эканлиги аниқдир.
XVI аср тазкираларидан бўлмиш Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» (“Севимли зотлар ёдномаси”) асарида айтилади: “Бобур подшоҳнинг фазилатлари бисёр ва камолотлари бешумордир. Аруз хусусида ёзган рисоласи (“Рисолаи аруз”) бир денгиздирки, ичи жавоҳиру дурлар билан тўладир. Фиқҳ масалаларини яна бир рисолада мубайян қилганки, ёзувчиси донишмандлигидан нишонадир. Туркий ва форсийда яхши шеърлари бордир. Ўшал фиқҳ рисоласининг номи ҳам «Мубайян»дир» (Форс тилидан Исмоил Бекжон таржимаси. Тошкент, Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти, 1993. 51-53-бетлар).
Шоҳ Бобур «Мубайян» китоби орқали буюк фақиҳ зот эканини намоён этади, асарни ўз валиаҳд ўғиллари Носируддин Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида мўлжаллаб, уларнинг сиймоси орқали бутун халқ оммасига беш фарз фиқҳий масалаларини таълим қилади.
Дарҳақиқат, асарда муқаддас ислом динининг беш рукни: иймон-эътиқод, намоз, рўза, закот ва ҳаж масалалари гўзал шеърий тилда баён этилган.
Таҳқиқ натижасида шунга шоҳид бўлдикки, “Мубайян” асарининг асосий таянган манбаълари муборак “Мухтасарул-Виқоя” ҳамда «Ҳидоя»и шариф китобларидир.
Асардаги дуо матнлари эса асосан кутуби ситтада, яъни олти улуғ муҳаддиснинг китобларида келган ҳадислардан ҳамда Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид-дин» асаридан танлаб олинган.
Қомусий аллома, мумтоз шоир, маърифатли фақиҳ Заҳируддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Мубайян” асари Темурийлар даври ижтимоий, оилавий, хусусий ҳаётидаги илмий, маърифий, диний маданиятнинг назмий ифодасидир.
Мирзо КЕНЖАБЕК
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.