muslim.uz
Янги лойиҳа: Ақида дарслари "Фиқҳи акбар китоби" 1-қисм (Аудио)
Muslim.uz сайти ижодкорлари томонидан ҳар бир мўмин-мусулмон киши билиши ва эътиқод қилиши лозим бўлган илм – ақида илмини ақоидга оид мўътабар манбалар асосида тушунарли қилиб, овозли шаклда баён этишни режалаштирилди.
Аллоҳ таборака ва таоло ушбу хайрли ишни муваффақиятли ва мўмин-мусулмонларимиз учун манфаатли қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Намоз сабоқлари: Салоти фатҳия ҳамда салоти тафрижия (Аудио)
«Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала саййидина Муҳаммадинил-фатиҳи лима уғлиқо вал-хотими лима сабақо, Насирил-ҳаққи билҳаққи, вал ҳадий ила сиротикал-мустақим ва ъала алиҳи ҳаққо қадриҳи ва миқдариҳил-ъазийм».
Маъноси: Ё Аллоҳ! Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салот ва саломлар бўлсин. Бизга беркитилган нарсаларни очиб берган Удир. Пайғамбарлар ҳалқасининг охири Удир, Ҳақнинг ҳақиқий ёрдамчиси Удир, инсонларга тўғри йўлни кўрсатган Удир! Унга ва яқинларига сўнгсиз салот ва саломлар бўлсин.
Салоти тафрижия
«Аллоҳумма солли солатан комилатан ва саллим салааман таамман ала Саййидина Муҳаммад танҳаллу биҳил ъуқоду ва танфарижу биҳил куробу ва туқзо биҳил ҳоваижу ва тунаалу биҳир роғоибу ва ҳуснул ховатими ва юстасқол ғомаму биважҳиҳил карими ва ала олиҳи ва соҳбиҳи фи кулли ламҳатин ва нафасин би адади кулли маълумин лак».
Маъноси: Ё Аллоҳ, ҳар лаҳзаю ҳар нафасда Саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг оилаларига ва саҳобаларига Ўзингга маълум нарсалар ададича комил салавот ва тугал салом йўлла. У билан чигалликлар ечилсин, балолар арисин, ҳожатлар раво бўлсин, истакларга ва гўзал хотималарга етилсин, у билан ёмғирлар ёғсин.
ЎМИ матбуот хизмати
Намоз сабоқлари: Салоти мунжия (Аудио)
«Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала али саййидина Муҳаммад, салатан тунжина биҳа мин-жамиъил аҳвали вал афат. Ва тақзи лана биҳа жамиъал ҳажат ва тутоҳҳируна биҳа мин-жамиъис-саййиат. Ва тарфаъуна биҳа ъалад-дарожат ва тубаллиғуна биҳа ақсол-ғойоти, мин-жамиъил хойроти фил-ҳайати ва баъдал мамат».
Маъноси: Ё Аллоҳ! Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога беадад салот ва салом бўлсин. Бу салотлар, саломлар ва дуолар билан бизни ҳар турли бало ва мусибатлардан халос эт, барча эҳтиёжларимизни кетказиб, бизни гуноҳлардан покла. Бизни юксак даража ва мартабаларга кўтар. Ё Аллоҳ! Бу салот ва саломлар туфайли ўлгандан кейин хайр (яхшилик)ларга ноил бўлайлик.
ЎМИ матбуот хизмати
Намоз сабоқлари: Уловга минаётганда ўқиладиган ва сафар дуолари (Аудио)
Уловга минаётганда ўқиладиган дуо
«Оятал курси» ўқилгач, «Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила роббина ламунқолибун. Бисмиллаҳи мажроҳа ва мурсоҳа. Инна роббий лағофурур-Роҳийм» дейилади.
Давомида қуйидагича дуо айтилса ҳам бўлади: «Ё Аллоҳ, Сенинг номинг билан йўлга чиқмоқдаман. Менга соғлиқ ва ҳалол касб насиб этганинг учун Сенга шукрлар айтаман. Йўл давомида мени ва уловимга минган йўловчиларни бало-қазолардан, турли хавфу хатарлардан Ўзинг асра, ёрдамингни дариғ тутма биздан, ё Раббий. Биз қанчалар гуноҳкор бўлмайлик, Сен бизни мағфират эт. Манзилимизга эсон-омон етиб боришни насиб айла. Фарзандларимизни етим қолдирма, Парвардигоро. Қайтишимизда оиламизни ғам-андуҳсиз кўрмоқни лутф айла. Сен ҳамма нарсага қодир Зотсан, Ё Аллоҳ».
Сафар дуоси
«Аллоҳумма илайка таважжаҳту ва бика иътасомту. Аллоҳумма акфини ма аҳаммани ва ма ла аҳтамму лаҳу. Аллоҳумма заввиднит-тақва, вағфирли занби ва важжиҳни лил-хойри айна ма таважжаҳту».
Маъноси: «Ё Аллоҳ, Сен томон интилдим. Сенга юкиндим. Ё Аллоҳ, мени андишалантирган ёхуд андишалантирмаган хусусларда Сен менга кифоя қил. Тақвони менга озуқа қил, Ё Аллоҳ! Гуноҳимни кечир ва қаерга бормайин, мени доимо яхшиликка бошла, ё Раббий». (Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳар гал йўлга чиққанда бу дуони ўқир эдилар.) («Ал-азкор», 195-бет).
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Субҳаналлазий саххора лана ҳаза ва ма кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ла мунқолибун».
Маъноси: «Бу уловларни бизнинг хизматимизга берган Аллоҳ буюқдир. У барча айбу нуқсонлардан покдир. Аллоҳ буни измимизга бўйсундирмаса, бизнинг буларга кучимиз етмас эди» ояти ўқилади ва уч марта «Алҳамдулиллаҳ» ва уч марта «Аллоҳу акбар» дегач:
Субҳанака инни золамту нафси фағфирли, иннаҳу ла яғфируз-зунуба илла Анта.
Маъноси: “Аллоҳ айбу нуқсонлардан покдир, мен ўз нафсимга зулм қилдим. Ё Аллоҳ! Мени кечир. Чунки Сендан бошқа кечиргувчи йўқ”, дейди («Аз-азкор», 145-бет).
ЎМИ матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.