muslim.uz
Олий мукофот
Кекса отахон бемор бўлди ва уч ўғлини қошига чорлаб, уларга мол-мулкини тақсимлаб бергандан сўнг:
– Ўғилларим, қўлимда қимматбаҳо бир дур қолди. Бу дурни ким охирги уч ой ичида энг улуғ савоб иш қилган бўлса, шунга бераман, – деди.
Бу гапни эшитган тўнғич ўғил:
– Отажон, бир кун анҳор ёқалаб кетаётсам, бир аёл у ёқдан-бу ёққа дод солганча йиғлаб, югурар эди. Билсам, тўққиз ёшли фарзанди сувга тушиб кетиб чўкаётган экан. Анҳор чуқур ва тез оқаётган бўлса-да, жонимни хатарга қўйиб, ўзимни сувга отдим ва болани қутқардим. Боласини бағрига босган она, хурсандлигидан ҳақимга кўп дуолар қилди, бу ҳақиқий мардлик эмасми? – деди.
– Баракалла ўғлим, катта жасорат кўрсатибсан. Бу улуғ савоб иш, сен ҳақиқий ботир йигитнинг ишини қилибсан, – деб мақтаб қўйди.
Навбат иккинчи ўғилга келди:
– Дўконимда савдо-сотиқ билан машғул эдим, нотаниш бир киши менга анчагина олтин-кумушни “сизга омонат” деб, ташлаб кетди. Исмини ҳам, манзилини ҳам айтмади. Орадан анча вақт ўтди. У одамдан дарак йўқ! Кунларнинг бирида дўконимга омонатнинг эгаси кириб келиб, ташлаб кетган омонатини сўради. Омонатнинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмай, эгасига қайтариб бердим. Бу ишим мардлик эмасми? – деди.
– Ҳа, сен ҳам омонатдор, содиқ мўминнинг ишини қилибсан! Омонатни сақлаш ва унга хиёнат қилмаслик олижаноб иш, – деб ўртанча ўғлини алқади.
Навбат кенжа ўғилга етди:
– Менинг ашаддий душманим бор эди. Бир кун тонгда ёнбағирда айланиб юрсам, бир одам жарлик ёқасида ухлаб ётибди. Озгина ҳаракат қилса, жарга қулайди. Ёнига борсам, душманим! Итариб юборсам, ўлиши аниқ эди. Аммо унга ўлимни истамадим, уни уйғотиб, “Эҳтиёт бўл, жарга тушиб кетишинг мумкин!” деб ўлимдан сақлаб қолдим, – деди.
Ота кенжа ўғлини бағрига босиб:
– Болажоним, сен энг улуғ савоб ишни қилибсан! Душманингни ўлдиришга қодир бўла туриб, унга яхшилик қилиб, ўлимдан сақлаб қолибсан, бу – мард йигитнинг иши. Манави қимматбаҳо дур сенга, – деб ваъда қилинган мукофотни унга берди.
Ҳақиқий мард инсон душманига ҳам ёмонликни раво кўрмайди. Қўлидан келганича яхшилик қилади. Доно халқимизда “Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади», деб бежиз айтилмаган.
Азиз китобхон! Сиз кимларга яхшилик қилгансиз? Яхшиликнинг мукофоти яхшилик эканини биласизми?!
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Ҳажга оид эслатмалар ва ҳаж тарихи
Зиёратчиларимиз Маккаи мукаррамада ибодатларини амалга оширар эканлар, бу ерда зиёратчиларимизга Макка шаҳри тарихи, ҳаж амали тарихи, унинг одоблари ва фазилатлари, ҳаж ибодатини адо этиш тартиби билан боғлиқ муҳим маълумотлар кундалик тарзда бериб борилмоқда.
