muslim.uz

muslim.uz

Среда, 29 Ноябрь 2017 00:00

Ислом умматининг илм денгизи

У ёш бўлишига қарамай, 1660 та ҳадис ривоят қилиб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобалардан бешинчиси бўлди.

У болалигиданоқ ўткир фаросатли, серғайрат, кундузлари рўзадор, тунлари қоим эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нафас ажралмас эди

У Набий алайҳиссаломга ҳурмати чексизлигидан намозда у зотнинг ёнларида туришга журъат этолмасдан, “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизнинг ёнигизда туришимдан кўра улуғроқсиз”, деганида, у зот алайҳиссалом муборак қўлларини осмонга кўтариб, унинг ҳақига: “Эй Аллоҳим, бунга ҳикматни ато қилгин”, деб дуо қилган йигитдир.

У доимо Набий алайҳиссаломнинг хизматида бўлиб, у зотга нисбатан муҳаббати беназир бўлган саҳобадир.

У Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўзини қийнаган ишларда маслаҳат солган ва “Қани, бир шўнғиб кўрчи, эй ғаввос”, деган йигитдир.

У – ислом умматининг илм денгизи, Қуръони каримнинг таржимони, буюк фақиҳ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудир.

Набий алайҳиссаломнинг умрлари сўнгида ҳали ўн тўрт ёшга ҳам кириб улгурмаган саҳобанинг ўзидан ёши улуғ кўплаб саҳобаларни ҳадис ривоят қилишда ортда қолдириб, бешинчи ўринни олиши унинг қандай буюк инсон эканини яққол намоён қилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг дорул бақога риҳлатларидан кейин ҳам илм талаб қилишни ўта тиришқоқлик билан давом эттирди. У киши олим саҳобаларни ўзларига устоз деб билди ва Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ўргана олмай қолган нарсаларини ўрганишга киришди. Ўша кезда у зот икки оёқда юрувчи тирик сўроқ белгисига айланиб қолган эди. Агар “Биров фалон масалани билар эмиш”, деган гапни эшитса, ўша кишини топиб, масалани ундан ўрганмагунча тинчимас эди.

Шунингдек, у зот жамики устозларини қаттиқ ҳурмат қилар эди. Бу эса толиби илмлар амал қилиши лозим бўлган муҳим қоидалардан биридир. У зот Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олиб юрган  кунлардан бирида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу манзилдан чиқиб, отга минмоқчи бўлди. У зот отнинг жиловини ушлаб турмоқчи бўлган эди, устози бундан қайтарди. Шунда у: “Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз”, деган эди, устози Зайд ибн Собит бўлса у зотнинг кафтларини ушлаб ўпиб, “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг оилаларига шунда муомалада бўлишга буюрилганмиз”, деди.  У зот ўша вақтларда фақат илм учун яшар, бутун вужуди, барча имконияти илм олишга қаратилган эди. Ривоятларда келишича, у зотдан баъзи одамлар: “Бунча илмга қандоқ қилиб эришдингиз?”, деб сўраганида: “Савол берувчи тил билан, ақлли қалб билан”, деб жавоб берган экан.

Умар розияллоҳу анҳу бир куни ёлғиз қолиб, у зотга одам юборди. Келганида у зотга “Китоби бир, набийси бир ва қабиласи бир бўлатуриб, бу уммат қандай қилиб ихтилоф қилиши мумкин?!”, деди. “Эй мўминларнинг амири, бизга  Қуръон нозил бўлди, биз уни ўқидик ва нима ҳақида нозил бўлганини билдик. Биздан кейин шундай қавмлар бўлурки, улар Қуръонни ўқурлар, аммо нима ҳақида нозил бўлганини билмаслар. Бас, ҳар бир қавмнинг ўз фикри бўлур. Ҳар бир қавмнинг ўз фикри бўлганда, ихтилофга тушарлар, сўнгра урушарлар”, деди у зот. Илми  ниҳоятда ўткир, серқирра ва кўп бўлганидан у зот “Ислом умматининг илм денгизи” лақабини олган эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у зотни ўз яқинларига ўтқизиб: “Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сени чақириб, бошингни силаб, оғзингга тупура туриб: “Эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин, унга таъвилни ўргатгин”, деганларини кўрганман”, дер эди. У зот ўзи илм денгизи бўлиши билан бирга, бошқаларни ҳам илмга тарғиб қилар эди.

Ибн Занжавайҳ Али ал-Авдийдан қуйидагиларни ривоят қилади: “У зотдан жиҳод ҳақида сўрадим. Шунда у зот: “Мен сени жиҳоддан ҳам яхшироқ нарсага далолат қилайинми? Қуръонни ва фиқҳни ўрган, илм ўрган”, деди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Макка фиқҳ мактабининг асосчиларидан бўлиб, у зотнинг шогирдлари орасида Масруқ, Икрима каби илмда забардаст ва пешқадам зотлар бор эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг эшиги олдида инсонлар илм ўрганиш учун саф-саф бўлиб навбатга турар эди.

