muslim.uz
Тошкент Ислом институтида кириш имтиҳонлари бошланди
Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар бошланди.
Имтиҳон Қуръон тиловати ва дуо билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Муфтий ҳазратларининг табрикларини абитуриентларга етказдилар ва Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов омад тилаб, дуо қилдилар.
Сўнгра институт ректори Уйғун Ғафуров абитуриентларга имтиҳон жараёни ва тартибини тушунтириб ўтди.
Ижодий имтиҳон материаллари солинган конверт имтиҳон бошланиши олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кузатувчиси, Тошкент Ислом институти қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ҳамда ота-оналар иштирокида очилиб, бу ҳақда далолатнома тузилди.
Кузатувчилар, ота-оналар имтиҳон учун ажратилган хоналар ва имтиҳон топширувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Фарзандларига руҳий далда бўлиб, улар билан ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва меҳмонлар учун институт ҳудудида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди. Имтиҳонларни талаб даражасида ўтказиш мақсадида ички ишлар ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинди.
Абитуриентлар ижодий имтиҳонда Араб тили фанидан синовдан ўтишмоқда. Тошкент Ислом институтига абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари эртага 25 июль куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 2018-2019 ўқув йили учун жами 202 абитуриентлардан аризалар қабул қилинган бўлиб, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 50 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 8 нафари аёл-қизлардан иборат.
ЎМИ Матбуот хизмати
Жорий йилда 413 нафар қашқадарёлик Ҳажга боради
Қашқадарё вилоятидан жорий йилда 413 нафар фуқаронинг муборак Ҳаж зиёратига бориши кутилмоқда. Бу ҳақда ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ҳаж ва Умра зиёратларини юқори савияда ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ҳаж буюк ибодат бўлиб, у Ислом дини арконларидан биридир. Бугунги кунда мамлакатимизда исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж амалини бажариш учун кетаётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун уларни сафарда турли тушунмовчилик ва қийинчиликларга учрамаслиги учун учрашувлар ташкил этилиб, Ҳаж зиёратига оид барча зарур маълумотлар берилмоқда. Бу жараёнда номзодларнинг Ҳаж зиёратини адо этиши учун моддий ва жисмонан қодирлиги, амалларни тўлиқ бажариши учун етарли диний билими мавжудлигига эътибор қаратилаётир. Жумладан, 27 июнь куни вилоятда муборак Ҳаж зиёратига борадиган зиёратчилар иштирокида ҳаж ибодати олдидан учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят Ҳаж ва Умра ҳайъати масъуллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов иштирок этган учрашувда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, барча зарур тавсиялар берилди. Хусусан, Ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, сафарга ёши улуғ фуқароларнинг бориши, шунингдек аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлиги инобатга олиниб, оят, ҳадис ва ҳаётий мисоллар орқали Ҳаж зиёрати тартиб-қоидалари тушунтириб берилди.
Зиёратчиларнинг Ҳаж ибодатига оид саволларига мутахассислар батафсил жавоб берди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамда ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ҳамкорликда жорий йилнинг 24 июль куни 150 нафар зиёратчининг Ҳаж ибодати олдидан Бухоро шаҳрига зиёрати ташкил этилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
ОАВ терроризмга ёрдам беряпти(ми?)
Беруний Алимов,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мўъжизаларига бағишланган китоб
Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)дан бошлаб инсонларни ҳидоятга чақирувчи пайғамбарларни юбориб турди. Ҳар бир пайғамбар инсонларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этган ва мўъжизалар кўрсатган. Пайғамбарларга берилган мўъжизалар вафот этишлари биланоқ тўхтаган. Бироқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берилган мўъжизалардан бири бўлган Қуръони карим ва бошқа баъзи мўъжизалар то Қиёматгача сақланиб қолади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўъжизаларини билиш мўминнинг имонини янада мустаҳкам қилади ва илм олиб, унга амал қилишга ундайди. Чунки бу мўъжизаларнинг ҳар бири илм ва ҳикматга тўладир.
Ушбу нашр кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 3389-рақамли хулосаси асосида нашрга тайёрланди.
Муаллиф: Усмонхон Алимов
Номи: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари»
Нашриёт: «Мовароуннаҳр» нашриёти
Сана: 2018 йил
Ҳажми: 416 бет
ISBN: 978-9943-12-484-4
Ўлчами: 60х90 1/16
Муқоваси: қаттиқ
Нашриётда сотув нархи: 23000 сўм
Японияда кўчма намозхона лойиҳаси ишга тушди
Япониянинг Аичи префектурасида кшчма масжид лойиҳаси ишга тушди. Бу ҳақида Фукуока масжидида жойлашган Нур Исломий маркази ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилди.
“Икки йил аввал ЯСУ лойиҳаси бош директори Жуня Имамура Фукуока масжидига ташриф буюриб, катта тадбирларда мусулмонлар учун мобил масжидлар қуриш ва бунинг шаръий ҳукмини муҳокама қилган эди. Бугун ушбу лойиҳа ҳақиқатга айланди“, - дейилади Azon нашри хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Япониядаги илк мобил масжид жорий йилнинг 23 июль куни Тойота шаҳридаги “Тойота Стадиум” ўйингоҳида намозхонлар учун хизмат кўрсата бошлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.