muslim.uz

muslim.uz

Муҳаддис олимлардан бири Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ юртимизга ташриф буюрди. Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ – аллома, муҳаққиқ, муҳаддис шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад Аввома 1940 йил 1 январда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида туғилган.

Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ҳазратларидан таълим олган. 1957 йилдан эса, аллома, фазилатли  шайх Муҳаммад Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳдан ҳам дарс ола бошлаган.

Ушбу икки улуғ алломалар Муҳаммад Аввоманинг асосий устозлари бўлиб, у ушбу икки зотнинг хос ва энг илғор шогирдига айланган.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Среда, 19 Сентябрь 2018 00:00

Ҳалол касб – гуноҳга каффорат

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракат каффорат бўлади”, деб ўгит берганлар (Табароний  ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шундай замон келадики, одамлар ўзи топган молу-дунёсини ҳалол йўл билан топдими ёки ҳаром йўл билан топдими иши бўлмай қолади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Буюк аллома Абу Лайс Самарқандий дедилар: “Ким касбининг ҳалол бўлишини хоҳласа беш нарсани маҳкам тутсин:

касби сабабли Аллоҳнинг бирорта фарзини ортга сурмасин ва уларда нуқсонга йўл қўймасин;

касби сабабли Аллоҳнинг махлуқотларига озор бермасин;

касбидан мол жамлашни эмас, балки ўзи ва аҳли-аёлининг иффатини сақлашни ният қилсин;

касб қиламан деб ўзини ортиқча қийнамасин;

ризқ Аллоҳдан деб билсин, касбдан эмас, касб – сабаб, холос. Касб қилувчи ҳар бир мусулмонга ҳалол касб қилиш илмини ўрганиш вожибдир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Ойбек МАЪРУПОВ,

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Среда, 19 Сентябрь 2018 00:00

Ёмон одат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръоний ахлоқ соҳиби, ҳалим-мулойим, айни вақтда виқор-салобатли, исломга ёт бўлган хатти-ҳаракатларни кўрганда, арслондек ҳайбатли, муросасиз эдилар.

Одоб дастурини бузганларга муносабати сўзимизнинг далили бўла олади.

Беодоблик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғашига нечоғлик текканини қуйидаги мисолларда кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Саъд ривояти: “Бир киши тўсиқдан бўйнини ошириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига қаради. Шу пайт у зот қўлларида тароқ ушлаб турган эдилар, уни кўриб: Агар қараб турганингни билганимда, мана шу тароқ билан кўзингни ўйиб олган бўлар эдим. Зеро, изн сўраш қараш учун тайин қилингандир!” дедилар.

Анас ибн Молик ривояти: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларидан бирининг ичарисига қаради. Мен жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларидан туриб, қўлларидаги шамшир учини унинг кўзига тиқмоқчи бўлгандек ҳаракат қилганларини ҳозир ҳам кўриб тургандекман”. Бошқаларга тегишли ерга ва хавфли ҳудудига берухсат кириш, девор орқасида эшик ва дераза ташқарисида туриб уйдагиларнинг гап-сўзини тинглаш каби одатлар мўминнинг феъли эмас ва одоб доирасига сиғмас.

 

 

Бекобод тумани Улуғбек жоме масжиди

имом-хатиби Ҳ. Холбоев

Среда, 19 Сентябрь 2018 00:00

Мартабали меҳмон билан учрашув

Куни кеча, 18 сентябрь куни АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбек бошчилигидаги делегация Диний идорага келди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу мартабали меҳмон билан мулоқот ўтказди.
Учрашув аввалида муфтий ҳазратлари диёримизда диний ибодатларни, маърака маросимларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани ҳамда юртимиздаги хайрли ислоҳотлар, улкан ижроотлар ва илғор ташаббуслар ҳақида сўзлаб бердилар.
Элчи Самуэл Браунбек жаноблари ўтган вақт давомида Ўзбекистонда амалга оширилган диний соҳадаги ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, инсон ҳақ-ҳуқуқлари муқаддас экани, айни пайтда бу масала мамлакатлар манфаати учун катта хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Мартабали меҳмон “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, “Ҳазрати Усмон Мусҳафи”ни зиёрат қилди ва “Барақхон” мадрасасидаги ҳунармандчилик ишлари билан танишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

15 сентябр куни Кармана туман маданият саройида жорий йилда вилоятимиздан муборак ҳаж сафарини адо этиб келган 150 нафар фуқаролар, маҳалла раислари, фаоллар, имом-хатиблар ва отинойилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Навоий вилоят ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўйича ўринбосари Ғ.Мусурманов очиб берди. Ўз ибодатларини эсон-омон адо этиб келган ҳожиларни қутлаб, келгусида ҳамкорликда ишлаш, уларнинг халқ олдидаги мавқеълари ва ҳаётий тажрибаларни инобатга олиб, нотинч оилаларни яраштиришда, адашиб, нотўғри йўлга кириб қолган, эътиқоди бузуқ кишиларга тўғри йўл кўрсатишда ҳожиларимизнинг ҳам ёрдамига суянилишини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишга таклиф этилган Маҳалла хайрия жамоат фонди раиси, Нуроний жамияти раиси ва вилоят бош имом хатиби ўринбосари сўзга чиқиб, ўз соҳалари бўйича ҳожиларга керакли кўрсатма ва тавсияларни беришди.
Йиғилиш сўнгида жожилардан бир неча нафарлари сўзга чиқиб, ҳаж сафарини бекам-у кўст адо этиб келганликлари, у ерда Ўзбекистонлик ҳожиларга яратилган шароитлар ҳақида тўлқинланиб гапиришди. Уларга топширилган масъулиятни, астойидил адо этишларини, халқ олдида беминнат хизмат қилишларини қайд этиб ўтишди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top