Хулоса қилиб айтганда, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уммат ҳар қанча фахрланса арзийдиган ҳамда Аллоҳнинг динини билишда илми бамисоли бепоён уммон каби бўлган зот эди.

Исроил ЗОКИРОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Среда, 29 Ноябрь 2017 00:00

Тўрт машҳур саҳобий сифатлари

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ҳамда бутун инсониятга намуна қилиб юборди. У зотни пайғамбар қилиб  юборишдан бирдан-бир мақсад – инсониятни жаҳолат ботқоғидан ҳидоят нури сари етаклаб бориш бўлган. Охирзамон пайғамбари билан замондош бўлишдек улкан бахт ва шарафга муяссар бўлган саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар у зотга эргашишда пешқадам бўлганлар, у зотнинг суннатларини ўзларига дастурул амал қилиб олиб, ўз садоқатларини изҳор этганлар. У зотлар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари билан хулқланишга доим ҳаракат қилганлар ва бу гўзал хулқларни ўзларида мужассам этганликлари билан маълум ва машҳур бўлганлар. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Содиқ (ростгўй),  Амин (ишончли), Ҳалим сифатлари билан сифатланганлар. У зотнинг ўзларига хос “Сиддиқ” сифати бўлган. У зот айни шу сифат билан машҳур бўлганларидан кўпинча куняларига қўшиб айтилади. Набий алайҳиссалом қавмларини Исломга даъват қилишни бошлаган кезлари Жаброил алайҳиссаломга: “Эй Жаброил, қавмим мени тасдиқ этмаяптилар”, деб шикоят қилганларида, Жаброил алайҳиссалом:  “Абу Бакр сени тасдиқлаяпти-ку, у Сиддиқдир”, деб у зотнинг қалбларига таскин берган эдилар.

“Сиддиқ” сўзи луғатда “буткул тасдиқловчи”, “тасдиғига биноан амал қилувчи” деган маъноларни англатади. Бундай шарафли ном билан номланишларининг сабаби у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирзамон пайғамбари қилиб юборилганликларини ҳеч иккиланмай, тўлалигича тасдиқ этдилар ва у зотга доимо ўз ёрдамлари билан кўмакчи бўлдилар. Аллоҳ таоло “Лайл” сурасида бундай марҳамат қилади: «Албатта, ундан (дўзах ўтидан) тақводор банда четда қоладир. У молини сарфлайдир ва ўзини поклайдир. Бирор кишининг унда қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди. Фақат, ўзининг олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қиладир. Ва албатта, тезда рози бўладир» (17-21-оят). 

Ушбу ояти карималардаги “тақводор банда”дан мурод Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) эканликларини кўплаб муфассирлар айтишган. Ушбу ояти карималарнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида қуйидаги қисса ривоят қилинади: Умайя ибн Халаф Билол ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳуни Исломни қабул қилгани учун қаттиқ азоблайди. Бундан хабар топган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуни сотиб оладилар. Бу ҳолатни кўрган мушриклар: “У бу ишни Билолдан қайтариши керак бўлган қарзи борлиги учун қилди” дедилар. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло юқоридаги оятларни нозил қилди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг шижоат, қатъият ва адолатпарварлик каби юксак сифатларини ўзларида мужассам этган улуғ саҳобийдирлар. Биз у зотни доимо “Ал-Форуқ” сифати билан эсга оламиз. “Ал-Форуқ” луғатда “яхшилик ва ёмонликни жуда яхши фарқлай биладиган донишманд инсон”, “ҳақ ва ботил орасини ажратувчи” деган маъноларни англатади. Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ Умар розияллоҳу анҳу бу ном билан номланишларининг сабабини қуйидагича баён қиладилар:

“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилишлари мусулмонлар учун ҳақиқий ғалаба эди. Саҳобалардан бирлари мусулмонларнинг Умар розияллоҳу анҳунинг Исломга кирганларидан кейинги ҳолатларини бундай ҳикоя қилади: “Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилганларидан кейин бизнинг иззат-у қудратимиз ошгандан ошди (негаки, Умар розияллоҳу анҳу араб қабилалари орасида шон-шарафи энг улуғ, забардаст кишилардан эдилар). Эндиликда мусулмонлар ҳатто, Каъба олдида ҳам қўрқмасдан жаҳрий ўқийдиган бўлдилар”. Шу кун Набий алайҳиссалом Умар розияллоҳу анҳуни “Ал-Форуқ” деб номладилар. Чунки у зот ҳақни ботилдан очиқ-ойдин ажратиб бердилар. Мусулмонлар узоқ вақт яшириниб юриб, энди инсонларни баралла Ислом динига даъват қилишга ўтдилар.