Бугун ҳам зиёратчиларимиз учун Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов томонидан ана шундай суҳбат ўтказилди. Ушбу суҳбат Макка шаҳрининг барпо бўлиш тарихи ва унинг ривожланиши, ҳаж амалининг тарихи ва унинг сирлари мавзусида бўлиб отди. Суҳбат давомида, Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаёти, Исмоил алайҳиссаломнинг дунёга келиши ва болалик даври, қурбонлик қилиш тарихи бевосита Исмоил алайҳиссалом билан боғлиқ экани, Сора онамиз ва Ҳожар онамиз ҳақларида ҳамда Каъбанинг қурилиши, зам-замнинг мўжизавий жиҳатлари борасида маълумотлар берилди. Кўплаб муҳим тарихий маълумотларга эга бўлган юртдошларимиз ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
ziyo.uz
Андижонлик ҳожилар Маккаи мукаррамада
Андижон вилояти ҳожиларининг 6-7-8-9 гуруҳлари Мадинаи мунавварадан оппоқ эҳромларни ўраган ҳолда Маккаи мукаррамага эсон-омон етиб келдилар. Бу ерда уларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан тайин қилинган ишчи гуруҳи жуда катта мамнуният билан кутиб олди. Ушбу гуруҳдаги ҳожиларимиз бугун кечки вақтда Ҳарами шарифда муборак умра ибодатини бажарадилар. Аллоҳ таоло барча ватандошларимизнинг ибодатларини қабул айласин.
Андижон вилояти вакиллиги
Анвар қори Турсунов ўғлининг отаси ҳақидаги хотиралари
“Отамиз бир ишга буюриб эмас, ўзлари намуна бўлиб ўргатар эдилар”. Анвар қори Турсунов ўғлининг отаси ҳақидаги хотиралари
Таниқли олим, имом-хатиб, Навоийшунос Анвар қори Турсуновнинг ҳаёт йўлларида кўплаб ибратли ва таъсирли воқеалар мавжуд эди. Аллоҳ таоло у кишини тириклар сафидан олди. У киши ҳақидаги хотиралар энди қалбларга кўчди. “Мувад видео” студияси марҳум домламизнинг кенжа ўғли Зиёвуддин Турсунов билан отаси ҳақидаги айрим хотиралар хусусида суҳбат уюштирди. Ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз:
манба: vakillik.uz
Мусулмон олимлар дунёга совға қилган ихтиролар: Қўлқоп – таржимон
Вашингтон университети талабаси Навид Азоди курсдоши Томас Прайор билан биргаликда ёзма ёки оғзаки нутқни имо-ишоралар тилига таржима қилиб берадиган қўлқоп ихтиро қилди. Ёш ихтирочилар ушбу қўлқопни имо-ишоралар тилида гаплашувчи кишилар ҳам бошқа олам билан боғлана олсин деган мақсадда яратганини айтишди. Улар мазкур ихтироси учун Массачусети технология университети мукофотига сазовор бўлдилар.
«Дастлаб бизни соф техник муаммо жалб қилди ва биз уни бартараф этиш йўлларини қидирдик. Айни шу вақтда инсоннинг мулоқот қилиш ҳуқуқи ҳам эътиборимизни тортиб қолди ва буни амалга ошириш мумкин, ахир инсонлар кўпчилик билан мулоқот қилишни исташади-ку, деган қарорга келдик”, дейди улар.
Қўлқопга ўрнатилган сенсор ҳаракатлар ва имо-ишораларни тўлқинларда мутаносиб ҳолга келтиради, кейин ахборотни симсиз алоқа орқали ҳаракатлар билан сўз бирликларини ўзаро мувофиқлаштириб, якуний иборалар ясайдиган компьютерга жўнатади. Кейин эса ўша ибора сўзловчи томонидан жаранглайди ёки ёзув нутқига айланиб қолади.
Имо-ишоралар тилидан таржима қилишнинг бошқа техник воситалари ҳам мавжуд. Бироқ улар фойдаланиш учун унчалик қулай эмас. Азоди ва Прайор ушбу воситани имкон қадар соддалаштиришга ва қулайроқ қилишга ҳаракат қилдилар. Уларнинг қўлқопи ихчам, фақат кафтни ёпади ҳамда ундан эшитиш аппарти ва контак линза сифатида фойдаланиш мумкин.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.