Усмон розияллоҳу анҳу “Зуннурайн” (Икки нур соҳиби) деган улуғ ва шарафли номга сазовор бўлган ягона саҳобадирлар. Бу ном билан номланишларининг сабаби у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизлари – Руқайба розияллоҳу анҳо ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳога уйланганликларидир (Умму Кулсум розияллоҳу анҳога Руқайба розияллоҳу анҳо вафот этгандан сўнг уйланганлар). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Усмон розияллоҳу анҳуни васфлаб: “Фаришталар ҳаё қиладиган кишидан ҳаё қилмайми?!” деганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эса саҳобаларнинг энг фақиҳларидан бўлганлар, Набий алайҳиссалом билан доимо бирга бўлиб, у зотдан жуда кўп илм олганлар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб гувоҳлик берадилар: “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозасидир”. Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳикматлари машҳурдир:

   “Беш нарсанинг қандайлиги беш нарса билан билинади: Дарахтнинг қандайлиги – меваси билан, аёлнинг қандайлиги эри фақир бўлиб қолиши билан, дўстнинг қандайлиги қийинчилик, бошга мусибат тушиши билан, мўминнинг қандайлиги имтиҳон қилиниши билан, ҳақиқий сахийнинг қандайлиги муҳтож бўлиб қолиши билан билинади”.

Саидмаҳмуд ПАРПИЕВ

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Мутахассисларнинг айтишича террорчилик ҳаракатларидан энг кўп талофат кўрган мамлакатлар сифатида мусулмон давлатлари қайд этилган.

Халқаро экспертлар беш йил давомида террорчилик ҳаракатлари давомида мусулмон мамлакатларида 200 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган ва оғир жароҳат олган.

Ушбу мамлакатлар иқтисодиётига эса 348 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги молиявий зарар етказилган.

Терроризмдан энг кўп талофат кўрган мамлакатлар сифатида Ироқ, Афғонистон, Покистон ва Нигерия экани айтилган. Ушбу мамлакатлар ҳиссасига умумий жабрланганларнинг 70 фоизи тўғри келади.

Ушбу рақамларни Европа қитъасида содир этилган терактлар миқдорига қиёслаганда, Европада 45 йил давомида (1970-2015) содир этилган терактларда 5380 нафар одам ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамизки, шу ойда Мисрнинг Синай яриморолидаги масжидда жума намози вақтида жангарилар томонидан теракт амалга оширилди. Ушбу теракт оқибатида 300 нафарга яқин инсонлар вафот этган эди.

Вторник, 28 Ноябрь 2017 00:00

Саломатлик анжумани бўлиб ўтади

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳри шу йилнинг 5-7 декабрь кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирлари иштирокидаги VI анжуманини ўтказишга мезбонлик қилади. Мазкур анжуман “Барча сиёсатларда саломатлик” мавзуида бўлиб, унда ИҲТга аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирлари раҳбарлигидаги делегация, шунингдек, ИҲТга қарашли кузатувчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этади.

Анжуманда соғлиқни сақлаш фаолиятини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш борасидаги стратегик дастур мақсадларига эришиш йўлида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга доир мавзулар муҳокама қилинади.

 

Халқаро алоқалар бўлими

Танзания Ислом ишлари Олий Кенгаши Қуръони каримни ёдлатиш бўйича Хайрия уюшмаси билан ҳамкорликда Халқаро Қуръони карим мусобақасини ўтказди. Мазкур мусобақага жами 20 та давлат вакиллари, Танзания Президенти ноиби,  Танзания Республикаси собиқ Президенти, Танзания Муфтийси, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Танзаниядаги элчиси ноиби ва шунингдек, бир қатор уламолар, Қуръони карим ҳофизлари ва танзаниялик фуқаролар иштирок этишди.

Мусобақа Қуръони карим тиловати билан бошланди. Сўнгра маҳаллий ва хорижий вакиллар сўзга чиқиб, мазкур мусобақани ўтказишга раҳбарлик қилган Танзания ҳукуматига ва мусобақа ташкилотчиларига самимий ташаккурларини изҳор этишди. Қуръони каримнинг фазилати, мусобақанинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди, шунингдек, маърузачилар ўз нутқларида талабаларни Қуръони каримни ёд олишга ва Қуръони карим илмларини чуқур ўрганишга чақирдилар.

Тадбир якунида Қуръони карим ҳофизи, Доктор Абдуллоҳ Басфар Қуръони каримга хизмат қилган шахс сифатида тақдирланди. Шундан сўнг, Қуръони карим мусобақаси ғолиблари ва иштирокчиларига махсус совринлар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёс АҲМЕДОВ таржимаси

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top